Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Туркиянинг Ўзбекистондаги акс-садоси

Туркиянинг Ўзбекистондаги акс-садоси
16 Temmuz 2016 - 19:45 'да юкланди ва 1018 марта ўқилди.

245683Кеча тунда бошланган нотинчлик бутун дунёни ларзага солди. Тонг отгунча жаҳон миқёсида сиёсий тўлқин тинмади. Туркия ва турк миллатининг қудрати ўзини дунёга намойиш қилди. Вазиятнинг тафсилотлари деярли барчага яхши маълум. ОАВ тўғридан тўғри воқеликни тасвир усули билан етказиб бериб турди.

Ҳарбийларнинг давлат тўнтаришига уриниши сабаблари, шубҳасиз, аждодларнинг қадим илдизларига қайтаётган давлатнинг душманлари уйдирган фитналардир. Бу ўринда президент Эрдўғонга қўйилаётган айбловларга мен қўшилмайман. Эрдўғон сиёсати давлат тўнтариши даражасига қадар олиб келди деган гап сафсатадир. Чунки пайғамбару валийлар ҳаёти бу каби синовларга тўла ўтган. Демакки, уммат учун имтиҳонларнинг кўплиги табиийдир. Ҳар бир имтиҳоннинг ниҳоясида катта дарс туради. Бу дарс – келгуси зафарларнинг булоғи бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун мен бўлиб ўтган воқеани Туркия тарихидаги янги бир босқич деб баҳолайман.

Давлат тўнтариши уриниш натижасида қўлга киритилган ғалабаларнинг салмоғи улкан:

Аввало, жаҳон тарихида камдан-кам кузатиладиган воқеа содир бўлди: халқ ўз раҳбарининг даъвати ила кўчага чиқди. Ҳукуматнинг, давлатнинг ҳимояси учун одамлар кўчаларга ҳаётларини гаровга қўйган ҳолда чиқдилар. Чунки халқ амалдаги ҳукумат Ватан ва миллатнинг самимий ҳимоячиси эканини кўриб турибди. Кўчага чиққан ёшу қари ўлимдан қўрқмади, бирор дайди ўққа учраб ажал топишидан чўчимади, балки шу хатарни бир шараф ўлароқ қабул қилиб кўчага чиқди. Демак, давлат ва халқнинг жипслигидан улкан куч юзага келган.

Иккинчидан, Эрдўғонга қўйилаётган айбловлардан бири – мамлакатни динийлаштириш – исломийлаштириш эди. Гўё бу “айб” экан. Ҳар бир жамият ўз ҳаёт тарзини белгилашда ўзи истаган шаклни танлайди. Модомики, халқ ислом динини ўзи учун мақбул топса, шу асосда ҳаёт кечирмакни тўғри билса, бу энг юксак ҳуқуқлардан биридир. Кўрдикки, қалбига эътиқод жойлашган, Оллоҳга инонган миллат тонгда сабоҳ намозини жамоат бўлиб адо қилди. Бу ҳол давлат раҳбари танлаган йўлнинг ижобий натижа берганига, яъни халқни бирлаштириш учун хизмат қилганига – мутлақо тўғри эканига далолат қилади.

Учинчидан, халқ ўзининг кучини ҳис этди. Агар минг киши кўчага тўпланса, у оломонга айланади. Яъни фикрлашни йўқотиб оқим кайфиятига қўшилиб ақлга сиғмайдиган даражада хатоларга йўл қўяди. Аммо бу сафар ундай бўлмади. Кўчага чиққан минглаб одамлар ақлини йўқотмадилар. Улар нима учун кўчага чиққанларини яхши билишар эди. Жипсликнинг кучини, ўзининг қудратини онгли шаклда англаб етди миллат.

Тўртинчидан, мамлакат халқининг қудрати дунёга маълум бўлди. Туркияга ғаним назари ила боқадиган хориж мамлакатлари бу миллатни енгиб бўлмаслигига иқрор бўлди. Ўзининг “маданияти” билан мақтанувчи Ғарб халқидан кўра бу миллат ўзининг иймон билан суғорилган қатъиятини намойиш эта билди.

Бешинчидан, дунёдаги жамики мусулмонлар, хусусан, туркий халқлар ўша тунда ҳам рамз, ҳам ўз маъносида бир байроқ остига жамланди. Ижтимоий тармоқлардаги муносабатларнинг катта қисмида Туркияга хайрихоҳлик руҳи мужассам эди. Мусулмон олами яқин тарихда ўзининг бирлашувчилик қудратини кўрсатди.

Олтинчидан, воқелик дўстни ва душманни танитди. Энди кимга қандай муомала қилиш кераклиги барчага кундай равшан бўлди.

Албатта, ўз одатига содиқ қолган Ўзбекистоннинг бугунги ҳукумати вазиятни на ТВ, на радио орқали ўз вақтида, балки умуман ёритмади. Аммо бу ҳол ўзбек халқ ўз қардошларига бефарқ бўлди дегани эмас. Ўша вақтда ижтимоий тармоқларда минглаб ўзбек ёшлари ва зиёлилар Туркия билан руҳан бирга эканларини билдирдилар. Одамлар намоз ўқиб қардошлари учун дуо қилдилар. Ўзбек халқи ўз қардошини жондан севшини, унинг учун курашга тайёрлгини изҳор эта билди. Бу шундай ҳол эдики, унинг учун биров мажбурламади, биров дўқ қилмади. Ўзбек ёшлари ўз ихтиёрлари ила Туркияга бўлган муҳаббатларини кўрсатдилар. Агар улар қудратга келсалар, Каримов режими ҳеч иш қила олмаслиги ўртага чиқди. Фақат ёшларни уйғота оладиган, бирлаштирадиган аниқ ва хайрли сабаб зарур. Уларнинг кўз олдида аниқ мақсад намоён бўлса, шубҳасиз, улар бирлашиб  катта куч бўлишларини исботладилар.

Туркиядаги давлат тўнтариши мусулмон дунёси учун қанчалик мусибат бўлар эди, аммо бу ҳол бугун Ўзбекистонда рўй берса, улкан бахт деб ҳисоблайман. Чунки халқи учун қайғурмайдиган, ўлик каби кун ўтказаётган, ёлғон ва алдовлар устига ҳокимият қурган Каримов режимининг ҳукм суришга ҳаққи қолмаган ортиқ.

Агар Каримов режими ағдарилса, бу ҳол ТВдан намойиш этилса, халқ байрам қилиб кўчага чиқиши шубҳасиз. Золимдан қутулганини, ҳақиқий озодликка эришганини айтиб тантана этажак. Бу кунларга жуда яқин қолди, иншаОллоҳ!

Абдуллоҳ Нусрат

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Fazliddin Yokub ;

    Hakikatni yozganingiz uchun sevindik . Toyyib Erdogan hukumatining va kahramon turk halkining galabasi , dunyodagi imon ahlini buyuk umidlar sari ilhomlantirib ubordi …

    17/07/2016 04:50
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар