Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Мен бир ёт унсур эдим

Мен бир ёт унсур эдим
06 Temmuz 2016 - 5:00 'да юкланди ва 1605 марта ўқилди.

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(12)

Ёзиш услубим адабий танқид ва шуаронинг ғашини келтирарди, буни билардим ва хафа бўлмасдим. Социалистик реализм тушунчасига бўлган туғма нафрат мен учун бир совут эди.

Отилган танъа тошлари ёки фасод кесаклари бу совутга тегиб уваланиб кетарди. Яна мен ўзимни ҳақиқатдан ҳам келгинди, сайёр ҳис қилардим ва мавжуд адабиёт ҳам ҳеч қачон мени ўзидан ҳисобламаганди. Бу бегоналик фақат адабиётда эмас, ижтимоий ва маиший ҳаётда ҳам ҳукм сурарди. Ўттиз уч ёшда эдим, аммо бирор ерда қўним топиб ишлай олмагандим. Менинг ҳеч қачон «меҳнат дафтар»чам бўлмаган. Ҳеч бир иш жойи бу дафтарчани менга раво кўрмаган. Буни фақат менинг танбаллигим билан изоҳласам, ўзимга ҳақсизлик қилган бўлардим. Асл сабаб, мен бир ёт унсур эдим. Шу боис, ҳар сафар шеърим босилганда ёки китобим чиққанда жуда қувонардим. Чунки, уларни босишга нашриётнинг ҳам, газетанинг ҳам ҳеч қандай асоси бўлмагани ҳолда босардилар.

Ва табиий-ки, «Шеърингизни тушунтириб беринг», деб талаб қилган танқидчининг саволи тагида шу таъна бор: «сен совет диёрида яшайсан, совет нонини ейсан, совет нашриётида, совет пулига, совет қоғозида шеър чоп қиласан ва бу ҳам етмагандай, ҳар сатрига 1 сўмдан гонорар оласану, яна совет ҳаётидан шикоят қиласан, дардинг нима ўзи?», деган аччиқ таъна. Эҳтимол мен яшаган бегоналик даврини бошқа ёзувчилар ҳам бошидан кечиргандир, фақат улар бу ҳақда гапирмайдилар, чунки, ёзувчилик улар учун бугун ҳам долзарбдир.

Бегоналик тушунчасини «бегонасираш» билан адаштириш ёки ёт унсур тушунчасини «ётсираш» билан тенглаштириш мумкин эмас. Бегоналик бегонасираш каби, юзада (зоҳирда) эмас, шуур остида (ботинда) яшайди. Агар сиз бу турмушдан бегонасираётган, ётсираётган бўлсангиз, зарари йўқ, кун келиб кўникасиз ва турмуш билан опоқ-чапоқ бўлиб кетасиз. Лекин сиз бу турмушга бегона ва ёт бўлсангиз, у билан опоқ-чапоқ бўлишингиз жуда қийин.

Бегоналик сизнинг фитратингизда мавжуд. Бегоналикни дейлик, муҳаббат каби даволаниши мумкин бўлмаган хасталикка ўхшатиш мумкин. Ёки тарбияга, ташвиқотга тобе тутилмайдиган нима бўлса, бегоналикни унга ўхшатиш мумкин. Фақат буни Ғарб эксизтенсиалистларининг Бегоналиги билан адаштирмаслигингизни сўрайман. Уларнинг «Бегона»си ғоялар саҳнасидаги қаҳрамонлардан бири, холос. Мен ғоя ўйини қилаётганим йўқ. Умуман, ўйин қилаётганим йўқ.

Muhammad_Salih_fotomajmua_04Шеърингизни тушунтириб беринг», дея ҳайқирган мунаққид шеърлардаги бегоналик ҳиссини туйган ва уни ҳазм этолмай, жаҳли чиққан эди. «Бирорта бир шеър йўқ-ки, унда бир ёруғлик бўлсин», дейди у ёзғириб. Ҳақиқатдан ҳам, ундай бир шеър ҳеч қачон ёзолмадим, ҳатто ёруғ тугалланган шеърлар устида ҳам Бегонанинг кўланкаси тураверди. Бегона ўзининг бошқалардан фарқли эканини, ҳатто аксарият ҳолларда бошқаларга диаметрал қарши тарафда турганлигини билса-да, буни ўзгартириш учун ҳеч нарса қилмас, бир нарса қилиш у ёқда турсин, аксинча, ўз фарқлилигини янада бўрттиришга интиларди:

Сиздан фарқли ўлароқ, ҳар хил
Йўлларин биламан овунишнинг мен.
Сиздан фарқли ўлароқ, мени
Вояга етказар етишмовчилик.
Уфқда милтиллаётган шамчироқ–нафрат
Кўпроқ ёритади йўлимни
Меҳр қуёшига кўра дўстларнинг.
Агар ҳеч ким мени ерга урмаса,
Кўкка қандай сакрай олардим?

Оддий ўсимликман хуллас,
Қанча сув қуйсалар тагимга
Мен шунчалик гуллаб-яшнайман.
1983 («Олис табассум сояси», 1986)

Бир куни, етмишинчи йилларнинг кунларидан бирида, Тошкентнинг Навоий кўчасида, шундоқ нашриётларнинг тўғрисида турган эдим, бир шоир келиб кўришди ва қучоқлашди. Бу ичкин ҳаракатнинг сабабига тушунмай гарангсиган эдим шоир «мени табрикла, мен Комсомол мукофотини олдим!», деди юзлари порлаб. Мен жуда ноқулай аҳволга тушиб қолдим.

«Табриклайман», дея ғудрандим, аммо бу ғудраниш шу қадар носамимий чиққан эди-ки, эшитган киши «бу Солиҳ жуда бахил тип экан», дейиши мумкин эди. Яхшиям-ки, мукофот қувончи шоирнинг кўзига парда тортганди, менинг юзимдаги саросимани кўрмади ва ноқулай вазиятдан қутулдим.

Мен ўз бегоналигим билан шу қадар ғурурланардим-ки, биров «мукофот берай сенга», деб қолса, бегоналик мавқеимга қаттиқ футур етган бўларди, демак мен бир ерда ўз мавқеимга хиёнат қилганман-ки, менга мукофот таклиф қила бошладилар, деб ўйлаган бўлардим.

Янглишмасам, етмиш олтинчи йил, бир гуруҳ, ёш шоир-ёзувчи (балки Хуршид Дўстмухаммаднинг уйида) «биз бу мамлакатнинг мукофотини ҳеч қачон олмаймиз», дея онт ичган эдик. Бу онтни бузмаганлардан жуда оз қолди, балки биттаси қолгандир. Лекин гап бунда эмас. Гап шундаки, бегоналик туйғуси барча қобилиятли кишиларда бор туйғу, аммо баъзиларида кучли, баъзиларида эса, заиф яратилгандир. Навоий кўчасида юзлари порлаб турган бахтиёр инсонга буни англатиш мумкин эмас эди, албатта. Буни «Адабиёт ва санъат» газетасида баҳс уюштирган дарғазаб мунаққид ҳам англамаган бўларди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort