Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Тинчликнинг моҳияти

Тинчликнинг моҳияти
20 Temmuz 2016 - 7:00 'да юкланди ва 673 марта ўқилди.

0f6e10Ўзбек халқи тинчликсевар халқ.

Бу гап ҳар бир одамнинг калласига ўрнашиб қолдики ёки ўрнаштиришдики, халқ ўн йиллар ўтиб, тинчликни ҳамма нарсадан кўра кўпроқ севиб келмоқда. Тинчлик унинг учун жондан, қондан, ордан, ҳатто, иймондан кўра азиз нарсага айланди. Тинчлик сўзи чайналавериб, ҳамманинг оғзида айланавериб, ейилиб ҳам кетди.

Аслида, тинчлик нима дегани?

Муҳаммад Солиҳ 1992 йил Ўзбекистондан чиқиб кетиши арафасида Каримов у ва унинг издошларига чексиз қатағонларни кучайтирганида бир видеомурожаат билан чиқиб шундай деган эди: “Ҳозир бизда тинчликни гапириш мода бўлган. Ҳамма тинчликни мақтайди. Аммо мен тинчлик деганда қабристон тинчлигини тушунмайман”.

Орадан 25 йил ўтяпти, Ўзбекистонда тинчлик биринчи планда турибди. Сурия, Ироқдаги воқеалар бизда бўлмаётгани учун роиз бўлган одамлар тинчлик учун Каримовга мадҳ ўқиб ҳам қолишади.

Аслида, улар тинчлик деб атаган нарса жуда қаттиқ ғафлат уйқуси экани ҳақида билишмаяпти. Шундай уйқуки, бу уйқуда номусингизни булғалашлари мумкин ва бундан бехабар қоласиз ҳам. Чунки тинчлик деган шароб сизни батамом маст қилиб ташлаган. У қуллик шаробидир. Бирор мазлум ҳақини талаб қилса, бошига бир уриб ўлдиргач, шу тинчлик дея кўрсатилган қотилликдир у аслида.

Биз ҳеч қачон урушни ёқламаймиз. Чунки уруш одамлар ҳаётининг заволи, юртларни вайрон қилувчи фожиа, аммо у шу вақтнинг ўзида ору номус ҳимояси, иймон ва шарафнинг қалқони, эрк ва озодликнинг кўпригидир. Уруш, ҳар доим ҳам, сиз ўйлагандек ёмон нарса эмас. Тинчлик эса, сиз ишонганингиздек, ҳамиша ҳам яхши нарса эмас. Шундай ҳолатлар бўладики, тинчликни истаган одамнинг ўлгани яхшироқдир. Ва шундай ҳолатлар бўладики, уруш қилиб жангда жон бериш хотиннинг иссиқ қучоғида ухлашдан кўра ёқимлироқ ва минбарларда тинчликка мадҳ ўқишдан кўра шарафлироқдир.

Тинчликни байроқ қилиб кўтариш ва ундан халқнинг овозини ўчириш, халқни қўрқитиш йўлида фойдаланиш фақат қўрқоқларнинг, хусусан, Ислом Каримов деган нусханинг методи ҳисобланади.

Биз одамлар қони тўкилишини мутлақо истамаймиз, аммо тинчлик ҳамма замонларда, ҳамма маконларда олий қадрият бўла олмаслигини эслатишни истаймиз.

Масалан, Туркияда хоинлар давлат тўнтаришига чиққанларида халқ тинчликпарварлик қилиб уйидан қўзғалмаганида бугун эрки ва адолатини қўлдан бериши аниқ эди.

Ким ўлимни тўсиб қолишга қодир? Ким касалликларни келмайдиган қилиб қайтариб юбора олади? Қашшоқликнинг эшикларини қайси банда мангуга ёпиб қўя олади? Ҳеч ким! Биз урушдан нега қўрқамиз? Жонимиз, молимиз ва оиламизни урушда йўқотиб қўйишдан қўрқамиз. Аммо уруш бўлмаса ҳам бу нарсалар тақдирда бўлса, йўқолади.

Тинчлик бўлсин, аммо ҳеч ким бу тинчлик эвазига эркини йўқотмасин. Ҳеч ким бу тинчлик учун ор ва номуси билан бадал тўламасин. Ҳеч ким бу тинчликни ҳақ ва ҳуқуқнинг тўсиғи деб билмасин!

Абдуллоҳ Нусрат

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар