Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Ватаннинг асл эгалари” кимлар?

“Ватаннинг асл эгалари” кимлар?
10 Ağustos 2016 - 7:00 'да юкланди ва 1587 марта ўқилди.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(95-қисм)

Бир-бирига қараб юришда иқтидордаги кучлар (давлат) ташлайдиган қадамлар бор, мухолифат ташлайдиган қадамлар бор, халқ ташлайдиган қадамлар бор.

  1. Давлат ташлайдиган қадамлар:

‒ жамиятда ўзаро ҳамжиҳатликни таъминлайдиган омил деб Асосий Қонун яратилдими, унга ва ўзи чиқарган бошқа қонунларга тўла ва тўғри амал қилиш;

‒ ўз вақтида ҳокимиятга келинганидек, Асосий Қонунда қатъий белгиланган муддатга риоя этган ҳолда, ўз вақтида тинч йўл билан ҳокимиятдан кетиш;

‒ мамлакатни адолат билан бошқариш;

‒ давлатга бошлиқликни имтиёз деб эмас, вазифа деб билиш; бу вазифага лойиқларнинг йўлини тўсмаслик;

‒ ўзини давлат манфаатлари ҳимоячиси деб билганидек, соғлом мухолиф кучларни ҳам жамиятнинг халқ ва давлат манфаатлари учун курашаётган бир бўлаги деб тан олиш, уларга тўла сиёсий-ижтимоий ҳақ-ҳуқуқ бериш;

‒ “ҳокимият талашиш” салбий эмас, ижобий тушунча ва ҳаракат эканини тан олиш, шунда бу кураш хавфли ёпиқ усулдан очиқ ҳалол усулга ўтади;

‒ сўз эркинлигини таъминлаш;

‒ ҳар қанақа танқидга чидаш, фойдалиларини олиш;

‒ ўзиникидан бошқача фикрни душманлик деб билмаслик;

‒ бошқача фикрдагиларни душман деб билмаслик ва ҳ. к.

  1. Мухолифат ташлайдиган қадамлар:

‒ давлат ва ҳукумат қонуний сайланса, уни тан олиш;

‒ давлат ва ҳукуматга қонунда белгиланган муддат ичи ўз дастурини амалга оширишига (ўзини кўрсатишига) ҳақ ва имкон бериш;

‒ ҳокимият учун курашни шахсий душманлик майдонидан дастурлар кураши майдонига кўчириш;

‒ курашни шахс дахлсизлиги доирасида қонунга тўла риоя этган ҳолда олиб бориш (бу модда давлатга ҳам тегишли);

‒ курашнинг тинч йўлидангина фойдаланиш;

‒ рақиб томоннинг салбий ишларини холис танқид этиш билан бирга, ижобий ишларини тан олиш ва қўллаб-қувватлаш…

  1. Халқ ташлайдиган қадамлар:

‒ ҳамма томонни ‒ давлатни ҳам, мухолиф кучларни ҳам бирдай тан олиш, ҳурмат қилиш;

‒ томонларнинг манфаатини эмас, ўзининг манфаатини ҳимоя қилиш, яъни, ўз манфаатига тўғри келадиган дастурга овоз бериш;

‒ ҳалол сайланган ҳукуматга итоат этиш;

‒ сайловни ўзининг энг катта ва асосий кучи деб билиб, сайлаш ҳуқуқидан тўла фойдаланиш;

‒ норозилигини ифодалашда қонун белгилаган чегарадан чиқмаслик…

Бу айтилганларга яна қўшса бўлади, лекин тараққиёт сари тинч-хотиржам олға қадам босишимиз учун диққат қилишимиз керак бўлган энг муҳим нуқталар, менимча, шулардир.

Менинг қатъий қаноатимга кўра, бу натижаларга қараб:

аста-секин…

табиий юксала бориб…

тинч-тотувлик…

илм-маърифат…

халқнинг сиёсий-ижтимоий онгини юксалтириш…

норозиликларни қонун доирасида тинч намойишлар орқали ифодалаш…

йўли билан борган яхши.

Қурол, уруш-жанжал, тўпаланг миллатга ҳам, ватанга ҳам катта зарар келтиради. Уруш миллатни энг камида иккига бўлиб ташлайди, иккала томонни ҳам қуролга муҳтож, мамлакатни қурол берувчиларга ем қилади.

Ҳеч бўлмаганда шу хавфнинг олдини олиш учун ҳам:

1.Бу азиз Ватанимизнинг асл эгалари бир ёқадан бош чиқариб, юрт тақдири ҳақида холис бош қотириши, адолатли ғоялар ишлаб чиқиши, ўша ғояларни аста-секин ҳаётга татбиқ этиб бориши керак.

“Ватаннинг асл эгалари” кимлар?

Бу диёрларни Ватаним деган ва севган юрт ичию ташидаги барча – тили ва миллатидан қатъи назар, бу тупроқларда қадимдан яшаб келган ва яшаётганлар, турли сабабларга кўра дунёга сочилиб кетганлар, муҳожиру мухолифлар ҳеч бир истисносиз Ватаннинг асл эгаларидирлар ва барчалари Ватан, Миллат, Давлат ва Дин аҳволига куйинишга бирдай ҳақли, равнақи йўлида хизмат қилишга, эзгу келажаги учун курашишга бирдай бурчлидирлар.

2.Барча оғирликни бўйинга олиб, чидам ва бардош билан, халқни нурли манзиллар сари етаклашга лаёқатли илғор кишиларни етиштириб, уларга эргашган ҳолда, илм бериш ва тушунтириш йўли билан оммани чинакам эркинликка лойиқ қилиб тарбиялаш лозим.

3.Халқимиз ўзига мос эркинликни, тўғри йўлни ўзи излаб топсин, бегоналар тиқиштираётган ялтироқ “йўллар”га учмасин. Ўзиники ўзига қадрдон, бегона ғоя барибир бизнинг руҳга росмана сингимайди. Худди ўрис болшавойчилиги, коммунизм ғояси руҳимизга сингмагани каби.

Илк мустамлака этилганимиздан бу ёғи юз йигирма беш йиллик қул ҳаётимиз натижасида на ўзбегу мусулмон, на ўрису коммунист-кофир бўлдик.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com
Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort