Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

«Қисқача умумий жўғрофия»

«Қисқача умумий жўғрофия»
26 Ağustos 2016 - 8:15 'да юкланди ва 1496 марта ўқилди.

unnamed (10)Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

КАРВОНБОШИ
(5)

Беҳбудий бир қатор дарсликлар ёзди. ЎзСЭ даги «Беҳбудий» мақоласи муаллифи марҳум О. Қосимов адибнинг 6 та дарслигини қайд этади: «Мунтахаби жуғрофияи умумий» («Қисқача умумий география»), «Китобат ул-атфол» («Болалар мактублари»), «Мухтасари тарихи ислом» («Исломнинг қисқача тарихи»), «Мадхали жуғрофияи умроний» («Аҳоли географиясига кириш»), «Мухтасар жуғрофияи Русий» («Русиянинг қисқача географияси»).

Шулардан биттасига — «Мунтахаби жуғрофияи умумий»га тўхтаймиз. Асарнинг тўла номи «Китоби мунтахаби жуғрофияи умумий ва намунаи жуғрофия». 1905 йил 24 августда Санкт-Петербург цензурасидан рухсат олиниб, 1906 йил Самарқандда Г. И. Демуров матбаасида чоп этилган. 106 саҳифадан ташкил топган. Муаллиф бу «қадим фан»га тааллуқли «туркий, арабий, форсий, русий луғатларга тасниф бўлган ўттуз қадар қадим ва жадид кутуб ва рисоили жуғрофия, ҳайъати риёзий, тарихий, табиий»лардан ва яна жуда кўп турли-туман маълумот — манбалардан фойдаланиб ёзганини қайд қилади (1-бет).

«Жуғрофия деган сўз юноний, луғати арабийға таърифи ард маъносиға, яъни ер ва туфроқни баён қилатурғон илмни айтилур», — изоҳ беради муаллиф. Сўнг Беҳбудий унинг турларига тўхтайди. «Чунончи, — ёзади у, — Ерни шаклдан, осмон ила Ер аросидаги хосияти ва осмондаги нимарсалар ила нисбати ва ҳаракатидан баён қилатурғон илмни “жуғрофияи риёзий”, Ерни хосияти, туфроқ пасту баландлиги, ҳар хил гиёҳу конлари, тоғ-дарё, кўл, мижозу ҳавосидин баҳс қилатурғон илмни “жуғрофияи табиий” аталадур».

Муаллиф хулоса қилади: «Ер устиға бўлган воқеалар тўғрисинда ҳар бир навъ ишни ушбу илмға баён қилиб, жуғрофия калимасини охирига ўшал ишга тааллуқ илм ва фанни оти қўшуладур. Чунончи, “жуғрофияи тарихий”, “жуғрофияи сиёсий”, “жуғрофияи умроний” ва бошқаларидек. Хулоса, бу замонға жуғрофия илми дунёни ва андаги халойиқ, ҳайвонот, умронот (ободлик) ва ҳарнаки дунёға бордур, билдиратурғон кераклик бир илми жаҳоннамодур».

Китобнинг дастлабки саҳифаларида жуғрофиянинг фан сифатида майдонга келиш тарихи, қадим Туркистон олимларининг бу соҳадаги хизматлари ёритилади, асарлари келтирилади. Муаллиф Шамсиддинбек Сомийнинг (1850—1904) 6 жилдлик машҳур «Қомус ул-аълом» ва Исмоилбек Гаспринскийнинг Туркистон уламоси китобларидаги ҳужжат ва далилларга суяниб фикр юритган.

Бобларнинг бири «Жуғрофияни ўқумоқ мусулмонларға лозимдур» деб аталган. Унда Ер ҳақидаги хурофий тушунчалар танқид қилинган. Чунончи:

«Аммо ҳозирги жуғрофия илми, тажриба ва рўяти бошлариндан билинадурки, Ер курравий—юмалоқ, остиға ҳўкуз, балиғ йўқ, атрофиға девори йўқ ва Ер айланадур, ҳавоға муаллақ турадур. Бизни назаримизға сокин ва аммо ҳақиқатда айланадур» (14-бет).

«Эски ва янги донишмандлар» фаслида қадим Батлимус (Птоломей)дан қолган геоцентризм ва унга қарама-қарши гелиоцентризм ҳақида гап кетади. Илми ҳайъатдаги «сабъайи сайёр», «тўққуз осмон» иборалари изоҳланади.

«Аҳли ҳайъати жадида, яъни янги ҳукамолар айтадурки, Офтоб дунёни ўртасиға халқ бўлубдурки, Аторуддан бошлаб қадима беш сайёра ва янги топилган икки сайёра ва кўз ила кўрилмай, янгидан дурбин ила топилган уч юзга яқин сайёралар ва буларни ичиға биз устида турғон Еримиз Офтобни атрофиға ҳар бири ўзиға тегишли доира айланасиға айланиб юрадурлар. Еримиз Офтобға нисбатан учланчи сайёра— юргувчи юлдуздур! Югурувчиюлдузларни ҳаммаси бенур ва ёруғликни офтобдан оладур» (22-бет),— ўқиймиз китобда.

Муаллиф, шу тариқа, жуда содда қилиб осмон жисмларининг жойлашиш ва ҳаракатини тушунтириб беради. Буларнинг айримлари Қуръон ва Ҳадис хабарига рост келмаслигини ҳам айтади. Шунга қарамасдан «Янги ҳукамолар осмондаги юлдузларни аҳволидин эскилардин кўра яхшироқ огоҳ бўлубтурлар», — деб ёзади. Чунончи, Ой, Миррих (Марс) ҳақидаги замондошлари маълумотларини жамлаб ва уларнинг қадим ҳукамога насиб этмаган аниҳ ва пухта замонавий асбоблар ёрдамида тўпланганини таъкидлаб, «…ҳукм қиладурларки, албатта, Миррихда одам бор ва илми бизлардан зиёдадур!» деган фикрни илгари суради.

«Бизни Еримиздек бошқа юлдузларда одам бўлса, бизни Еримизни ҳам юлдуздек ёруғ кўрмоқлари тайиндур», — ўқиймиз яна бир ўринда. «Олами шамсия жадвали»да Аторуд, Зуҳра, Ер, Ой, Миррих, Муштарий, Зуҳал, Уран, Нептун сайёраларининг Қуёшга нисбатан жойлашган ўрни, масофаси, ҳаракати ва ҳоказо ҳақида муҳим маълумотлар берилган. «Ерни шакллари», «Ҳукамо қавлича, Ерни(нг) юмалоқлиги аломатлари» фаслларида муаллифнинг ўз кузатишлари кўпроқ сезилади. Ушбу фаслларга Петербург, Тошкент вақти дунёнинг бошқа шаҳарларига қиёсан берилган 2 жадвал илова қилинган.

Ернинг тузилиши, тоғлар, дарёлар, кўллар, қуруқлик, Ой тутилиши, қуйруқлик юлдузлар, ҳаво, атмосфера, кун-тун, ёз, қиш, тупроқ, сув ҳолатлари ҳақидаги фасллар ҳам анча мароқли ёзилган. Китобнинг маълум қисми дунё кишиларининг маиший ҳаётларига — ижтимоий, иқтисодий, сиёсий масалаларга бағишланган.

«Мартабаи инсониятға ноил ўлмакға, ҳар бир инсонни жамияти инсониятға ва дини илоҳияға эҳтиёжи бор, — ёзади муаллиф. — Ушбу сабабдандурки, инсонлар комил инсонларни қўл остиға жамияти башарияни барпоқиладурлар. Олло таоло анбиё воситаси ила қонуни шариат, хавфу қалбу рижо юборибдурки, анго дохил ва солик бўлмоҳ лозим ва вожибдур. Динсиз дунёда яшамоқ инсоният ва маданиятдан эмас, ҳайвонийликдур. Динсиз мутамаддун (маданиятли) бўлмоҳ муҳол (қийин)дур. Жамияти башарияни барқарор турмоқиға дин, шаръ (шариат), низом ва буларни бошқарувчиларға биринчи сабабдур. Бас, жамият илм, инсоф ва ҳунар сабаблари ила уч хил бўлинадурки, ваҳшоният, бадавият, маданият аталган. Ва буларни(нг) ҳар бирини яна бир неча синфға тақсим қилмоқ одамларни аҳволиға қараб мумкин бўладур».

Беҳбудий уларни шундай фарқлайди.

«Ваҳшоният мартабаси фақат одамни ҳоли ҳайвониятға истиқоматидурки, на ақл-комил ва на илм-маърифат, дин-диёнат, инсоф-сиёнат—ҳеч-ҳеч бир инсонға ёқимлик ҳолати, ҳаракати, феъли бўлмайдур. Бу навъ одамлардан Африқо чўллариға, Америқо тоғлариға, Австралия жазиралариға бордур. Илм, ҳунар, дин, диёнатдин бутун бебаҳра, умрлари ҳайвониятға ўтиб кетадур. Маҳали истиқоматлари бошқа ҳайвонотдек дарахтлар устида, ичида ёинки ин-уя чуқурларда ўтхашаклар ила паноҳ бўлган казолардадур. Емоқлари хом ўт-гиёҳ, мурдорлар. Хулоса, ҳар на топилса, удур. Сайду шикор, яна топилса, одам емоқ ила машғулдурлар. Шакллари инсон ва барча ҳаракатдаги ит-кўппакдан бадтардурки, инсонларни бидоят ҳоли ёинки илму адабсизлик мартабасидур.

Ҳозирги замонамизда ҳам бу синф одамлар мавжуд ва ададлари кўпдур.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort