Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Насл покланиши

Насл покланиши
06 Temmuz 2016 - 11:24 'да юкланди ва 1083 марта ўқилди.

humanity2Биз кўтараётган масала жуда жиддий. Шу қадар жиддийки, инсон яшайдиган бутун умрнинг марказидир у. Шу қадар жиддийки, ҳар биримиз у ҳақда алоҳида вақт ажратиб тафаккур қилсак, фақат ютамиз. Шу қадар жиддийки, уни англамай, тушунмай туриб ҳаётда из қолдириш, ҳатто, яшаш ҳақида ўйлаш мумкин эмас.

Бу – наслнинг покланиши масаласидир.

Эшитганингиз бор, диктатор Каримов соғлом онадан соғлом бола туғилади деб уқтириб келади. Унинг бу бирёқлама гапи Ўзбекистоннинг турли деворларига катта ҳарфлар билан ёзиб, осиб қўйилган. Кўпчилик соғлом онадан аҳмоқ бола ҳам туғилиши мумкин деб эътироз этган эди бу фикрга.

Ҳақиқатан ҳам, боланинг жисман соғлом бўлиши онага боғлиқ бўлиши табиий, бироқ ҳаётда жисман соғ бўлишдан кўра муҳимроқ аргументлар бор. Шундай муҳим аргументларки, улар олдида соғлик бир пул, жисм бақувватлиги кераксиздир. Бу – иймон ва эътиқод аргументи дейилади. Балки иймон ва  эътиқод деган муқаддас тушунчаларга нисбатан аргумент сўзини қўллашимиз ўринсиздир бир қадар, аммо инсонни инсон қилиб турадиган нарсаларга диққат қаратаётган эканмиз, бу муҳим жиҳатларни айтиб ўтмасликнинг иложи йўқ, албатта.

Миллатнинг таназзули нимадан бошланади? Қачон миллат инқирозга юз тутади? Азалий қадриятлар зарба еб, табаррук тушунчаларнинг қиймати қайси сабаблар ила йўқолади?

Бунинг бир сабаби бор. Бу сабаб – насл айниши демакдир.

Насл қандай айнийди?

Қачонки ота-она ҳалоллик ва диёнатни хоинлик ва бўшангликка алмаштирса, қачонки ота-она иймон ва эътиқодни мунофиклик ва куфрга айибошласа, улардан туғилажак фарзандлар айниган наслнинг мевалари бўлажак.

Туркистон тарихида бу ўлкада яшайдиган миллатларнинг бузилиши Амир Темур давридан сўнг бошланди. Бунинг яққол мисоли – “Бобурнома”да темурий шаҳзода ва амирларнинг баччабозликка ружу қўйганидир. Демакки, ислом қонунлари поймол бўлган ва миллат айниган. Жузо шу бўлдики, бу ўлкада бирор темурий шаҳзода омон қолмади. Ҳаммаси қириб битирилди. Уларнинг ўрнига динни маҳкам тутгун Шайбонийхон тахтга чиқди. Темурий шаҳзодалардан биргина Бобур Мирзо Оллоҳнинг амри ила қалбидаги ҳидоят нури сабаб Ҳиндистонни фатҳ этиб, жаҳон тарихида янги саҳифа очди. Чунки Бобур Мирзо насли айнимаган эди. Бобур қилган гуноҳларига ўз вақтида тавба қилган эди.

Шайбонийлар сулоласининг айниши қудратли ҳукмдор Абдуллахон иккинчидан бошланди. Абдуллахон иккинчи қанчалик қудратли бўлмасин, унинг кўнглига кириб олган кин ҳам улуғ эди. Шаҳрисабздага Оқсаройни бузиб ташлаши ана шу киннинг ҳосиласидир. Унинг Абдулмўмин исён кўтариб, ўз отасининг ўлимига сабаб бўлди. Шу билан шайбонийлар сулоласи барҳам топди.

Шайбонийлардан сўнг тахт тепасига келган Аштархонийларнинг энг кучга тўлган даври Имомқулихон давридир. У ўз иймони ва  эътиқоди ила мамлакатни қирқ йил бошқарди, ҳатто, Макканинг ободлиги учун ҳисс қўшиб, у ерда бир эшик ва тилла тутқичли зина қуриб бергани маълум. Мазкур сулоланинг сўнгги вакили Абулфайзхон насл бузилишининг энг ёрқин мисолидир. Унинг даврида юрт Эрон босқинчилари қўлида талон-тарож бўлди. Абулфайзхон оиласидан бир гўдакнинг тасодиф қутулиб қолгани истисно қилинса, ҳамма қириб битирилди.

Давлат бошқарувини қўлга олган Манғитлар сулоласи даврида мамлакат бўлинди – Қўқон хонлиги қурилди. Бу сулоланинг энг қудратли ҳукмдори амир Шоҳмурод ва амир Насрулло ҳисобланади. Айнан амир Шоҳмурод шариатга қатъий амал қилиши ва юксак иймони ила амирул маъсум лақабига лойиқ кўрилганди. Амир Шоҳмуродга халқ орасида ҳатто бешинчи саҳиҳ халифа деб ҳам унвон берадилар. Чунки у пичоққа қин ясаб сотиб, шунинг эвазига яшарди, эгнида оқ яктак ва битта чипта ковуш кийиб юрарди. Унинг даврида бутун Туркистонда, яъни Мовароуннаҳрда тинчлик ҳукм сурди. Қон тўкилмади. Лашкар қудратли бўлди. Халқ фаровон яшади. Амирул маъсум зебу зийнатсиз, қаҳру ғазабсиз ҳам мамлакатни жиловида маҳкам тутди. Унинг амр ва буйруқлари ҳар бир музофотга ўқдек етиб борар, ҳеч ким уни бузишга журъат қилмас эди.

Унинг тахтга чиқиши ҳам қизиқ бўлган. Дарвештабиат шаҳзода, яъни Шоҳмурод тахтга чиққач, унга дастлаб ҳеч ким итоат қилмади. Шунда амир барча бекларни, амирларни, вазирларни чорлаб зиёфат уюштирди. Сўз бошлаган маҳали бир амир унга беодоблик қилишга журъат этди. Амир Шоҳмурод уни ҳеч иккиланишсиз шу жойнинг ўзида ўз қўллари билан бошини танасидан жуда қилди. Унинг бу қадар кучли сиёсати, тақвоси, иймони барча амирларнинг кўнглига қўрқув ва итоат ҳиссини солди.

Амир Шоҳмуроднинг невараси Амир Насрулло замонида Бухоро қўшини 70 минг отлиқ сарбозни ташкил қилди, лашкар тўплар билан таъминланди, милтиқлар олиб келинди. Ҳаддидан ошган Қўқон хонлигининг  ўзбошимча маликаси Нодирабегим ношаръий ишлари учун жазоланди. (Совет даврида Нодирабегим иделлаштирилиб, Насрулло шахсияти қоралаб келинган. Бу тушунча ҳамон сақланиб турибди. Аммо Умархон Амирийнинг хотини Нодирабегим ўғли Мадалихонни тахтга чиқазиб, анча хато сиёсат олиб боргани маълум. Бу ўрганиладиган жиддий мавзулардан бири.)

Насруллодан кейинга авлодлар эса бу қудратни тутиб тура олмадилар. Насл айниши авж олди. Ниҳоят Бухоро ўз ихтиёри ила Россияга қарам бўлишга кўнди, бу жиноят амир Музаффар томонидан амалга оширилди. Насл шу нуқтада жуда кучли айниди. Бу хиёнат оқибатида Бухоро амирлиги 1920 йилда яксон бўлди. Хива хонлигида Жунаидхон хатолари сабабли йўқ қилинди. Қўқон эса Худоёрхоннинг субутсизлиги билан таслим бўлган эди.

Насл айниши бутун бошли миллатнинг шу қадар инқирозига сабаб бўлди.

Аммо асл айниш энди совет даврида бошланди. Аёлларнинг паранжилари панжара ўлароқ кўрсатилди. Текин ишчи кучи сифатида фойдаланиш учун аёлларнинг паранжилари ёқилди, улар мажбуран пахтага, заводларга жалб қилинди, муниса аёллар алданди ва қора меҳнатга маҳкум бўлдилар. Эркаклар ҳам бунга йўл қўйиб бердилар, йўл қўймаганлари эса ўлдирилди ёки қувилди.

Ўтган етмиш йил давомида миллат айнишда давом этди. Муқаддас қадриятлар топталди, халқ онги қулликка мослаштирилди, қуллик менинг бахтим деган тушунча сингдирилдики, натижада, бутун бошли халқ ҳурриятни қабул қила олмайдиган бўлиб қолди.

Аммо насл айнир экан, унда покланиш ҳам бошланди. Ўлкадан улкан олимлар етишиб чиқди. Алихонтўра Соғуний, Мавлавий Ҳиндистоний, Олтунхон тўра, уларга издош бўлган шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфлар миллат маънавияти ва руҳонияти покланишига жиддий таъсир кўрсатдилар. Бу тарбиянинг, бу жасоратнинг меваси ўлароқ яна Туркистондаги авлод ўртасида ҳидоят нурлари порлай бошлади. Бу нурнинг шуъласини биз бугун Туркистон ёшларининг кўзларида, сўзларида ёлқинланиб турганига гувоҳмиз. Улар ўз ҳаётларини Оллоҳнинг фарзи, Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннат устига қуриш истагида. Ва бу йўлда қатъий ҳаракат қилмоқда.

Ўлка мустақил бўлди. Мустақиллик шарофати ила масжидлар очилиб қолди. Ана шу масжидларнинг ўзига одамлар сиғмай кетяпти. Чунки насл покланиши бошланди.

Ота-онаси ибодатда, зикрда бўлган бола, албатта, Оллоҳ лутф этса, ориф ва обид, олим ва зокир бўлиб улғаяди. Шу нуқтадан бошлаб насл покланади. Миллатнинг янги даври, янги тарихи бошланади. Янги юксалиш кўз очади.

Каримов диктатураси эса миллатнинг покланиши, миллатнинг юксалишига қаршидир. Наслсизлар, насли бузилганлар эгаллаб олган ҳукумат ҳеч қачон юксак тушунчаларни қабул қила олмайдилар, билмайдилар. Шунинг учун бу қадриятларга қарши курашадилар. Улар учун наслларнинг айнигани, бузилгани ва йўқ бўлиб кетгани керакли.

Бугун биз Рамазон ҳайитини нишонлаб турибмиз. Тошкентда ҳайит куни транспорт ҳаракати тонгги соат 3.30 дан бошланибди. Буни ҳамюртларимиз байрам қилиб хурсанд бўлишди. Аслида, бу алдашдан бўлак нарса эмас.  Чунки масжидларнинг олдига туриб олган милиция ва МХХ ходимлари болаларни ҳайит маърузасини тинглаш ва намозни ўқиш учун киритмадилар. Уларни уйларига қайтариб юбордилар.

Нима учун? Бу ишга ким буйруқ берди?

Бу ишга буйруқ берган одам, албатта, Ислом Каримовдир. Агар у буйруқ бермаса, бу қадар золимлик амалга оширилмас эди. Масжидга кириб келаётган боланинг ҳидоят йўлидан юриши бу золимларни қўрқитади, шунинг учун бутун бошли авлодни масжиддан йироқ тутишни истайди. Агар бу режим яна узоғи 10 йил болаларни масжиддан узоқ тутиб туришга эришса, ўлкамизда мутлақо бошқача бир атмосфера шаклланади. Бу шундай атмосфера бўладики, унда ислом дини қадрланмайди, унда эътиқод ва иймон қабристон маросимлари учун қўшиққа айлантирилади, одамлар бузуқликдан нафрат этмайдиган оломонга айланадилар.

Совет даврида халқ ўз болаларини яширин шаклда ҳужраларда ўқитарди, ҳужраларда олимлар етиштириларди, аммо бугун Каримов ҳужраларни ҳам, яширин диний таълимни ҳам йўқ қилиб ташлади. На ер устида, на ер остида эътиқод ва иймон дарсларини қолдирди! Ҳаммасини супуриб ташламоқда.

Покланиш босқичига киришган наслни бузиш, айнитиш, булғалатиш шу қадар бўлиши мумкин, холос. Ўзи раҳбар бўлган халқни эътиқодсизлик жарига улоқтириш шу қадар бўлиши мумкин. Бундан ортиғини ақл тасаввур қила олмас, балки.

Бугун болаларнинг масжидга кирмаслиги учун фатво берган, болалар масжидга кирса, намоз ўқиса, зарари йўқ, бу керак деб айта олмаган, ширин жони ва молини иймондан устун қўйган, диндан устун қўйган муфтийлар, олимлар, имом хатиблар аввало Оллоҳнинг маҳкамасида, сўнг миллат олдида ҳам жазога тортилажаклар. Улар жазога тортилмаслик учун ҳидоят йўлида собитқадам бўлишлари керак эди, қўрқмасликлари керак эди, жасоратда ўрнак бўлганларида, шайх Муҳаммад Содиққа эргашгани каби миллат Усмонхон Алимовга, Абдулазиз Мансурга эргашган бўларди. Қўрқмасликни ўрганар эди. Жасоратнинг устидан кулмас, ҳақиқатни рўё деб билмас эди.

Агар улар жасорат қила олганларида балки шаҳидлик мақомини топар эдилар, золимларга итоат этиб яшамакдан кўра Оллоҳ наздида шаҳидлик мақомига лойиқ топилмоқ шараф эмасми!

Аммо биз умидни сўндирмаймиз. Чунки ҳали Туркистон ўлкаси фарзандлари батамом ўлиб қолгани йўқ. Батамом йўқ бўлгани йўқ. Золим режимга қатъият ила қарши курашаётган, бу кураш учун кучни Оллоҳдан сўраб турганлар бор. Оллоҳ уларнинг умидларини бўш қолдирмаган, узалган қўлларини бўш қайтармагай, яқин-орада наслни бузаётган,  миллатга хиёнат қилаётган Каримов режими таг-туби билан супуриб ташланажак ва буюк бир жамият барпо қилинажак, иншаОллоҳ!

Абдуллоҳ Нусрат

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Мусо ;

    Афсуски озгина тарихни бузибсиз жаноб муаллиф.Мухаммад Содик ва диний бошкарма укитиб чикармаган хужра услубида укитиш билан илм ахлларини. Балки Абдулвали кори ва у кишини шогрдлари укитиб чикарди. У кишининг шогрдларидан юзлаб магистирлар ва унлаб хархил диний фанларда доктор лар чикди. Айнан хужра укитиш услубини хам Мухаммад Содик эмас РахматулЛох Аллома ва Абдулвали корилар ташкил килишди. Тарихни буяб курсатмайлик жаноблар унда анави хартажаллардан фаркимиз колмайди!!! Бу икки тарихий шахсни хужра шаклида укитишни ташкил килганликларини хабари, хабари мутавотирдир!!!

    07/07/2016 00:09
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар