Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Озодликка қуллик”

“Озодликка қуллик”
08 Ağustos 2016 - 7:00 'да юкланди ва 1454 марта ўқилди.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(93-қисм)

Юрт ичида ҳам, четда юрганлар орасида ҳам “Халқимиз ўта муте, динимиз сабрга чақиравериб пачағимизни чиқариб ташлаган” деганга ўхшаш хато мулоҳазаларга борадиганлар анча-мунчани ташкил этади. Тарихни унутишдан, ўзини кўриб, дунёни ҳисобга олмасликдан келади бунақа хато мулоҳазалар.

Аслида, халқимизда ҳам, динимизда ҳам айб йўқ. Агар фақат мусулмон ўзбек халқигина муте, ҳар қандай зулмга рози бўлиб кетаверади, деб ўйлайдиган бўлсангиз, бутун тарих давомида дунё бўйинча кечган диктаторлик тузумларини бир-бир эсланг. У мамлакатлар аҳолиси на ўзбек, на мусулмондир.

Бугун ўзини энг демократик тузум қурувчиси деб мақтанаётганлар ҳам яқин-яқинларгача ўтакетган диктатор қўл остида муте эди! Дунёнинг деярли ҳамма миллати золим тузумни бошидан кечирган ва ҳаммаси ўз вақтида диктаторларига қаршилик қила олмаган.

Демак, бугунги тушиб қолган ҳолимизга ўзбекчиликнинг ҳам, мусулмончиликнинг ҳам ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Шимолий Қурия халқи Ким Ир Сенигаю Ким Чен Ынига қандай муте бўлса, совет даврида икки юз эллик милёнли халқ Лелину Исталинга худди шунақа муте эди.

Ҳали эсларимизда турибди. Ҳарбий диктатор Пол Потнинг халқи кампучий, генерал Пиночетнинг халқи чилилик, генерал Франконинг халқи испан, фашист диктатор Муссолинининг халқи италиён, миллатчи диктатор Адўлф Ҳитлернинг халқи немис ва, ниҳоят, коммунист диктатор Исталиннинг халқи совет – булар бари диктаторига итоатли ва садоқатли эмасмиди?!

Нафақат итоат этар, балки кўчаларга, майдонларга тўпланиб ҳар бири ўз диктаторини тинимсиз олқишлар, шахсига сиғинар ва бу билан унинг ҳокимиятини баттар кучайтириб-қутуртириб берар эди!

Ҳолбуки, у халқлар ўзбек ҳам, мусулмон ҳам эмас!

Диктаторлик ва золимлик биронта миллатга хос бўлмаганидек, зулмга розилик ҳам миллий хусусият эмас. Бошқача айтганда, золимлик ҳам, кўр-кўрона мутелик ҳам умуминсониятга хос хусусиятдир. Зулм ва мутелик инсоншунос ва руҳшунослар махсус ўрганса арзийдиган ижтимоий ҳодисадир.

Халқимиз ўта муте дея тушкунликка тушадиганлар шу ерда хато қилади. Хато хулоса эса келгуси қадамлар ҳам хато ташланишига олиб келади.

Тўғри, Одам боласи фитратида итоатга интилиш туйғуси бўлади. Мўмин бу туйғуни “Яратганни ахтариш туйғуси” дейди.

Олмониялик жуҳуд тадқиқотчиси Эрих Фуром уни “Озодликдан қочиш” деб атабди. Одам яралганидан бери озодликдан қочади, деб ҳисоблайди олим ва шу ҳодисанинг руҳий-ижтимоий илдизларини ўрганган.

Кимнингдир, ниманингдир итоатига интилиш туйғусига сиртдан қаралса, Фуром тушунчаси ва талқини тўғрига ўхшайди. Аммо бу туйғунинг моҳиятига боқилса, Фуром ва у каби либералча фикрлайдиган Ғарб олимлари тубдан хато хулосалар чиқарганлари билинади. Бугун фитратидаги “итоатга интилиш туйғуси”ни ўлдириб, “мутлақ озодлик” сари интилаётганлар, у ғарблик бўладими, шарқлик бўладими, Яратган билан боғлантисини ҳам қўшиб узиб юборди. “Чексиз озодлик”, “инсон ҳақлари” бўлиб туюлаётган чиройли ва алдамчи орзулар инсоннинг табиий ҳаётини буткул издан чиқарди. “Мутлақ озодлик” ғояси эшитган қулоққа ёқимли туюлгани билан, аслида, инсон зотини бир-бирига боғлаяроқ ҳосил қиладиган бутун бир жамият боғларни узиб ташлайди ва… инсон ҳайвон каби бўлиб қолади. “Ўрмон қонуни”, бошбошдоқлик ўртага чиқади.

Чиндан ҳам, ҳозирнинг ўзида кўриниб турибди: “инсон ҳуқуқлари” ва “чексиз озодлик” деб ўйланган нарсалар сароб бўлиб чиқди ва асли мутлақ ҳурлик истаган инсон аста-секин ўзи сира кутмаган кимларгадир ва нималаргадир олдингидан ҳам кўра баттарроқ боғланиб, ҳурриятини қўлдан бериб, қул бўлиб қолди.

Бу ҳодисани умумлаштириб, “Озодликка қуллик” деб атаса бўлади.

Бу ҳодиса жуда қизиқ ҳодисадир: бугун Ғарб кишиси ўзи истаган озодликка эришмади, аксинча, “озодлик” келтирган жуда кўп кулфатларнинг қулига айланди. (Сўзимизни узоқ ва мисоллар билан шарҳласак бўларди, лекин мавзу бошқа бўлгани учун шу ерда қисқа кесдик.)

Ғарб дерканмиз, тайин бир ҳудудни назарда тутмаётганимизни алоҳида урғулаймиз. “Ғарб кишиси” деганда фикр, тушунча, маданият, маънавият, дунёқарашлар тўплами кўзда тутиляпти.

Қолаверса, бугунги Ғарбнинг ўзида ҳам фикрлар бир хил эмас. “Мутлақ ва чексиз озодлик” ғояси қанақа хунук оқибатга олиб келганини тўғри баҳолаётган мутафаккирлар ҳам бор. Улар айниқса кейинги икки асрдан бери инсониятни бу хато ва хатарли йўлдан қайтара оладиган бир чора ахтариб, жамиятларини ҳайвонлашув жараёнидан асраб қолиш масаласи устида жиддий бош қотириб келмоқда.

Ҳа, киши ўз озодлигининг бир (ёки кўп) бўлагини бой бериши ҳисобига итоат юзага чиқади. Аммо, иккинчи томондан, шоирнинг: “Кишан кийма, бўйин эгма, ки сен ҳам ҳур туғилғонсен!” (яъни, зулмга бош эгиб кетаверма) деган чақириғи ҳам тўғри. Яъни, Одам боласи онадан ҳур туғилади! У озод бир шахсдир! Озодлик эса жуда қийматли бир неъмат. Бу ҳурликни, бу озодликни унга уни яратган Зот берган! Айни чоқда, шу ҳур инсоннинг фитратига итоатга интилиш туйғусини ҳам Ўзи жойлаган!

Бу қарама-қаршиликни қандай тушунса бўлади?

Масала оддий. Эй инсон, Мен сени ҳур қилиб яратдим, бу ҳурлигингни сақлаб қолмоқчи бўлсанг, ўзингни тани, Яратганингни тани, бир-бирингга ва турли бўлмағур нарсаларга қуллик қилма, фақат Менга қуллик қил. «Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга қуллик қилишлари учун яратдим!» Менинг итоатимдан чиқсанг, бир-бирингга қуллик қила бошлайсан ва Мен сенга ато этган чинакам ҳурлик ва озодликни бой берасан. Мен сенга берган “итоатга интилиш туйғуси”ни агар ўз йўналиши ва мақомида ишлатмасанг, аста-секин бошқа кимса ва нарсаларга қул бўлиб қолишинг турган гап. Яъни, бу туйғу ‒ итоатга интилиш туйғуси сени Тўғри йўлга етаклаши ҳам, ботил йўлга етаклаши ҳам мумкин. Мудом “итоатга интилиш” (озодликдан қочиш) туйғусидан қутула олмас экансан, итоат қилишга арзийдиган Зот сари интил, озодлигингни қурбон қилишингга лойиқ Зотнинг итоатига кир! Чинакам ҳурлик, чинакам озодлик, чинакам ҳақ-ҳуқуқ Менинг ҳузуримдадир.

Илоҳий чақириқ шу. Инсонга чинакам озодликни, эркинликни берадиган энг тўғри йўриқ шу. Оллоҳ таоло Ўзигагина тўла итоатни талаб этар экан, инсонни чинакам ҳурлик чўққисига олиб чиқишни истаган…

Яккаҳоким(диктатор)лик ўта ёмон ҳолат. У ўн-йигирма одамни эмас, минг-икки минг кишини эмас, бутун бир мамлакат аҳлини тўла қул қилиб олади. Бу томони билан бутун инсонликка таҳдиддир. Унинг фойдалиси бўлмайди ҳисоб.

Бугун Ўзбекистонда ўрнатилган яккаҳокимликнинг энг катта зарарлари, бизнингча, булардир:

1) халқимиз ижтимоий тараққиётдан анча орқада қолди;

2) бутун мамлакатда бўлганидек, ҳар бир хонадонда, ҳар бир юракда қўрқув ўрнашди ва ҳукм сурмоқда;

3) фикрий ўсиш деярли тўхтади; тўғри фикрлаш нодир ҳодисага айланди;

4) одамлар табиий ва эркин ҳаёт қандай бўлишини унутар даражага келди, тушиб қолган ҳолига кўнди, тушкунликка ботди…

Аммо умид чироқлари тамоман ўчиб битгани йўқ, кучсиз бўлса-да, шуълалари юракларда липиллаб турибди.

Оллоҳнинг бир оғирлик кетидан бир енгиллик бериш одатини эслаб, кўнгиллар тинчланади.

Зулм ўрнини адолатга бўшатиб бериш онлари яқин қолгани сезгиси кўнгилларни севинтиради. Бу севинчли кунларни муносиб қарши олишга ҳозир турмоғимиз, ҳафтада бир жумани, йилда икки ҳайитни соғинч-ла кутганимиз сингари, чинакам эркинлик кунларини ҳам ҳаяжон-ла кутмоғимиз лозим.

Қувончли дамларни кўриш барчамизга насиб этсин ва Оллоҳ бизлар учун у кунларни хайрли, давомли қилсин.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com
Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort