Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бу саодат биносини бирданига қуриб бўлмайди

Бу саодат биносини бирданига қуриб бўлмайди
05 Temmuz 2016 - 5:00 'да юкланди ва 666 марта ўқилди.

57362e9a1f5d9a05e4805d48d74b3eddАбдурауф ФИТРАТ

НАЖОТ ЙЎЛИ

(54-қисм)

Ислом дини умумий биродарликни барпо қилиш учун қандай йўл кўрсатган экан? Умумий биродарлик инсон камолотининг натижаси бўлганлиги учун тадрижий қонунга, яъни аста-секин, даражама-даража ривожланишга бўйсунади.

Халқлар ўртасида умумий биродарликни бирданига ташкил қилмоқчи бўлган одам хато қилади ва ҳаракати беҳуда кетади. Бу саодат биносини бирданига қуриб бўлмайди. Шунинг учун ислом дини белгилаган йўл башариятни тадрижан (яъни, даражама-даража) умумий биродарликка нойил қилади. Ислом дини ҳар бир одамдан комил иймон ва яхши амалларни талаб қиладй.

«Албатта, иймон келтириб яхши амаллар қилган зотлар учун Раҳмон дўстликни барқарор қилур»264.

Одамлар комил иймонга эришиб, солиҳ амаллар қилиб юрсалар, Ҳақ таоло ушбу оятга биноан, уларнинг дилига бир умумий муҳаббатни, меҳрни соладики, бу эса умумий биродарликка замин бўлади. Комил иймон ва яхши амалларингиз орқасидан умумий биродарликка замин ҳосил бўлгач, хатти-ҳаракатларимизнинг йўналиши тайин бўлади, биз шу йўналишдан четга чиқмасак, шубҳасиз, башариятни умумий саодатга етказамиз. Ушбу мақсад учун ислом дини тайин этган йўл қуйидаги фармонлардан маълум бўлади. Аввало, ўз нафсингизни дўст тутиб, ҳимоя қилинг дейилади…

«Ўзингизни ўзингиз таҳликага солманг»265, — дейилган Қуръони каримда. Сўнгра ота-онангизга муҳаббатли бўлингиз, уларни ранжитмангиз, дейилган.

«Парвардигорингиз ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга доимо яхши сўз айт»266.

«Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик»267.

Ундан кейин хотинларга яхшилик қилишни, уларга бесабаб зулм ва мурувватсизлик кўрсатмаслик буюрилган. Мен бу ҳақда ўтган бобларда қайта-қайта мисоллар келтирган бўлсам ҳам, бу жойда ҳам гап узилиб қолмаслиги учун қуйидаги икки оятни келтираман: «… Агар аёлларингизга чиройли муомала қилсангиз ва Аллоҳдан қўрқсангиз (ўзингизга яхшидир)268.

«У Зот сизлар ҳамдам бўлишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир»269.

Бани одам бу илоҳий амрларни жон қулоғи билан эшитиб, бўйсуниб, хонадонида самимий муҳаббатни барпо қила олса, ўнта қўни-қўшни, қариндош-уруғ ўртасида ҳам меҳр-оқибат ўрнатиш буюрилади. Бу тўғрида ҳам бир қанча ҳадис ва оятлар келган.

«Ҳазрат Пайғамбар уч бор қасам ичиб айтдилар: «Аллоҳ ҳаққи мўъмин бўлолмайди». Саҳобалар сўрадилар: «Ё Расулуллоҳ, ким мўъмин бўлолмайди?» Ҳазрат: «Қўшнисига жафо кўрсатган одам», — дедилар.

«Жаброил менга доим қўшнининг ҳақини адо этишликни буюрарди, ҳатто мен қўшнида ҳам мерос ҳақи бормикан, деб ўйлардим», — деганлар ҳазрат Расулуллоҳ.

Қариндош-уруғларнинг ҳаққини ҳам адо этиб, одам уларга нисбатан меҳрибон бўлиши керак. «(Эй, Муҳаммад), қавми-қариндошга, мискин ва йўловчига (хайру эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка йўл қўйманг!»270

«Албатта, Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошга яхшилик қилишга буюрар ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликлардан қайтарур…»271

Мана шу нажотбахш илоҳий амрларга амал қилишни қилгандан сўнг ислом дини одамларни умумий миллий муҳаббат пайдо қилишга чақиради, яъни бир мамлакат аҳли бир-бирлари ва бошқа халқлар билан ўртада биродарликни ўрнатиб, бир-бирларини ҳеч ранжитмасликка буюради. Имом Бухорий Пайғамбаримиздан ривоят қилади: «Бир-бирингизга ҳасад қилманг, сотаётган молингизнинг қасддан баҳосини оширманг, бир-бировингизга душманлик қилманг, ораларингизда меҳру муҳаббатни канда қилманг. Эй, Худонинг бандалари, бир-бирингизга биродар бўлинг».

Ҳар бир миллат ана шу олий ҳукмга амал қилса, навбат диний биродарликка келади. Бунда Қуръони карим ҳукмига мувофиқ барча аҳли ислом миллатидан, рангидан қатъи назар, бир-бирларига дўсту меҳрибон бўлишлари лозим бўлади. «Мўъминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға- инилардир…»272

«Мўъминга тили ва қўли билан озор бермаган киши ҳақиқий мусулмондир», — дейилган Пайғамбаримиз ҳадисларида.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар