Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ёш қаламкашларнинг бош илҳомчиси…

Ёш қаламкашларнинг бош илҳомчиси…
20 Ağustos 2016 - 8:05 'да юкланди ва 735 марта ўқилди.

behbudiy (2)Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

КАРВОНБОШИ
(2)

1899—1900 йилларда Беҳбудий бухоролик дўсти Ҳожи Бақо билан ҳаж сафарига чиқади. «1318 санаи ҳижрияси тавофи Байтуллоға Кафказ йўли ила Истамбул ва Миср ал-Қоҳира воситаси-ла бориб эдим. Муддати сафарим саккиз ойдан зиёда чўзилуб эди»,— ёзади Беҳбудий бу ҳақда.

Дунё кўриши изсиз кетмайди. Сафар янги мактаб ҳақидаги қарашларини мустаҳкамлайди. Унинг ташаббус ва ғайрати билан 1903 йилда Самарқанд атрофидаги Ҳалвойи (С. Сиддиқий), Ражабамин (А. Шакурий) қишлоқларида янги мактаблар ташкил топади. Адиб ушбу мактаблар учун дарсликлар тузишга киришади. Кетма-кет унинг «Рисолаи асбоби савод» (1904), «Рисолаи жуғрофияи умроний» (1905), «Рисолаи жуғрофияи Русий» (1905), «Китобат ул-атфол» (1908), «Амалиёти ислом» (1908), «Тарихи ислом» (1909) каби китоблари пайдо бўлади.

1903 йилда Ҳалвойида қурилган мактаб биноси ҳозир ҳам сақланиб келмоқда. Шакурий мактабини эса Беҳбудий 1908 йилда Самарқандга ўз ҳовлисига кўчириб олиб боргани маълум.

Тошкентда, Фарғона водийсида янги мактаблар ташкил топа бошлайди. Ибрат, Мунавварқори, Авлоний, Сўфизода номлари тилга тушади. Булар ҳали кифоя эмас, миллат болаларини тараққий топган шаҳарларга ўқишга юбориш керак. Мирмуҳсин Шермуҳамедов ва бир қатор ўзбеклар Марказий Русияга — Уфадаги «Олия» мадрасасига йўл оладилар. «Олия» да ўндан ортиқ ўзбек ўқийди. 10-йилларда Варшавада, Олмонияда, Москва, Петербургда ўзбеклар ўқигани маълум. Маҳмудхўжа 1903—1904 йилларда Москва, Петербургга боради, 1906 йилда Қозон, Уфа, Нижний Новгородда бўлади. Булар саёҳат эмас, хизмат сафари эди.

Масалан, Нижний Новгородда 1906 йилнинг 23 августида Русия мусулмонларининг турмуш ва маданияти муаммоларига бағишланган қурултой чакирилади. Беҳбудий бу қурултойда туркистонликлар гуруҳини бошқаради ва катта нутқ сўзлайди.

25 кунга чўзилган бу сафар ҳақида Беҳбудий сўнгроқ шундай маълумот берган эди: «1325 санаи ҳижриясинда Русия мусулмонларининг муҳтарам зиёли ва акобирларининг Нижни Ёрминкасинда миллий ишлар тўғрисинда машварат қила турган мажлисға мушарраф бўлмоқ учун Ўрунбург йўли ила Маскуф, Петербург, Қозон воситаси-ла Нижни Новагўруд бориб эдим».

Маърифат учун биргина мактаб кифоя қилмасди. Замон ва дунё воқеалари билан танишиб бормоқ, миллат ва Ватаннинг аҳволидан, кундалик ҳаётидан огоҳ бўлмоқ керак эди. Бинобарин, миллат учун шундай ойна керак эдики, унда у ўз қабоҳатини ҳам, малоҳатини ҳам кўра олсин.

Мана шу эҳтиёж ва зарурат Беҳбудийни театр ва матбуот сари бошлади. «Падаркуш» шу тариқа майдонга келди. Бироқ унинг дунё кўриши осон кечмади. Бунга сабаб: биринчидан, чор ҳукумати мустамлака Туркистонининг маърифат йўлига кириб, ўз ҳуқуқини танишидан манфаатдор эмас эди; 1916 йилдаги Туркистон генерал-губернатори Н. Р. Куропаткиннинг ўз кундалигида ёзган ва бугун жуда машҳур бўлиб кетган: «Биз тубжой халқни тараққиётдан, мактабдан, рус ҳаётидан 50 йил четда тутдик»,—деган сўзларини эслаш кифоя. Иккинчидан, турғунлик ва тутқунлик туфайли авж олган жаҳолат, мутаассиблик. «Кимики саҳнада кўрсанг, они жасорати бу»,—деб ёзган эди шоир Тавалло. Бу, бежиз эмас. Хуллас, 1911 йилда ёзилган «Падаркуш» драмаси 1913 йилдагина босилиб чиқади.Китоб жилдидаги: «Бородино жанги ва Россиянинг французлар босқинидан халос бўлишининг юбилей санасига бағишланади»,—деган ёзув ва унинг Тифлис цензурасининг рухсати билан чоп этилиши шуни кўрсатадики, иш осон кўчмаган. Пъеса босилиб чиққандан кейин ҳам, уни саҳнага қўйиш учун яқин бир бир йил вақт кетди. Муаллиф бу ҳақдаги хатларга жавобан: «Ўйнатургон одам йўқ. Азбаски, Туркистонда бекор одам йўқки, халқ учун ишласа. Бекор киши йўқки, театру саҳнасига чиқиб, “масхарабозлик” қилса»,— деб ёзади.

«Падаркуш» — ўзбек драмачилигининг ҳамма якдил эътироф этган биринчи намунасидир. Мутахассислар уни ҳам жанр, ҳам мазмунига кўра янги ўзбек адабиётини бошлаб берган бир асар сифатида баҳолайдилар. Муаллиф «Миллий фожиа» атаган 3 парда 4 манзарали бу драма ҳажман жуда ихчам, мазмунан ниҳоятда содда ва жўн. У жаҳолат ва нодонлик ҳақида, ўқимаган боланинг бузуқ йўлларга кириб, ўз отасини ўлдиргани ҳақида ҳикоя қилади. Орқа-олдини ўйламаган бойнинг Тошмурод исмли ўғли бор. Уғли ўқимаган. Бой атрофидагиларнинг гапига кирмайди, ўғлини ўқитмайди, оқибатда у кўча безориларига қўшилади. Ресторанда маишатга пули етмай, шерикларини тунда уйига бошлаб келади. Бой уйғониб, уларни сезиб қолади, лекин уни ўлдириб, пулини олиб кетадилар. Хулоса: жаҳолат ва нодонлик отанинг ҳам, боланинг ҳам бошига етади. Агар бутун миллат шу аҳволга тушса-чи?!..

«Падаркуш» дастлаб Самарқандда 1914 йилнинг 15 январида саҳнага қўйилди. «Халқ ниҳоят кўп келиб, белат етмагани ва жойни йўқлиги учун уч-тўрт юз киши қайтиб кетди»,—деб ёзади маҳаллий матбуот.

Яна ўша ерда ўқиймиз: «Белатлар бир-икки кун аввал ёшларни ғайрати илан сотилиб тамом бўлуб эди. Баъзи кишилар белатларини икки баҳоға фоидаси илан бошқаға сотдилар. Соат еттидан минглаб халқ ибратхонага ҳужум қилган. Аммо белат йўқ. Уч сўм бериб, тикка турмоқға ҳам рози, яна ер йўқ…»

Спектакл ўз маишатига ўралиб дунёни унутган миллатдошларга чақмоқдек таъсир этди. Унда бой ролини Абдусалом Абдураҳим ўғли ўйнаган эди. «Бойни ҳамбоза (хуррак) ва уйқуси ҳамда ҳаракатидан аҳоли ихтиёрсиз ва фосиласиз куларди»,—ёзади тақризчи. «Домла (Мардонқул Шомаҳмуд ўғли) ва зиёли (Мирза Нўъмон Мулла Фозил муфти ўғли)ни насиҳати халойиқни кўнглиға таъсир этарди, ҳатто, ваъзу пандга йиғлаганлар бор эди»—ўқиймиз тақризда. Айниқса, бойнинг ўз ўғли ёрдамида ўлдирилиб, мол-дунёсининг фаҳшу ишрат учун олиб кетилиши воқеалари кишиларни ларзага солган. «Бу фаже ва аламлик манзарани парда ёпар. Халқға ҳаддан зиёда таъсир. Баъзи кишилар фожиадан кўз юмарлар…»

Чамаси, асарнинг ижроси ҳам баланд савияда бўлган. Тақриздаги: «Рус, яҳудий ва мусулмонлар таҳсин этарди. Ҳатто, 20 йилдан бери театр маъмуриятиндаги одамлар таъриф қилурди Аҳолидаги олқиш ибратхонани гумбирлатур…»,- деган жумлалар шунга ишора қилади.

Абдулла Авлоний

Абдулла Авлоний

Тошкентда 1914 йилнинг 27 февралида қўйилди. Авлонийнинг «Турон» труппаси Колизей (ҳозирги Савдо биржаси биноси)да ўз фаолиятини мана шу «Падаркуш» билан бошлаган эди. Спектакл олдидан машҳур Мунавварқори театрнинг жамият ҳаётидаги роли ва ўрни ҳақида нутқ сўзлайди. Бой ролини Абдулла Авлонийнинг ўзи ижро этади. Маҳаллий матбуот, бу кунни «тарихий кун» деб ёзади.

«Турон» труппаси 1914—16 йилларда бу спектакл билан бутун Фарғона водийсини айланиб чиқди. «Падаркуш» Туркистонни жунбушга келтирган қирғинбарот инқилоб йилларида ҳам саҳнадан тушмади. Бир томондан, миллатни маърифат ва тараққиёт сари ундашда буюк рол ўйнаган бўлса, иккинчи ёқдан, профессионал ўзбек театри ва драмачилигининг майдонга келиши ҳамда тараққиётида муҳим хизмат қилди.

Бу асарнинг ўз даврида адабий ҳаракатчиликка етказган таъсири ҳақида қайдлар кўп. Бунинг шоҳиди сифатида Абдулла Қодирийнинг машҳур: «1913 йилларда чиққан “Падаркуш” пъесаси таъсирида “Бахтсиз куёв” деган театр китобини ёзиб юборғонимни ўзим ҳам пайқамай қолдим»,—деган эътирофини эслаш кифоя. 1916 йилда Тошкентга келиб Колизейда «Турон» нинг қатор спектаклларини кўрган А. Н. Самойлович ёзади: Туркистонда янги адабиёт майдонга келди. Бу мен учун кутилган ҳол эди… Янги адабиётнинг маркази — Самарқанд Ёш қаламкашларнинг бош илҳомчиси самарқандлик муфти Маҳмудхўжа Беҳбудийдир”.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар