Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзини катта деб ўйлайдиган кичик зеҳниятлар офати

Ўзини катта деб ўйлайдиган кичик зеҳниятлар офати
03 Temmuz 2016 - 18:00 'да юкланди ва 818 марта ўқилди.

Жоҳилнинг турлари қуйидагичадир: жоҳиллигини биладиган ва ўз хулқини тузатишга, жоҳиллигини кетказишга ҳаракат қиладиган тоифа; жоҳиллигини билмайдиган ва ўзини олим деб биладиган тоифа.

Қайси бири хатарли эканини кўриб турибсиз. Аммо биз қайси тоифага мансублигимиз ҳақида ҳам тафаккур этиб кўришимиз керак. Оқил одам ҳеч қандай мулоҳазасиз табиий шаклда ўзининг илми саёзлиги ва яхши ишлари камлигини англайди. Шунинг учун унда илмга ва яхшиликка бўлган рағбат, интилиш ҳеч қачон сўнмайди, у одамни доимо катта ғайрат ва шижоат устида кўрамиз. Жоҳилларгина дангасаликка юз тутадилар. Улар менинг олган илмим ва қилган ишларим етарли, мен олим бўлдим, энди ҳаммага илм тарқатишим керак, мен айтган гапларнинг ҳаммаси тўғри деган қатъий хулоса билан умр кечирадилар.

Бир мусулмон ўлароқ биламиз ва шубҳасиз ишонамизки, қалбида заррача кибри бўлган инсон жаннатга кира олмайди. Бу Оллоҳнинг сўзи. Бу Оллоҳнинг ҳукми. Шайтон кибри сабабли қувилди. Лаънатга гирифтор бўлди.

Маърифатдан оз миқдорда баҳраманд бўлган инсонлар миллат ва дин учун қайғурадилар. Уларнинг айтадиган сўзлари, қиладиган ишлари замирида миллат ва динга бўлган ғамхўрлик мужассам бўлади.

Атрофимизга қарасак, кўпчилик инсонлар айни шу фикр, айни шу қайғуриш ичра яшаётганига гувоҳ бўламиз. Худога шукур, миллатимиз ўлмаган, зулмга, жаҳолатга қарши курашувчиларимиз бор дея мамнун бўламиз.

Биз динимиз ҳақлиги билан ғурурланамиз. Ота-боболаримиз эришган марралардан бошимиз тик. Оллоҳнинг Каломини ўқишдан руҳимиз ором топади. Кўз ўнгимизда кимлардир бизнинг наздимизда ҳалокатда, кимлардир саодатда, кимлардир адашган…

Динимиз ҳақ экан, қилаётган ишларимиз тўғри экан, нима учун ҳамон зулм остида яшаётганимиз ҳақида ҳам ўйлаб кўришимиз керак. Биз эргашаётган одамларнинг илми ва амали юксаклиги ҳақида шубҳамиз йўқ, муаммонинг илдизи қаерда?

Ҳамма бало биз юқорида гап очган кибр билан боғлиқдир.

Қаламларимиз ўткир, тилларимиз бурро, сўзларимиз жарангдор. Бироқ яшашимиз ҳамон балчиқда, кўрганимиз ҳамон зулмат.  Чунки биз жоҳил сифатида ўзимизни олим санаймиз, дунё мен билган чегарадан иборат, мен билмайдиган нарса мавжуд эмас, менинг ақлимдан ташқаридаги гаплар ёлғон, фақатгина мен тўғри гапларни айтишга қодирман, бошқалар эса мендан ўрганадилар, мендан кўчирадилар деган ақидага суяниб қолганмиз.

Даражасида бўлмаганимиз олимларга баҳо берамиз, фалончи ундай, фисмадон бундай деб ҳукм чиқариб юборамиз. Аслида, мақсадларимиз битта, ҳадафимиз ягона, бироқ биримиз бошқамиздан устунлигимиз ҳақида қўрқмай, уялмай даъво қиламиз. Бунинг энг катта сабабларидан бири – кибрдир.

Кибр бизни ўзимизга буюк кўрсатади, бу билан майдакашликка маҳкум этади. Майдакашлар эса ҳеч қачон буюк ишларга қодир бўлолмайдилар.

Устозларимиздан бири бу тоифани “Ўзини катта деб биладиган кичик зеҳният” деб атаган эди.

Ўзимиз билиб-билмай шу тоифага мансуб бўлиб қоламиз. Модомики, она Ватанни зулмдан озод кўришни истар эканмиз, модомики, миллатимиз саодатини, бахтини, ҳурриятини ҳадаф ўлароқ белгилаб олган эканмиз, фалон фикр меники, фалон ғоя менга тегишли, фалон сўзни мен биринчи бўлиб айтганман, фалон ишни мен қилганман дейишга моҳиятан ҳақли эмасмиз. Чунки биз мусулмонмиз, мусулмон сифатида жамики Сўзлар, жамики ҳақ Калом Оллоҳники эканига ишонамиз. Бизга фикрни ҳам, тилни ҳам, сўзни ҳам Оллоҳ берган. Биз уни турли шаклда тақдим қилувчилармиз, холос. Ҳақиқат, шуки биз кўчирмачилармиз, Оллоҳнинг сўзини, санъатини кўчириб бошқаларга намойиш этувчи хизматкорлармиз.

Айтаётган ҳеч бир гап бизники эмас, уни аллақачон донишмандлар айтиб ўтишган, биз такрор қилувчилармиз. Муҳаққақки, донишмандлар ҳам такрорловчилар эдилар. Улар Оллоҳ ўргатган, Оллоҳ қалбларига солган гапларни такрор этган эдилар.

Шундай экан, ўз ҳаддимизни билишимиз мақсадга мувофиқ. Ҳаддимизни билайликки, майдакашлик тамғаси остида қолиб кетмайлик. Ҳаддимизни билайликки, Оллоҳ бизни юксалтсин. Ҳаддимизни билайликки, бизга сафдош бўлганларни маломат қилишдан тийилайлик.

Қачон биз Ватанни зулмдан озод қиламиз? Қачонки қалбларимиз бирлашса, ниятларимиз холис бўлса, зулм чекинади, Оллоҳ бизга нусратни ато қилади. Аммо аксинча бўлса, йиллар ўтади, сўзлар айтамиз, ҳаракат қиламиз, лекин мурод ҳосил бўлмайди.

Оллоҳим, бизга улуғ мақсадлар йўлида бирликни, хокисорликни ва фақат Ўзинг биладиган буюкликни насиб эт.

Абдуллоҳ Нусрат

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар