Шум айрилиқ

Шум айрилиқ
117 views
12 August 2016 - 6:00

La_médersa_M._Rakhim_Khan_(Khiva,_Ouzbékistan)МАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

Лош қолди

На завқу сафолар йигитлик билан –
Баҳор бўлиб кечди, қуруқ лош қолди.
Қарилик етишди минг кулфат билан,
Мезон ўтди, хазон келди, қиш қолди.

Умримни сарф этдим ҳой билан ҳуя,
Қуллик – тоат айламадим Худоя,
Йигитлик асарин ўткардим зоя(е),
Имди на куч-қувват, на бир жўш қолди.

Ҳаётимнинг сўнди шами, шодлиги,
Мулкимда қолгани оҳу фарёди,
Жисмим кабоб этмиш айрилиқ ўти,
Юраклар қон бўлиб, кўзда ёш қолди.

Ҳар бир гулни шум айрилиқ олибдир,
Жисмин хазон чалиб, гуллар сўлибдир,
Ишқнинг ғазнасини йиллар талабдир,
На унда бир ақл, на бир ҳуш қолди.

Қўйди мени юз минг озора фурқат,
Кечам узун бўлди, тонг отмак риққат,
Ғусса билан кун кечирмак машаққат,
На жонда фароғат, на бир айш қолди.

Фироқлар жонима кўп озор берди,
Ранжу аламларда юзим сарғайди,
Меҳнат билан соч-соқолим оқарди,
Руҳда шодлик, на кўнгилда хуш қолди.

Махтуқули ишим қилу қол бўлди,
Шум айрилиқ билан ақлим лол бўлди,
Билмадим, не савдо, нечук ҳол бўлди,
Жон тандан айрилди, қуриқ лош қолди.

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Мақсуд Қурбон ўзбекчалаштирди