Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Эврилиш

Эврилиш
28 Eylül 2016 - 5:00 'да юкланди ва 1699 марта ўқилди.

MS yo'lnoma_1Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(94)

1993 йил. ЭВРИЛИШ

93-йилнинг  бошига  келиб,  Ўзбекистонда  «мустақиллик» демогогияси  пайдо  бўлди.  Кечагина  мустақилликка  очиқ  душман бўлган  коммунистлар  энди  унинг  меъморлари  сифатида  ўзларини танита  бошлашди.  Ҳатто  «Мустақиллик  ордени»  таъсис  қлишиб, кўкракларига тақиб олишди.

Қайта  қуриш  даврида  мустақилликни  шиор  қилгани  учун Советлар  диёрининг  кушандаси  саналган  сиёсий  мухолифат  энди режим  тарафидан  мустақиллик  душмани,  дея  танитила  бошлади.

Мухолифат  халқ  тинчлигини  бузувчи,  деструктив  куч, ҳукуматининг  ибораси  билан  айтганда,  «қора  куч»  ўлароқ  талқин қилина  бошлади.  Буни  исбот  қилиш  учун  мухолифатнинг  конкрет жиноятлари  кўрсатилиши  лозим  эди.  Бу  жиноятлар  зудлик  билан тўқиб-бичилди,  шулардан  илки  «Миллий  мажлис»  иши  эди.  Бу сохта айбнома билан «Эрк» котиби Отаназар Ориф жаъми бир йил, «Эрк»  аъзоси Саловат Умрзоқов бир йил, «биликчи»лар Ҳазратқул Худойберди  ва  Олим  Каримовлар  бир  неча  ой  қамоқда  ўтириб чиқдилар.  Бу  Каримов  режимининг  «синов  юриши»  эди.  Ҳали  20 йиллик  қамоқ ва ўлим жазолари олдинда эди.

1992  йил  августидан то 1993 йил баҳоригача КГБ тарафидан давомли  кузатув  остида  яшадим  ва  деярли  ҳеч  бир  фаолият кўрсатолмадим. Газеталаримизни чиқишдан тўхтатгандилар. Халқ билан учрашувга йўл қўйишмас, борган жойимизда провакатсиялар уюштириб,  жанжал чиқаришарди.

1993  йил  март  ойида  Бахтиёр  Исобекнинг  «Эрк  йўлида» деган  китоби  босилиб  чиқди.  Чет элда босилган бу китобнинг бир неча  юз  нусхаси  Тошкентда  тарқатилди.  Китоб  «Эрк» апртиясининг  қисқача  таржимаи  ҳолини  баён  қиларди.  1993  йил апрел ойининг бошида ўша китоб учун мени ҳибсга олишди. Аввал партия  офисига  «сизни  Ички  ишлар  Вазири  суҳбатга  чақирапти, мени  юборди»,  деб  бир  полковник  келди.  Унинг  машинасида бордик. Вазир Алматов қуюқ саломлашиб, мени ҳурмат қилишини, аммо баъзи одамларнинг чақимчилиги туфайли ҳукумат мен ҳақда ёмон фикрларга бораётганини айтди. Агар вақтингиз бўлса, пастда шаҳар  прокурори  Жўраев  ўтирибди,  унинг  баъзи  саволларига жавоб бериб кетсангиз яхши бўларди, деди. Пастки  қаватга  индим.  Тахтин  исмли  бир  миршаб хонасида шаҳар прокурори Жўраев соатларча сўроққа тутди. У ерда ўн икки соат  қолиб  кетдим.  Сўроқ  охирида  прокурор  «Сиз  мустақиллик душманисиз,»  деди.  Мен  жавоб  беролмадим.  Менинг  олдимда мустақилликнинг  бугунги  дўсти,  кечаги  ашаддий  душмани  бир одам турарди. Бу 20-аср эврилишларидан бири эди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар