Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

«Ватан тараққиёти» фирқаси котибининг айтганлари

«Ватан тараққиёти» фирқаси котибининг айтганлари
23 Eylül 2016 - 5:00 'да юкланди ва 1454 марта ўқилди.

MS yo'lnoma_1Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(89)

6. «Ватан тараққиёти» фирқаси котибининг айтганлари 

Президентдан  бошқа  ким  сиёсатга  аралашса,  ўша қора кучдир.  Москов  телевидениесини  кўравериб  боши  бузилган кимсалар – қора кучлардир. Нима эмиш, халқни уйғотиш керак эмиш. Ҳў, баччағар, халқни уйғотиб нима қласан, дам олсин, ҳордиқ чиқарсин, етмиш йил пахта терди, энди беш-олти йил ухласа нима бўпти?

Йўқ, қора кучлар, инсонни ҳам, қонунни ҳам тушунишмайди, ухлаб ётган заҳматкашни уйғотиш – жамоат тартибини бузиш эканини англамайди ва албатта, шунга яраша жазо оладилар. Буларни жазоласанг ҳам ёқмайди. Дарров «Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари топталаяпти,» деб бутун дунёга жар солишади, оқибатда, бизнинг давлатимизни билмайдиган чулчитлар ёғилиб кела бошлайди. Улар қора кучлар билан қўшилиб, кулранг кучга айланадилар  ва  жаҳонга  кулранг  хабарлар  кета  бошлайди. Натижада асосий бойлигимиз – барқарорлик юзига чак-чак кулранг доғлар томади.

Ҳукуматимиз қора кучларни узоқ вақт назарга илмай юрди. Ҳатто дўстимиз М. М. Дўст айтгандай, президентимизнинг ўзи уларнинг  «пилигини» кўтариб қўйди. Бу ношукрлар яхшиликни билмай, ҳаддидан ошаверди. Ва жазосини олди, олаяпти ҳам.

Халқ  ичида  обрўсини  йўқотиб,  улар  чэт  элдаги маслакдошларига суянамоқдалар. «Ўзингдан чиққан балога, қайга борай давога» даганларидек, асли наманганлик Боймирза Ҳайит деган  одам  бор.  Олмонияда  яшайди.  Хотини  олмон.  Давлат тилимизни билмайди. Боймирза Ҳайитни мен кўрганман. Қоп-қора куч. Мўйлови ҳам бор. Ана ўша кимса бултур Наманганга келиб, роса тўполон қилди. Уни кутишга минглаб авом халқ йўлга чиқди, бу сиёсий қолоқлигимиз оқибати. Бу қора куч Наманганга келибоқ, ўз маслакдошларини ахтара бошлади. Бойлигимиз – барқарорликка путур етказиш учун ҳаракатга тушди. Биз унинг йўлини кесдик.

Унга Президентимизнинг Ўзбекистондан чиқиб кетиши ҳақидаги буйруғини мен етказганман. Буйруқни эшитиб, қора куч янада қорайиб  кетди.  Шуни  айтиш  керак-ки,  қора  кучлар  тузоғига баъзан содда одамлар ҳам тушиб қолишади. Бу содда одамларнинг анчасини биз тўғри йўлга солдик. Бу одамларнин ҳаммаси ҳозир «Ватан тараққиёти» фирқасига кирган. Аммо бу соддаларнинг ичида  ўжарлари  ҳам  учраб  туради.  Биттаси,  «Нима  қиласан Президентни танқид қилиб, лўлининг эшагини суғориб, пулини олавермайсанми?,» десам, содда нима дейди, денг: «Президент лўли эмас, самарқандлик, иккинчидан, унинг эшагини суғорсам, сизга  иш  қолмайди-ку,»  дейди-я  безбет.

Хуллас,  бундайларни фақат  турма  одам  қилади…  Бу  ҳақда  мен  Президентга  очиқ айтганман.  Шафқатсиз  бўлиш  керак,  деганман.  У  мени яхши тушунади.  Мен  ҳам  унинг  психологиясини  ўрганиб  олганман. Дейлик, бировни мансабга қўйиш керак бўлса, буни тўғридан-тўғри айтиб бўлмайди. Мен одатда , президент секретарига «Эртага қора  кучлар  митинг  қилмоқчи,  оқсоқолга  батафсил  ахборот беришим керак,» дейман. Президент зудлик билан қабул қилади. Қабулхонасида кун бўйи ўтирган вазирларни қабул қилмайди-ю, мени  дарров  кутиб  олади.  Ахборотни  эшитиб,  тутоқади, сўкинади. Мен бундан фойдаланиб, унга секин, иш бўйича ёзилган ҳужжатни  бераман.  У  қарамай  имзо  чекади-да,  олдимга ирғитади.  Шу  билан  иш  битади.  Ахборотнинг  тўғри-нотўғрилигининг аҳамияти йўқ. Қора кучлар бир куни барибир митинг  қилади-ку.  Биз  фақат  олдини  оламиз,  холос.  Умуман, ОЛДИНИ ОЛИШ – «Ватан тараққиёти» фирқасининг асосий иш услубидир.

Бизни кўролмайдиганлар ҳам бор. Улар «Ватан тараққиёти» чўнтак  партияси,  деб  гап  тарқатишган.  Биз  фисқу-фасоддан баланд  турганимиз  учун,  кулиб  қўяқолдик.  Ҳа,  биз  чўнтак партиясимиз, дедик. Бу қора кучлар шу қадар безбетлар-ки, гўё ўзлари чўнтакни ўйламайдилар, гўё ҳаммаси бойвачча. Президент фирқамизни  тузаётиб,  чўнтак  –  партия  учун  асосий  нарса, чўнтаксиз партия бўлмайди, деганлар. Шунинг учун ҳам «Ватан тараққиёти» фақат иқтисод билан шуғулланади.

Иқтисоднинг ҳаётимизда нақадар муҳим фактор эканлигини қишлоққа бориб билиш мумкин. Ўтган йили чойхонада ўтказилган қурултойимизда (биз дабдабани ёмон кўрамиз, мажлисларимизни доим чойхона ёки рестораналарда ўттказамиз) бир чолдан «Сизга иқтисод  керакми,  сиёсатми?»  деб  сўраганимизда,  чол  аввал тушунмай турди. Кейин «Сизга нон керакми ёки сафсатами?» деган эдик, дарров тушунди, «Нон керак, болам, нон,»деди. Шу ернинг ўзидаёқ унга фирқамиз номидан тўртта иссиқ нон ҳаддя этдик  ва  бу  нонларнинг  иқтисод  эканини  тушунтирдик.

Ташвиқотнинг кучини қаранг-ки, эшитишимизча, ўша чол энди уйида ҳам «хотин, нон обке,» демас эмиш, балки «хотин, иссиққина иқтисодингни обке,» дейдиган бўлибди. Халқ билан шундай ишлаш керак. Бир куни халқ билан ишлаб турган эдим, қишлоқи демократ келиб қолди. У ҳам халқ билан ишлашга урина бошлади.

Мен унга қарши контрпропагандани бошлаб юбордим. «Демократлар сизни жарга олиб боради,» дедим халққа. Битта чўпон нима дейди денг: «Жарга ўзим бораман, менга йўл кўрсатишнинг кераги йўқ,» дейди.

У қишлоқ чеккасидаги жарда мол боқар экан, кейин тушундим. Халқ билан ишлаш шунақа нозик иш. У ҳамма нарсани тўппа-тўғри тушунади. Бунинг устига, халқ дегани жуда ўжар нарса бўлар экан. «Менга йўлбошчининг кераги йўқ, ўзим бораман,» деб кетаверади. Бунинг ОЛДИНИ ОЛИШ керак.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort