Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Тавба бўйинни эгиш эмас, бошни тик кўтаришдир!

Тавба бўйинни эгиш эмас, бошни тик кўтаришдир!
13 Ağustos 2016 - 7:00 'да юкланди ва 1383 марта ўқилди.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(98-қисм)

Энди Ислом Каримов шахсига тегишли бир-икки мулоҳаза:

Ора-орада мен бу одамга чин юракдан ачиниб кетаман. Тақдир экан, Ўрусияга қарамликдан қутулишимиз унинг даврига тўғри келди. Биринчи президент бўлди. Энг оғир паллада юртни бошқарди.

Яхши ишлар ҳам қилди, аммо тарози палласини хатолари, зулми босиб кетди.

Йигирма йиллик фаолиятига боқсак, унинг табиатида қаттиққўллик, сиёсий пухталик каби ижобий хислатларга айёрлик, қувлик, кин сақлаш, шафқатсизлик, кечиримсизлик, маҳаллийчилик сингари салбий хислатлар ҳам қоришиб кетганини кўрамиз. Ижобий хислатлари Ўрусиянинг тажовузкорона ниятларига қарши туришда асқотаётган бўлса, салбий хислатлари ўзини ҳам, мамлакатни ҳам бошиберк кўчага олиб кириб қўйди. Агар мамлакатда зулм ва адолатсизлик қилинмаганида, сўз эркинлиги бўғилмаганида эл назарида ҳам, тарихда ҳам балки ижобий ном қолдириши мумкин эди.

Аммо турли сабаблар гирдобида эзгулик билан ёвузлик чегарасини йўқотди ва кўпроқ салбий баҳо билан эсланадиган ишлар қилди.

Шундай бўлса-да, сиёсатчи ўлароқ кучли шахс эканини тан олиш керак. Ўрусия, Амрика, Хитой каби кучли давлатлар орасида турли хил айланма йўллар қилиб юртни уларга ем қилмай олиб келяпти.

Дунё сиёсати, афсус, кўпинча кир ишдир. Бу кир ишни ҳам эплаган эплайди. Ислом Каримов эплаб келяпти. Юзини кир, қўлини қон қилиб бўлса-да.

Шу ҳолатларни ҳисобга олиб, эл бошига, юрт бошига солган шунча кулфатга қарамай, инсонмиз-да, айрим паллаларда кўнгилда бир ғалати шафқат туйғулари уйғонади, унга яхшилик соғингим келади.

“Эй Президент, давлат бошлиғи ўлароқ ишларингизни ҳар куни таҳлил қиласиз, албатта. Ютуқларингиз қаторида қинғир ишларингиз ҳам борлигини ва у қинғирликларингиз халқимизни кўп жабр-ситамга қўйганини-да биласиз. Шу дамгача халқингиз орасидан айб қилган-қилмаганларни ўзингизга тавба эттириб келдингиз. Ўзингиз-чи, сиз тавба этмайсизми? Тавба этишга лойиқ ишлар қилмаганмисиз? Сакарот ҳолатигача имконингиз бор. Ватан олдида йўл қўйган хатоларингиз, айниқса халққа етказган жабр-зулмларингиз учун умрингизда ҳеч йўқ бир марта… халққа эмас, Ҳаққа юзланиб чин юракдан тавба этинг! Ва президентлик ваколатингизнинг ҳамда умрингизнинг қолган қисмида одамларга яхшиликлар қилинг! Оллоҳнинг марҳамати кенг, самимий тавбангизни қабул этади! Гуноҳларингизни кечиради! Оллоҳ кечирганни одамлар кечирмайдими? Одамлар ҳам кечиради!” дегим келади.

Тавба ниҳоятда лаззатли ишдир. Илгариги катта-кичик ҳамма гуноҳни ўчириб юбориши билан ниҳоятда ҳузурбахшдир ҳам.

Тавба бўйинни эгиш эмас, бошни тик кўтаришдир!

Юзи қора бўлиш эмас, халқ ва Ҳақ ҳузурига ёруғ юз билан чиқишдир!

Тавбанинг эрта-кечи йўқ, эшиги ҳамиша ланг очиқ. Битта шарти ‒ хато-камчиликлар ва гуноҳлар чин юракдан тан олиниб, надомат чекилса бўлди.

Қамоқхоналарда президентга тавба қиласан деб мўмин-мусулмонларни кўп зўрлашди, аммо Оллоҳга тавба қиласан деб ҳеч кимни зўрлаб бўлмайди. Ясама бўлиб қолмаслиги учун тавба ихтиёрий бўлгани яхши.

Биздан ‒ етказиш, бажариш ўзининг ихтиёрида.

Тавба қилса-қилмаса, охиратини Оллоҳга ҳавола этиб, бу дунёсини ўзига ва халқимизга қўйиш керак.

Бу борада бир таклиф: бордию Ислом Каримов яқин орада президентлик лавозимидан кетса ‒ сайланмай қолса ё ўзи тахтдан воз кечса ёки тахтидан туширилса, қолган умрини тинч яшаб ўтишини таъминлаш лозим.

Чунки, нима бўлганида ҳам, чорак аср бир юртга подшо бўлди. Бу бўлдак тарихимизни энди ҳеч ким ўзгартира олмайди! Дунёда Ўзбекистонни тамсил этди. Энг қийин, энг оғир, энг мураккаб паллада ишлагани учун ҳам унинг чин мукофотию жазосини бу ишларни бошимизда ҳикмат ила юритиб қўйган Зотга қолдирайлик.

Бу деганим Ватан ва халқ бошидан кечирган қора кунларни унутиш керак деганим эмас. Бўлиб ўтган ҳамма ишни холис ўрганиш, халққа етказиш лозим, то келгуси авлод булардан тўғри сабоқ чиқарсин, хатоларни такрорламасин, такрорланишига йўл қўймасин.

Кечиримлилик жисмоний шахсига нисбатандир, маънавий шахсини халқимиз ҳар қанча тергашга ва танқид қилишга ҳақлидир.

Биз ўтмишда илм-маърифатда буюк ва шарафли миллат эдик, аммо сиёсатда, ҳокимият учун талашишларда қанчадан-қанча қонли можароларни бошимиздан ўтказганмиз. Энди у аянчли хатоларни қайтармайлик, илм-маърифатда бўлганидек сиёсатда ҳам ўшандай буюк ва шарафли миллат бўлайлик, жоҳиллардан бўлиб қолмайлик. Шунда келажакдаги бошлиқларни ҳам орқаларидан мухолифлари ҳурмат қиладиган бўлади.

Зотан, мухолифлик, қарашлар хилма-хиллиги киши отда ўтирган пайтига ярашади, отдан тушганидан кейин уни бир четда ўз ҳолига қўйиб, Ватан равнақи йўлида олдга кетаверган ютади. Ақл ҳам, адолат ҳам шуни дейди.

Яна бир гап: асарда кўп масалалар қатори қўлимиздан келганича зулм табиатини ёритишга ҳаракат қилдик. Совуқ башарасини кўрсатдик. Аммо кимдир зулмни қаттиққўлликка йўйиши ҳам мумкин.

Қаттиққўллик бошқа, зулм бошқа. Қаттиққўллик ижобий, зулм салбий ҳодиса.

Энг қисқа, жайдарича айтганда, қаттиққўллик давлат қонунларига биринчи галда давлат (ҳукмдор)нинг ўзи риоя этиши ва халқидан ҳам риояни қаттиқ талаб қилиши, қонунлардан заррача чекинилишига йўл қўймаслигидир.

Зулм бунинг тескариси ‒ ўзи чиқарган қонунларни биринчи галда давлатнинг ўзи бузиши ва бошқаларга ҳам бузишига йўл қўйиши. Қалбаки сайловлар, порахўрлик, бировнинг ҳақини ейишлар, тажовузлар, ясама айблар билан қамашлар… ва ҳоказо барча кўргилик давлат ўзи қонунларни оёқости қилишидан бошланади.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com
Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort