Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Унинг ўлганига суюнманглар

Унинг ўлганига суюнманглар
30 Ağustos 2016 - 1:18 'да юкланди ва 840 марта ўқилди.

mustaql2(1)Мустақиллик эълон қилинган кундан буён Ўзбекистонда битта муаммо суяк суриб келяпди. Яъни президент Ислом Абдиғаниевич Каримов муаммоси… Тириги бир муаммо бўлган бу дардисарнинг ўлиги халқ учун минг муаммо туғдиради ҳали. Аммо, бу даҳшатли муаммони енгиб ўтиб, сўнгра текис ва равон кўчаларга чиқиш мумкин. Бизнинг олдимизда бошқа йўлнинг ўзи йўқ.

У 27 йил давомида келтириб чиқарган асоратлар, нафақат Ўзбекистонни, бутун Марказий Осиё Республикаларини издан чиқариш учун етиб ортади.

Унинг шарпаси ёвуз руҳ сингари Ўзбекистонни бир неча йиллар таъқиб қилади.

Бу «Муаммо» Марказий Осиёда Яқин Шарқ фожиасини келтириб чиқармасдан олдин унга қарши минтақадаги соғлом кучлар бир мақсад йўлида бир жабҳага бирлашмоқлари лозим.

Ўзбекистон Ироқ, Сурия каби боши берк кўчага кириб қолса, бутун минтақани хароб қилади.

Туркистон келажагини асраб қолмоқ учун биринчи галда, ўзбекистонликлар кўпроқ жон куйдирмоқлари лозим.

Миллатнинг бой-камбағал, зиёли-оми қатламлари бир муштга айланиб, бир ёқадан бош чиқазсалар, муаммода ечимини топмоқдан ўзга чора қолмайди.

Ўйлаб, ақл билан маслаҳатли амалга оширилган ҳар қанақа иш фаровонликка ва тараққиётга бошлайди. Ақлсизлик ва шошма-шошарлик – беқарорлик ва офатларга сабаб бўлади.

Ватан – ҳамма учун Ватандир!

Ўлкамизнинг абгор бир аҳволга тушиб қолишида, ҳар биттамизнинг ўзимизга яраша айбимиз бор. Унинг тўғри йўлга кириб, тараққиётга эришишида ҳам ҳар бир фуқаро қурби етгунча фаол иштирок этиши зарур! Бу учун мамлакатда мўътадил қонунлар ва адолатли бошқарув тизими устивор бўлмоғи лозим.

Ишни адолатли сайловлардан бошлаш керак. Мамлакат ичкарисидаги иқтидордаги кучлар мамлакатдан ташқаридаги мухолиф кучларга бу сайловларда қатнашмоқлари учун имкон беришлари зарур. Бўлмаса, эски тос эски ҳаммом, ҳаммаси аввалгидек давом этаверади…

Каримов режими биргина мухолифатни мажруҳ қилгани йўқ, бутун бошли ўзбек миллатини мажруҳ қилди. Юраги душманлар отган заҳарли ўқлардан пора-пора бўлган тани асрлар асносида заҳмлардан ачишиб, қаддини ростлай олмай ингранаётган – бутун Ўрта Осиё Республикаларининг олтин бешиги бўлмиш, Ота Туркистонни мажруҳ қилди…

Мухолифат – миллат томирида тоза қон айланиши, баҳс ва мунозараларда ўлканинг ҳар бир аъзоси чиниқиб, юраги аниқ ва соғлом тепиши учун зарур. Мухолифат – жамиятнинг бир бутунлигини ташкил қилиб турган аъзоларни ҳаракатга келтирувчи қувват манбайи демакдир. Мухолифати йўқ жамият – қўл-оёғи мажруҳ, вужуди тўшакка михланиб ҳаракатдан қолган хаста каби ночордир.

Ўзини мухолиф санаган ҳар бир одам, буни англамас экан, у мухолиф эмас. У авантюрист ёхуд сиёсий фирибгардир.

Бунга тарихда жуда кўп мисоллар бор. Уларнинг энг сўнггиларидан ва энг ашаддийларидан биттаси – Ўзбекистон президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов эканлигига бугун бутун дунё гувоҳ бўлиб турипди.

Қонунларни оёқости қилмаганда эди, унинг халқ ардоғидаги собиқ ва демократ президент бўлганига йиллар кечарди. У бугунги кундаги сингари миллатнинг энг катта душманига эмас, мамлакатнинг миллий қаҳрамони – янги ўзбек давлатчилигининг асосчисига айланарди.

У куракда турмайдиган тутриқсиз ҳаракатлари билан умрини беҳуда ишларга сарфлади. Фаолиятини  ўзбек зиёлиларининг шахс бўлиб шаклланишига бағишламади.

Мухолифатни шакллантирмади. Миллатга етишмай турган сифатларни у шу шаклда ўз ҳукумати билан ишлаб чиқиб, қанотлари қийилган ўлкага янги бир ҳаёт бахш этолса эди, у ҳақиқий ғалаба нашидасини сурарди. Гувоҳи бўлиб турганингиздай умрининг поёнида шармисор бўлмасди.

Бугунги кунлардаги каби оиласи бахтсизлигини эпсизлиги орқасидан таъминламасди. Ўлим ва тафтсиз совуқ бир ҳаёт ўртасида, шохи синган қари қўтосдек, кўзлари ғазаб қонига тўлган арслонлар, ўзига ўхшаш шоғол-тулкилар орасида – яъни мухолифат ва душманлари ўртасида, у ҳеч қачон тириклигида ҳам ўлганида ҳам хом талош бўлмасди.

Бадном бўлмасди, бутун халқнинг қарғишига – тул қолган ўн минглаган ўзбек аёллари ва отасиз ўсаётган милёнлаган ўзбек етимларининг гуноҳи учун вақти соати етиб, икки дунёда ҳам жавоб бермасди. Ҳар сафар жиноятларини хаспўшлаш учун атрофидаги яқинларини қурбон беришга ҳожат қолмасди.

Исмат Хушев айтганидек: “Ислом Каримов ҳокимиятга келган тўқсонинчи йиллар бошида – бир муддат мухолифат билан ҳамкорлик қилишга ҳаракат қилди. Лекин бу узоққа чўзилмади. Буни мухолифат истамади эмас, аксинча Каримов ўз феълу хўйлига кўра мухолифатга тоқат қиладиган одам эмас эди…”

“Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, унинг ўзи табиатан асли мухолиф характерли одам эди.

Бу шу маънодаки, у ўзи ҳамиша ўзини мавжуд тузимга нисбатан мухолиф фикрли қилиб кўрсатишга уринар ва буни қайсидир маънода қойилмақом қилиб эпларди ҳам”.

Ҳа, у ҳақиқий шайтон эди. Унинг бир умр дили бошқа, тили бошқа бир одам бўлиб келгани, буни бугун тўлиқ исбот этади. Мансаб ва мақсади йўлида у ҳеч қачон ҳеч нарсадан тоймади.

Ёлғон гапириш, иғво, одамларни бир-бирига қайраш, унинг сиёсий услуби эди.

Яна Исмат Хушев айтгани каби: “Минфинда министр ва ё Қашқадарёда обкомнинг биринчи секретари бўлганида бирга ишлаганлар яхши билишади. Ислом Каримов ҳамиша мавжуд тузумга нисбатан норози қиёфада бўлган ёки ўзин атай шундай қилиб кўрсатган бўлиши мумкин”.

Ҳа, у ўзини атай шундай қилиб кўрсатган.

Бугун буни исботлашга ҳожат қолмади. Вақт ҳаммасини жой-жойига қўйди. Кимнинг ким эканлиги, ҳаммага аён бўлиб қолди. Унинг нияти ҳамиша янада юқори мансаб пиллапояларини эгаллаш, тузумни зулм билан бошқаришга қаратилган эди.

Мол-дунё у учун аввал бошдан иккинчи даражали бўлиб келган. “Аввал иқтисод, кейин сиёсат” деган, у томондан ҳар кун минг марта айтиладиган гаплар ҳаммани чалғитиш учун айтилган.

Унинг коммунист сифатида, иқтисодда шундан ортиқ нарсани билмаслигини ҳам хаёлдан соқит қилиб бўлмайди. Халқнинг дарди, орзу-армонлари уни ҳеч қачон қизиқтирмагани ҳам ҳақиқат. Зарур бўлганда, улардан ўзининг ёвуз манфаатлари учун фойдаланаб келади, холос…

Ҳа, у бутун фаолияти давомида, қилиниши лозим бўлган ишларнинг тамоман тескарисини амалга оширди. Жамиятни турғунликка маҳкум қилиш учун у қўлидан келган барча ёмон амалларни ўзига дастуруламал қилиб олди.

Эргаш Сулаймон  

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар