Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Буюк Ўзгариш бошланишига бир йилдан кўпроқ вақт бор…

Буюк Ўзгариш бошланишига бир йилдан кўпроқ вақт бор…
08 Temmuz 2016 - 5:00 'да юкланди ва 1645 марта ўқилди.

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(14)

Мен орзу қилардим. Рус босқинчиларига қарши тўгарак тузишни, у ерда фақат расида бўлмаган болаларни тарбиялашни хаёл қилардим. Мен ўзимни ва ўзимга тенгдошларни бу ишда қатнашиш учун кексайиб қолдик, дея ҳисоблардим. Бугун ёш бўлсак ҳам эртага, Қарор куни келганда, озодлик учун ҳаёт-мамот жанги бошланганда, биз мункиллаган, чол бўламиз, деб ўйлардим.

Қўлимда пиёла, чордона қуриб,
Кутаман, мудрайди ҳорғин кўзларим.
Ялқов қаҳр билан пашшани қўриб,
Кутаман, келмади ҳали дўстларим.
Ҳали душманларим тўплангани йўқ,
Юришар узилган симларни улаб.
Ҳар ҳолда, улардан менинг кўнглим тўқ,
Пайт келса, бир-бирин топажак улар.
Пайт келса, билмайман нега ярайман?
Қўлимда пиёла, чордона қуриб,
Бошимни эгганча кунга қарайман:
Ҳали ўнгламади ўзини зўрлик,
Қанотин ёзмади ҳали ҳақорат,
Ҳали қиёмига етмади хўрлик.
(«Олис табассум сояси» китоби, 1986 йил)

Аслида, хўрлик аллақачон қиёмига етганди, хўрлик юз ўттиз йилдан бери давом этаётганди, ҳақорат ҳам қанотларини ёзиб бўлганди. Буни фақат ялқов ўзбекнинг тан олгиси келмасди. Баъзан унинг лойқаланган шууридан шундай тумтоқ манзаралар ҳам  ўтарди:

Сир

Оғзинг қулоғингда,
Нимани эшитди ўзи қулоғинг?
Кайфиятинг яхши,
Жунбушдасан қандай хабардан?
Қачон? Қайси маҳал? Эрталаб?
Тонг пайтида? Қайси соатнинг?
Қайси лаҳзасида? Қайси радио?
Қайси халқнинг? Қанақа эркка?
Эришганин эълон қилажак?
Оғзинг қулоғингда,
Кайфиятинг баланд –
Биз ҳам воқиф бўлайлик сирдан,
Тонггача ухламай юрайлик биз ҳам!
1983 («Олис табассум сояси», 1986)

Ҳар бир сўз орасида ўроқдай бўлиб сўроқ белгиси турмасайди, эҳтимол, бушеърни цензура ўтказмасди. Сўроқ белгиси диққатни чалғитади, шеърни чил-парчин қилади, сензорнинг эса бу парчаларни бирлаштириб ўқишга ҳеч вақти йўқ.

Ўқиган тақдирда ҳам «бир лотинамерикан халқининг озодлик кураши ҳақида ёзгандир-да», деб қўйиши муҳтамал эди. Чунки фақат тараққиётдан ортда қолган лотинамерикан халқларигина ўз озодлиги учун курашиши, диктаторларни ағдариш учун инқилобий қўмиталар тузиб, «тонггача ухламай юриши» мумкин эди.

Muhammad_Salih_fotomajmua_19Озодликни хаёл қиларкан, унинг қўлга киритилишини классик андозада кўз олдимга келтирардим. Оврупо андозасида. Халқ ичида ташвиқот, қуролли гуруҳлар тузиш, партизан ҳаракати ва бу ҳаракатнинг умумхалқ ҳаракатига айланиши.

Бугун менинг уйқум бузилди бевақт,
Деворда лопиллар соялар – улкан.
Кўзим қамаштириб юборди ногоҳ
Олис минтақада ёнган бир гулхан.
Чарсиллаб ёнади олов дамодам,
Зулматда чирилдоқ чириллар нолон,
Гулхан теграсида еттита одам –

Соқоллари ўсган етти қўзғолон.
Улар суҳбат қурар жимгина… аммо
Уларнинг дунёга тушгандир иши!
Гулханни қучоқлаб олгандир гўё
Чордона қурган шу етти киши.
Олов узра парвоз этар бемалол,
Қанотин куйдирмай учади шу тоб:
Менинг қўрқувимга ўхшаган савол,
Сенинг умидингга ўхшаган жавоб…
Мана, тун ҳам дарров ярмидан оғди,
Суҳбат давом этар, гулхан ёшарар.
Ўйнар еттовининг юзида ёғду –
Ўт билан ўйнайди етти башара…
1983 («Олис табассум сояси» китобидан, 1986)

Аммо бу жуда узоқ жараён, ҳатто бизнинг авлоднинг умри буни бошлашга ҳам етмайди деб ўйлардим.

Беловежская Пуща ҳеч бир совет кишисининг, шу жумладан, менинг ҳам тушимга кирмаганди. Озодлик шу қадар дафъатан, шу қадар йилдирим каби келди-ки, мен бугун ҳам, Беловежская Пуща воқеасидан кейин 8 йил ўтган бўлса-да, воқеанинг миқёсини қамрай олмаяпман.

Мен бундан саросимага тушмаганлардан ҳайратланаман. Гўё ҳеч нарса бўлмагандай ишга кетаётган, ишдан келаётган худди ўша совет давридаги каби танбаллик ботқоғига ботган, аммо совет даврида сўколмаган раҳбарларини бугун баралла сўкаётган собиқ метрополия халқидан ҳайратланаман.

Мен Беловежская Пущада қабул қилинган Совет Иттифоқини бекор қилиш ҳақидаги ҳужжатдан кейин охирзамон бўлдими, деган кинояларга қўшилмайман. Совет Иттифоқи яхши эди, деганларни носамимий ёки нонкўр, деб ўйлайман. Совет Иттифоқини қайтадан тиклаш керак, деганларни жоҳил, тиклаш мумкин деганларни, эса, ёлғончи дейман. Ҳа, 1991 йил декабр ойида Беловежская Пущада қабул қилинган тарихий ҳужжатдан сўнг Совет Империясининг «охир-замони» келди. Бу шундай бир улкан воқеа-ки, унинг аҳамиятини рус мустамлакачилиги келтирган қўрқув ва қулликдан нафратланган инсонлар ва бу қўрқув ва қулликнинг яратувчилари рус шовинистлари жуда яхши билишади.

Дарвоқе, минг тўққиз юз саксон тўртда, Дўрмонда менинг тушимга уруш кирганди, Беловежская Пуща эмас. Кўрилган туш қаттиқ таъсир қилган экан, балконга чиқиб ҳам ўзимга келолмадим. Бегоналик ҳисси янада кучайганди. Мен ўз тушимдан худди бегона бир мамлакатдан чиқиб келгандай чиқиб келгандим. Бу бошқа мамлакаат менинг асл ватаним эди гўё. Дўрмонда ҳар нарса бегона эди: армани Сергейдан тортиб, Вера Сергеевнагача, акатсия тагида турган П. Қодирнинг «Волга»сидан тортиб, ошхона ёнида ошпазлардан суяк кутиб ётган кўппаккача.

Мен уйғонишни истамагандим, аммо уйғонгандим. Мен бу тушни томоша қиларкан, мен тинчликсевар бир халқнинг «нима бўлса бўлсин, тинчлик бўлса бас, хўрлансак ҳам, зўрлансак ҳам, қул бўлсак ҳам, тул бўлсак ҳам, тинчлик бўлса, бизга етади», дея тинмай ғудурланаётган бир халқнинг руҳий тазйиқидан бир он бўлса-да, қутулгандим.

Ҳозиргина кўрилган тушни йўримлаш хаёлимга ҳам келмас эди. Бу туш менинг ўнггимда кўришни истаган бир Буюк Ўзгаришнинг ҳужжатли филми каби эди. Буюк Ўзгариш бошланишига бир йилдан кўпроқ вақт бор эди, аммо унинг ҳужжатли филмини баракатопгур малаклар аллақачон суратга тушириб улгурган эдилар. Ўзгариш мавзуига ҳассосият билан қарайдиган баъзи инсонларга бу филмни намойиш қилиб, у шаҳардан бу шаҳарга учиб юрарди киночи малаклар. Йўл-йўлакай Дўрмон деган қишлоққа ҳам учраб ўтишганди. Уларнинг кўрсатган филми таъсирида менда зуҳур этилган ҳаяжон ва жунбуш малакларни чўчитиб юборди шекилли, улар кейин бир неча йил давомида менга ҳеч нарса кўрсатишмади. Фақат 1993 йил… Дарвоқе, тўқсон учинчи йилга ҳануз етиб келмадик.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort