Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ёт руҳли қонунлар зўрлаб бизнинг ҳаётимизга татбиқ этилди

Ёт руҳли қонунлар зўрлаб бизнинг ҳаётимизга татбиқ этилди
11 Ağustos 2016 - 7:00 'да юкланди ва 1142 марта ўқилди.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(96-қисм)

Бизнинг ўзлигимиз (миллий тафаккур ва зеҳниятимиз), урф-одатларимиз, руҳиятимиз, ҳалол-ҳаромимиз бошқа эди, аммо бизга буткул ёт халқ ўзига мослаб чиқарган қонунлар асосида яшашга мажбур қилиндик; ёт руҳли қонунлар зўрлаб бизнинг ҳаётимизга татбиқ этилди.

Натижада у қонунлар турмуш тарзимизга, турмуш тарзимиз у қонунларга сира қовушмади; табиий киришиб яшаб кета олмадик.

Ўрусияга қарамликдан қутулганимизга қарамай ҳаёт тарзимиз билан қонунлар орасидаги уйғунсизлик ҳалигача давом этяпти – давлат билан ватандош ўртасида кўрилаётган кўп ижтимоий қарама-қаршиликлар асоси, “жиноят”лар иллати мана шу ерда.

Давлат билан халқ тинч-тотув ва бир тан-бир жон бўлиши учун ўз йўлимизни ўзимиз белгилашимиз, миллий туриш-турмушимизга уйғун қонунлар яратишимиз ва шунга кўра яшашимиз, ёт руҳларни маҳрам ҳаётимизга, ёт шахсларни ички ишларимизга аралашишига йўл қўймаслигимиз керак.

Бир мамлакатнинг президенти золим бўлса, бу золимни алмаштириб ўрнига одилини қўйиш шу мамлакат халқининг ҳаққи. Чеккадан биронта давлатга бу мамлакат ички ишига аралашиш ҳуқуқи берилмаган. Халқ золимини ўзи тарбиялаб олади ёки, керак бўлса, ўрнига бошқасини ўзи алмаштиради.

Агар бир давлатга бошқа бир давлат ҳужум қилса, ҳужумга учраган давлат юртни босқинчидан ҳимоя қилиш учун бошқа учинчи бир давлатдан ёки бошқа бир неча давлатдан ёрдам сўраши мумкин ва ҳақлидир, лекин мамлакат ичидаги муаммоларни ҳал этишга четдан бировни чақира олмайди.

Ички муаммони шу мамлакат халқининг ўзи ҳал этади. Чеккадан етти ёт бегона давлат, ҳатто у “золимнинг адабини бериб қўйиш” баҳонасида бўлсин, бошқа мамлакат ички ишига аралашишга ҳаққи йўқ.

Ташқи тажовуз ҳеч қайси халқаро ҳуқуқ ўлчовларига сиғмайди.

Амрика бошлиқ НАТО давлатларининг уйдирма баҳоналар билан олдин Афғонистонга, сўнгра Ироққа кириши шу маънода ўта ҳақсизлик эди. Ҳақсизликдан ташқари, у мамлакатлар халқи бошига маҳаллий золимнинг зулмидан ҳам ўн, юз, минг чандон ортиқ мусибатлар келтирди!

Маҳаллий халқлар бу ҳақсиз тажовуздан кейин, мана, яқин ўн йилдан бери тинчини, ҳаловатини йўқотди. Фитна таъсирида боши кулфатдан чиқмай қолди ‒ ҳар куни портлаш, ҳар куни ўлим.

Маккор душман урушдан кўзлаган асосий ниятига етди – халқни бўлиб ташлади, уруғларни, табақаларни, динларни, мазҳабларни бир-бирига қарши қилиб қўйди, ўшандан бери тинимсиз бирини иккинчисига гиж-гижлаб ётибди.

Булар устига, қўли остидаги оммавий ахборот воситалари орқали, гўё бу қон тўкилишларга алоқаси йўғ-у, маҳаллий аҳоли ўзи бир-бирини қираётгандай қилиб кўрсатяпти дунёга.

Арининг инига чўп суқиб тўзитиб қўйди, энди, чақиб олмасин деб ўзини бир четга олди. Ҳатто қўшинини йиғиштириб, келган юртига қайтиб кетди.Сочиб кетган фитна уруғлари қандай униб чиқаётганини бундан бу ёғи чеккадан томоша қила бошлади: отлар ўлгани сари итлар байрам қилиб ётибди…

Ёки кечагина Ливияда оқизилган қонларни эсланг. Муаммар Қаззофий 40 йил бошчилик қилиб бунчалик кулфат солмаган эди халқи бошига! Аксинча, Ливия бутун Африқода энг бой, энг ўқимишли, ижтимоий имтиёзлар ила энг яхши таъминланган бир мамлакат эди.

Мухолифат сиёсий юмшоқликка эришишнинг тинч йўлини ахтариш, мамлакатни ва халқни талофатсиз яхши кунларга олиб чиқиш ўрнига, қуролли қўзғолон йўлини танлади ва чеккадан ёрдам сўрашдек хорликка юз бурди. Муаммар Қаззофий ҳар қанча золим, диктатор бўлган тақдирда ҳам унга қарши бунақа ғирром усул билан курашилмаслиги керак эди.

Натижа нима бўлди?

Мухолифат ютмади, чекка (ташқи манфаатдор кучлар) ютди! Ливия ютқазди!

Энди мухолифатнинг ўзи бир-бирини қириб-ўлдириб ётибди, ўртадан аҳиллик кўтарилди. Чекка эса, одатига кўра, четда туриб уларнинг қонини, бойлигини сўриб ётибди. Яқин йилларда мамлакат тинчимаса керак.

“Чекка” деганимиз ким ё кимлар:

– неча асрлардан бери Ливияга кўз олайтириб келган, ўтган аср ўрталарида мамлакатдан қувиб чиқарилганлик аламини ичида сақлаб юрган Италия…

– Ливия бойликларига эгалик қилиш орзусида кўпдан бери Италияга рақобатчи бўлиб келган, Қаззофийнинг ўзини ёмон кўрса-да, пулини яхши кўрадиган, ҳатто унинг пулига президент бўлишни ор билмайдиганлар[1] бошқарадиган Франсия…

– ва, одатдагидек, дунёга ҳукмини ўтказишга доим интиладиган анъанавий босқинчилар – Амрика ва Англия…

Булар ҳар бири юрагида Ливияга ва Муаммар Қаззофийга айрича бир алам сақлар, айрича бир тиш қайраб келар эди. Озгина ички низони баҳона қилди-да (ёки бундай низони уюштирди-да), гўё озчилик низочиларнинг “ёнини олиб”, уни катта низога айлантириб, “мазлум ливияликларга ёрдам” ниқоби остида, ҳақ билан ҳақсизни, тўғри билан эгрини, дўст билан душманни, эркак билан аёлни, бола билан қарини, тинч аҳоли билан ҳарбийни ажратмайдиган ажал учоқларини Ливия осмонига йўллади ва биратўла ҳамма алам учун ёппасига ўчини олақолди – шаҳару қишлоқларига бўмба ташлайвериб, мамлакатни илма-тешик қилиб юборди.

Ливияни қонга ботирди; гуллаб-яшнаган ўлкани вайронага айлантирди; иқтисодини тамоман издан чиқарди; тараққиётини ўнйилларга орқага суриб ташлади.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com
Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort