Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Ватанимга, халқимга озгина таскин, озгина енгиллик соғиндим, холос”

“Ватанимга, халқимга озгина таскин, озгина енгиллик соғиндим, холос”
17 Ağustos 2016 - 7:00 'да юкланди ва 1541 марта ўқилди.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(102-қисм)

Дунёда муаммосиз мамлакат йўқлигини, қийинчиликлар ҳам, қинғирликлар ҳам битта Ўзбекистонга хос эмаслигини биламиз. Аммо бошқа ерлардан Ўзбекистоннинг фарқи ‒ бу ерда муаммолар, қийинчиликлар, қинғирликлар айтилмайди ҳам, айттирилмайди ҳам, халқ уларни кузатиб туриш ва танқид қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилган.

Яъни, давлат халқни энг оддий ҳақ-ҳуқуқларидан ҳам тўсган. Натижада умумга фойдали муҳокамалар ўрнини ҳеч кимга фойдасиз қуруқ мақтовлар эгаллаган, ҳақиқат ўрнига майдонда фақат ёлғон жавлон уради. Халқ кўпи қийналиб кун кўраётган бир пайтда минбарлардан, матбуотдан бутунлай бошқа ‒ “рангли ҳаёт” куйланмоқда. Аҳолининг 70 ‒ 80 фоизи газсиз, чироқсиз яшаяпти-ю, “Бутун дунё Ўзбекистон эришган ютуқлардан ҳайратда!” эмиш.

Хўрлик устига хўрлик. Мамлакат устидан кулиш. Халқ ҳаёти устидан кулиш.

Энг катта айб шу!

Агар бутун дунё ҳайратланаётган бўлса, Ўзбекистондаги бу масхарабозликка ҳайратланяпти! Шунча ўпирилишлар манзарасида уялмай кўпиртирилаётган ёлғонларга ишониб (ишонмаган тақдирда ҳам уларга парво қилмай) яшаб келаётганига ҳайратда! Дунё Ўзбекистонга лол қолаётган бўлса, ботқоқда бурнигача ботиб турган ҳолда ҳам “Муҳтарам президентимизга раҳмат!” дейишларимизга лол қолмоқда!

Одам оғирчиликка чидайди, ёлғонга чидамайди! Шу боис бу ерда “Йўқолсин ёлғон, яшасин тўғрисўзлик!” деган ғоя илгари суриляпти.

Давлат ўзини демократик деб эълон қилган экан, гапида турсин, жамиятга чинакам демократияни берсин, инсон ҳақлари топталмасин, дейиляпти.

Халқимиз рисоладаги бошқа давлатлар халқи каби эмин-эркин яшасин деб орзу қилиняпти.

Сиёсатдаги айрим хатолар кўрсатилар экан, халқнинг орзу-умидига тўғри келадиган тузумни оёққа турғизиш учун ижобий йўл-йўриқлар таклиф этиляпти, холос.

Ҳатто зулмни ҳам яхшилик билан, ўз кучимиз билан тугатишга тарғиб этиляпти. Фақат ўз кучимизга таяниш, ички масалаларимизни ўзимизгина ҳал этишимиз, бунда халқимизнинг тенгсиз ақл-заковатига, тажрибаси ва лаёқатига суяниш энг тўғри йўл экани уқтириляпти.

Буларнинг нимаси ёмон? Нимаси айб? Агар шу азиз ватан чиндан барчамизники бўлса, шу барчанинг биттаси ўлароқ менинг ҳам, сизнинг ҳам, бошқа ватандошларимизнинг ҳам мамлакат ишларини юритишда худди президент каби тўлақонли ҳаққимиз бор ва тақдирига қайғуришга бурчлимиз.

Қатъий ишончимга кўра, бор ички муаммоларимизни фақат ўзимиз ‒ шу азиз юртнинг чинакам эгалари тинчлик-тотувлик билан ҳал этишимиз шарт! Юксалишнинг миллий йўлларини ҳам фақат ўзимиз бирлашиб-биргалашиб ахтаришимиз лозим!

Синчи ўқувчилар сезади: гарчи воқеалар яшаб турган ҳаётимиздан олинган ва ҳозирги президент фаолияти мисолида ёритилган бўлса-да, тагида фақат танқид нияти ётмайди. Яъни, танқид танқид учун эмас, балки:

миллий мафкурамиз қандай бўлиши керак;

миллий ва сиёсий доктринамиз қандай бўлиши лозим;

миллий ўзлигимиз қандай қозонилади;

давлат билан жамият муносабатини қандай асосларга қуриш керак;

ички ва ташқи сиёсатда нима қилса яхши ва нима қилса ёмон;

қонунлар маҳаллий халқларнинг урф-одати, ўзлиги ва орзу-умидларига уйғун бўлиши, миллий ўзига хослик асосида ҳуқуқ ва бурчларини ифодалаши лозим…

каби мағиз масалаларга диққатни қаратиш учундир.

Кейинги йигирма йилда тушиб қолган ҳолатимизни таҳлил ва муҳокама қилар, фикр ва мулоҳазаларимни ўртага ташлар эканман, иккала оёғим билан ҳам шу азиз Ватаним тупроғида турдим. Буюк халқимнинг ва давлатимнинг иродасига, орзу-умидигагина суяндим. Миллий манфаатларимизни бирламчи билиб, кўнглимдагиларни самимий ифода этишга ҳаракат қилдим. Асло ётларга суянмадим, ҳеч бир давлатга орқа қилмадим. Ниятим холис ‒ Оллоҳ таолонинг розилиги бўлди. Халқимга, Ватанимга, Миллатимга, Динимга ва Давлатимга хизматдан бошқа манфаатни кўзламадим. Аслида ҳам бундан бошқа қайғум йўқ.

Бордию ушбу асар боис шахсимга давлатимдан зулм етса, Оллоҳнинг паноҳидан ўзга умидим йўқ. Бирон-бир ёт орачилик хизматини таклиф этган тақдирда ҳам мен унинг хизматини чиройли суратда қайтараман ва:

“Давлатим билан менинг орамга тушма, масаламизни ўзимиз ҳал этиб оламиз, чунки биз биттамиз, орамизда сени сиғдирадиган ора йўқ, менга зулм бўлаётган бўлса, ўзимнинг бир бўлагим зулм қиляпти, бегонанинг орачилигига зормасман!” дейман.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

Ҳа, Оллоҳ насиб этса, шундай дея оламан!

Кимгадир асарда мамлакатимиздаги диний вазиятга кўпроқ диққат қаратиб юборилганга ёки дунёвий вазиятга ҳам дин кўзи билан боқилаётганга ўхшаб туюлиши мумкин.

Бундай бўлиши табиийдир.

Биринчидан, мен бир мусулмон ўлароқ динимни қаттиқ севаман ва, табиий, воқеаларга бир мусулмон ўлароқ қарайман.

Иккинчидан, бугун бир Ўзбекистонда эмас, балки бутун дунё сиёсатида Ислом дини ва мусулмонларга муносабат олдга чиқди. Биз эса асосан мусулмон халқмиз, мамлакатимиз ҳам мусулмон ўлкадир. Бу диёрларда қандай сиёсат юритилмасин, нима иш қилинмасин, у ёки бу тарзда мусулмонлар ҳаётига, диний вазиятга таъсири бўлади.

Бошқача айтганда, Ўзбекистон юритаётган ички ва ташқи ҳар қанақа сиёсат бундан кейин, истаймизми-йўқми, Ислом динига ва мусулмонларга қандай муносабатда бўлинаётгани билан баҳоланади. Шундай экан, давлатнинг динга ва диндорларга муносабати масаласига кўпроқ диққат қаратилгани табиий.

Лекин мен бу асарда бирон-бир ҳодисага дин нуқтаи назарини билдирмадим, ҳеч бир йўсинда соф диний масалани ҳал этишга киришмадим. Зотан унга кучим ҳам етмайди.

Дин иши ниҳоятда ҳассос эканини, бу масалада озгина хато ҳам ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигини биламан. Мен фақат диннинг ижтимоий ҳаётимизда тутган ўрни ва давлатнинг бу соҳада юритаётган сиёсатини таҳлил этишга ҳаракат қилдим. Менга очиқ хато бўлиб туюлган сиёсат туфайли мамлакатимизда вужудга келган қалтис диний вазият борасидагина фикрлар билдирдим. Кўп йиллардан буён ўзим кузатиб келаётган, бошимдан ўтказган ва кўзим билан кўрганларимнигина ёздим.

Соф диний масалаларда эса мен эргашувчиман, холос. Олимларни ҳурмат қиламан, йўл-йўриқларидан ташқари чиқмасликка ҳаракат қиламан.

Шу муносабат ила бир нарсага урғу бермоқчиман: кўксида озгина виждони, кўнглида озгина инсофи бор ҳеч бир кимса мени бирон-бир оқим ёки тариқатга мансубликда айблай олмайди. Чунки мен чиндан ҳам у йўлларнинг ҳеч бирида эмасман. Мен мусулмонлар ҳаётида кейин ўртага чиққан ҳар қандай кичик ва хусусий йўллардан “Ислом” деб аталган катта йўлни устун қўйган бир одамман.

Оллоҳга кўп шукрлар бўлсин, мен Ислом умматиданман, мусулмонман – шу биргина сифат менга етади. Биргина мусулмонлик сифатимни ҳар қанақа “…ий” ва “…чи”лардан баланд кўраман. Ҳар қандай виждон менинг бу тутган ўринимни тан олади ва бунинг тескарисини туҳмат қилмайди деб ўйлайман.

Ёзганларим шахсий мулоҳазаларимдир ва мен бунда Ватанимга, халқимга озгина таскин, озгина енгиллик соғиндим, холос.

Яратгандан бу китобимни халқимизга фойдали қилишини, билиб-билмай йўл қўйган камчиликларимни кечиришини, савобини кўпайтириб беришини умид қиламан.

2013 ‒ 2014
Фикр-мулоҳазалар учун олдиндан раҳмат.
Эл.почта қутим:  nurulloh.uzb@gmail.com

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com

(Тугади)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар