Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Шу эътиқод уни Туркистоннинг мустақиллиги учун курашга етаклади…

Шу эътиқод уни Туркистоннинг мустақиллиги учун курашга етаклади…
24 Ağustos 2016 - 8:55 'да юкланди ва 1225 марта ўқилди.

unnamed (13)Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

КАРВОНБОШИ
(4)

«Ойна» журнали маърифат ва маданият тарқатишда жуда катта хизмат қилди. Унда миллат ва унинг ҳақҳуқуқига, тарихига, тил-адабиёт масалаларига, дун аҳволига доир қизиқарли мақолалар, баҳслар бериб борилган.Айниқса, тил масалалари муҳаррирнинг ҳамиша диққат марказида бўлган. Беҳбудий миллатнинг тараққийси учун бир неча тил билишни шарт ҳисобларди. Масалан, журналнинг 1913 йил 20 август, биринчи — нишона сонидаёқ, «Икки эмас, тўрт тил лозим» деган мақола билан чиққан эди.

Фитратнинг журналда босилган мақолаларидан бири «Ҳиммат ва саботи бўлмаган миллатнинг ҳаққи ҳаёти йўқдур» деб номланган. «Тушундигим замон кўнглум ёнар, йиғламоқ истарман, кўзёшларим келмайдур», деб бошланар эди мақола. Адиб тараққиёт ва турмушда Овруподан ер ва осмон қадар узилиб қолган Туркистоннинг фожиали аҳволидан сўз очган эди (1915 й., 7-сон). «С. А.» имзоли кишининг «Ҳар миллат ўз тили ила фахр этар» (1914 й., 35-сон) мақоласида бошқа тилларни ўрганиш қаторида ҳар бир миллат ўз тилининг муҳофазаси билан шуғулланиши шарт, деган фикр жуда кўп далиллар билан исбот қилиб берилади.

Агарда тил ва адабиётимизни муҳофаза қилмай, анга ажнабий луғат ва сўзларни қўша берсак, бир оз замонда тил ва миллиятимизни йўқотурмиз. Миллиятимизни йўқотганда диёнатимиз ўз-ўзи ила албатта, йўқолур», — деб ёзади муаллиф ва «Бас, бизға тилимизни ажнабий сўзлардан муҳофаза қилмоқлик энг биринчи муҳим бир вазифадур»,—деб хулоса чиқаради.

Журналнинг 1915 йил 1112-сонларида босилган Беҳбудийнинг «Тил масаласи» мақоласида тилларнинг ўзаро муносабати ҳақидаги бахс давом этадш. Улуғ маърифатчи тилларнинг бир-биридан ўринли луғат олишини табиий жараён деб қарайди. Энг бой тиллардан бўлган инглизчанинг ҳам «ўн минглар ила бегона луғатларни мажбуран олганлигини» далил қилиб кўрсатади ва масаланинг бошқа жиҳатига — ягона адабий тил, тил бирлигига диққатни қаратади.

Беҳбудий адабий танқидга катта эътибор берди. Навоийдан кейинги бир неча асрлик сукунатдан сўнг бу соҳанинг хос хусусиятларини тайин этиб, адабиётда унинг тенг ҳуқуқлиги масаласини ўртага қўйди. «Танқид сараламоқдур» (1914 й., 27-сон) деб номланган эди унинг ушбу мавзуга бағишланган жиддий мақолаларидан бири.

Туркистон забт этилгач, руслар маҳаллий, халққа «сартлар» деб ном бердилар. Н.Остроумовнинг бир китоби худди шундай номланганлиги ҳаммага маълум. Бу сўз, аслида турли вақтда турли этник қатламга, гоҳо социал қатламга нисбатан айтилган. 10-йилларда бу сўз атрофида яна баҳс кетди. Чунончи, Бухоро амирининг русчага таржимони Баҳромбек 1911 йилда «Шўро» журналига: «Биз, Туркистон ва Бухоро халқининг турклиги маълум бўлиб туруб… на учун сарт атайдурлар?» — деган савол билан мурожаат қилади.

Журналнинг 19-сонида Беҳбудийнинг: «Сарт сўзи мажҳулдур»,—деган жавоби босилади. 24-сонида эса самарқандлик Бақохўжа «Сарт сўзи ислсиздур» деган мақола билан чиқади. Бу билан баҳс босилгандай бўлади. Бироқ орадан 2—3 йил ўтиб, «Садойи Фарғона»нинг 1914 йил 30-сонида Мулла Абдуллабек деган кишининг «Сарт сўзи маълумдур» деган мақоласи босилади. Табиийки Беҳбудий ундан қаноатланмайди, чунки унда мавзуга доир янги гап айтилмагани ҳолда, “маълум”  деб даъво қилинган эди. Шу сабабли Беҳбудий «Сарт сўзи маълум бўлмади” деган мақола ёзиб, «Садойи Фарғона»га юборади. Бироқ газета мақолани босмайди. Шундан сўнг муаллиф мақолани ўз журналида (1914 й., 39-сон) беришга мажбур бўлади.

Журналда Беҳбудийнинг Сарт сўзи мажҳулдур мақоласи ҳам қайта босилган. Мақола ҳажман салмоқли, журналнинг бир неча сонида давом этган. Адиб ушбу калиманинг халқона этимологиясидан тортиб, Алишер Навоий, Бобур, Муҳаммад Солиҳ, Абулғози Баҳодирхоннинг асарларигача, Н. Остроумов китобидан Д.Г. Логофетнинг «Бухоро хонлиги»ю Л.М. Будагов луғатларигача, И.И. Гейер «Саёҳатнома»ларидан А. Вамбери «Кундаликлари»гача, жадидчилик ҳаракатининг Аҳмад Заки Валидийдан Исмоилбек Гаспринскийгача бўлган намояндаларининг бу соҳадаги кузатишларини тўплаб, хулосалайди.

Адибнинг барча тарихий-илмий мавзудаги мақолалари сингари бу ҳам ўтмишга камоли эҳтиром ва эътиқод билан ёзилган. «Қабиласини (нг) исмини ва етти отасининг отини билмайдургонларни “қул” — “марқуқ” дерлар», — деб ёзади у (1914 йил, 23-сон, 340-бет). Бу сўз Ч. Айтматов туфайли «манқурт» бўлиб, янги умрини бошлади.

Беҳбудий, миллат ўзини англагандагина ижтимоий-сиёсий масалаларга бошқалар билан тенг аралаша олади, деган фикрда бўлди. Шунинг учун ҳам тарихга алоҳида эътибор берди.

«Ҳаёт ва мамот масалалари қадар муҳим бўлган неча масалалар кўзимиз олдиға турган ҳолда аларни эҳмол этуб, фақат сарт сўзи ила шуғулланиб, фурсатларни бўшқа ўткармоқлик яҳши эмас»,—деб ёзади у. «Лекин, — давом этади, — ёвруполилар қошида миллият масаласи муҳим ва муқаддас тутилган бир замонда бизлар ҳам миллият масаласидан саналган “сарт” ҳақида гоҳ-гоҳ баҳс этуб, миллиятимизни хотирлаб турганда, зарар кўрмасмиз».

Умуман Беҳбудийнинг публицист сифатидаги фаолияти адиб истеъдодининг жуда ёрқин бир қиррасини ташкил этад. У ўз умри давомида юзлаб мақолалар ёзди. Ўзининг Миллат ва Ватан, жамият ва ахлоқ ҳақидаги фикрларини кўпроқ мақола ва чиқишларида ифода этди. Баъзилар унинг мақолалари ададини 200, бошқалар 500 деб белгилайдилар. Унинг барча ёзғанлари ҳисоблаб чиқилмаган, ҳатто, аниқланмаганлари қанча. Муаллифлар ўзларининг исми шарифларини ўз газета-журналларида кўп-да қўявермаганлар. Ҳар қандай ҳолда ҳам Беҳбудий ғоят сермаҳсул қаламкаш эди. Муҳими шундаки, у XX аср бошидаги Туркистоннинг йирик сиёсий арбоби эди. Унинг Миллат ва Ватан тақдири ҳақидаги барча қарашлари, аввало, мана шу мақолаларида акс этган эди. Бу жиҳатдан унинг 1906 йил 10 октябрда «Хуршид» газетасида (6-сон) босилган «Хайрул умури авсатуҳо» («Ишларнинг яхшиси ўртачасидур») мақоласи характерли. Бу мақола узоқ йиллар шўро тарих фани нуқтаи назаридан баҳоланиб, Беҳбудийни қоралаш учун нишон бўлиб келди. Гап шундаки, Беҳбудий ўша 1906 йилдаёқ социалистик таълимотни ва уни Россияда амалга оширишга бел боғлаган Ленин партиясини кескин рад этган эди. Муаллиф мақолада Русиядаги мавжуд сиёсий партиялар хақида тўхталганда қуйидагиларни тилга олади:

1.Мустабид фирқаси (ҳукумат партияси).

2.Машрутаи авомия (кадетлар партияси).

3.Иштирокиюни оммавиюн (социал-демократлар партияси).

4.Русия мусулмонлари иттифоқи.

Беҳбудий «иштирокиюни оммавиюн»нинг «шариатга зид» томонларига диққатни қаратади ва уни «хаёлий», ҳатто, «зарарли» («бу тоифага қўшилмоқ биз, мусулмонлар учун ниҳоятда зарарликдир») ҳисоблайди. Кадетлар партиясини қўллайди. «Русия мусулмонлар иттифоқи»нинг ҳам позицияси кадетларга яқин эканлигини таъкидлайди. Табиийки, бу фикрда у якка эмасди.

Унинг бу хусусдаги фикрлари устози Исмоилбек Гаспринскийнинг «мазҳаби иштирокиюн»ни қаттиқ танқид қилган «Оврупо маданиятига бир назари мувозана» рисоласи ва «Дор ур-роҳат мусулмонлари» хамда «Юз йилдан сўнг 2000-сана» романларидаги мулоҳазаларга таянар эди. Беҳбудий ҳам ўз устози каби социализмни зўравонлик ҳисоблади, ижтимоий тенгликни адолатсизлик деб билди. Шахс манфаатдорлигида, миллат равнақида тараққиётнинг буюк омилини кўрди. Худди шу эътиқод уни Туркистоннинг мустақиллиги учун курашга етаклади.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort