Марказқўмнинг илтифоти

Марказқўмнинг илтифоти
78 views
03 August 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(43)

МАРКАЗҚЎМНИНГ ИЛТИФОТИ

1989-йил февралда Ўзбекистон Олий Советининг анчагина депутати Совет Иттифоқи Олий Советига сайланди ва ўзбек ҳукумати бўшаган ўринларга сайлов эълон қилди. Одатдагидай, бўлажак сайлов тўла маҳаллий ҳокимият назорати остида ўтиши аниқ эди. Москва бу сайловларнинг қайта қуриш руҳида, демократик руҳда ўтишига таъсир қила олмас, у ўзининг ички муаммоларига ғарқ бўлган эди.

Ўзбекистон ҳукумати одатдагидек, сайланиши лозим бўлган депутатларнинг рўйхатини тузди. Бу рўйхатга каминанинг ҳам номини киритишган эди. Менинг ҳали бу «сюрприз»дан хабарим йўқ эди.

Бир куни эрталаб Ёзувчилар уюшмасининг Компартия котиби Иброҳим Раҳим мени юзида сирли бир табассум билан қаршилади.

– Ҳозир Одил Ёқубов келади, бирга Марказқўмга чиқамиз, – деди жилмайиб.

– Тинчлик эканми ўзи? – дедим мен.

– Яхши хабар, яхши хабар, – деди янада сирлироқ қилиб Иброҳим Раҳим.

Бир оз сўнгра Одил Ёқубов келди ва унинг машинасида учовлон Марказқўмга жўнадик. Йўлда Одил Ёқубов ҳам сирли жилмайиб борди.

Марказқўмга кириб, 6-қаватга кўтарилдик. Ўзбекистон Компартияси Биринчи Секретари Рафиқ Нишоновнинг рус ёрдамчиси қаршилади ва ҳеч куттирмай, кабинетга бошлади. Кабинетда – тўрда Рафиқ Нишонов, унинг столига перпендикуляр қўйилган столнинг сўл тарафида Марказқўмнинг 2 – котиби Владимир Анишчев, 3 – котиби Мутал Холмухаммедов ўтиришарди. Бизни қаршиларкан, учаласи ҳам ўрнидан туриб саломлашдилар.

Биз, учта ёзувчи «перпендикуляр» столнинг ўнг тарафига ўтирдик. Нишонов ҳам сирли жилмаярди. Унга тақлид қилиб, Анишчев ҳам кулимсирагандек бўлар, аммо бу ҳаракати зўраки чиққанидан асабийлашгани сезилиб турарди. Лекин Холмухаммедов учинчи котиб сифатида жилмайиш санъатини яхши эгаллаганди.

– Яхшимисизлар? – деди Нишонов креслосига ясланаркан ва жавоб кутмай, русчага ўтди, – Муҳаммад Солиҳ, қалай, сайловлар билан чарчамадингизми?

Нишонов бизнинг СССР Олий Советига сайлов можаромизни яқиндан кузатиб борганди. Иккинчи котиб Анишчев ва Тошкент шаҳар котиби Сатинларнинг сайловда менга тўсиқ бўлиш учун кўп ғайрат сарфлаганларини ҳам биларди.

– Раҳмат, – дедим мен, – мен чарчайдиган бирон иш бўлгани йўқ…

– Ҳа, биламан, сиз эмас, сизнинг одамларингиз чарчашди, – деди Нишонов, – биз тарафдорларингиз кўплигидан хурсандмиз, сиз Иттифоқ Олий Советига сайланишингиз мумкин эди, аммо сизнинг тарғиботчиларингиз… Нишонов мен учун ташвиқот қилган дўстларнинг фаолиятини танқид қилди. Уларнинг сайлов тактикаси хато бўлганлигини айтди. Мен кулиб қўяқолдим. 

– Аммо биз сизни республика Олий Кенгаши депутати сифатида кўришни истар эдик, – деди Нишонов ва Одил Ёқубовга юзланди, – А, Одил Ёқубович, мана, Киров округида бир бўш жой бор, марҳамат, Муҳаммад Солиҳ учун барча зарур ҳужжатларни ҳозирлаб, кампанияни бошланг, вақт оз қолди…

Одил Ёқубов ёзувчилар номидан «Марказқўмга ва шахсан Рафиқ Нишоновичга» раҳмат айтди. Ёзувчилар Уюшмасига кўрсатилаётган «оталарча ғамхўрлик» учун миннатдор эканликларини изҳор этди. Уюшма котибига Республика депутати бўлиш фахр эканини ва шунга ўхшаган алланималар деди. Кейин менга қаради.

Muhammad_Salih_fotomajmua_47Мен ҳам Одил Ёқубовга тақлид қилиб, бир неча ташаккур сўзи айтдим. Рисоладагидек чиқмади. Буни ҳамма сезди. Ичимдаги гапни айтолмагандим. Лекин бир неча сония сўнгра у гап чиқди: – Менинг депутат бўлиш ниятим йўқ, – дедим мен, – мабодо бўлганида ҳам, мен депутатликка Компартия Марказқўми тарафидан эмас, халқ тарафидан кўрсатилишимни афзал кўрган бўлардим. Ўртага жимлик чўкди. Уни Одил Ёқубов бузмоқчи эди, фақат Рафиқ Нишонов ундан олдинроқ:

– Азизим, депутатлик йўлда ётмайди, – деди.

– Мен ҳам йўлда ётганим йўқ, – дедим мен.

Жавоб автоматик равишда, ҳеч ўйланмасдан берилган жавоб эди. Бу билан Рафиқ Нишоновни ҳафа қилмоқчи эмас эдим. Бу инжиқлик ёки олифталик ҳам эмасди. Совет Иттифоқи Олий Советига сайлов пайтидаги ҳукуматнинг қилган адолатсизликларига қарши кўрсатилган бир реаксия эди. Ўзимни ҳақиқатдан ҳам «йўлда ётмаганлар»дан ҳисоблар ва бундай номенклатура ўйинларини ўзимга ҳақорат деб билардим.

Менинг жавобимдан сўнгра Рафиқ Нишонов қип-қизил бўлди. Одил Ёқубов ҳам озгина ҳижолат чекди. Холмухаммедов ҳам. Анишчев, фақат унинг юз ифодаси ўзгармаганди.

– Рафиқ Нишонович, – деди Одил Ёқубов, – биз бу масалани муҳокама қиламиз, ўйлайман-ки, ҳаммаси жойида бўлади…

– Ҳа, Одил Яқубович, – деди Нишонов ва ўрнидан турди.

Ҳамма ўрнидан турди.

Нишонов столни айланиб ўтиб, ёнимизга келди. Юзига дипломат табассуми ёйилганди. Менинг тирсагимдан тутиб, Одил Ёқубовга юзланди:

– Одил ака, илтимос, уни тинчлантиринг («угомоните»), ва тезда ҳужжатларни тайёрланг, – деди дўстона оҳангда Нишонов.

– Албатта, албатта, – деди Одил Ёқубов.

Рафиқ Нишонов кабинетидан ҳаммамиз табассум билан чиқдик. Йўлда Одил ака менинг хато қилганимни айтди. Депутатликни қабул қилишим керак, акс ҳолда, Уюшмага тазйиқ бошланиши мумкин, деди. Иброҳим Раҳим ҳам кўп йиллик коммунист сифатида фойдали маслаҳатлар сўйлади. Аммо мен депутатликни қабул қилолмаслигимни айтиб, узр сўрадим.

(давоми бор)