Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Усмон Ҳақназаров: Ислом Каримовнинг “табиий” ўлими қандай уюштирилди?

Усмон Ҳақназаров: Ислом Каримовнинг “табиий” ўлими қандай уюштирилди?
26 Eylül 2016 - 10:44 'да юкланди ва 6908 марта ўқилди.

mirziyonБу мақолада биз сизларга Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг “табиий” ўлими қандай ташкил этилганининг айрим тафсилотларини етказамиз. Бундан ташқари, ўқувчиларимиз диққатига Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг “қора” ва “оқ” рўйхатини тақдим этамиз. Мирзиёев-Путин хунтасининг қаршимиздаги уч ой учун тузган режалари ҳақида маълумот берамиз.

Энди булар ҳаммаси ҳақида бир бошдан.

Шундай қилиб…

Дўрмондаги “олимпия” зиёфати ва Ислом Каримов учун “махсус” таомлар

2016 йил 26 август жума куни Дўрмондаги президент қароргоҳида ўзбекистонлик спортчиларнинг Рио ‒ 2016 олимпия ўйинларидаги катта ғалабалари шарафига Ислом Каримов ташаббуси билан зиёфат уюштирилди. Президент дастурхони теварагида Рио ‒ 2016 ўйинларининг барча совриндорлари ҳамда тор доирадаги республика ҳукумати аъёнлари ‒ Зелимхон Ҳайдаров, Шавкат Мирзиёев, Рустам Азимов ва Мираброр Усмоновлар қатнашишди.

Шуни таъкидлаш лозимки, “олимпия зиёфатлари” ўтказиш илгаридан анъанага айланган ‒ Лондон, Пекин, Афина ва Сиднейда ўтган олимпиадалардан кейин ҳам Ислом Каримов ташаббуси билан шу каби зиёфатлар уюштирилган. Бинобарин, бу сафар ҳам шунақа зиёфат уюштирилишини ҳукумат тепасидагилар деярли ҳаммаси биларди.

Бироқ бу охирги зиёфат олдингиларидан айрим нуқталарда фарқли кечди.

Биринчидан, президент таомлари бу гал Ислом Каримовнинг шахсий овқатшунос дўхтири иштирокисиз ва розилигисиз танланди ва тайёрланди. Иккинчидан, мамлакат президентига мўлжалланган таомларни тайёрлаш жараёнига президентнинг шахсий овқатшунос дўхтири аралаштирилмади. Яъни, ҳаммаси унинг иштирокисиз тайёрланди.

Қуйида 2016 йил 26 август куни Ислом Каримов дастурхонига тайёрланган ва қўйилган таомлар ва ичимликлар таомномасини берамиз:

  1. Сомса (хамир, пиёз, қўй гўшти, қўй ёғи).
  2. Қумалоқланган қийма гўштли шўрва (от гўшти, картошка, пиёз, саримсоқ, сабзи, лапша).
  3. Палов (гуруч, сабзи, қизил пиёз, қўй гўшти, қўй ёғи).
  4. Аралаш салат (“Ассорти” салати ‒ қисқичбақа, петрушка кўкати, саримсоқ, денгиз тансиқ махлуқчалари, зайтун).
  5. “Денгиз инжиқлиги” (“Морской каприз”) салати (тухум, денгиз қисқичбақаси гўшти, калмар, кўкатлар, кўкпиёз, туз, майонез).
  6. Жавдардан бўлган ўртача қораликдаги хлеб.
  7. Жавдардан бўлган қора хлеб.
  8. Самарқанд нони.
  9. “Mackwoods Tea” навли қора чой.
  10. “Borjomi” маъданли суви.
  11. “Coca Cola” газли ичимлиги.
  12. “Кauffman Private Collection Luxury” ароғи.
  13. “Beluga Gold Line” ароғи.
  14. “L`Essence de Courvoisier” коняги.
  15. “Remy Martin VS” коняги.
  16. “Jack Daniels Gold” вискиси.
  17. “Macallan in Lalique 57 Y.O.” вискиси.

Бу таомномага боқилса,  бир нарса диққатни тортади: ўша куни Ислом Каримов кечки дастурхонига асосан қонбосимни оширадиган таом, салат ва ичкиликлар қўйилган! Нимагадир у куни Дўрмон қароргоҳи ошпазлари илгари бир марта инсультни бошидан ўтказган Ислом Каримовга қўй гўшти ва от гўштидан тайёрланган таомларни пишириб беришган. Ҳолбуки, бу ҳайвонларнинг гўшти одамнинг қон босимини кескин ошириб юборишини ҳамма билади!

Бир марта инсульт бўлиб ўтган одамга ҳатто денгиз маҳсулотларидан тайёрланган салатлар ҳам хавфли саналади. Ўзбекистоннинг биринчи президентига тавсия этилган бу тур коняк ва вискилар ҳам босимни ошириш хусусиятига эга. Шунга қарамай, давлат бошлиғига фақат кучли овқат ва ичкиликлар тақдим этилган!

Зиёфат уч соатча давом этган бўлса, ўзбекистонлик спортчиларнинг ғалабасидан чексиз даражада қувониб кетган Ислом Каримов ароқни ҳам, бошқа спиртли ичкиликларни ҳам роса бўкиб ичди. Бир марта президент девони бошлиғи Зелимхон Ҳайдаров давлат бошлиғини ҳаддан ташқари кўп ичиб қўяётганидан огоҳлантирмоқчи ва қайтармоқчи бўлди, бироқ Ислом Каримов унга қулоқ солмади.

Зиёфатдан кейин, тахминан тунги 00:00 билан 00:30 оралиғида маст Ислом Каримов Зелимхон Ҳайдаровни бир оз ёнида қолиб латифалар айтиб беришини сўради. Кўпдан-кўп латифа билиши ва чиройли гапириб бериши билан машҳур Зелимхон Ҳайдаров кулгили латифалар айтиб Ислом Каримовнинг кўнглини хушнуд қила бошлади.

Яна бир оздан кейин президент Зелимхон Ҳайдаров билан бирга Дўрмон қароргоҳи боғларида сайр қилгиси келиб қолди. Ислом Каримов суҳбатдоши билан боғ ичидаги шийпончада гаплашиб ўтирган пайти бирдан инсульт хуруж қилиб қолди.

Тезликда қароргоҳдаги навбатчи дўхтирлар чорланди. Улар биринчи тиббий ёрдамни кўрсатишди ва президент миясига қон қуйилганини аниқлашди. Шу тундаёқ Ўзбекистоннинг бош кардиологи Равшан Қурбонов ва бошқа тиб олимлари ҳам қароргоҳга етказиб келинди ва улар ҳам президентнинг миясига қон қуйилганини (инсульт) тасдиқлашди.

27 август тонгда Ислом Каримов махсус тиббий мошинада 1-ҳукумат шифохонасига келтирилди. Президент у ерда 29 август тахминан соат 16:00 ларгача қолди. Бу вақт орасида ҳукумат шифохонасини президентнинг Қўриқлаш хизмати ходимлари ўраб олишди ва қаттиқ қўриқлай бошлашди.

Ўша куни кечқурун шифохонага Россия ва бошқа айрим давлатлардан машҳур дўхтирлар олиб келинди. Президент аҳволини ўрганган чет эллик мутахассислар “Каримовнинг юраги тўхтамаганига қарамай, унинг мияси кўп қон қуйилгани боисидан ўлиб бўлган” деган тўхтамга келишди.

Ислом Каримовнинг юраги тахминан 29 август куни соат 16:00 ларда  тўхтади.

Бироқ ҳукумат аъёнлари (Ислом Каримовнинг “табиий” ўлимини уюштирганлар) президент ўлими хабарини орқага суришга қарор қилишди ва бу орада Каримовни кўмиш ва ҳокимиятни Шавкат Мирзиёев қўлига топшириш бўйича барча ташкилий масалаларни ҳал қилиб олишди. Ва ниҳоят 2 сентябрь куни кечга бориб президент Ислом Каримов ўлгани тўғрисидаги хабарни мамлакатга ва дунёга расман эълон қилишди.

Ислом Каримовнинг ўлими Ўзбекистон ва Россия махсус хизматларининг қўшма режасига кўра Рустам Иноятов, Шавкат Мирзиёев ва Зелимхон Ҳайдаров қўли билан амалга оширилди деса бўлади. Бундай қатъий баёнотимизга асос бўла оладиган маълумотлар қўлимизда бор.

Шундай қилиб…

Россия махсус топшириқларни бажарувчи гуруҳининг яшириқча Ўзбекистонга жойлашиши

2016 йил 27 август куни кечқурун Москвадан махсус самолётда Россиянинг бош кардиохирурги Лео Бокерия Тошкентга келди. Қизиғи, эртаси куни яна тағин махсус самолётда Москвадан Тошкентга “Альфа” гуруҳининг 300 аскари ташланди. “Альфа” гуруҳи Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ ‒ ФСБ)нинг ҳарбий бўлинмаси экани маълум. 28-29 август кунлари улар Тошкент, Андижон ва Самарқанд горнизонларига 100 тадан қилиб жойлаштиириб чиқилди. “Альфа” гуруҳи аъзолари шу кунларгача шу айтилган шаҳарларда ўтиришибди.

Бизга етиб келган хабарга қараганда, Россия махсус бўлинмаси аскарлари Ўзбекистонда 2017 йил баҳоригача ‒ Кремл малайи Шавкат Мирзиёев тўла ва узил-кесил ғалабасигача қолишади. “Альфа”нинг асосий вазифаси Кремл сиёсатига ўйнайдиган Рустам Иноятов билан Шавкат Мирзиёев шайкаси ҳокимият тизгинини ўз қўлларига эсон-омон олишларини, а йни чоқда, майдонга бу шайкага қарши биронта куч чиқиб қолмаслигини орқадан туриб таъминлашдир.

Россия ва Оврупа давлатларидан дўхтирларни махсус самолётда Ўзбекистонга етказиш, Россия “Альфа” гуруҳини Москвадан Ўзбекистон пойтахтига келтириш ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Бу ишларнинг чиқимини Кремл олигархи, Путиннинг “ҳамён”и Алишер Усмонов кўтарган, деган хабарлар ҳам бор. Лекин биз бу хабарни қатъий тасдиқлай олмаймиз, чунки, билишимизча, айни ўша таҳликали кунлари Алишер Усмонов Лондонда бўлган. Балки бу ҳам “панада қолиш”нинг бир йўлидир…

Нима бўлганида ҳам, бу учишлар жуда қисқа муддат оралиғида ва тез ташкил этилгани одамни ҳайрон қолдиради.

Айтилганлардан Тошкентда “мирзиёевчилар” “мияга қон қуйилиш” можароларига ва Россия махсус ҳарбий бўлинмасининг Ўзбекистонга жойлашишига олдиндан тайёр экани ойдинлашади.

Юқорида айтдик: Россия ҳарбийлари Тошкентга келган заҳоти юзта-юзтадан қилиб Тошкент, Андижон ва Самарқанд горнизонларига тарқатилди. Қизиғи, шу кунгача Ўзбекистон МХХсининг террорга қарши “Ц” отрядининг макони бўлган бу горнизонлар “янги меҳмонлар”ни қабул қилиб олишга олдиндан тайёрлаб, бўшатиб, барча шароитлар яратиб қўйилган эди.

Бу ишларнинг яна бир қизиқ томони ‒ 19-20 август кунлари, яъни, “инсульт” можаросидан бир ҳафта бурун “Ц” бўлинмасининг Тошкент, Андижон ва Самарқанд шаҳарларидаги аскарлари тезлик билан ТАБ (Кўчма амалиётлар бўлинмаси) ‒ БМО (Батальон мобильных операций)га қарашли казармаларга кўчириб ўтказилган. Бизнинг тахминимизча, Ўзбекистон МХХси раҳбарияти ўзининг махсус бўлинмаларини ТАБ чиларнинг казармаларига ҳайдаб, россиялик “меҳмонлар”га жой бўшатган.

Тўғридан-тўғри бўлмаса ҳам, Тошкентда “мирзиёевчилик” Путин олигархлари билан биргаликда Ислом Каримовнинг “тўсатдан” ўлиб қолишига тайёрланганига ишора қиладиган яна бошқа воқеалар ҳам бор.

Шундай қилиб…

Алишер Усмоновнинг Ззбекистон бош вазирига ва Тошкент жиноий тўдаларига “Апрел тезислар”и

2016 йил апрели бошларида Тошкентга келган Алишер Усмонов ҳузурига “Ботир алюмин” лақабли Ботир Раҳимовни чорлади. Ботир Раҳимовни жиноя оламининг авторитетларидан Салим Абдувалиевнинг ўнг қўли деса ҳам бўлади. Суҳбат чоғи Кремл олигархи Ўзбекистоннинг алюмин қироли Ботир Раҳимовга ажиб бир таклиф қилиб қолди: автоҳалокатда ўлган жияни Бобур Усмоновнинг бевасига расман уйланишни тавсия этди. Ботир Раҳимов Алишер Усмоновнинг нафақат бу таклифига, балки ҳозирги оиласидан расман ажрашишга ҳам ўйлаб ўтирмасдан рози бўлди.

Бу учрашувда Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳам бор эди ва у Диёра Усмонованинг “вакил ота”си мақомида қатнашди. Маълумки, Диёра Усмонова (Ҳошимова) Бош вазир хотинининг жиянидир.

Диёра Усмонова

Диёра Усмонова

Бу никоҳнинг бошқа “майда-чуйда” масалаларини ҳал этишни Алишер Усмон Шавкат Мирзиёев билан Ботир Раҳимовнинг ўз ихтиёрларига топширди. Ўзбекистон Бош вазири билан алюмин “қирол”и Кремлдаги хўжайинларига қулоқ солиб, Ботир Раҳимовнинг биринчи никоҳини тезда буздилар ва тўйни 2016 йил 6 май жума кунига белгиладилар.

Шавкат Мирзиёев билан Ботир Раҳимов жума кунини бекорга танлашмади. 5 май пайшанба куни Салим Абдувалиевнинг туғилган куни ва бунда катта банкет бўлиши муқаррар эди.

Салимбойнинг туғилган куни билан уюштирилган зиёфатда Шавкат Мирзиёев куёвлари Отабек ва Ойбек билан бирга келди. Банкетга Ойбек куёвнинг отаси, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Террорчиликка қарши кураш бошқармасининг собиқ бошлиғи Ботир Усмонов ҳам келган эди.

Салимбой Абдувалиевнинг туғилган кунида қадаҳлар нафақат “чақалоқ”нинг шарафига, балки тўйи эртагага белгиланган “ёш келин-куёв” Ботир Раҳимов билан Диёра Усмонова шарафларига ҳам кўтарилди, қизғин сўзлар сўзланди.

Шуни таъкидлаш лозимки, 2004 йилдан бошлаб бу ёнга қадар Шавкат Мирзиёев бирон марта қолдирмасдан Салим Абдувалиев туғилган кунларига қатнашиб келади. Анъанага кўра, бу тантанали зиёфатларга у доим икки куёвини олиб келади.

Диёра Усмонова ва Ш. Мирзиёевнинг қизлари

Диёра Усмонова ва Ш. Мирзиёевнинг қизлари

Ботир Раҳимов билан Диёра Усмонованинг никоҳи Салимбой Абдувалиев теварагидагилар учун ҳам, Шавкат Мирзиёев оиласи учун ҳам фойдали битим бўлди. Ботир Раҳимовни ўзига оилавий “қариндош” қилиб олиб Ўзбекистон Бош вазири нафақат Алишер Усмонов билан, балки у суядиган тошкентлик “кўча болалари” билан ҳам муносабатини мустаҳкамлаб олди.

Шундай қилиб…

Шавкат Мирзиёев ‒ Кремл амалдорлари ва олигархларининг малайи

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи лавозимини зўрлик билан эгаллаган заҳоти биринчи навбатда Москва Кремлидан келган буйруқни бажарди: яъни, жиноят олами авторитети Ғафур Раҳимовнинг жиноий “иш”ини ёпиш, Ўзбекистон ИИВнинг Интерполга йўллаган талабномасини бекор қилиш ва Ғафурбойнинг Тошкентга эсон-омон қайтиб келишни таъминлаш.

Ғафурбой Раҳимов Халқаро Олимпия қўмитаси аъзоларининг овозини сотиб олиб, 2014 йилги қишки олимпия ўйинлари Сочида ўтишини таъминлаган эди. Шунинг учун Путин ундан ниҳоятда миннатдор бўлган ва “қарз”ини узмоқ ниятида Ёқутистондаги йирик олмос конини Ғафурбой Раҳимовга совға қилиб юборган эди. Шундай бир зотга энди Ўзбекистон ичида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ҳеч қандай жиноий “иш” хавф солмайдиган бўлди.

Шавкат Мирзиёевнинг бу “олижаноблиги”га жавобан кремллик олигарх Алишербой Усмонов бир ишчи гуруҳ тузиш ишини бошлаб юборди. Бу гуруҳнинг вазифаси Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди компанияси учун иқтисодий дастур (йўл-йўриқлар) ишлаб чиқишдир. Дастур лойиҳасида ўзбек сўмини хориж валютасига эркин айирбошлаш (конвертация)ни очиш ваъдаси ҳам бор. Усмоновнинг иқтисодчилари бу мақсад учун Ўзбекистон ватандошлари чет эллардан электрон тизимлар орқали юбораётган валюта маблағи ҳисобидан бир жамғарма шакллантиришни ният қилишган. Ҳозирча бу гуруҳ Москвада ишлаяпти. Бироқ шу йилнинг октябрида 40 кишидан иборат бу “иқтисодий десант” Тошкентга хизмат сафарига йўлланади.

Ғафур Раҳимовнинг муруввати ҳам эвазсиз қолмади, албатта: Кремлнинг хўжайини Владимир Путин 20 сентябр куни Тошкентга Россия Федерал хавфсизлик хизмати офицерларидан қўшимча 30 кишини Тошкентга юбориш билан ўз миннатдорлигини кўрсатди. Улар Шавкат Мирзиёевни қўриқлаш учун учиб келишди. Шу боисдан ҳам Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи 21 сентябрданоқ М. Тоҳирий бошчилигидаги Президент хавфсизлиги хизмати (ПХХ)нинг хизматидан воз кечди.

Шавкат Мирзиёевнинг Кремл амалдорлари ва олигархлари, шунингдек, ўзбек жиноий авторитетлари билан муносабатлари шакли қуйидаги чизмада кўрсатилган:

sxemauz

Кейинги воқеалар Ўзбекистоннинг чинакам хўжайини Россия президенти Владимир Путин эканини кўрсатяпти.

Муносабатларнинг бу шаклида Ғафур Раҳимов, Салим Абдувалиев ва Ботир Раҳимов мирзиёевчиларнинг маҳаллий харажатларини кўтариши керак. Яна “кўча” ҳам ёрдам кўрсатиши лозим. Хоссатан, маҳаллий тадбиркорлар учун сердаромад бўлган жойларни тортиб олиш орқали. Кремл олигархи Алишер Усмонов чекига эса мирзиёевчиликнинг йирик, айниқса халқаро чиқимларини қоплаб туриш тушди.

Шавкат Мирзиёевнинг маҳаллий жиноий авторитетлари ўртасида ўрнатилган “дўстона муносабат” ҳозирдан мева бера бошлади. Унинг куёвлари Отабек билан Ойбек пойтахтдаги бой “Яккасарой” ресторанига келишди ва унинг хўжайинидан ресторанни ўзларига сотишни талаб қилишди.

Шу кунларда Шавкат Мирзиёев бошқа ғаразли мақсадларини ҳам амалга ошириш, шунингдек россиялик хўжайинларининг буюртмаларини ўринлатиш ниятидадир.

Шундай қилиб…

Шавкат Мирзиёевнинг яқин уч ойлик режаси

Шавкат Мирзиёевнинг яқин режаларида Ўзбекистоннинг энг даромад келтирувчи ҳиссадорлик кампанияларини Алишер Усмоновга ва бошқа россиялик олигархларга сотиш лойиҳаси турибди. Мирзиёевчилар “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси билан “Ўзбекистон темир йўллари” давлат ҳиссадорлик темирйўл компаниясини савдога қўйишга тайёрланишяпти. Тез орада Россия сармоядорлари диққатига Олмалиқ, Бекобод ва Навоий металлургия комбинатлари тақдим этилади. Асакадаги автомобил заводини эса кимошди савдоси орқали Ғафур Раҳимов сотиб олмоқчи. Унинг Ўзбекистонга қайтишини Шавкат Мирзиёев сабрсизлик билан кутиб турибди.

Шу йил октябрининг ўзидаёқ Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан унинг қуйида саналадиган севимли “укахон”лари ва уларнинг Тошкентдаги ва Москвадаги хўжайинлари ҳақида очилган жиноий “иш”лар ва таъқиблар бирин-кетин тўхтатилади:

Жавдот ва Ҳаёт ШАРИФХЎЖАЕВлар ‒ ака-ука “мхх”чилар. Улар Ўзбекистон МХХ раиси Рустам Иноятов ҳимоя қанотида эди, аммо қанча асрамасин, президент Ислом Каримовнинг шахсий талаби билан қамоққа олинган эди;

Лазар ШАЙБАЗЯН ‒ “асфалт қироли” лақаби билан машҳур. У Ўзбекистондаги барча асфалт заводлари тепасига россиялик мафиозлар талаби ва Владимир Путин “розилиги” билан Салим Абдуллаев ёрдамида келтирилган эди. Лазар Шайбазяннинг бу лавозими учун 5000000 (беш миллион) доллар пора берилган ва уни шахсан Бош вазир Шавкат Мирзиёев олган. Россия жиноят олами авторитетлари берган бу порани Ўзбекистон Бош вазирига Салим Абдувалиев етказган. Кейинчалик Лазар Шайбазян Мирзиёев билан Абдувалиевнинг умумий “ҳамён”и бўлиб қолди.

Аҳмаджон ТУРСУНБОЕВ (лақаби “Аҳмадбой Чиназский”дир) ‒ тадбиркор, Тошкент вилоятининг Чиноз туманидан. Шу бу йил молиявий пирамида тузганликда айбланиб қамоққа олинган. Аҳмаджон Турсунбоев Шавкат Мирзиёевнинг пулини айлантирар, топганини бир центигача қолдирмай Бош вазирга берар эди. Аҳмаджон Турсунбоевдан ҳамма айбловлар олиб ташлангач кўрасизлар: чинозлик бу тадбиркорга ким қарши чиққан ва ижтимоий тармоқларда унинг устидан кимлар кулган бўлса, уларга қарши қаттиқ жазо чоралари кўрилади! Алоҳида жазо Аҳмадбойни “шарманда қилиш” борасида айрича жонбозлик кўрсатган ўзбек шоу-бизнеси вакилларига қаратилади.

Шавкат Мирзиёевнинг “оқ рўйхат”ида яна порахўрлик, қароқчилик, босқинчилик ва бошқа жиноятлар учун қамоқ жазосини ўтаётган собиқ амалдорлар ва жиноят олами вакилларининг исмлари бор. Жумладан, озодликка Ғафур Раҳимовнинг танқўриқчилари ва “босимчи”лари чиқишади. Улар Ўзбекистондаги завод ва фабрикалар раҳбарларини ўлдирганлари учун қамалган эдилар.

Шавкат Мирзиёевнинг яқин режаларидан бири ‒ ўзининг одамларини ҳукуматнинг юқори лавозимларига тайинлашдир. Масалан, республика Бош прокурори лавозимига ҳозирги Ихтиёр Абдуллаев ўрнига Хоразм вилояти ҳокими Пўлат Бобожоновни тайинласа керак.

Энди қисқача Шавкат Мирзиёевнинг “қора рўйхат”ига тўхталиб ўтамиз.

Бу рўйхат бошида Шавкат Мирзиёев билан Рустам Иноятовнинг умумий душманлари ‒ Ўзбекистон республикаси Бош вазири ўринбосари, Молия вазири Рустам Азимов турибди. Гарчи бир томондан Мирзиёев билан Иноятов, иккинчи томондан Рустам Азимов “мамлакат ҳукуматида тинч-тотувлик ҳақида” ўзаро оғзаки эркакларча келишиб олинган бўлса-да, мирзиёевчилар бу келишувни хоҳлаган пайтида бузиши ва уни “америкаликларнинг жосуси” деб эълон этиб мансабидан улоқтириб ташлаши мумкин. Ҳозирча мирзиёевчилар Рустам Азимовга Ўзбекистоннинг Бош вазири лавозимини ваъда бериб турибди.

Эгаллаб турган лавозимидан яна МХХ раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломов ҳам четлатилиши мумкин. У шу дамгача мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг оиласига садоқат билан хизмат қилиб келган. Уни ишдан олгач, мирзиёевчилар бу ёш генерал билан бирон кафе ё ресторанда эмас, балки ўзбек махсус хизматининг, дейлик, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Гвардия кўчасида жойлашган кўздан пана бирон ертўласида “суҳбат” қуришади.

Бу ерда Шавкат Мирзиёевнинг “қора рўйхат”ини бир бошдан санаб чиқишга вақт йўқ. Қисқачаси, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовга жону дили билан хизмат қилганларга айниқса қийин бўлади. Бошқача айтганда, мамлакат алғов-далғовли кунлар олдида турибди.

Шундай қилиб…

Хулоса

Ҳозирда, Ислом Каримов ўлимидан кейин, кўплар мамлакатнинг биринчи президенти Ўзбекистонда давлат машинаси тўхтовсиз-бир маромда ишлайдиган тизимни яратган деб айтяпти. Бу каби фикрлар республикада кечаётган ҳодисаларга юзаки боқишдан туғилган.

Ўзбекистонда давлат машинаси ва жамият ҳаётига жуда унақа теран боқилмаганида ҳам кўзга яққол ташланадиган “ютуқ” шуки, Каримов фуқаролар ҳуқуқи ва эркиликларини бузиш, халқ норозиликларини бостириш ва сиёсий мухолифларни йўқотиш борасидагина тўхтовсиз ва бир маромда ишлайдиган тизим яратиб кетди. Бу тизимни давлат машинасининг мураккаб тизими билан чалғитмаслик керак!

Жами 27 йиллик, мустақиллик шароитида 25 йиллик бошқаруви давомида Ислом Каримов йирик давлатларнинг сиёсий йўлига тобе бўлмаган, Ўзбекистон сиёсий мустақиллигини таъминлашнинг оддий механизмларини ҳам барпо эта олмади. Тўғри, у мамлакат мустақиллиги тақдирига жуда қайғурар, мустақилликни кўз қорачиғидек асраш ҳақида кўп гапирар эди. Аммо бунда унинг таг ташвиши президентликдан кетиб қолмаслик, нима қилиб бўлмасин ўз ҳокимиятини ўлгунича асраб қолиш бўлган. Натижада мамлакатда ҳокимият мустақил ички ва ташқи сиёсат юритишини таъминлайдиган тизимни қура олмади. Ислом Каримовнинг сиёсий очкўзлиги орқасидан бугун Ўзбекистоннинг сиёсий мустақиллиги мамлакат президентининг шахсига ва шахсий манфаатларига қаттиқ боғлангандир.

Шундай бўлгани билан Ислом Каримов Москва, Вашингтон ва Пекин орасида мувозанатни бирмунча сақлаб келди. Аммо бугун унинг ўрнига шундай киши келдики, у руҳий ҳам, фикрий ҳам ва ҳатто оилавий иплар билан ҳам Кремл амалдорлари ва олигархларига ҳамда Ўзбекистон ичидаги жиноий тўдаларга қаттиқ боғлангандир.

Ислом Каримов Ғафур Раҳимов ва Салим Абдувалиев каби кишилар учун уларнинг томоғида туриб қолган суяк эди. Каримов бу одамлардан ва маблағидан ўзининг сиёсий мақсадлари йўлида фойдаланар эди. Шогирди Шавкат Мирзиёев бўлса, фавқулодда катта ҳокимиятга келганига бир ҳафта тўлар-тўлмай “устози”нинг душмани бўлган кишиларнинг манфаатларига хизмат кўрсата бошлади. Худди мана шу ерда мамлакат сиёсий курси давлат бошлиғининг шахсий манфаатларига боғланган бир тизим кўзга кўринади.

Қисқача айтганда, агар Ислом Каримов Ўзбекистонда инсоннинг сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларигни бўғиб келган бўлса, Шавкат Мирзиёев фақат инсонларнинг сиёсий ҳуқуқ ва эркинликлари учунгина эмас, балки Ўзбекистоннинг сиёсий ва иқтисодий мустақиллиги учун хавфдир.

Ўзбекистонни севадиган ҳар қандай киши юрагида ўзбек миллатига муҳаббат бўлмаган бу жаллоднинг Ўзбекистонни бошқаришига кўнмайди, кўна олмайди деб ўйлаймиз.

Кейинги мақолаларимизда биз Шавкат Мирзиёев қандай қилиб ва кимларнинг ёрдами билан Ислсом Каримовнинг ишончига кириб олгани, ўзбекистонлик жиноий авторитетлардан қайси бири Шавкат Мирзиёевнинг қизларига умумий қиймати икки миллион доллар бўлган олмос (бриллиант) совға қилгани, Мирзиёевнинг қизлари қандай қилиб ва қаерларига бу олмосларни “тикиб” олишгани хусусларида батафсил хабар берамиз.

Яна биз қандай қилиб ва кимнинг ташаббуси билан Шавкат Мирзиёев Мавлон Умрзоқовни лавозимидан четлатишда иштирок этгани, Ўзбекистон республикаси Бош вазири лавозимига тайинланиши олдидан қанақа шартлар қўйгани ҳақида ҳам ҳикоя қиламиз. Шунингдек, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ҳоким бўлиб ишлаб турганида кимларни ўз қўли билан ўлдирганини ҳам эслатамиз…

Усмон ҲАҚНАЗАРОВ,
сиёсатшунос

2016 йил 25 сентябрь

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 5 Yorum )

  • muslim ;

    Маълумот учун рахмат, ишларга омад.

    03/10/2016 20:13
  • ansor ;

    Узбек халки шунчалар хам хор буладими!! Качонгача бир неча хоин, каззобларни нафси хавоси оркасидан кийналиб, бири икки булмай яшашади!! Эссизгина..

    28/09/2016 09:23
  • Ahmad ;

    Оппа айтмаганмидим хаммаси сахналаштирилган деб. Ман уйлагандан кура хам жуда чигал экан ахвол. Буларни хийлаларини тухтамасдан фош килиб туриш лозим. Качон уйгонади мани Узбегим.

    26/09/2016 14:18
    • Feruz ;

      Tug’ri aytasiz birodar. Men xam xuddi shunday bulgan bulsa kerak deb uylagandim. Bizni xalq kuzini ochishiga yana 100 yillar kerak buladiyov.

      13/10/2016 07:53
  • Ahmad ;

    Эх менинг соддадил узбегим бу хаммаси албатта сахналаштирилган эди. Одамларни мажбурий кучага чикарилиши, гуллар маросими, … Канча гулчиларни хам «омади» келди.
    Кундузи ичига гугурт екса еримайдиган, бир байрамдан иккинчи байрамгача яшайдиган узбешгимни туйини бузиш яхши эмаслигини билишарди. Кузи кур, кулоги кар, узи мудрок узбегим эртанги кунга ишончи йуклигидан кузига еш олди. Кимнидир отаси, кимнидир бобоси улди. Узбегим роппа-роса бир йил кутиб яшагану мана шу байрамини утказиб олиши учун мурдани икки кун саклашди.
    Хеч шак-шубхасиз каримовни 29 август кунида улгани 30 август еки 31 куни эълон килинганида Мустакуллик байрамига чикадиган оломон кутарилниб кетиб давлатни агдариб хакикатан МУСТАКИЛЛИКка эришиши хеч гап эмасди. Акл эгалари(интеллигенция) учун мулохаза.

    26/09/2016 14:14
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар