Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

«Ҳақиқатан ватан муқаддасдур. Қадрини билмоқ керак»

«Ҳақиқатан ватан муқаддасдур. Қадрини билмоқ керак»
22 Ağustos 2016 - 8:22 'да юкланди ва 1243 марта ўқилди.

unnamedМаҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

КАРВОНБОШИ
(3)

Драманинг биргина ўзбек эмас, татар, озарбайжон театрчилигига ҳам таъсири ҳақида гапириш мумкин. Туркистонда шу йиллари Заки Боязидский, Алиасқар Асқаров, Сидқий Руҳилло, Илёсбек Ошқозорский каби кўплаб қардош режиссёрлар фаолият кўрсатганини хотирга олайлик.

1913 йилдан Беҳбудий матбуот ишлари билан шуғулланади. Апрелдан «Самарқанд» газетасини чиқаради. Газета туркий ва форсий тилларда, ҳафтада икки марта, дастлаб икки, сўнг тўрт саҳифада чоп этилган. 45 та сонидан кейин моддий танқислик туфайли чиқииш тўхтаган.

Ўша йилнинг 20 августидан у «Ойна» журналини чиқара бошлайди. Бу суратли ҳафталик мажалла, асосан, ўзбек тилида бўлиб, унда ихчам форсий шеър, мақолалар, русча эълонлар ҳам бериб бориларди… «Бошда ҳафтада бир марта ва иккинчи йилдан эътиборан 15 кунда бир қатла чиқиб, йигирма ой чамаси давом қилди… Қафказ, Татаристон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон ва Туркиягача тарқалар эди… Жадидларнинг севикли журналлари эди. Шунинг учун улар томонидан ҳурматланди, севилиб ўқилди», деб ёзган эди Зиё Саид. Журнал редакцияси муҳаррирнинг Янги шаҳардаги уйида (Решетников, 3; ҳозир Мирсаид Барака, 1, алоқа ходимлари касаба уюшмасининг вилоят ташкилоти биноси) жойлашган.

Беҳбудий шу йиллари нашр ишлари билан қизғин шуғулланди. «Нашриёти Беҳбудия» номи билан ўз хусусий нашриётини очди.Фитратнинг «Баёноти сайёҳи ҳинди» асарини 1913 йилда русчага таржима қилдириб, нашр этди. Туркистон харитасини тузиб босмадан чиқарди. Кутубхонани йўлга қўйди. Ўша давр вақтли матбуотида «Беҳбудий кутубхонаси» ҳақидага хабарларга тез-тез дуч келасиз.

1914 йилнинг 29 майида Беҳбудий иккинчи бор араб мамлакатларига саёҳатга отланади.

Муаллиф саёҳати арафасидаги кайфиятини шундай ифодалайди. «7 санадан бери икки дафъа Бухоро ва бир дафъа Фарғонани зиёратидан бошқа сафарга чиққаним йўқ эди. Азбаски, тириклик касалиға мубталолик, рўзғор қайдиға гирифторлик саёҳат неъматидан маҳрум этар. Етти йиллик хонанишинлик, дигар тарафдан алойиқи рўзгор, тижорат ва 7—8 рисолалар таҳрир ва нашри, дорулқазо ишлари, хусусан, бир санадан бери собиқ “Самарқанд” жаридаси ва ҳозирги “Ойна” идорасининг ишлари руҳан ва жисман заиф этди. Аъзоу ҳавосларға касолат пайдо бўлди. Сингир (асаб)... ғайри мунтазам ишлайдур. Атиббо истироҳат ва саёҳатға машварат берарлар. Табиат у қадар ноқобил ва бузуқки, саёҳатдан ҳам нафрат этар, истамаз».

Шунга қарамасдан, сафарга чиқмаса, бўлмайди. Аввало, «Кутубхонаи Беҳбудия» учун Истанбул, Миср, Қрим, Кафкоз, Қозон, Русия ва хорижиянинг манзаралари, иморатлари, кишиларининг суратлари, турли-туман қолип (клише)лар ва яна бошқа жуда кўп нарсалар керак. Хуллас, бормаса бўлмайди. Маршрут: Кавказ, Қрим, Истанбул, Юнонистон, Байрут, Миср Қоҳираси ва яна орқага—Истанбулга қайтиб, темир йўл билан Булғористон, Австрия ва Берлин орқали Русияга, ундан Туркистонга келиш. Муддати икки ой. Биринчи июнга қолмай йўлга тушиш керак. Беҳбудий Петербургда бўладиган Миллий мажлис маслаҳатига таклиф қилинган эди. Саволларга жавобини ёзиб юборади, узрини айтади. Хуллас, 29 майда йўлга тушади. Поездга ўтириб Байрамали орқали Ашхободга ўтади. Красноводскдан пароход билан Бокуга боради. 2 инюда Минералние Води — Кисловодск — Пятигорск, Железноводск — Ростов—Одессани кезиб, 8 июнда Истанбулга кириб келади. Ундан Адирнага саёҳат қилади. Яна Истанбулга қайтиб, 21 июнда сув йўлн билан Қуддусга йўл олади, Байрут, Ёфа, Халил ар-Раҳмон, Порт Саид, Шом шаҳарларини томоша қилади. Саёҳат июлнинг бошларида ҳам давом этади…

Саёҳат хотиралари ҳар жиҳатдан ғоят муҳим бўлиб, Беҳбудий уларни ўз журнали «Ойна»нинг 1914 йил сонларида мазкур ном остида пешма-пеш бериб боради (ҳозирча 18 сонда учратдик).

«Саёҳат хотиралари»нинг биринчи қисми журналнинг 14 июн 34-сонида чоп этилган. Муаллиф унга “31 май, Баҳри Ҳазар. Маҳмудхўжа деб имзо чекади. Рақамлаш ва сана ҳамда ёзилган жойини кўрсатишга биринчи олти сонидагина риоя қилинган. Бу «Хотиралар» ҳам маърифий, ҳам адабий-эстетик жиҳатдан ниҳоятда муҳим. Улар адабиётимиздаги анъанавий тарихий-мемуар жанрининг XX аср бошидаги ўзига хос намунасидир. Муаллиф бу мемуарларда йўл таассуротларига, машҳур ёхуд оддий кишилар билан учрашувларининг ибратли томонларига кенг ўрин беради. Қайси шаҳарга бормасин, унинг тарихи, обидалари, у ердан чиққан буюк зотлар ҳақида маълумотлар тўплайди, турли-туман миллатлар, уларнинг урф-удумлари турмуш маданияти билан қизиқади. Қишлоқлардаги деҳқончиликдан тортиб, шаҳарлардаги эскалатор («осонсур») гача унинг эътиборидан четда қолмайди. Айниқса, дин, эътиқод масалаларига катта аҳамият беради. Қадимий муқаддас обидалар, Расулуллоҳ пойқадами теккан қутлуғ даргоҳлар, хусусан, Қуддуси шарифдаги машҳур Масжид ал-Ақсо зиёратидан ниҳоясиз завқ-шавққа тўлади. Саждага бош қўяркан, дилининг туб-тубидан Оллоҳ иштиёқи қалқиб чиқади. «Оҳ, на руҳоний ҳолатлар, на лазиз важдангиз убудиятлар, на ашкрез ноз-ниёзлар… Нуроний, фусункор, порлоқ мозийким, анинг асари қудсият самари минг бу қадар сана сўнгра бизни маҳвият даражасинда келтурар», — деб ёзади у.

Муаллиф Оллоҳга нидо қилади: «Илоҳо, у азиз ва фаол бандаларинг ҳурматиға бизға басират бер. Эшитар қулоқ, англар ақл бер…

Эй Оллоҳи азим уш-шон. Бу магар сенинг ғазабингмидур. Авф эт, биз инсонлаони. Ҳидоят эт. Ер юзинда сулҳ ва силоҳи умумий ато айла. Инсонларға инсоният бер. Золимларни қаҳр эт, маҳв бўлсун зулм. Яшасун адолат ва хаққоният, омин…».

«ЎзАС» ҳафталиги Ингеборг Балдауфнинг мазкур хотираларнинг олмонча таржимаси муносабати билан ёзилган «Маҳмудхўжа Беҳбудий Фаластинда» (1993, №21) мақоласини эълон қилди. Муаллиф унда Беҳбудий кузатишларининг ўзига хослиги ҳақида ёзган, адиб қалбини ўртаган энг катта дард — эрк ва маърифат эканлигини айтган.

Беҳбудийнинг ушбу сафари билан бугунги кун орасида 80 йилдан ортиқроқ тарих турибди.  Саксон йилда муболағасиз саккиз юз йиллик воқеалар бўлиб ўтди. Шуларга қарамай, «Хотиралар»даги маърифий руҳ, изтироб тўла фикр—мулоҳазалар, муаллифнингташна нигоҳи сизни бефарқ қолдирмайди.

Хусусан, Ватан туйғуси бугун сиз билан биз учун айтилгандек, туюлади. У Қуддуси шарифдаги Ҳазрати Довуд мақбарасини, Биби Марям ва Ҳазрати Исо калисоларини зиёрат қилар экан, тошкентлик ёш бир атторга дуч келади. Дўкониға бир оз ўлтурдик,—ёзади Беҳбудий,—мам- лакатдан сўради. Қўлиға бир неча нусха «Ойна» ва Туркистон харитасини бердим. Аҳли савод экан. Тошканд шаҳрини кўрсатдим. Беихтиёр харита устиндаги Тошкандни ўпиб, кўзиға суртди. “Ҳуббул ватани мин ал-иймон”. Хусусан, ватан ва аҳли диёрни қадри мусофиратга маълум бўлур. Ҳақиқатан ватан муқаддасдур. Қадрини билмоқ керак.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort