Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Чидамоқ мумкиндир токи ўлгунча…

Чидамоқ мумкиндир токи ўлгунча…
09 Temmuz 2016 - 6:00 'да юкланди ва 1838 марта ўқилди.

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(15)

АМАЗОН ХОТИН

Мен ҳеч қачон саёҳатга чиқиб «саёҳат туркумлари» ёзмаганман. Долзарб воқеаларга ҳам вақтида «реакция»
кўрсатолмаганман.

Бу мижоз масаласи. Мен масалан, бировдан ҳақорат эшитсам, унга қарши дарҳол жавоб беролмасдим. Бунга жавоб беришим учун бир оз қизишим керак эди, қаршимдаги дилозордан бир оз ғазабланишим керакди. Шеър тўқилар экан, у ҳам шу мижоз дастгоҳида тўқилар эди. Менинг битта ҳам «долзарб» шеърим йўқ.

Бутун шеърлар воқеаларнинг кечиккан акс-садоларидир, содда қилиб айтганда уларнинг ҳаммаси эшитилган ҳақоратларга кечикиб берилган жавоблардир. Шунинг учун ҳам ҳурматли мунаққидлар каминанинг ёзганлари билан «реал воқелик» ўртасида боғлиқлик тополмай, «бу шеърлар мавҳум», дейишдан нарига ўтолмасдилар. Акс-садо шу қадар кичикди-ки, бу садони чиқарган объект узоқларга кетиб қолган бўлар ва майдонда фақат акс-садонинг ўзи қоларди. Ва у объектга айланарди. Оргинал кўринган шеър ўша объектдир. Лекин бугун ўша саксониничи йилларда ёзилган шеърий машқларимни ўқиб, уларнинг нақадар долзарб бўлганлигини кўраман. Улар мақоладан ҳам, репортаждан ҳам долзарброқ бир матн бўлганлигини кўриб ҳайрон қоламан. Ҳа, уларга 14 йилдан кейин қаралса, ўша аввал боғланмаган воқеаларга ғоят мустаҳкам боғланганини кўриш мумкин.

1984 йилда ёзилган битта мисол:

I. Мумкин
Сўзингни айтмаёқ ейишинг мумкин,
Ҳали ҳам бор бўлса айтажак сўзинг.
Мўмин мусулмонман», дейишинг мумкин,
Ҳали ҳам мусулмон бўлмасанг ўзинг.
«Оқ туя кўрдингми», деб сўрасалар,
«Кўрмадим» дейишинг мумкиндир кўриб.
Агар виждон қийнаб, топсанг ҳафсала
Уйингда йиғлашинг мумкин ўкириб.
Тишни тишга босиб мумкин чидамоқ,
Агар қолган бўлса оғзингда тишлар.
Мумкиндир – суякка етганда пичоқ,
Бутун қолган бўлса суягинг агар.
Чидамоқ мумкиндир токи ўлгунча,
Агар аллақачон ўлмаган бўлсанг.

II. Мумкин эмас
Сиз бетобсиз, бетобсиз ошна –
Мумкин эмас кўчага чиқиш.
Мумкин эмас дунёқарашни
Бузадиган китоблар ўқиш.

Мумкин эмас номаълум томон,
Олис томонларни соғинмоқ.
Мумкин эмас, соғлиққа ёмон
Севмоқ, чўкка тушиб сиғинмоқ.
Мумкин эмас кийинмоқ қишда,
Мумкин эмас оч бўлсанг емоқ.
Мумкин эмас ҳатто оҳиста,
Қўрқа-писа «мумкинми?», демоқ.
1984 («Олис табассум сояси», 1986)

Бу шеърда битта ҳам ташбеҳ ёки муболаға йўқ. Бу шеър ўша 1984 даги сиёсий об-ҳавонинг (худди кундалик каби) шарҳидир.

Muhammad_Salih_fotomajmua_201984 йил Ўзбекистон Компартиясининг мафкура котиби Раъно Абдуллаева «йўлбошчилик» юлдузи порлай бошлаган пайт эди. Абдуллаева, эҳтимол, совет даврида келиб-кетган коммунист раҳбарлар ичида энг ғайратлиси эди. У ўзининг очиқча ғайримиллий сиёсати билан миллатнинг уйғонишига хизмат қилди.

У Москвадан келган топшириқларни пландан ошириб бажарарди. Дин, миллиятчилик, пантуркизм унинг асосий душманлари эди ва уларга қарши астойдил курашди.

Эсимда, рассом Исфандиёр ўз юрти Бахмалда бўлган воқеани айтиб, ёзғиргани: «Аҳмоқлар, қишлоқдаги масжиднинг қуббасидаги ҳилол ва юлдузни «ислоҳ» қилишибди. Қандай қилиб денг, юлдузни олиб ташлаб, ҳилолни қолдиришибди, кейин ҳилолга даста ўрнатишибди ва қарабсиз-ки, ҳилол ўроқ бўлибди. Энди унга болға излаётган эмишлар. Масжиднинг қуббасига ўроқ-болға қўйишмоқчи, тасаввур қиласизми?…»

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort