Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Қамаш ўзи зулм эмас, ҳақсиз қамаш зулмдир

Қамаш ўзи зулм эмас, ҳақсиз қамаш зулмдир
14 Ağustos 2016 - 6:00 'да юкланди ва 1481 марта ўқилди.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(99-қисм)

Қамаш ўзи зулм эмас, ҳақсиз қамаш зулмдир.

“Мустақиллик” йиллари уйларга, чўнтакларга, мошиналарга варақа, гиёҳванд модда ё қурол ташлаб қўйиб қамоққа олишлар кучайди. Бу иш ҳалол эмас. Эркакнинг иши эмас. Пусиб келиб орқадан ханжар санчишдир. Кимлардир бундай чиркин усуллар билан қамоқларга отилдими, демак, қамоққа олиниши “режалаштирилган” кишининг айби йўқ. Айби бўлганида тўппа-тўғри олдидан келавериларди. Айби бўлмагани учун орқадан келиняпти.

Бу ҳол давлатда қонун ишламаётганини, давлат золим эканини кўрсатади.

Мамлакатда ўтакетган зулмга олиб келган энг катта иллат ‒ Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Республика пуркуратураси, суд-маҳкама сингари кучишлатар идораларнинг мустақил эмаслиги, улар қонунга эмас, тўғридан-тўғри битта қўлга ‒ президентга бўйин сундирилганидир.

“Мустақил” бўлинганига йигирма йилдан ошди, ҳар йили бу “мустақиллик” юксак тантаналар билан нишонланади, аммо ҳалигача Ички ишлар вазирлиги ҳақида махсус қонун ишлаб чиқилмаган!

Бу ҳол нимага далолат қилади?

Уларнинг ишини қонун назорат қилмаслигини кўрсатади. Улар кўпинча оғизаки топшириқ билан ишлашига далолат қилади.

Масалан, президент қачонлардир ўзи ёқтирмай қолган бир кимсани телевизордами, кўчадами кўриб қолиб: “Бу ҳалиям борми?” деб қўйса, тамом ‒ “назарга тушиб қолган шўрлик” шу заҳоти қамоққа олинади. Президентнинг у одамга совуқ муносабатини олдинроқ билмагани ва ёқмасвойни нимага “ўз вақтида” қамамагани учун дакки эшитиб қолишдан чўчиб ҳам турилади.

Шу ўринда 2012 йили ёзилган, “Дунё ўзбеклари” ижтимоий тармоғида эълон этилган “Собиқ депутат Шуҳрат Нусратов етти йилга ҳукм қилинган” деган мақоладан икки кўчирма келтираман (хатолар тузатилмади):

1.“Бир пайтлар пойтахтдаги Куйбишев райкомининг биринчи секретари, кейинчалик Мирзо Улуғбек туман ҳокими бўлиб ишлаган Шухрат Туҳфатович Олий Кенгашнинг тарихий еттинчи сессиясидаги нутқи билан тарихга ва одамларнинг юрагига кирганди.

Эндигина Президент этиб сайланган давлат раҳбарига қарата у шундай деган эди:

“Разведка ва контрразведка органлари барча техник воситалари билан биргаликда битта одам¸ яъни Каримовнинг қўлига бериб қўйилмоқда. Бу мумкин бўлмаган бир нарса. Бунга сира йўл қўйиб бўлмайди. Агар бунга йўл қўйсак¸ бизни 37- 40 йиллардагидек қатағонлар кутади. Оқибатларни ҳатто тахмин ҳам қила олмаймиз. Ўртоқлар бизни кутаëтган даҳшат кўламини тахмин ҳам қила олмаяпсизлар¸ айниқса¸ бизнинг президентнинг жиловсиз характерини ҳисобга олсак. Эртага бизни қамашади. Эртага сизни қамашади.”

1991 йил 30 сентабир куни Олий Кенгашнинг машҳур 7-сессиясида қилинган огоҳлантиришга диққат қилинг. Ўшанда нотиқ Миллий хавфсизлик идораси бутун куч-қудрати билан битта одам, яъни Ислом Каримовнинг қўлига бериб қўйилса: “Оқибатларни ҳатто тахмин ҳам қила олмаймиз”, деган экан! Орқасидан яна: Ўртоқлар бизни кутаëтган даҳшат кўламини тахмин ҳам қила олмаяпсизлар¸ айниқса¸ бизнинг президентнинг жиловсиз характерини ҳисобга олсак”, деб қаттиқ таъкидлаган экан!

Бир замонлар депутатлар ҳатто тахмин қила олмаган ишларни ‒ зулм ва адолатсизликларни йигирма йилдан бери кўзимиз билан кўриб, бошимиздан кечириб келяпмиз.

Кучишлатар идоралар миллат ва давлатнинг бақоси йўлида хизмат қиладиган олий мақомлардан президентнинг шахсий-оилавий қоровуллари мақомига тушириб қўйилгач, бундан баттар бўлмайди.

Энди мақоладан иккинчи кўчирмани бирга ўқийлик:

2.“Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма йиллиги муносабати билан (2011 йил ҳақида гап кетаяпти) “Ўзбеккино” ҳужжатли фильмлар студияси тасвирга туширган ўтган кунларимиз ҳақидаги фильмнинг энг сўнгги, мукаммал нусхасини кўриб, розилигини олиш учун давлат раҳбарининг эътиборига ҳавола этишади.

Фильмда тилга олинган ўша тарихий еттинчи сессия ҳақидаги лавҳаларни кўраркан, Президент экрандаги Шуҳрат Нусратовга кўзи тушиб, бир оғиз: “Бу ҳалиям борми?” деган, холос.

Уни қаманглар ёки йўқ қилинглар демаган. Фақат “Бу ҳалиям борми? Нима иш қилаяпти ҳозир?” деб сўраган. Тамом!

Давлат раҳбарининг шу биргина сўзи унинг тинч ва сокин ҳаётини заҳар ва заққумга айлантирди”.

Албатта, кучишлатар идоралар собиқ депутатни қамаркан, “унинг 20 йил бурунги нутқи учун” деб айта олмаган. Шу боис унинг кейинги тижорий фаолиятидан “айб” топиб, журналист далолат қилишича, “Молиявий ишкалликлар боис ҳибсга олишган”.

Мақола гарчи собиқ депутат Шуҳрат Нусратовга қилинган адолатсизликка қарши исёндек кўринса-да, иккинчи кўчирма мазмунидан президент шаъни қаттиқ туриб оқланаётгани англашилади.

 “Қаманглар!” демаган, “Бу ҳалиям борми? Нима иш қиляпти ҳозир?” деб сўраган холос”, деяпти.

Айб салла опке деса калла опкеладиган ташкилотларда, деяпти.

“Агар Ислом Каримов ўзига бир пайтлар ўша оташин сўзларни айтиб, қайсидир маънода шаккоклик қилган Шуҳрат аканинг қамалганини эшитса, ўша заҳотиёқ уни озод қилишга кўрсатма беришига ва уни ҳибсга олганларни жазолашига ишонаман”, деяпти.

Президент бу собиқ депутатнинг орадан 20 йил ўтиб (2011 йили) қамалиб қолганини билмайди, билса, чиқариб юборган бўларди, деяпти.

Аслида ҳам шундайми?

Бизнингча:

Биринчидан, президент у гапини оқибатни билиб туриб айтган! Яъни, “20 йиллик”ка атаб чиқарилаётган филмда бир пайтлар ўзига қарши қаттиқ айб қўйган собиқ депутатнинг қиёфасини кўрибоқ жазаваси тутиб кетган! Ва: “Ҳали ҳам юрибдими? Нимага қамамадиларинг?!” деган маънода гапирган!

Иккинчидан, майли, билмаган дейлик. Лекин билмагани Ислом Каримовни оқламайди. Мамлакатда президентнинг бир оғиз гапи ё битта ишораси билан бир инсон тақдири тескари ҳал бўлиб кетиши ҳодисаси борлигининг ўзи президент сифатида Ислом Каримовнинг энг катта айбидир!

Учинчидан, Ўзбекистонда президент билмасдан ҳақсиз қамалиб кетган яна қанчадан-қанча инсон бор! Таниқли киши ҳақсиз қамалганини президент билиб қолса уни қутқариб олса, унда таниқсиз минглаб одамнинг тақдири нима бўлади? Улар ётаверадими қамоқхоналарда?

Энг катта ҳақсизлик ва зулм шу нуқтада. Яъни, бировнинг қамалиш ё қамалмаслиги, узоқ йиллардан бери қамоқхоналарда ётиш ё ётмаслиги президентнинг билиш-билмаслигига боғлиқ бўлиб қолган!

Қонун қани?! Кучишлатар идоралар қонун бўйича ишлайдими ўзи?! Президент қонунга риоя этадими?!

Президент “Бу ҳалиям борми?” деганида ҳам собиқ депутат қамалмай қолганида эди, ана ўшанда бу мамлакатда қонун ишлаяпти десак бўларди.

Мавзуимизни очадиган бир мисол бўлгани учун бу машмашага сал кўпроқ тўхталдик. Гап зулм ва қаттиққўллик ҳақида, ҳақли ё ҳақсиз жазо хусусида бораётган эди.

Табиий, мисолда кўрилган жазо очиқ зулмдир. Чунки у ҳақсиздир, адолатсиздир ‒ собиқ депутат (ва яна бошқа жуда кўплаб у каби инсонлар) очиқ жинояти учун эмас, қонунга кўра эмас, бир кишининг кайфиятига қараб қамоққа ташланди!

Қонунга мувофиқ белгиланган жазогина ҳақли бўлади, зулмга кирмайди. Асос этиб қонунни ушлаш қаттиққўлликка киради.

Мен қаттиққўллик томонидаман, асло зулм томонида эмас!

Сиёсат икки нарсага ‒ меҳрга ва кучга таянади. “Куч адолатдадир” (Амир Темур). Бу дегани, сиёсат адолат билан кучли, деганидир.

Адолат билимга таянади. Билимсиз адолат бўлмайди. Адолатсиз куч ёввойидир.

Меҳрсиз ва кучсиз сиёсат касалдир, чалажондир, орқаси кесикдир.

Демак, ҳамма нарсанинг тагида бўлганидек, сиёсатнинг тагида ҳам билим ётади. Сиёсат билимга таянмас, билим асосида юритилмас экан, у сиёсат адолатсиздир, меҳрсиздир, кучсиздир.

Мен адолат, меҳр, куч ва билим томонидаман, асло зулм томонида эмас.

Аммо адолатни талаб қилиш осон, адолатга чидаш қийин.

Адолат ҳар кимга хоҳлаганини бериш (яъни, ҳамманинг кўнглини олиш)гина эмас. Адолат энг олдин ҳалолликни, интизомни, бурчни, тўғриликни ўртага қўяди ва талаб этади.

Адолатда лаззат бўлганидек, жабр ҳам бор.

Адолат нафақат беради, олади ҳам.

Адолат шахсга берган мутлақ ҳуқуқдан бир бўлагини жамият манфаати ҳисобига қайтиб олиб қўяди. Бу маънода адолат ҳатто шу адолат истовчиларнинг ўзига-да ёқмаслиги мумкин.

Булардан ташқари, адолат ўртани (жамият ва давлат ҳаётини) тинч ва осойишта ушлаб туриш учун қаттиққўлликни ва жазони тақозо этади. Камдан-кам одам ўзини айблайди ва жазони тўғри қабул қилади. Ҳатто адолатли жазо кўпинча одамга ёқмайди, уни ўз қаричи билан ўлчайди ва адолатсизлик деб ўйлайди.

Адолатни талаб қилиш осон, адолатга чидаб яшаш қийинлиги шундан.

Адолат бир томонда  эмас, ўртададир. Адолат тарозининг палласи эмас, ўртаси – шайинидир. Чунки палла бирига амал, иккинчисига қонун қўйиладиган икки идишдир, холос. Паллани ҳар ким ўз фойдасига оғдириб олмаслиги учун тарозининг ипи ҳеч бир томонга боғлиқ бўлмаган, барча томонни бирдай кўрадиган, томонлар торлигини ташлаб, адолат кенгликларини қатъий тутган зот қўлида бўлиши керак.

Бу зот Оллоҳ таолодир, албатта. Бу тарози Унинг динидир. Салгина оғишни ҳам кўрсатадиган даражадаги ҳассос шайин Унинг шариатидир. Ким тарози палласини ўзи томонига зиғирча оғдириб олмоқчи бўлса, сезгир шайин унинг ниятини дарров билдиради: “Ҳой, сен хато қиляпсан!” деб қайтаради. Нариги томоннинг ҳақини ҳам ҳимоя қилади.

Биз зулмни инкор этиб, адолат истар эканмиз, орзу қилганимиз ўша адолатни ўзимиз ўрната оламизми? Оллоҳ насиб этиб, ўрнатсак, ўзимиз у адолатга том чидаб яшаб кета оламизми?

Бу доимий саволлар бир давр тугаб, ўрнига келадиган, келаётган иккинчи даврнинг саволларидир. Жавоби ўшанда – иккинчи давр келиб бўлганида чиқади…

Битди.
2011 йил эрта баҳори – 2013 йил эрта баҳори.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com
Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort