Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзбекистон ХДП фирқаси масъул котибининг айтганлари

Ўзбекистон ХДП фирқаси масъул котибининг айтганлари
24 Eylül 2016 - 5:00 'да юкланди ва 870 марта ўқилди.

MS yo'lnoma_1Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(90)

7. Ўзбекистон  ХДП  фирқаси  масъул  котибининг айтганлари 

Бизни «собиқ коммунистлар» деб аташади. Бу туҳмат гап. Биз  коммунист  ниқоби  остида  етмиш  йил  Ўзбекистон мустақиллиги учун курашганмиз.

Мана, ниҳоят шу курашлар маҳсули – истиқлолга эришдик. Шунга қарамай, бугун ҳам бизни кўролмайдиганлар учраб туради. Бу қора кучлар энди «Ўзбекистонда диктатура ўрнатилди,» дея бақирмоқдалар.  Худога  шукр-ки,  диктатура  бор.  Шунинг шарофати билан Ўзбекистоннинг ҳамма жойида барқарорлик бор. Тўрт  тарафимиз  барқарорлик.  Тўғри,  бозорлар  қиммат, озиқ-овқат етишмайди, аммо барча дўконларда барқарорлик бор. Шу қадар серобки, чет эллик сайёҳлар биздан илгаригидай сувенир қилиб дўппи эмас, барқарорлик олиб кетишади.  Чет  эл  газеталари  ўзбек  барқарорлиги  ҳақида  тинмай ёзадиган  бўлишган.  Бундай  сифатли  маҳсулот  мустақил Ўзбекистонда яратилиши ватанпарварларнинг кўксини ғурурга тўлдирмоқда.

Фақат  улар  эмас,  Президентимизнинг  шахсан  ўзи «Барқарорлик энг катта бойлигимиз,» деган. Бу иборани Мирзо Улуғбек  тумани  ҳокими  Солор  бўйига  осиб  ҳам  қўйибди: «БАРҚАРОРЛИК  –  ЭНГ КАТТА БОЙЛИГИМИЗ И. КАРИМОВ.» Лекин бу ҳокимда ҳам фаросот дегани йўқ экан. Ёзишга ёзибди-ю, иборани иккига бўлиб, ишни расво қилибди. Оқибатда, ёзув «Энг катта  бойлигимиз  И.  Каримов,»  деб  ўқилмоқда.

Мен Президентимиз бизнинг бойлигимиз эмас, демоқчимасман. Аммо буни Президентнинг ўзи айтса ярашади, қандайдир туман ҳокими эмас. Президентимиз дангал одам, айтса айтаверади. Бу ҳақда Мурод Муҳаммад Дўст батафсил ёзган. Унинг дангаллигига мен ҳам  бир  мисол  келтираман.  Сессия  мибаридан  туриб,  дангал шундай  деди:  «Мени  мақташни  бас  қилинглар, ҳали Ниёзовга қўйгандай  менга  ҳам  анави  ерга  ҳайкал  қўйиб  ўтирманглар, тағин,» деди. Пастда ўтирган маслаҳатчилардан бири беихтиёр «Қаерга?» дея Президентга термулди. Президент эшитмади ёки атайин жавоб бермади, чунки маслаҳатчилар фаросатли бўлса, қаергалигини ўзлари билишлари лозим, довдирамасликлари керак.

Президентимиз нафақат ички сиёсатда, ташқарида ҳам дангал сиёсат юритади. Бутун Ўзбекистон аҳли буни телевизор орқали  кўриб  қойил  қолган.  Мен  ҳам  кўрганман.  Эрон  ислом жумҳуриятининг бир вазири билан бўлган суҳбатда президентимиз дангал сўради: «Нега сизлар (эронликлар – М. С.) енгил саноатга ташқи  инвеститсияни  жалб  қилмаяпсизлар?»  деди.  Бу  савол оҳангидан шўрлик эроний сувга тушган жўжага ўхшаб шалвираб қолди. У Эроннинг енгил саноати анча ривожланган, ҳатто енгил саноат  маҳсулотларини  ташқарига  сотаяпмиз,  демоқчи  эди, президентимиз важоҳатини кўриб, писиб қолди. Вазир бундай маҳсулотларни Ўзбекистон ҳам четга сотаётган бўолса керак, деб  ўйлади  ва  Ўзбекистон  делегацияси  кийган  инглиз ёки фин костюмлари ҳам уни ҳушига келтирмади.

Хорижий  сиёсатчилар  ғалати  бўлишади.  Тинмай илжаядилар,  илтифот  кўрсатадилар,  ҳар  қадамда  «рухсат этинг», «марҳамат қилинг» дея ўралашадилар. Суҳбат бошлагани замон довдирай бошлайдилар. Чунки, нимжон ва оми инсонлар. Ўзбекистондан келган делегатсия мени довдиратиш учун келган, деб ўйламайдилар.

Дипломатия – бу рақибини довдиратиш демакдир. Қашшоқ бўлсанг  ҳам  ўзингни бой каби тутиш – дипломатиядир. Бирор давлатнинг саноати ҳақида маълумот бўлмаса, бу «саноатга» дўқ урилса бас, рақиб довдирайди-қолади. Сиёсатга аралашар экан яна битта нарсани ёдда тутиш керак: кадрлар билан иложи борича саломлашмаслк лозим. Акс ҳолда, сизни ҳеч ким писанд қилмай қўяди. Ўзимизга ўхшаган одам экан-ку, деб ўйлайди. Вазият тақозо этса, бир-икки вазирни ҳақорат ҳам қилиб қўйиш лозим. Буни чет элликлар эшитишса, янада таъсирли бўлади, ҳақиқий президент экан, деб қойил қолишади. Яна бир нарса бор – бу важоҳат. Тўнни тескари кийиб ўтириш керак. Ҳатто хорижий давлат кийдирган тўнни ҳам. Бу халқаро обрўмизни кўтаради.

Албатта, сиёсатнинг бошқа, иккинчи даражали қоидалари ҳам мавжуд. Масалан, Туркияга бориб, Ўзбекистон иқтисодда «турк  моделини  танлади,»  Хитойга  бориб  «хитой  модели», Сингапурда «сингапур моделини танлади,» дейиш ҳам мумкин. Бу аниқ  йўлнинг  йўқлиги  эмас,  балки бирданига учта давлатнинг кўнглини олиш ҳисобланади.

Сиёсатга  аралашиб  юрган  Президентлар  буни  яхши билишади.  Бизнинг  президентимиз  ҳам  ана  шундай
президентлардан.  Айрим  қора  кучлар  буни  кўролмайди. Президентимиз  «Мен  –  иқтисодчи,  сиёсатчи  эмасман,»  деб интервю берган, дейишади. Президент сиёсатчи бўлмаса, қандай президент  бўлади,  дейишади.  Қора  кучлар  билмайдилар-ки, халқнинг  қорнини  сиёсат  эмас, иқтисод тўйдиради. (Бу ҳақда «Ватан тараққиёти» фирқаси илмий иш олиб бормоқда). Қора кучлар  яна  шуни  билсинлар-ки,  Ўзбекистонда  юз  эллик  йил давомида  бирорта  сиёсатчи  бўлмаган  ва  халқ  тўқ-фаравон яшаган.

Сафсатабоз сиёсатчиларнинг ҳаммаси Московда бўлган. Улар  сиёсат  билан  шуғулланавериб,  мана,  нима бўлди. Совет империяси парчаланди. Агар руслар сиёсат ҳақида камроқ гапириб, иқтисодни йўлга қўйганда, империя парчаланмаган бўларди ва биз фаравон ҳаёт кечиришда давом этган бўлардик. Худога шукр, бугун ҳам ҳаётимиз фаровон. Бозор-ўчарда сўкинаётган баъзи шалоқ қора кучларни айтмаса, бутун халқимиз ҳукуматга тасанно айтмоқда. Барча газет-журналлар, радио-телевидение, ахборот агентликлари фаровон турмушимиздан дараклар бермоқдалар.

Бу мўъжизанинг сири шунда-ки, Президентимиз сиёсатдан ҳам кўпроқ иқтисод билан шуғулланаётибди. Рус империяси йўл қўйган хатони такрорламаяпти. Сиёсат ишқибозларига минбар бериб,  эркалатмаяпти.  Жуда  ўжарлари  бўлса,  турмага ташлаяпти. Ва жуда тўғри қилаяпти. Бу сиёсатнинг тўғрилиги хусусида  нафақат  ёзувчи  ва  олимлар,  ҳатто  юз  ёшдан  ўтган қариялар ҳам симпозиумлар ўтказмоқдалар. Одам юз ёшдан ўтса, ақли  яна  тиниқлашаркан,  яқинда  юз  ёшлилар  симпозиуми «Президентга очиқ хат» қабул қилиб, газетларда эълон этди. Бу мактуб  Ўзбекистон  доноликнинг  ҳам  макони  эканлигиин исботлайди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар