Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бир мамлакат ичидаги зулм шу мамлакатнинг ички масаласидир

Бир мамлакат ичидаги зулм шу мамлакатнинг ички масаласидир
12 Ağustos 2016 - 7:00 'да юкланди ва 1229 марта ўқилди.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(97-қисм)

Биронта босқинчи давлатга қарам бўлмасдан, мустамлакачиларга гап бермасдан, ўзига хос йўлда тинч яшаб келаётган мамлакат энг улкан бойлигини – мустақиллигини бой берди!

Чунки Ғарб ливияликларга озодлик совға қилиш учун келмади, Ливиянинг табиий бойликларига эгалик қилиш ва талаб кетиш учун келди! Энди бу юртда “чекка”нинг қўли узун бўлади, мамлакат нефти ҳам “урушда ғолиб чиққан НАТО давлатлари” қўлига ўтади.

Хуллас, Ливия ҳали-вери ўзига кела олмайди. Яна нималарни йўқотганини сал ўзига келиб олганидан кейин тағин ҳам яққолроқ ҳис этади босқинчиларга суянганлар!

Бугун Сурия бошидан кечираётган қора кунлар ҳам ўрнак бўлгуликдир. Амрика бошлиқ бир қутб билан Ўрусия ва Эрон бошлиқ иккинчи қутб ўз манфаатлари йўлида курашяпти, аммо ўртада минг йиллик маданий тарихга эга Сурия ва унинг мусулмон халқи қон ютмоқда.

Бу мисоллар бизга бир кўргазмали сабоқдир!

Ҳар қандай яхшилик каби, ёмонлик ҳам ўзимизники. Уни биров эмас, ўзимиз тузатамиз. Биров камчилигимизни ўнглаб, бузуғимизни тузатиб бермайди. Ёрдам берса, ўзига катта фойда кўзлаб ёрдам беради. Фойдасига ишласа, золим-диктаторларга ҳам ёрдам бериб, сиёсий майдонда уларни қўллаб келаётгани шундан.

Ироққа, Афғонистонга, Ливияга озодлик бердими?

Йўқ! Ўзининг одамини ҳокимиятга келтириб, тилини қисиқ қилиб олиб, у мамлакатларнинг ерости ва ерусти бойликларини қўлига олволди, холос. Манфаати кесилган заҳоти “қўғирчоқ ҳукуматлари”ни ҳам ўз ҳолига ташлаб, бошқача куй, бошқача қўшиқни варанглатиб қўйиб, келган томонига қараб кетаверади…

Бир мамлакат ичидаги зулм шу мамлакатнинг ички масаласидир.

Бундай зулмдан қутулиш йўлларини ҳар бир юртнинг асл эгалари шу юртнинг ўзига хос томонларини ҳисобга олган ва маҳаллий шарт-шароитдан келиб чиққан ҳолда ўзи топиши керак.

Аслида, золимга зулм қилишига имкон бермасликнинг чорасини топиши лозим, аммо бирон-бир сабаб билан зулм уч бера бошласа, фақат шу халқнинг ўзи уни зудлик билан кетказишга киришиши керак. Турли таъсирли йўл ва чоралар қўллаб, дунёнинг илғор ва ижобий анъана-тажрибаларини мамлакатига қонсиз-талофатсиз олиб киришга ҳаракат қилиши зарур.

Яъни, агар бошлиғимиз золим бўлса, биринчидан, у ўзимизнинг золимдир, иккинчидан, золимни бошимизга чиқариб қўйган ўзимиз айблимиз.

Бу аянчли ҳолатдан чиқиб кетиш йўлини ҳам энди ўзимиз топишимиз, золимнинг ўрнига адолатли бошлиқни ҳокимиятга ўзимиз келтиришимиз керак бўлади. Бу ишни четдаги кучли давлатлар эмас, фақат шу юртнинг сал тепароқда санаганимиз чинакам эгалари қила олади.

Юрт ичидагилар ўз халқимиз бўлганидек, чеккага чиқиб кетган муҳожиру мухолифат ҳам ўзимизнинг халқимиз. Ҳатто четга чиқиб, қўлига қурол олганлар ҳам (усуллари ёқиш-ёқмаслиги бошқа масала) бизнинг ватандошдир, халқимизнинг бир бўлагидир. Ҳар бири ўзича Ватан, Миллат, Давлат, Дин учун қайғуряпти. Булар ҳаммаси алоҳида олганда ҳам, биргалашиб ҳаракат қилганида ҳам, бу азиз нарсалар учун қайғуришга, жон куйдиришга, мамлакат ҳаётини яхшилаш йўлида, керак бўлса, ҳокимиятни қўлга олишга ҳақлидир.

Бирдан-бир шарти – фақат ўзигина ҳақлидир! Орқасига учинчи бир давлатни олиш билан бу ҳақ ўртадан кўтарилади.

Такрор бўлса ҳам айтамиз: бугун қуролли қўзғолон жуда хатарли бўлганидек, қурол ишлаб чиқувчи ва ҳарбий томондан кучли бўлган давлатларга қарам бўлиб қолиш эҳтимоли борлигидан кечирилмас хато ҳамдир!

Кейинги йилларда Ироқ, Афғонистон, Ливия, Сурия, Миср каби давлатлар йўл қўйган хатони биз такрорламайлик.

Ватан бировнинг пули ва қуроли билан яшамайди-яшнамайди. Ватан ўз халқининг манглай тери билан яшайди-яшнайди.

Мен ҳам бир жонкуяр ватандош ўлароқ, шу юртни жонидан ортиқ севадиган, Ватани ва халқининг ҳартомонлама равнақини чин кўнглидан истайдиган бир киши ўлароқ, йигирма йиллик кузатувларим, ўйларим, ҳаётий тажрибаларим, дунёда ва юртимда кечган ва кечаётган ҳодисалардан олган сабоқларим натижасида ўзимча бир хулосага келдим:

Оллоҳ кўрсатмасин, чеккадан биронта давлат, ҳар қанақа олижаноб ғоя билан, ҳатто “золимни ағдариб ташлаб халққа озодлик бериш” мақсади билан-да бўлсин, агар Ватанимга хавф солса ва мамлакатимга бостириб кирадиган бўлса, у давлат қанчалик кучли-қудратли бўлмасин, ёшим ҳам олтмишга бориб қолганига қарамай, қўлимга қурол олиб Ватаним ҳимоясига чиқаман!

Ўзбекистоннинг бугунги президентини золим деб ҳисоблайман, у қурган тузумни ёқламайман-ёқтирмайман, аммо бирон чет давлат “Золим президентни ағдариб демократик тузум ўрнатиш” баҳонасида агар юртимга бостириб кирадиган бўлса, Оллоҳ танамдан ғайратни олмасин, ҳеч иккиланмасдан бу тажовузга қарши президент ёнига кираман! Бунда мен унинг шахсиятини ё мансабини эмас, орқасида турган Ватанимни, халқимни ҳимоя қилган бўламан.

Гарчи чинию қалбакиси билан барча сайловда унинг номзодига қарши овоз берган, юритаётган ички ва ташқи сиёсатини қўлламаган бўлсам ҳам, истайманми-йўқми, бугун у юртимга бош бўлиб турибди! Оддий бир шахс эмас, Ўзбекистонни тамсил этади. Қаерга борса, Ўзбекистон номидан гапиради! Унга қарата отилган бегона ўқ Ўзбекистонга қарата отилган ҳисобланади. Унга қарши йўналтирилган ташқи тажовузни мамлакатим мустақиллигига қарши тажовуз деб баҳолайман.

Золим бошлиқни ёвуз дейишга, қонхўр дейишга фақат шу юртнинг эгалари – мен, сиз, биз ҳақлимиз! Уни бошимиздан ағдариб ташлаб, ўрнига бошқасини келтиришга ҳам фақат ўзимиз – шу юртнинг асл эгалари ҳақлимиз!

Чет давлат бошлиғи бизнинг бошлиғимизни заррача ҳақоратласа ёки хўрласа, бу билан миллатимиз, Ватанимиз, давлатимизни хўрлаган бўлади. Бундан асло севинилмайди, аксинча, у ҳақоратлар тўппа-тўғри келиб юрагимизга тегсин. Ватан томирлари ҳар бир ватандошнинг юрагига улангандир, юракларимиз зирқирасин!

Бировнинг ҳақоратига йўл бермаганимиз сингари, Ватанимиз тупроғини ётлар оёқости қилишига ҳам асло йўл қўймаслигимиз керак!

Ўзбекистон – Туркистон – Турон ўз мушкулларини ўзи ҳал этишга, бошига тушган оғир вазиятдан ўз кучи ила чиқиб кетишга лаёқатлидир.

Ётларга муҳтож бўлмасдан.
Ички келишмовчилигига ётларни аралаштирмасдан.
Миллий ғурурини топтатмасдан.
Бошни баланд кўтариб.
Кўкракни кенг кериб.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com
Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort