Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Келиши қийин, кетиши осон!

Келиши қийин, кетиши осон!
14 Temmuz 2016 - 11:17 'да юкланди ва 4135 марта ўқилди.

istanbulda-ramazan-etkinliklerle-kutlanacakТуркия манзаралари

18

РАМАЗОН

Йил бўйи интиқиб кутганимиз рамазон келди ҳам, ҳаш-паш дегунча ўтиб бўлди ҳам.

Ҳозирдан одам соғиниб, келгуси рамазонга кўз тика бошладик.

Ҳар йилгидай, ўн бир ой бир ойни кутиш билан ўтади энди. Доим шундай: келиши роса чўзилади, кетиши жуда тез!

Келиши қийин, кетиши осон!

Шошилмай келади, кетиш куни етганини билмай қоласиз!

Ўзи ўн бир ойда бир келади, аммо бир ойгинада ўтади-кетади!..

Келишини кўзлар тўрт бўлиб интизор кутасиз, кетишида икки кўз ҳам жиққа ёшга тўлиб кузати-иб қоласиз!

Эй Оллоҳ, рамазон ойини биздан вақтинчага кеткизиб турсанг ҳам, юракларимиздан, уйларимиздан, юртимиздан унинг файзини вақтинчага ҳам кеткизма!

Ўтган йили “Туркия манзаралари” туркумидаги ҳикояларимни ёза бошлаганимда, Оллоҳ насиб этса, Истанбулда рамазон мавзуига алоҳида тўхталаман деб ният қилган ва ваъда этган эдим. Лекин, тўғриси, рамазон ичи нимагадир ёзгим келмади. Ёзмадим. Охирги хафтасида бир уриндим, ҳатто тепадаги бошламани ёздим ҳам, аммо давом эттирмадим ‒ рўзамга буни аралаштиришни истамадим. Мана, энди, рамазон тугаб, ҳайит ҳам ўтиб, кўнгил яна ёзишни тусаб қолди. Балки бу йилги рамазон билан хайрлашув ўксиклигидандир… Балки келгуси рамазоннинг соғинчидандир…

Туркия рамазонини бу ўлкага илк марта келганимда ‒ 1997 йилиёқ яхши кўриб қолганман. Унда ҳокимият Ислом қадриятларига катта эътибор бераётган ҳозирги партия қўлида эмасди. Бош вазир ҳам Тансу Чилар исмли бир аёл киши эди. Туркияда коммунистларнинг ва жумҳуриятчи кучларнинг таъсири ҳали кучли эди. Шунда ҳам бу ерда рамазон жуда жўшқин кечишини кўриб ҳавас қилганман ва Ватанимга ҳам айнисини соғинганман.

Ўшанда Туркияга устоз адиб Тоҳир Малик билан бирга Буюк элчилик меҳмони ўлароқ келганимизни олдинги бобларда айтган эдим. Истанбулда бизни бир вакил кутиб олиб Анқара автобусига ўтирғизиб юборган, пойтахтга саҳарликка яқин вақтларда кириб борган эдик. То меҳмонхонага жойлашиб, саҳарликка у-бу нарса еб олгунимизча бомдодга азон бўлиб қолгани эсимда.

Азон жуда гулдурос эди. Кейин билсак, бизни Анқаранинг марказий мачити ‒ Кўжатепа жомеи яқинидаги меҳмонхонага жойлаштиришган экан.

Мачитга пиёда чиқдик.

Султон Аҳмад майдонида ифторлик

Султон Аҳмад майдонида ифторлик

Илк ажабланганим ҳолат ‒ мачит ҳовлисидаги вақтинчалик қурилмалар бўлди. Суриштирсак, бу ерда бир ой рамазон ичи диний адабиётлар кўргазмаси бўлар экан. Кундузи очилиб, сўнг то таровеҳ тугагунича ишларкан.

Асрга чиққанимизда мезбонлар кўргазмани айлантиришди.

Туркияда мачитлар шакли ўзига хос. “Меъмор Синон услуби” дейишади. Унга кўра ўртада катта, теварагида ярим ё чорак қуббали улкан хонақоҳ қурилади, кираверишда мачитнинг катта-кичиклигига қараб гирд айланаси тошайвонли улкан ё ўртача ҳовли бўлади.

Кўжатепа жомеи биз бормасимиздан 10 йил бурун ‒ 1987 йили қуриб битказилган, Туркиянинг йирик жомеларидан экан. Шунга кўра ҳовлиси ҳам йирик. Китоб кўргазмаси мана шу ҳовлида ташкил қилинган эди. Кўзга жуда муҳташам кўринарди.

Мезбонлар берган маълумотга қараганда, мамлакатда диний адабиёт нашр этадиган 90 (тўқсон)дан ортиқ (!) нашриёт ўз маҳсулотини қўйган экан. Китоблар ранг-баранг, энг охирги безак услубларида чоп этилган эди.
Кўргазмани томоша қилиб, йўқ китобнинг ўзи йўқ, йўқ мавзунинг ўзи йўқ деган хулосага келганман. Қадимдан то ўша кунгача оламда қайси тилда қандай мўътабар манба бўлса, ҳаммаси туркчага таржима этилган, улардан ташқари турк олимлари ҳам динимизнинг хилма-хил мавзуларида қатор-қатор китоблар ёзиб ташлашган эди.

Энг асосийси ‒ эртадан-кечгача кўргазмадан одам оёғи узилмас, жуда гавжум, айниқса, келувчилар орасида ёшлар кўп эди. Асрдан кейин эса то хуфтонгача одам сиғмай кетарди. Ва яна бир муҳим томони ‒ кўргазмадан ҳеч ким қуруқ чиқмасди. Айниқса, ўн-йигирма китоб сотиб олиб қўни-қўнжини китобга тўлдириб чиқиб кетаётган ёшларни кўрсангиз, кўзингиз қувонмасдан иложи йўқ эди!

Кечқурун хуфтондан қайтаётганимизда Тоҳир ака бир гап айтиб қолди:

‒ Биласизми, мен кўп китоб кўргазмаларига борганман. Масков, ҳатто Берлинда бўлган китоб кўргазмасига ҳам қатнашганман, лекин бунақа гавжумликни кўрмаганман! ‒ деди.

Худди шундай кўргазма кейинроқ Истанбулдаги энг тарихий жомелардан ‒ Султон Аҳмад мачитида ҳам уюштирилганини кўрдик. Ўша-ўша китоблар мўллиги, ўша-ўша гавжумлик…

Орадан йигирма йил ўтиб, бугун ўша замонги китоб қўлтиқлаган ёшлар қирқ ёшга кириб, Туркиянинг рангини анча-мунча ўзгартириб юборганига мана энди гувоҳ бўлиб турибман!

Ўшанда мени ажаблантирган иккинчи нарса ифторликлар эди!

Қайсидир куни сафар дастури бўйича Туркия ёзарлар бирлигида учрашув уюштиришди. Икки соатча йигирма чоғли ёзувчи-шоир, адабиётшунос олим билан суҳбатлашдик. Бу ерда эскилардан жадид адиблар, янгилардан буюк шоиримиз Рауф Парфи номи жуда машҳур экан. Суҳбат кўпроқ шулар ҳақида бўлди.

Шу куни Салжуқ университети ифторлик бераётган ва Ёзарлар бирлигидан ҳам йигирматача одамни таклиф этган экан. Учрашувдан сўнг меҳмон сифатида бизни ҳам ифторликка олиб боришди.

Ускудар тумани маҳаллаларидан бирида ифторлик

Ускудар тумани маҳаллаларидан бирида ифторлик

Жуда муҳташам бир меҳмонхонанинг холлида улкан саҳнга ўн икки ё ўн беш кишилик қилиб дастурхон тузалган, ҳар бир стол ўртасига таклиф этилган ташкилотнинг оти ёзилган эди. Университетлар, илмий-маданий даргоҳлар, давлат ва ҳукумат ташкилотлари. Хуллас, ифтор дастурхонига миллат гуллари таклиф этилган экан деса бўлади.

Биз махсус меҳмон ўлароқми ё кутилмаган меҳмон ўлароқми аралаш дастурхонга ўтқазилдик.

Ўнг томонимда саксон ёшлар атрофида бир чол-кампир ўтирган эди. Мезбон айтишича, тарих илмида Туркияга кўп хизмати сингган эр-хотин академиклар экан. Отларини ҳам айтган эди, унутдим. Чап ёнимизда асли ватандош, ўша пайтда миллатвакили (депутат) бўлган бир киши. У билан ҳам танишдик, бир оз гаплашдик. Бузиброқ бўлса ҳам, ўзбекча гапиришга ҳаракат қилгани мени қувонтирди…

Оғиз очилган заҳоти ҳалиги чол-кампир дарров сигарет чекишга тутинди. Ҳайрон боқиб қолган эканман, мезбон менда кечаётган ўйларни сезиб (чунки Ўзбекистонда Туркия элчихонасида ишлаб келган-да, Ўзбекистонда аёл кишининг чекиши нодир ҳодиса эканини билади!), дарров изоҳ берди:

‒ Бизда деярли ҳамма сигаретга мубтало, бу ёғига қарама! Муҳими ‒ бу икки муҳтарам зот Туркияда тарих илми ривожига жуда катта ҳисса қўшган! ‒ деб қўйди.

Диққатимни тортган ва буюк ҳавас уйғотган иккинчи нарсага сал ўтиб, шом намозини ўқишга турганимизда дуч келдим: ифторга келган деярли ҳамма ‒ эркагу аёл намозга турди! Маъмурият ёнбошдаги икки катта зални намоз ўқишга тайёрлаб қўйган экан. Бирига аёллар кирди, иккинчисида эркаклар ўқиди. Хона хийлагина катта бўлишига қарамай, тўлиб-тошиб, уч-тўртга бўлиниб намоз ўқидик!

Дастур бўйича яна бир куни Маданият вазири билан ҳам учрашув бор экан, олиб боришди. Мезбон бизни таништирди. Чиройли суҳбат бўлди. Вазир сўзи бошида биздан узр сўраган бўлди:

‒ Рўзачилик, узр, сизларга чой икром қила олмаяпман, ‒ деди.

Демак, вазир ҳам рўза тутаётган эди!

Бир куни Кўняга келганимизда яна дастурга кўра шаҳар муфтиси қабулида бўлишимиз керак эди. Ўринбосари кутиб олди. Узрини айтди.

‒ Бош вазир Тансу Чилар хоним ифторлик бераётган эди, муфти жаноблари ўша ёққа кетдилар, ‒ деди…

Ҳукумат бошлиғи дин ходимларига ифторлик берар экан! Ҳолбуки у замонда ҳукумат ўта дунёвий эди!

Бундан ташқари, шаҳарларнинг катта-катта майдонларига улкан чодирлар тикилган, пешонасига йирик ҳарфлар билан “İKRAM SOFRALARI” (“Икром дастурхонлари”) деб ёзиб қўйилган эди. Мезбонлар айтишича, давлат идоралари, айрим ташкилотлар ва бой кишилар бу ерларда галма-гал муҳтожларга, мусофирларга, турли сабаб билан ифторликка уйига ё айтилган жойга етиб бора олмай қолган йўловчиларга ҳар куни ифторлик беришар экан!..

Ишқилиб, давлат ва ҳукумат тепасида қип-қизил дунёвийлар турган бўлса-да, бундан йигирма йил илгариёқ Туркияда исломий ҳаёт жамиятнинг ич-ичига кириб борганини кўрдим!

Балки исломий ҳаёт тарзи олти юз йилдан мўл халифалик пойтахти бўлган бу баракали юртдан тўла сиқиб чиқариб улгурилмагандир?!

Ўша галги сафаримизда рамазоннинг тўртдан уч қисмини Туркияда ўтказдик, ўнга яқин шаҳарига бордик, мамлакатнинг ярмидан кўпини кездик, ҳайитни Истанбулда ўтказдик ва… ҳамма ерда рамазон файзини, жўшқинлигини кўрдик.

2009 йили ҳам Туркияга таътил сафаримни айни рамазон ойига тайин этганим ўша илк келганимдаги ҳавас ва муҳаббатдан эди.

Мана, ниҳоят, бу йилги рамазонни ҳам Туркияда ўтказдим. Олдинги йиллар тассуротларим билан солиштирадиган бўлсам, табиий, янада ижобий томонга ўзгаришларни сездим.

Умрания тумани маҳаллаларидан бирида ифторлик

Умрания тумани маҳаллаларидан бирида ифторлик

Истанбулдаги катта, тарихий жомелар теварагида бир ой давомида асрдан то бомдодгача тинимсиз байрам, сайил бўлди. Оммавий ифторликлар, ҳар хил ўйинлар, илмий суҳбатлар, эҳсонлар, ҳадя улашишлар, болаларнинг чексиз завқ-шавқи!..

Телеканаллар бир-бири билан мусобақа ўйнагандай ҳар хил диний кўрсатувлар ташкил этган!.. Ифторгача бир ярим соатча, таровиҳдан сўнг саҳарликкача яна бир ярим соатча олимлар суҳбатини кўрсатган!.. Майдонларда минглаб киши иштирокида диний-илмий мавъизаларни тўғридан-тўғри олиб берган!.. Ҳатто телерекламалар ҳам асосан рамазон билан боғлиқ мавзуда тайёрланган!..

Шаҳарнинг ҳар бир тумани (“ilçe”си) танланган муқим бир ерда беш, ўн, ҳатто йигирма минг кишига мўлжаллаб икром дастурхони ташкил этиб қўйибди. Масалан, Фотиҳ туман ҳокимияти (belediyesı ‒ баладияси) ўз ҳудудида, Ускудар туман баладияси денгиз бўйида Ускудар майдонида, Айюб туман баладияси Абу Айюб Ансорий зиёратгоҳи яқинидаги бир мактаб ҳовлисида, ва ҳоказо…

Бундан ташқари ўттиз (ё йигирма тўққиз) кун ичида ҳар бир баладия (ҳокимият) ўз ҳудудига қарашли турли ерларда, маҳаллаларда ҳар куни кўчма ифторликлар уюштирди. Ва ҳаммасида баладия бошқони ‒ ҳоким иштирок этди. Ватандошларини рамазон билан қутлади, ифторликка келганлари учун миннатдорликлар билдирди.

Таом ҳар бир туманда ҳар куни деярли бир хил: сув, айрон, нон, шўрва, турк палови ва охирида ширинлик!

Ускудар баладияси бу йил яна бир хайрли ишга қўл урибди: қайсидир бир майдонида бу йил илк рўза тутганлар учун алоҳида ифторлик қилиб берди. Буни телевизорда кўрдим. Меҳмонлар ҳаммаси ёшлар, болачалар, қизчалар эди. Юзларида умрида илк бор рўза тутганлик шавқи балқиб кўринар, айниқса ҳокимлари қўлидан ифторлик ҳадяларини олиш уларнинг байрамларига байрам қўшиб юборган эди!

Истанбулнинг энг баланд Büyük Çamlıça (Катта арчазор) тепалигида, айтишларича, Туркияда энг йирик, дунёда ҳам биринчи ўнликка кирадиган даражада катта, олти минорали мачит қурилаётган эди. Шуни бу йил рамазонда битказиб, Қадр кечаси куни очишни мўлжаллашган экан. Ҳокимият ўн минг кишилик ифторликни ва Қадр кечаси намозларини шу ерда ўқишни ваъда қилган.

Мен бу ёққа келганимдан бери шу хабарни эшитаман. Бир гал атай бориб қурилишни кўриб ҳам келдим. Чиндан ҳам улкан эди! Юзлаб қўшимча хонаси, анжуманлар саройи, мадрасалари, кутубхона ва яна кўп муассасалари билан жуда муҳташам лойиҳа экани кўриниб турарди!

Афсус, қурилиш битиб улгурмади. Шунда ҳам “Ваъда ‒ ваъда!” деб баладия бошқони Ҳилми Туркман рамазон бошланганидан бери ҳар кунги ифторликларда халқни шу мачитга чорлар, мачитнинг ҳарҳолда битган қисмида ‒ ҳовлисида Қадр кечасини ўтказишга ташвиқ этар эди. Қизиқиб, биз ҳам оилавий бўлиб бордик.

Бу мачит тўла битганидан ва расман очилганидан кейин у ҳақда алоҳида ёзишга ва расмларини эълон этишга ҳаракат қиламан, иншаоллоҳ. Шунинг учун ҳозир тафсилотига берилмайман. Ҳозир мен айтмоқчи бўлган ва ҳавас қилганим ‒ таровиҳ намозидан сўнгги бир ҳодисадир. Дуолар ва тасбиҳотлардан олдин ҳоким бир йигит билан бирга имомнинг ёнига бориб ўтирди. Сўнг имом Қуръон тиловати учун микрофонни ҳокимга узатди! Ва у… “Аманар росулу…”ни шунақа чиройли ўқиди!..

Эртасига маҳаламиз имомига шу воқеани айтиб ҳайратлансам, “Бошқонимиз ҳофизи Қуръон!” деди. Кейин эсладим: ўғлим ҳам бир гал шуни айтган эди. Мураттаб қори йигит Истанбулнинг энг йирик туманларидан бирининг ҳокими бўлса!..

Яна бир ўзига хос томони ‒ давлат телеканалларидан тортиб хусусий телеканалларгача “Хабар” дастурлари бир ой давомида давлат ва ҳукумат бошлиқларининг қаерда ва кимлар билан ифторлик қилгани ҳақида маълумот тарқатиб турди. Жумҳурбошқони (Президент) бўладими, Бошбоқон (Бош вазир) бўладими ё бошқа бир мухолиф партия бошлиғи бўладими, албатта бу ифторликларда қисқача нутқ сўзлар эди. Давлатнинг ички ва ташқи сиёсати ҳар куни шу ифторлик маҳаллари юритилди деса ҳам бўлади.

Ва ниҳоят, ҳайит! Бу ерда ҳайитга катта эътибор берилар экан:

1. Давлат ҳайит муносабати билан 9 (тўққиз!) кун ҳақ тўланадиган таътил берди. Хусусий ишхоналар бу миқдорни ўзлари белгилашаркан. Қурбон ҳайити таътили яна ҳам кўп бўларкан ‒ ўн кундан ўн беш кунгача чўзилар экан.

2. Шаҳар уловлари йўлкираси 3 (уч) кун ҳайит ичида тенг бараварга арзонлаштирилди. Масалан, тўлиқ кира ҳақи 2 лира 35 қуруш бўлса, ҳайит кунлари бу 1 лираю 17 қурушга туширилди. Одатдаги кунларда мен олтмиш ёшдан ошган сифатида имтиёзли тарзда 1 лираю 65 қуруш тўлайман, ҳайит кунлари автобус аппаратлари ақбилим (пластик каротчканинг бир тури)дан бор-йўғи 82 қурушгина ечиб олди. Бошқа кунлари йўлкираси 1 лира 15 қуруш қилиб белгиланган талаба ва мактаб ўқувчилари ҳайит кунлари 57 қуруш тўлашди, холос.

(Шу ерда бир нарсани қистириб кетмасам бўлмайди. Чунки биз бунақасига кўникмаганмиз: шунча яхшилик ва енгилликларга қарамай биронта одам кўчаларда, мачит меҳробларида, газетларда ё телеканалларда Туркия давлатига ё шахсан жумҳурбошқонига миннатдорлик изҳор қилганини кўрмадим!)

Булар ҳаммаси яхши, ҳаммаси гўзал! Аммо менга барибир нимадир камга ўхшаб туюлаверди… Нимадир етишмаётгандай эди…

Албатта, бу етишмаётган нарса рамазонда юртимдаги ўзига хослик, таровиҳ намозларидаги Қуръон хатмлари, қориларимизнинг ширали овозлари эди.

istanbulda-sokak-iftarlarıЯна айтиш мумкин бўлса, Ўзбекистонда ўқиладиган таровиҳ намозларидаги бўлакча бир ихлосга ўхшаган ихлосни, ёшларнинг бу намозларда кўрсатадиган улкан сабру бардош ва қаҳрамонликларига ўхшаган жидду жаҳдни бу ерда кўрмадим!..

Истанбулда таровиҳ намозларида саноқли мачитлардагина Қуръон хатм қилинар экан. Масалан, мен яшаб турган туманда икки-уч мачитда хатм бўлаётганини айтишди. Шаҳар бўйича 3400 (уч минг тўрт юз)га яқин жоме мачит бўлса, демак, шундан бор-йўғи 40-50 тасида хатм қилиняпти деганидир. (Бутун Туркияда жомелар сони 87000 га яқинлашади!) Қолганида йигирма ракат таровиҳ намози қилинади, холос. Ўшанда ҳам, жуда тез ўқилади.

Албатта, бу ишда вақт қисқалиги сабаби ҳам бор. Солиштирсам, Туркияда рўза пайти Ўзбекистондан ва дунёнинг бошқа кўп ерларидан яқин бир соатча узоқроқ чўзиларкан. Масалан, Истанбулда (ўртачасини олсак) соат 3:20 да оғиз ёпилса, соат 20:45 да оғиз очилади. Яъни, бир кунда яқин 17 соату 30 дақиқа оғиз ёпиқ бўлади! Қуёш ботиш вақти бир оз кеч. Куннинг қуёшли қисми, дейлик, Ўзбекистонга қараганда 40-50 дақиқача узун. Бунинг устига нимагадир шом билан хуфтон ораси ҳам юртимизда биз ўрганиб қолган бир ярим соат эмас, балки роппа-роса икки соатдир! Соат 22:45 да хуфтон намозини бошласак, таровиҳда кунига ўртача бир порадан шошилмай Қуръон ўқилса, уйқуга жуда оз вақт қолиши аниқ. Балки шуни ҳисобга олиб ёз паллаларида Қуръон хатмларини мачитларида ўқишмас. Билмайман.

Аммо бу дегани Туркияда рамазонда Қуръон ўқилмас экан дегани эмас. Бу ерда хатмнинг бошқача усули кўпроқ ёйилган ‒ деярли ҳамма мачитда рамазон ойи давомида муқобала усули билан Қуръон хатм қилинади. Бунда Қуръон ҳофизи (қори) ёддан ё китобга қараб ҳар куни оғиз ёпилганидан кейин то бомдодгача (ё ўзларига уйғун бошқа бир вақтни белгилаб) бир порадан Қуръон ўқиб беради, қавм лавҳларда Қуръонни очиб кузатиб боради. Бунга ҳар рамазон ойи Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам) Қуръонни ҳазрати Жабройил (алайҳиссалом) назарларидан бир ўтказиб олганлари далил қилинади. Бу ҳам ўзига хос! Бу ҳам ўзига яраша гўзал!

Лекин барибир таровиҳда Қуръон хатм қилинишларига ўрганган, унинг файзларидан баҳраманд бўлган биз ўзбекистонликлар учун таровиҳни бу қадар тез ва шоша-пиша ўқилиши унча ўтиришмади.

Маҳалламиздаги мачит имомига Ўзбекистондаги Қуръон хатмларини, унда каттаю кичик завқ-шавқ билан соме бўлиб туришларини сўзлаб берсам, кутилмаган бир гап айтиб қолди:

‒ Ўттиз йиллар бурун бизда ҳам интилиш шундай кучли эди, аммо унда Туркия диний сиқинтиларни бошдан кечирарди. Энди ҳар нарса эркин, лекин афсус, ёшларимиз кўпи динга фарқсиз бўлиб қолди…

Одамни довдиратадиган жавоб эди бу. Оббо, биз нима қилайлик бундай вазиятда?

Бир ватандошимиздан “Туркияда нимага мачитларда хатм кам қилинади?” деб сўраганимда, у ҳам худди имомнинг гапини тасдиқлагандай, қисқагина қилиб: “Имомлар эринади”, деб қўяқолди.

Бу фикрда ҳам жон бордек. Имом эринмаган тақдирда ҳам, балки қавмга малол келмасин деб таровиҳни тез ўқиб бераётгандир. Қавмга ҳам шу ёқар балки. Оқибатда, сабабларга синчиклаб боқсангиз, барибир имом ҳам, қавм ҳам “эринаётган” бўлиб чиқади.

Шунинг учунми, бутун ой давомида тез-тез ҳар йили Ўзбекистонимда ўқиган таровиҳ намозларимни эсимга тушаверди. Қўмсадим. Соғиндим.

Ўтган йили хатмни Тошкентда ‒ Минордаги янги қурилган Оқмачитда бошлаб, Оқмачитда тугатган эдим. Ўртада бир ҳафтача туғилиб ўсган туманим маркази Яйпанда ўқидим. Ҳар икки ерда ҳам мачит хонақоҳию ҳовлиси намозхонга тўлиб кетган эди. Яқин икки соат давомида хуфтон ва таровиҳ намозларини ўқидик, тасбиҳотларини севиб қилдик. Ҳар икки ерда ҳам қавмнинг кўпи йигитлар эди.

Оқмачитда биринчи таровиҳ бўлгани учунми бу ёғи Сирғалию Қўйлиқ, у ёғи Юнусободу Қорақамиш, хуллас, шаҳарнинг энг чекка-чеккаларидан ҳам ёш-ёш йигитлар йўлкира сарфлаб келишгани ва хатмнинг охиригача туриб беришганига гувоҳ бўлдим. Худди шунингдек, туманим марказидаги мачитга ҳам узоқ-узоқ қишлоқлардан ёшу қари келиб хатмга қулоқ солишди!

Буларни кўриб, ич-ичимдан қувонганман, йигитларимиз ҳақига дуолар қилганман. Оллоҳдан ихлосларига барака сўраганман.

Ҳолбуки…

Ҳолбуки… Ўзбекистонда диний ҳаёт масаласида анча-мунча қийинчиликлар бор, буни кўплар ўз мисолида ҳис этиб яшаяпти! Айниқса, ёш масаласида жиддий чекловлар қўйилган. Намозхонлар зимдан ва очиқ тазйиқ остида экани ҳам бировдан яшириб бўлмайдиган ҳақиқат. Бу ҳақда ҳатто ичкаридан туриб ижтимоий тармоқларда гоҳ киноя усулида, гоҳ очиқ-ошкора ёзиляпти ҳам.

Тошкентда Оқмачитга ҳам, туманимдаги мачитга ҳам болалар ‒ мактаб-коллеж ўқувчилари киритилмас эди. Мачитлар мелисалар билан ўраб олиниб, болалар қайтариб юборилар эди. Жуда нари борса ёши суриштириларди. Ўн саккиз ёшдан кичиклари киритилмаганини ўз кўзларим билан кўрганман, бир-иккитасининг орасига тушганман ҳам. Барибир қўйиб юборишмаган.

Шундай бўлса-да, ичкари кирсам… ичкарида яна болалар!.. Қаёқдан ўтди булар, дейсиз!

Шўрлик мелиса йигитлар ҳам ўзимизнинг мусулмон болаларимиз-да, уларга ҳам зарилми болаларни мачитдан қувиб? Ўзларига қолса, шу ишни қилармиди? Чорасизликдан, буйруқ ва зуғум остидагина, мажбуран шундай қилишади, албатта. Шунинг учунмикан, кези келганида ўзларини кўрмаганга олиб, ора-орада болаларни мачитга ўтказиб ҳам юбориб туришади, шекилли.

Ҳарҳолда, мачитларимизда ораста кийинган ва намозларда бир текис саф бўлиб турган ёшларимиз бизнинг катта бойлигимиздир. Уйқудан кечиб Қуръон хатмларида туриб беришлари эса, ҳавас қилса арзигулик ихлос ва жидду жаҳдларидан деб биламан.

Нима демоқчиман?

Тўғриси, нима демоқчи эканимни, бу солиштирмалардан қандай хулоса чиқаришимни аниқ билмайман ҳам. Ҳарҳолда, ихлос чеклов ё эркинликка боғлиқ эмас шекилли. Ҳатто таъқиб ва тазйиқ остида ихлос кучли бўлиши ҳам мумкин экан.

Рамазон бўйи шу ҳолни кўп ўйладим. Сабаблар ва оқибатлар тагига етишга уриниб юрдим. Сабабларни ўйлаб эзилсам, оқибатларни ўйлаб гоҳ қувониб кетар эдим. Эркинлик ва ихлосдан қай бирини танлаш имкони берилса, қайси бирини биринчи бўлиб танласам бўлади, деб иккиланган кунларим ҳам, кутилмаган бундай яхши натижалар бераётган таъқиб ва тазйиқнинг давом этишини кўнглим тусаб қолган кунларим ҳам бўлди! Ажаб…

“Касалимдан қутулишимни сўраб дуо қилинг!” деб илтимос қилган диндан ғофил бир одам орқасидан бир улуғ олим нималарни хаёл қилганини биласизми?

“Ғафлатдаги кишига Оллоҳни эслатган, юрагига ва тилига Оллоҳдан ёрдам кутиш тилагини солган, ҳар нарсадан қудратли зот Оллоҳ эканига иқрор қилдирган ҳазрати касалликни қандай қилиб кетсин деб дуо қиламан?!” деган экан.

Худди шунингдек, таъқиб ва тазйиқ кучайгани сайин болаларимиз мачитларга баттар талпинаётган, қалбларидаги ихлос янада алангаланаётган бир пайтда “Бошимиздан бу таъқиб ва тазйиқларни кўтар!” деб Оллоҳдан сўрамай тураймикан, деб ҳам ўйлаб қолдим.

Лекин таъқиб-тазйиқ барибир хунукдир. Эркинлик яхшидир. Масалани эркинлик ё ихлосдан бирини танлаш тарзида қўймасдан, иккаласини ҳам баравар ва бирга танлаш тўғри йўл. Шунинг учун Оллоҳдан ихлос ҳам, диний эркинлик ҳам бир пайтда ва тўкис бўлишини сўраш энг оқилона ишдир, деб ўйладим.

Эй Оллоҳ, бизга ва келгуси наслларимизга диний ҳурриятни ҳам, ихлосни ҳам том қилиб бер! Бири учун бошқасини бошимиздан камитма! Бизга раҳм қил! Ўзинг қўлла, ё Рабб!hamzalar78_134525284597

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

Манба: Facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Axmad hoji Xorazmiy ;

    Ajoyib maqola ekan. “Bu kunlar”dan hech kam emas. Bu maqolani “Alloh yuragimda, qalbimda”, deb kukrak kerib yurgan Urta Osyo rahbarlari ham uqisa bularkan.
    Shunda Alloh va Islomga sadoqat amalda qanday bulishi kerakligini tushinardilar

    14/07/2016 17:53
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар