Ғоба ғазоти

Ғоба ғазоти
56 views
29 August 2016 - 8:27

nabiy-2Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 80

(давоми)

ҒОБА ҒАЗОТИ

Ҳижрат тарихининг олтинчи йили эрдиким, бу воқеа бўлди.

Бунинг сабаби Мадинадан бир кунлик Ғоба деган жойда боқилаётган Расулуллоҳнинг йигирмата янги туққан сутлик туялари бор эди. Саҳобалардан Ҳазрати Абу Зар оиласи ила уларга боқмачилик қилар эдилар. Физор қабиласининг раиси Уяйна ибн Ҳисн бошлиқ қирқ отлик босмачилар келишиб, бу туяларни ҳайдаб олиб кетишди. Бу хабар Расулуллоҳга етиши билан дарҳол беш юз аскар олиб чиқдилар. Ансор саҳобалари ичида Салама ибн Акваъ деган бир мерган киши бор эди. Агар яёв бўлиб югурса, унга отлиқ одам ета олмас эди. Душман ортидан қувиб етишга уни буюрдилар.

Расулуллоҳ айтганларидек оёқ уза чопиб-ўлтириб, душманга етиб борди. Тоғнинг қисиқ жойларида олдиларидан тўсиб, ўққа тутар эди, отган ўқи янгилмағонликдан пиёда, отлиқ ҳеч кимарса мунинг яқинига йўламас эди. Тоғнинг ғор жойларига келганда душманни олға юргизмасдан, аларга кўп тўсқинлик кўрсатар эди. Шу тўғридан душманлар кўп узоққа кета олмадилар.

Унгачалик орқадан қувишиб чиққан аскарлар етишиб келди. Отлиқлардан энг олдин келган Абу Қатода билан Миқдод ибн Асвад эдилар. Икки орада чорпишма бўлиб, ўғрилардан икки киши ўлдирилиб, мўминлардан бир киши шаҳид бўлди. Бир мунча оғирлик нарсаларни ташлашиб, олган туяларини ярмини қолдириб қочдилар. Бунинг устига Расулуллоҳ ҳам қолган аскарлар билан етиб келдилар. Анда Салама, ибн Акваъ:

— Ё Расулаллоҳ, душман қўрқинч ҳолга тушиб қолди. Агар булар ортидан юз киши билан мени юборур бўлсангиз, бутун молларини ҳайдаб, ўзларини бўйинларидан бойлаб олдингизга келтирур эдим, — деди.

Анда Расулуллоҳ айтдилар:

— Душманни енгдинг эрса, энди яхшилик қил. Қочган душманни қувламоқ кўп яхши иш эмасдур.

Яна бу воқеада бир мўжизалик қисса ҳам ўтмиш эди. Шундоқки, бир куни ҳазрати Абу Зар Расулуллоҳ олдиларига келиб:

— Ё Расулуллоҳ, Ғоба ўтлоғидаги сутлик соғин туяларингизга мени боқувчи қилиб қўйинг, уларнинг сутларидан фойдаланиб турайлик, — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Физор қабиласининг раиси Уяйна ибн Ҳисн аҳмоқ одамдур. У сенга бир зиён етказиб қўядими деб қўрқаман, — дедилар.

Яна бир кун Расулуллоҳ олдиларига келиб: «Шу хизматга мени юборинг», деб қаттиқроқ талаб қўйди.

— Абу Зар, шу ишни қўйгин, ўғлинг ўлдирилгудек, хотининг асирга олингудек, асоингга суяниб, ўзинг олдимга келгудек бўлиб, кўзимга кўринурсан, — дедилар.

Шунчалик сўзларини эшитиб туриб, яна сўраган эди, бу йўли индамасдан жавоб бердилар. Сўнгра Абу Зар оиласи билан кўчиб бориб, бир неча кун туялар устида боқмачилик қилиб ўлтирди. Физор қабиласининг босмачилари буни эшитдилар. Расулуллоҳ деганларидек, раислари Уяйна ибн Ҳисн қирқ киши билан келиб, Абу Зарни босди, қаршилик кўрсатган ўғлини ўлдирди, хотинини асир олдилар. Мол-жонидан айрилиб, нима қилишини била олмай, асога суянган ҳолда Пайғамбаримиз олдиларига келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима деган бўлсалар, худди шундай бўлди. Бу ҳам бўлса, Расулуллоҳнинг мўжизалари эди.

Бу воқеа бўлиб ўтгандан сўнгра ҳазрати Абу Зар бу ишга ҳайрон қолиб, айтур эди:

«Кўргулик кўзимни боғламиш экан, йўқ эса, бу ишдан мени Расулуллоҳ неча йўл қайтармиш эдилар. Унга унамасдан кўргилигимни ўзим келтирдим».

Аммо Абу Зарнинг хотинини эса душманлар бир қанча кун асирликда тутдилар. Бир кеча пайт топиб, ярим тунда туялар ўтлоғига келди, қайси туяни тутмоқчи бўлса, «бооф» деб бақирур эди. Охири бир туянинг олдига келиб, уни ушлаб эди бақирмасдан тек турди.

Қараса, Расулуллоҳнинг Азбо отли туялари экан. Ўғрилар олиб қочган туялар ичида буни ҳам келтирмиш эдилар.

Хотин дарҳол бунинг устига ўзини олиб, чоптириб қочди. Душманлар хабар топгандан кейин, орқасидан қувлаб чиққан бўлсалар ҳам, унга етолмай қайтдилар. Чунки у неча пойгаларда ўзиб чиққан югурук туя эди. Шунинг билан саломат Мадинага келгач, хотин Расулуллоҳ олдиларига келиб:

— Ё Расулуллоҳ, шу туя устида саломат қутулсам, муни сўйиб Худо йўлида қурбон қилайин деб атаб эдим, — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Бу қандай ёмон ишдур, Аллоҳ сени мунинг устида душмандан қутқазган бўлса, яна уни бўғизлаб ўлдирмоқчи бўлибсан. Гуноҳ ишга назр айтмоқ дуруст эмас. Ўзи эга бўлмаган бировнинг молини қурбонлик қилиш йўқдур, бу туя эса менинг молимдур. Энди ўз уйингга қайтгил. Аллоҳ барака берсин, — дедилар.

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам бу ғазотдан Мадинага қайтиб келгач:

«Яёвларимизнинг яхшиси Абу Салама, отлиқларимизнинг яхшиси Абу Қатода экан», дедилар. Чунки бул икковлари Расулуллоҳга ёқарлик даражада бу ғазотда иш кўрсатдилар.

(давоми бор)