Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзбек кимдир?

Ўзбек кимдир?
21 Temmuz 2016 - 4:00 'да юкланди ва 824 марта ўқилди.

uzbek milliy kiyimlariАнча вақтдан бери ўзбек миллати ҳақида мақола ёзаман деб юрибман. Ўзбек феномени деган ном билан. Ҳар бир миллатнинг ўзига хос жиҳатлари бўлгани каби ўзбекларнинг ҳеч кимга ўхшамайдиган томонлари бор. Бу мақолани ёзиш нияти туғилгани сабаби – бугун барчамизда ўз халқимизга, ўз миллатимизга паст назар билан қараш руҳи устувор бўлиб қолди. Европага бориб ўша ерда яшаб қолган ёхуд интернет орқали “ривожланган” Ғарб дунёси ҳаётининг ялтироқ томонлари билан танишган ёшлар онгида ўзбекни танқид қилувчи ҳужайралар ишлай бошлайди. Ўзбекистон тупроғида яшаб, ўзбек ёпган нонни еб, ўзбек халқи етиштирган ширин-шакар неъматлардан баҳра олиб, ўзбекларга, ўзбек миллатига тош улоқтираётган “азаматлар” ва “амазонкалар”га айтажак сўзларимиз йиғилиб бормоқда. Бу аслида масаланинг битта кичиккина, бироқ кўзга бўртиб ташланиб турган томони, холос. Асосий гап бошқа жойда. Яъни “мустақил” Ўзбекистонда “истиқлол фарзанди” ўлароқ улғайиб келаётган авлоднинг онгида ўзининг ким экани ҳақидаги саволга жавоб бериш зарурати бор. Россияга, Кореяга ва қадам етиши мумкин бўлган жамики жойларга бориб мусофирлик машаққатлари ичра тирикчилик қилиб юрган ўзбек милллати фарзандларига ўзларининг аслида ким эканликларини танитиш вақти аллақачон етиб келган.

“Ўзбек – бу қўрқоқ халқ. Ўзбеклар хушомадгўй халқ. Ўзбеклар бирлашмайдиган, боши бирикмаган халқ. Ўзбеклар қўймижоз халқ. Ўзбекларнинг келиб чиқиши тайини йўқ, бу масала ҳали аниқланмаган. Ўзбеклар жаҳонга ўз интеллекти, иқтисодий ва сиёсий салоҳияти билан машҳур бўла олмайдиган, ўз таъсирига эга бўлмаган халқ. Ўзбек халқ қолоқ халқ. Ўзбек халқи фарзандларига тарбия беришни билмайдиган халқ. Ўзбек халқ ҳар қандай қора меҳнатни қилиб кетаверадиган халқ. Ўзбек халқи ўз ҳақини талаб қилишни билмайдиган халқ. Ўзбек халқи маърифатдан йироқ, илмсиз, замона ривожи билан тенг юриш қобилиятига эга бўлмаган халқ. Ўзбек халқи мустақил фикрлашдан йироқ халқ…”

Айни шу тушунчалар бугун кўпчиликнинг онгу шуурини забт этган. Биз бу таърифларнинг ҳаммасига ишонамиз. Инсон ишонган қоидаларига суяниб яшайди. Ишонмаган қоидасига эса суянмайди. Биз ўзимизни ҳурмат қилмаслик касали билан оғриганмиз. Бу касалдан қутулмагунимизча, ҳақиқатан ҳам, юксак орзуларни масхара қиламиз ва қайд этилган ва қайд этилмаган барча нуқсонлар устида умр ўтказиб юраверамиз.

Хўш, биз киммиз? Ўзбек кимдир?

Аввало, бу саволга жавоб беришдан олдин Каримов Ўзбекистонида ўзбек сўзи, ўзбек миллатининг келиб чиқиши устида олиб борилган тадқиқотлар ҳақида тўхталиб ўтсак. Чунки миллат ўзини таниши ўз номи қайси маъно англатиши ва аждодларининг кимлигини билиш билан бошланади.

Аҳмадали Асқаров номли тарихчи академик, бироқ илм аҳли тан олмаган, нафақат тан олмаган, балки бир тийинга олмайдиган олимнинг тумтароқ, ҳажми ёстиқдек келадиган сафсата тўпламидан бўлак иш йўқ. Чунки ўз миллатини тагсиз, насабсиз қилиб кўрсатиши шарт бўлган замонда эсли-ҳушли одам худди Аҳмадали Асқаров каби мол-дунё учун бу қадар пасткашликка қўл урмайди.

Каримовнинг миллати аниқ эмас. Яъни унинг қайси миллатга мансбулиги ошкор этилмайдиган сир даражасида сақланади. Уни яҳудий деб тахмин қилишади. Бироқ яҳудий бўлиб яҳудийликни, ўзбек бўлиб ўзбекликни тан олмайдиган бу одамнинг сиёсати замирида ўзбек миллатини аслидан, илдизидан узиш мақсади ётибди. Бунга исботимиз тиқилиб ётибди, аммо бир-иккитасини келтириш билан чекланамиз.

Ўзбекистонда бугун илмий тадқиқот олиб борадиган олимлар учун мавзулар чекланган. Қўл уриши мумкин бўлмаган, Ўзбекистон сферасида ёпиқ “зона” ҳисобланган мавзулар рўйхати қуйидагилардир:

1. Тасаввуф. Ўзбек адабиёти ёки тарихида тасаввуф бўлмаган, агар кимдир уни бор деса, демак, унинг учун эшиклар ёпиқ. Майли, бор деса ҳам, Тримингем, Бертелс, Бартолд каби ўлиб кетган ўрис ва яҳудий олимларининг: “Тасаввуф исломга қарши ўлароқ пайдо бўлди, унинг замирида насронийлик, буддавийлик ва қадимги юнон фалсафаси ётибди” – деган қатор гапларни асос қилиб олиши шарт. Тасаввуф Қуръонга суянади, тасаввуф айни Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига оғишмасдан ҳаётнинг ҳар бир нуқтасида амал қилишдир деган одам илм оламидан бадарға қилиб юборилади. Аҳмад Яссавий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий ва бошқаларнинг ҳаёти ва ижодини тасаввуф манбаси ўлароқ ўрганиш росмана тақиқланган.

2. Ўзбекистон тарихидаги исломий илмларнинг ривожланиши билан боғлиқ мавзулар мумкин эмас. Фиқҳий асарларнинг қўлёзмалари, фақиҳларнинг таржимаи ҳоли, Форобий, Беруний, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва бошқаларнинг тарбияси замирида нима ётгани, қайси сабаблар ила улар бу қадар буюк шахслар бўлиб етишгани очиқланмайди. Номлари тилдан қўйилмайдиган аждодларнинг ҳеч бир асари нашрдан чиқарилиб оммавий шаклда аҳолига етказиб берилмайди. Тақиқланган.

3. Турк миллатлари ва Туркистон тарихи. Ўзбек халқи турк миллатларининг боши бўғини, асоси деган гап айтилмайди. Туркистон деган ҳудуд бутун дунё турклари учун бешик бўлгани ҳақидаги ҳақиқатлар яширилади. Қардош миллатларга қайғуриш туйғуси йўқотилиб, ўрнига ўрисларга ва бошқаларга қуллик қилиш фикри сингдирадилади.

4. Жадидлар мавзуси. Энг хавфли ва берк масала. Жадидлар ижоди юзасидан бугунги кунда бирор докторлик ёзиш мумкин эмас. Хусусан, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ижоди. Бечора шоир Каримов ё унинг атрофидагиларнинг арпасини хом ўрганми, уларнинг онасини хафа қилганми, Ҳамза мавзуси қатъиян тақиқда.

Бу умумий маълумотлар, холос. Аммо тизимнинг ичига кирсангиз, шахсий адоватлар, ўзаро ҳасадгўйлик ва ичқораликдан бўғиласиз.

Демакки, ўзбек халқи – ўзбек миллати ўзини танишининг асосий – ўзининг ҳаққоний тарихини билмакдир. Бироқ бу тарих сохталаштирилиб, бу ҳам камдек, ўрганиш тақиқланар экан, халқ қандай қилиб ўзини танисин?! Албатта, бу миллат ўзининг кимлигини била олмай гаранг ҳолда вақт исрофи билан машғул бўлади.

Хўш, ким йўл бермаяпти ҳаққоний тарихни ўрганишга? Ким юқоридаги мавзулардан сўз очишга ҳам тақиқ қўйди? У ким бўлдики, ўзбек халқини аждодлардан қолган маънавий меросдан маҳрум қилди?

Шубҳасиз, у одам – Ислом Абдуғаниевич Каримовдир. Унинг шахсий кўрсатмалари ва миллатсиз, насабсиз югурдаклари, маслаҳатгўйлари ўзбек халқининг асл тарихини сохталаштириш ва халқдан яшириши билан банд. Чунки ўзлигини таниган миллат ўз бошида бундай калтафаҳм чолнинг ҳоким бўлишига ҳеч қачон рози бўлмайди. Яъни Каримов режими барҳам топади.

Хўш, ўзбек халқи аслида ким?

Ўзбек халқи – маърифатга ташна халқ. У ўрганишни қадрлайди, илмлиларни эъзоз қилади. Миллатимизни миллат қилиб турган хусусият унинг маърифатидир.

Иккинчидан, ўзбек халқи камтар ва меҳнаткашдир. Унинг сабр-тоқати юксак. Инсоф ва иймони бутун. Самимий. Ростгўй. Меҳмондўст. Бағрикенг. Болажон халқ. Шунча яхши сифатларга эга бўлган миллат қандай қилиб ҳасадгўй ёхуд бирлашмайдиган даражада ўзаро бегона бўлиши мумкин? Бу ақлга тўғри келадими?

Ўзбек ёшлари чиндан ҳам ўта қобилиятли. Аммо шунча қобиялият ва миллатнинг бу қадар юксак фазилатлари нима учун ўз мевасини бермайди?

Хорижга чиқиб қолсангиз, сизга қўл чўзадиган инсон, албатта, ўзбек бўлади. Ўзбек ҳеч қачон ўз биродарини ёрдамсиз қолдириб кетмайди. Чунки унинг қалбидаги инсоф ва иймон бунга йўл қўймайди.

Савол ҳақли: ўзбек халқи шу қадар фазилатларга бой экан, нима учун бирлашмайди? Нима учун бошида золимларнинг қамчи ўйнатишига рози?

Ўзбек халқи ҳеч қачон золимларнинг қамчисига рози бўлмаган. Фарзандаларини у баъзи вақтлар ҳимоя қила олмади. Чунки ўзбек халқи тоза бир миллат. Самимий бир халқ. У ваъдаларга ишонар эди. У ёлғонни билмагани учун барчани ўзи каби ростгўй деб билар эди. Шу сабабли у золимларга ишониб қолди. Икки эмас, миллион юзли мунофиқларнинг сохта кўзёш ва ёлворишларига ишонди. Бу ишончдан фойдаланган золимлар унинг бошига чиқиб олди.

Ўзбек халқи ҳамиша золимнинг ҳам яхши томонини қидириб яшади. Балки у рост гапираётгандир деди. Аввалги иш ўхшамаган бўлса, кейингиси ўхшар деб ўйлади. Ўзини йўлбошчи деб эълон қилган одамнинг ижобий томонларини ҳам қидирди.

Ўзбек халқи ҳеч қачон ёлғонга, риёга суянмади. У ишонувчан, холос. Атрофни ножинс ва насабсизлар босиб кетганда, уларга ҳам ишониб қолди. Бу, балки, у қадар ишонарли фактор эмасдир сизга, лекин мен бунга ишонаман. Дунёнинг бирор нуқтасида ўзбек халқидек бирор самимий ва меҳрибон миллатни топиш маҳол.

Аммо ножинсллар, зоти пастлар кўп хурсанд бўлмасинлар. Мен яқинда Ўзбекистонда бўлдим ва барча вилоятларни кезиб чиқиб гувоҳ бўлдимки, сукут қилиб турган одам зулмга рози дегани эмас, балки сукут унинг исёнидир. Золим ит каби қутуриб ўкирмасин, у жим. Жим турадики, қалбида бир ғазаб, ҳақиқатга бўлган ташналик аланга олади. Бу аланга, албатта, золимни куйдириб, кулини кўкка совуради.

Бугун бутун республикада Ислом Каримовга қарши руҳ ҳукмрон. Халқ ундан совуган. Ҳеч ким унга ишонмай қўйган ортиқ. Бугун Ўзбекистон халқи, ўзбек миллати катта ЯНГИЛИК кутяпти. Ҳаёт ўзгаришини кутяпти. Парда ортида, ер остига бунга ҳаракат бошланган.

Ўзбекистон мухолифат йўқ деганлар адашадилар. Мухолифатнинг борлиги парламент минбаридаги танқидчи нотиқ билан эмас, халқ орасидаги адолатпарвар, ҳақиқатсеварларнинг борлиги билан белгиланади. Ўзбекистонда жуда улкан мухолифат бор. Айнан, Республика ичида! Буни комил ишонч билан таъкидлайман: Ўзбекистон Республикаси ичида Ислом Каримов режимига қарши кайфиятдаги куч бор!

Бу куч таркиби зиёлилар, бизнесменлар ва оддий ҳунарманд қатламдан иборат. Каримовнинг атрофига йиғилиб олган бир ҳовуч хушомадгўй ҳеч қачон бутун бошли ўттиз миллион халқнинг мақсад ва орзуларининг тамсили бўла олмайди.

Абдуллоҳ Нусрат

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар