Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Россия миграция қонунларини бузган муҳожирларни депортация қилишни вақтинча тўхтатган

Россия миграция қонунларини бузган муҳожирларни депортация қилишни вақтинча тўхтатган
23 Eylül 2016 - 14:23 'да юкланди ва 2122 марта ўқилди.

8063541“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Россия миграция қонунларини бузган муҳожирларни депортация қилишни вақтинча тўхтатган. Рус оммавий ахборот воситаларининг айтишича бунга, Россия Ички ишлар вазирлигида хориж ватандошларини бадарға қилиш ва ҳужжат расмийлаштиришга маблағ етмаётгани сабаб бўлмоқда.

Россия полицияси миграция қоидаларини бузган меҳнат муҳожирларини мамлакатдан чиқариб юборишга пул етишмаётгани сабабли уларни депортация қилишни вақтинчалик тўхтатган.

Миграция мутахассислари Россия Ички ишларидаги молиявий муаммоларни Федерал миграция хизматининг тугатилиши ва унинг ваколатларини полициянинг миграция департаменти таркибига ўтказилиши билан боғламоқда.

2016 йил апрелида ноқонуний муҳожирларни депортация марказларида сақлаш, қўриқлаш ва мамлакатдан чиқариб юбориш вазифалари полицияга юклатилган эди.

Федерал ахборотлар агентлиги хабарига кўра, ҳукумат депортацияга ажратиладиган маблағларни бюджетдан ажратиш юзасидан 2015 йилда қарор чиқарган бўлса-да, уни бажариш масаласига келганда пул етишмовчилиги сезилмоқда.

Ҳозирга келиб Россиянинг деярли барча минтақаларида фаолият юритаётган Хорижликларни сақлаш депортация марказлари мигрантларга тўлиб тошган.

Суд приставлари ва полиция нафақат ушланган муҳожирларни депортация қилишга, балки талабнома ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштиришга пул етишмаётганидан шикоят қилмоқда.

Қонунчиликка кўра, Россия миграция тартибини бузганликда айбланиб тутилган битта ўзбек муҳожири дастлаб полицияда ҳужжатлаштирилади, ортидан муҳожир судга келтирилади ва сўнгра суд қарори чиқарилади.

Суд қарорини олган шахс хорижликларни сақлаш марказига юборилиб, у ердан уни шахсини тасдиқлаш ва ўз юртига юбориш учун Ўзбекистон элчихонасига сўровнома юборилади.

Мисол учун, Федерал ахборотлар агентлиги келтирган маълумотларга кўра, 170 кишига мўлжалланган Санкт-Петербургдаги депортация лагерида 240 мигрант ушлаб турилибди.

Аниқланишича, бу марказдаги маҳбусларнинг асосий қисмини Ўзбекистон ва Тожикистон ватандошлари ташкил этади.

Ҳозиргача Россия Ички ишлар вазирлигида мамлакат бўйлаб жойлашган ўнлаб Хорижликларни сақлаш марказларини қўриқлашга хусусий қўриқлаш фирмаларини (ЧОП) жалб қилишга маблағ бўлган, холос.

Бироқ, полиция раҳбариятига кўра, хусусий қўриқчилар иш бошлаши ортидан депортация лагерларидан муҳожирларнинг қочиши ҳолатлари кўпайган.

ЎХҲ хабарлар бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар