Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзаро душманлик Ватан манфаатига терсдир

Ўзаро душманлик Ватан манфаатига терсдир
09 Ağustos 2016 - 7:00 'да юкланди ва 1230 марта ўқилди.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(94-қисм)

Катта хулоса

Шубҳасиз, яккаҳоким (диктатор)лик ярамас тузумдир ва бу тузум ўзгариши керак. Ўзбекистон бундай аҳволда қолиши асло мумкин эмас.

Шубҳасиз, зулм ўрнига адолат ўрнатилиши керак. Халқимиз адолатли жамият қура олади.

Шубҳасиз, халқимиз бир куни озодликка чиқиб эркин нафас ола бошлайди. Чунки у шунга лойиқдир.

Аммо у кунларга қандай етилади?

Хилма-хил қарашлар (ихтилоф) қўлланишига қараб жамиятни ё бириктиради, ёки бўлиб ташлайди. Қай бири яхши?

Албатта, иккинчиси ёмон! Бўлинганни бўри ер. Бўлинганни бўлиб ташлаш осон. Машҳур мақолни бир оз ўзгартириб айтсак, бўлинганнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас.

Демак, биринчиси яхши: ҳам қарашлар хилма-хил бўлсин, ҳам жамият бириккан бўлсин.

Фикр хилма-хил бўлса, жамият қандай бирикади?

Холислик билан!

Холисликда бириктирувчи куч бор. Бир мақсад, бир манфаат учун ҳаракат қилинаркан, ният холис бўлса, йўл ва қарашларнинг ҳархиллиги тўсиқ бўлмайди, фақат фойда келтиради, жамият бўлиниб кетмайди.

Аксинча, тор мақсад ва шахсий манфаатлар учун курашга асосланган қарашлар хилма-хиллиги бузғунчидир.

Тажрибадан биламиз: зулм уч хил йўл билан кетади (кетказилади):

  1. Табиий йўл. Бунда золим ўлиб халқ қутулади. Ўшанда ҳам ўрнига келгани баттар золим бўлмаса.
  2. Тинч йўл. Эркин сайлов, норозилик намойишлари ва бошқа тур тадбирлар ёрдамида.
  3. Исён йўли. Золимни алмаштиришнинг бошқа йўли қолмаса, зулм жонидан ўтиб кетган халқ ғалаёнга келади: уруш бўлади, қон тўкилади.

Бугунги аҳволимизда ва бугунгидай шароитда булар ичида энг зарарлиси ва ёқимсизи учинчи йўлдир.

Биринчидан, бунда адолат истовчилар енгса енгди, енголмаса, баттар зулм остида қолади.

Иккинчидан, бир халқ иккига бўлиниб олиб урушганида адолат ўртадан кўтарилади ‒ иккала томон ҳам бир-бирига зулм қилади.

Учинчидан, бундан ташқари, иккала томон ҳам мушкулни мустақил ҳал эта олмай, кўмак истаб чеккага мўлтирайди, бегоналарга ва кучлиларга муҳтож бўлади. Натижада ҳурриятини йўқотади.

Бу йўл бизга кескин тўғри келмайди.

Биринчи йўл ҳаракат билан амалга ошадиган иш эмас. Золимнинг ўлими фақат кутилади ва ўрнига келадиганидан яхшилик умид қилинади. Бу жуда бўш  ва иложсизликдир.

Менинг назаримда, бизга энг тўғри келадигани иккинчи йўлдир. Аммо Ўзбекистон шароитида эркин сайловга ҳам, тинч намойишга ҳам сира имкон йўқ. Унда нима қилиш керак?

Менимча, каттаю кичик, президенту оддий ватандош, давлату мухолифат, юрт ичидагию ташидагилар эски ғиди-биди ва гина-кудуратларни ташлаб, ўртадан тушунмовчиликларни кўтариб, йигирма йил ичида пайдо бўлган жарликка кўприк солиб, бир-бирига қарши душманчасига ўқталган қўлларни қайирароқ, бир-бири томон дўстона узатиб… бир орага келиш керак!

Ҳолатга боқилса, бир орага келиш ҳеч ҳам амалга ошмайдиган ширин орзуга ўхшайди. Аммо бугунги иқтидор ҳам, унга қаршилар ҳам ҳозирги аҳволда мамлакат ниҳоятда мураккаб вазиятда турганини, ўт чиқиб кетса зарарни кўпроқ юрт ва улус кўришини кўз олдиларига келтириб, агар Ватан манфаатини нафсларидан устун қўя олсалар, ўзлари учун энг оғир бўлган хулосага келишлари лозим. Яъни, бир орага келиш керак!

Бундай бир мураккаб вазиятда, шу яқин замонларда дунёда кечган ва ҳамон кечаётган ҳодисалардан ўрнак олсак, айниқса Ўзбекистон шароитида бошланишига ҳам, давомига ҳам энг тўғри ва одилона йўл шу деб ўйлайман.

Модам шу азиз Ватан барчамизники экан,

модам Ўзбекистонимизни чин юракдан севсак,

модам мамлакатимиз чинакам тараққий этишини, дунёда муносиб ўрнини эгаллашини истасак,

модам муштипар ва жафокаш халқимиз чинакам эркинликка эришишини орзу қилсак,

модам курашларимиз шахсий манфаатлар учун эмас, Ватан, миллат, дин, давлат манфаати учун экан,

модам бор куч-ғайратимизни, ақлу заковатимизни шу Ватан, шу халқимиз равнақи йўлида сарфлашга бел боғлаган эканмиз,

модам жонимизни, молимизни Ҳақиқат ва Адолат йўлига тиккан бўлсак,

модам Ватанга бу эгалигимизда, бу севгимизда, бу истагимизда, бу орзумизда, бу ғайратларимизу бу жонфидолигимизда самимий бўлсак –

унда муждалар бўлсин: биз бир бутун халқ эканмиз, бир орага келишимизга ҳам ўртамизда тўсиқ йўқ!

Давлат билан халқ бирлашса, бундай давлат ҳам, бундай халқ ҳам кучли-қудратли бўлади. Халқини деган давлатни, давлатини деган халқни биров енголмайди, кучи етмайди.

Давлат билан халқ орасида жарлик бўлса, халқнинг ҳам, давлатнинг ҳам кучи синади, иккаласиям бировларнинг қўлловига муҳтож бўлади. Бу дегани, у том мустақил бўлолмайди, озодлигини, эркинлигини бой беради.

Бир орага қандай келинади? Бу олижаноб ғояни ҳаётда амалга оширишнинг аниқ йўл-йўриғи борми?

Балки хаёлга берилаётгандирман, лекин бир орага келишнинг, жамият бирлашишининг бирдан-бир йўли менга шахсий ғаразларни орқага суриб, олдинга Ватан ва Миллат манфаатини чиқариш бўлиб кўринади.

Ватан ва миллатни холис Оллоҳ учун севса, уларнинг равнақи йўлида ҳам холис Оллоҳ учун курашса, ўртада тўсиқ қолмайди, бирлашишга йўл очилади. Бу фикрнинг кенгроғини сал тепада бир неча “модам” билан ифодалашга ҳаракат қилдим.

Бирлашиш учун масъулиятнинг кўпи давлатга, бугунги иқтидорга тушади. Халқига, халқининг бир бўлаги бўлган мухолифатга қарши душманлик билан ҳеч бир яхшиликка эришиб бўлмаслигини президент билиши, бу душманлик давом этаверса Ватан тақдири доим таҳлика остида қолишини тан олиши керак.

Ҳарҳолда, зулм тинчликнинг чораси эмас. Ўзаро душманлик Ватан манфаатига терсдир.

Тўғри тушунилсин: бир орага келиш керак деган фикрда томонлар битта йўлга тушиб олсин деган маъно йўқ. Йўллар турлича бўлса-да, айланасига ҳар ёққа тарқалиб кетган, сочилиб ётган кучлар ҳар бири ўз йўлидан бараварига ўртага ‒ Ватан ва миллат манфаати сари юриши керак деганидир.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com
Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort