Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Давлат  сирини  сақлаш  қўмитаси  ходимнинг айтганлари

Давлат  сирини  сақлаш  қўмитаси  ходимнинг айтганлари
25 Eylül 2016 - 5:00 'да юкланди ва 971 марта ўқилди.

MS yo'lnoma_1Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(91)

8.  Давлат  сирини  сақлаш  қўмитаси  ходимнинг айтганлари 

Совет Иттифоқини парчалаган кимлар, биласизми? Ички ва ташқи жосуслар. Улар демократия ниқобини кийиб, аввал чет элда, кейин мамлакат ичкарисида юзлаб газета ва журналлар чиқара  бошладилар,  бу  нашрларда  давлат  сирларини  фош қилдилар.  Масалан,  СССРнинг  империя  эканлиги,  тоталитар давлат эканини бирорта совет кишиси билмас эди, жосуслар буни айтди. Инқироз шундан бошланди. Бизда жосуслар кўп. Улар ҳам демократия ниқобини кийган эди, лекин биз бу ниқобни дарров юлиб олдик ва ХДПга бердик.

Энди жосуслар ўз башараларини халқдан яшира олмайдилар. Қаерга борса, дарров маълум бўлади, отнинг қашқасидай. Давлат сирини сақлаш қўмитаси ўшаларга қарши тузилган. Биз давлат сирларини улардан муҳофаза қиламиз.  Давлат сири нима, деган саволга шундай жавоб беришим мумкин: асосий давлат сири – бизнинг ҳукуматимиз. Бирор газет ёки журналда ҳукумат ва унинг бошлиғи танқид қилинса, давлат сири фош бўлган ҳисобланади, бунга йўл қўйган нашр зудлик билан таъқиқланади. Мисол сифатида «Эрк» ҳафталигини келтиришим мумкин.

Бизнинг ишимизда доим ҳушёр бўлишга тўғри келади. Ишда ҳам, кўчада ҳам. ҳатто уйда ҳам. Тунов куни диванда ёнбошлаб, телевизор кўраётган эдим, экранда шубҳали бир қўшиқчи пайдо бўлди.  Бир  қарашда  айтган  қўшиғи  дуруст,  аммо  заминида тузумга қарши гап бор экан. Пахтазорни мақтаб туриб, охирида «бободеҳқон юзингда ажин,» дейди синиқ овоз билан. Бу бизнинг профессионал тилимизда «тузум юзида ажин» деган маънони билдиради. Дарров қўнғироқ қилдим…

Афсуски, телевидение бизнинг назоратимизда эмас, аммо бизнинг  тавсиямиздан  улар  фойдаланишади,  уларга  сиёсий кўрсатув  бермасликни  тавсия  этувдик,  қабул  қилишди.  Ҳозир фақат  раққоса  ёки  ашулачиларни  кўрсатади.  Лекин,  боя айтганимдай, ашулачилардан ҳам эҳтиёт бўлиш керак.

Ишимизнинг оғир жабҳаси – ташқи жосуслар билан кураш. Ташқи жосуслар Москов матбуоти, ахборот воситалари орқали давлат  сирларимизни  фош  қилади.  Масалан,  Ўзбекистонда демократиянинг йўқлигини ўшалар фош қилишди. Аммо қўмита, бринчи галда, маҳаллий жосусларни йўқ қилишга интилади. Мен бу ишга бутун вужудим билан киришганман. Сирлиликка шу қадар ўрганибман-ки, уйга борсам, хотиним ҳам сирли жилмаяётгандай туюлаверади. «Эрк» партиясига аъзо бўлиб келмадингми?» деб қўяман.

Бундан ҳайрон бўлманг, бу шунчаки профессионал сезги. Агар шу сезги бўлмаса, мени Қўмитага ишга олмас эдилар. Шу сезги туфайли биз нашриётларда ўнлаб жосусларни фош қилдик, ишдан ҳайдадик.  Уларнинг кўпчилиги «Эрк» партияси аъзоси эканлги маълум бўлди.

Лекин  жосуслар  ҳам  анча  эҳтиёткор, тажрибали бўлиб қолишди. Илгари давлат сирларини очиқдан-очиқ ўз мақолаларида фош қилаверардилар. Бугун конспиратив йўлга ўтганлар: улар энди шеър ёза бошладилар.

Кейинги  уч  ойда  йигирмата жосуснинг олтмиш еттита шеърида давлат сирлари фош қилингани аниқланди. Бу ишда бизга Ёзувчилар Уюшмасидаги дўстлар катта ёрдам бердилар. Биттаси «Мувашшаҳ» деган шеър ёзибди. Ҳар сатрнинг бош ҳарфларини қўшиб ўқисангиз, одамнинг исми, фамилияси чиқаркан. Кимнинг  номи  чиқди  денг,  айтишга  тил  бормайди,  просто даҳшат!.. Келинг, айтмай қўяқолий, хуллас, бу энг катта давлат сири.  Тажриба  шуни  кўрсатадики,  мақоладан  ҳам  кўра  шеър хавфли нарса экан. Жосусларнинг деярли ҳаммаси шеър ёзишни билади (чет эллик раҳномалари ўргатишган бўлишса керак). Улар кўпроқ  Ёзувчилар  Уюшмаси  атрофида  ўралашадилар,  баъзи бировлари Уюшма аъзолигига ҳам ўтиб олган.

Умуман, бу нусхалар асосан шаҳарда яшашади. Қишлоқда бир кун ҳам туролмайдилар. Чунки,  қишлоқда  сир  йўқ.  Улар  шаҳарга  келишади,  давлат сирларига яқинроқ юриш керак-да. Уларнинг бир гуруҳини Президент Саройи ёнида кўрганман. Объктга қараб туришган экан, мени кўришди-ю, жўнаб қолишди…

Давлат сирини сақлашда давлат тилимиз ҳам муҳим рол ўйнайди. Масалан, бошлиқ ўзбек тилида нутқ қилса ва уни рус ёки инглиз тилига таржима қилиш керак бўлса, таржима матнини албатта текшириб кўриш лозим. Чунки, давлат тилида айтилган ҳамма гапни таржима қилаверса, бошлиқнинг обрўсига, демак, давлатимизнинг  обрўсига  путур  етиши  мумкин.  Давлатимиз обрўсини сақлаш давлат сирини сақлаш билан баробардир. Буни баъзи  калтафаҳмлар  тушунмайди  ва «нега раҳбаримиз нутқи таржимада қисқартирилган?» деб жанжал қиладилар. Яқинда шунақалардан биттаси келиб бошимни қотирди, унинг қулоғига шипшиб  тушунтирган  эдим,  бечора  қўрқиб  кетганидан  хайр-маъзурни ҳам насия қилиб, жўнаворди.

Яна  шуни  айтиш  керак-ки,  биз  мустақил  жумҳурият бўлмаганда, давлат сирларини сақлаш анча қийин бўларди. Яъни, мустақиллик  давлат  сирини  сақлашнинг  муҳим  омилларидан биридир. Давлат сири, ўз навбатида, мустақиллик учун курашнинг муҳим омилидир.

Давлат сири фақат бор нарсалар эмас, йўқ нарсалар ҳам бўлиши мумкин. Масалан, бизнинг миллий армиямиз йўқ, аммо унинг  йўқлигини  ёзиш  –  давлат  сирини  фош  қилиш  демакдир. Шунингдек, дўконда нон йўқлиги, сариёғ йўқлиги ҳам давлат сирига киради. Буни ёзиш иқтисодий хоинлик ҳисобланади. Йўқ нарсаларнинг ичида энг долзарб сир – демократиядир. Унинг  йўқлигини ёзиш энг катта сиёсий жиноят саналади. Бу сирни фош қилганлардан бир нечтаси ҳозир турмада ўтиришибди.

Хуллас, мустақил Ўзбекистонимиз дунё давлатлари билан яқинлашган  сари  сирларининг  рўйхати  ҳам  узайиб  бормоқда. Яқинда бу рўйхатга яна битта сир қўшилди – инсон ҳуқуқлари. Буниси яқин келажакда энг актуал давлат сири бўлиб қолади.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар