Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Жаҳолатга қарши маърифат билан кураш

Жаҳолатга қарши маърифат билан кураш
15 Ağustos 2016 - 7:00 'да юкланди ва 1716 марта ўқилди.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(100-қисм)

Сўнг

“Бир инсон, бир халқ ва бир мамлакат қисмати ҳақида сиёсий-ижтимоий рўман” деб атаганим ушбу китоб узоқ йиллик кузатишларим, оғриқли ўйларим маҳсулидир. То 2011 йил эрта баҳоригача хаёлимнинг икир-чикир токчаларида бир-бирига боғланолмай сочилиб ётган эди, Бош вазирнинг бачкана ташаббуси – “мустақиллик”нинг йигирма йиллигига йигирма тупдан кўчат ўтқазиш чақириғи туртки бериб китобга шакл топилди; тарқоқликдан тайинли бир қолипга кирди.

Мўлжалимда “мустақиллик”нинг йигирма йиллиги (2011 йил 1 сентабири)гача битиши керак эди, лекин ўйлаганимдан секин ёзилди. Дард оғирлигидан баёни ҳам секин ва оғир кечди.

Битганидан кейин ҳам қайта-қайта таҳрир жараёнида орада юз берган янги воқеалар гоҳ изоҳ кўринишида, гоҳ тўлдирувчи мулоҳазалар ўлароқ тегишли ўринларга қистириб кетилди.

Биламан, бу китобда ҳали ҳамма гап айтилмади. Ёзса арзийдиган яна кўп гап борлиги, мавзу бу ёзилганлар билан тугамагани аниқ.

Лекин, бир ёндан, “Йигирма туп кўчат” шакли қўлимни боғлаган бўлса, иккинчи ёндан, менимча, муайян бир давр тўғрисида тасаввур беришга шунинг ўзи ҳам етади.

Гапни чўзган билан муаммо чўзилиб қолмайди. Қайтага ўқувчи зерикиб қолиши мумкин.

“Кириш”да алоҳида таъкидлаганимдек, балки яна бошқалар бундан бошқа мавзуларни бундан кўра яхшироқ қилиб ёзар, биримизнинг камчилигимизни иккинчимиз тўлдирармиз.

Сиёсат ва иқтисод билағонлари, ижтимоий фанлар олимлари, ҳар бир онгли, ватанпарвар, юраги юрт қайғусида ёнадиган кишилар бу мураккаб даврни ҳали бот-бот таҳлил қилишади деб ўйлайман.

Чунки собиқ СССРда бошланган қайта қуриш давридан то илк президент даври охиригача бўлган палла, истаймизми-йўқми, мамлакат ҳаётининг жуда муҳим палласидир. Бу оралиқда эришилган ютуқлар ҳам, йўл қўйилган камчиликлар ҳам келгуси ҳаётимиз қандай кечишига таъсирини ўтказади, албатта.

 Ютуқлар ибратли из қолдирган бўлса, хатолар юрагимизда аламли яралар қолдирди.

Бу даврни жиддий ўрганиш, ундан холис хулосалар чиқариш келгусида бу каби аламли хатоларга йўл қўймасликка, тажрибалардан фойдалисини олиб, зарарлисини ташлашимизга ёрдам беради. Мустақил миллий юксалиш йўлимизни топиб, уни қуришимиз қулайлашади.

Энди бир маҳрам гап.

Бу асарим битганидан то эълон этаётганим шу кунларгача ўзим ишонган, фикрларини ҳурмат қиладиганим анча-мунча кишига ўқитдим. Улар ёзувчи, адабиётшунос олим, давлат арбоби, диний уламо, талаба, ношир, тадбиркор ва оддий одамлардир. Ҳар хил тоифа кишиларга ўқитиб кўришимдан мурод – жамиятнинг катта қатламини қамраб ололмасам-да, ҳеч бўлмаганда бир бўлагининг фикрини ўзимча олдиндан ўргангим келди.

Муносабатлар қандай бўлди?

  1. Ўқиганлардан ҳеч ким бу ерда ёзилганларни ёлғон демади.
  2. Ҳеч бири ҳеч қайси нуқтага жиддий эътироз билдирмади.

III. Айримлар, эълон қилмай туринг, жонингизга жабр бўлади, деди.

Билдирилган мулоҳазалардан айримлари булардир:

  1. Дин олимларимиздан бири ёзилганларнинг ҳаммаси тўғрилигини тан олди, лекин оқимлар тилга олинган жойларда уларни танқид қилмагансиз, деди. Бундай мулоҳаза туғилишини ўзим ҳам билардим. Лекин мавзу у оқимлар ҳақида эмас, улар танлаган йўлга диний ё сиёсий баҳо бериш китобнинг мақсадига кирмаган, улар давлатнинг “16 феврал”га тегишли айблови муносабати билан эсланган, холос. Шундай бўлса ҳам матнда “йўллари қандайлигидан қатъи назар”, “усулларининг тўғри ёки хатолиги бошқа масала” каби иборалар билан бу ҳақда турли қарашлар борлигига ҳамда муаллиф ўзини улардан ажратаётганига очиқ-равшан ишора қилинган.
  2. Дин олимларимиздан яна бирининг мулоҳазаларини, афсус, турли сабабларга кўра, ўзидан тўлиқ ололмадим. Биров орқали “аҳмоқлик” деган бир муносабатнигина эшитдим.

Лекин у киши бу сўз билан нимани назарда тутганини – мамлакатда бўлган ва бўлаётган бу ишлар аҳмоқликми; уларни содир этаётган шахснинг иши аҳмоқликми; уларни тилга олиш-ёзиш аҳмоқликми; у олим акамизга ўқишга берганим аҳмоқликми; ёки жамоатчиликка эълон этишни мўлжаллаётганим аҳмоқликми… эканини ҳозирча аниқлай олмадим.

Нимани назарда тутиб бундай деганини тахмин қилиб турибман, аммо тахмингагина суяниб муносабат билдиргим келмаяпти.

  1. Бир ёзувчи акамиз ва бир адабиётшунос укамиздан: “Хатларда улуғ шоирларимиздан бирини аяброқ ёзибсиз, иккинчисини аямабсиз”, деган юмшоқроқ эътироз бўлди. Менинг назаримда, бу ерда айирмачилик ҳам, ҳурматсизлик ҳам йўқ. Бу хил муносабат мамлакатда кечаётган жараёнларда улар ўзларини қандай тутганларига қараб туғилди.
  2. “Менимча, яна битта кўчатга жой топиб, умумий сони йигирма битта бўлиб кетса ҳам, президентнинг ўзига алоҳида мурожаат-хат битиш керак”, деган фикр ҳам айтилди.

Тўғрига ўхшади. Ёзмоқчи ҳам бўлдим. Қарасам, ёзилган гапларни яна такрорлашимга, ниятимни тушунтиришимга қараб кетаркан. Ўйладим: ахир, ушбу китобнинг ўзи бошдан-охир президентга мурожаат-хат эмасми? Бунда айрим киноялар чегарадан ошган ва ё шахсига тегиб кетаётгандай туюлса-да, аслида ундай эмаслиги, фақат юрт қайғусида ёзилгани кундай равшан. Ҳатто, тўғри қабул қилинса, ушбу китоб энг кўп президентнинг фойдасини кўзлаб ёзилгани билинади.

Шуларни ўйлаб, алоҳида хат битмадим.

  1. Номи чиққан бир ёзувчи укамиз бошқа мулоҳазалари қаторида: “Ҳаммамиз биладиган гаплар…” деди.

Буни у меҳнатимни ерга уриш маъносида айтмади, асарнинг аҳамиятини билди, керагича мақтади ҳам, аммо-лекин кўнглининг бир четида турган ҳақиқат ҳам ихтиёрсиз равишда оғзидан чиқиб кетди: “Ҳаммамиз биладиган гаплар…”

Гап шунда-да! Бирон гапни ҳаводан олиб ёзмадим ‒ бу асарда тилга олинган воқеалар ҳаммамизнинг кўзимиз ўнгида содир бўлган ва бўляпти! Ҳаммамиз кўриб турибмиз, ҳаммамиз биламиз…

Лекин… лекин…

Гап шунда-да!

  1. Бир журналист укамиз асарни ўқиб чиққач оғриқли бир еримга тегиб кетди: “Шунча йил диний соҳада ишладингиз, бир журнал ва бир нашриётнинг бошлиғи бўлдингиз, давлатнинг динга қилган ва қилаётган зуғумларини ичидан кўриб-билиб туриб нимага ўз вақтида бонг урмадингиз?!” деб қолди.

Савол ўта жиддий бўлгани учун унга сал кенгроқ изоҳ бермасам бўлмайди.

Тўғри, мен ўтган аср 91 ‒ 93-йиллари (Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф муфтилик қилган даврда) ҳам Диний идоранинг “Мовароуннаҳр” нашриётида бош муҳаррир бўлиб ишлаганман. Сўнг 1999 йил июлидан “Ҳидоят” жўрнолини ташкил этиб то 2013 йил декабри охиригача бош муҳаррирлик қилдим. Орада 2010 йил августидан жўрнол ва газет “Мовароуннаҳр” таркибига қўшиб юборилгач, то ишдан бўшагунимча нашриётни ҳам бошқардим.

Хуллас, ҳаммаси бўлиб 16,5 (ўн олти ярим) йил диний соҳада ишлабман. Бу орада кўплаб китобларга муҳаррирлик қилдим. Яна бир қанчасини ўзим таржима этдим. Яхши кишилар билан ишлаш насиб этди. Улардан кўп нарса ўргандим. Унча-мунча илм ҳам олдим. Камчиликларига боқмадим, доим яхшиликларини ўзлаштириш пайида бўлдим.

1999 йили Диний идорага иккинчи кез ишга чақирилганимда холис Оллоҳ учун ишлашни, шахсимга бирон нарса сўрамасликни, нафсимни динга хизмат йўлида қурбон этишни ният қилиб бордим.

Яна бир ниятим фақат мусбат ҳаракат қилиш эди.

Бу нима дегани?

Мисол учун, кимдир давлат номидан динга зуғум қиларкан, мен унга душман деб эмас, жоҳил деб қарадим. Яъни, давлат ташкилотларида ишлайдиганлар ҳам мусулмон боласи, лекин совет таълими таъсирида динини билмайди, билганида бунақа қилмас эди, демак, унга олдин динни билдириш керак, деган мавқени танладим.

“Ҳидоят” жўрноли нишона сонининг Кириш Сўзида мана шу ғоямни ифодаладим. Ва то у ердаги охирги кунимгача шу ниятда қаттиқ турдим.

Девондаги мутасадди бўладими, Диний қўмита раиси ё ўринбосари бўладими, жўрнолга тайёрланган ҳар бир мақола учун ётиғи билан ва чиройли тарзда талашиб-тортишдим, қайтарилганларидан кўпини ишонтириш усулини қўллаб қайтадан тиклатдим, айрим паллаларда муроса ҳам қилдим.

Мана шу жараёнда бир нарсага қайта-қайта иқрор бўлдим: ўртада турган у бечоралар ҳам бор-йўғи бажарувчи, хато асосга қурилган катта тузумнинг бир мурватчаси, холос. Керак бўлса, унинг ўзи ҳам шу хато тузумнинг қурбони.

Ҳол шундай экан, икки қурбон бир-бирига қарши қилич яланғочлашидан фойда борми? Йўқ.

Бунақа вазиятда шахсларга қарши эмас, тузумга қарши курашилади.

Тузум эса, бир-икки раҳбарга бақир-чақир қилган билан ўзгариб қолмайди. Бунга узун замон, улкан тўзим, кенг маърифат ва тинимсиз ҳаракат лозим бўлади.

Шундан чиқиб келиб мен ўзимга кўксидан итариш эмас, бағирга тортиш усулини танладим. Жоҳил одамни баттар жаҳолат ботқоғига ботишини томоша қилмасдан, қўлидан тутиб маърифат қирғоғига чиқариб қўйишни афзал ва тўғри деб билдим. Айниқса, кейинги ўн тўрт ярим йил мана шу мавқеда туриб ишладим. Агар жўрнол саҳифаларида, дейлик, 50 фоиз муроса мақола берилган бўлса, биринчидан, уларни ҳам хиёнат даражасидан зарарсиз даражага келтириб таҳрир қилдим, иккинчидан, зийрак ўқувчи ўзига керакли фикрни жўрнолдаги бошқа холис мақолалардан топиб олишига ишондим.

Бу ишларим индамай юрганга кирмаса керак.

Қолаверса, ушбу китобимни мен ҳали “Мовароуннаҳр” нашриёти бошлиғи (!) бўлиб ишлаб турганимда ёза бошладим ва ўша ерда ёзиб тугатдим. Фақат, турли ички-ташқи сабабларга кўра эълони орқага сурилди, холос.

Сезилган бўлса, ушбу китобимни ҳам мен бошда танлаган усулимга ‒ мусбат ҳаракатга содиқ қолган ҳолда ёздим деб ўйлайман.

Яъни, севимли мамлакатимда узоқ йиллардан бери давом этаётган ҳақсизлик, адолатсизлик ва ёлғонларни халқимга билдириш, зарарли оқибатларидан огоҳлантириш ва бу каби иллатлардан қутулиш йўлларини кўрсатиш усулини ушладим.

Жаҳолатга қарши маърифат билан кураш дейилади бу…

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com
Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort