Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ҳибс

Ҳибс
29 Eylül 2016 - 5:00 'да юкланди ва 1414 марта ўқилди.

MS yo'lnoma_1Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(95)

ҲИБС

Жўраев  сўроғидан  кейин,  кечаси  соат  бирда,  мени  бошқа хонага  олиб  ўтишди.  У  ерда  бўйнимдаги  галстукни,  шимимдан камар  ва  оёқ  кийимимдан  боғларни  ечиб  олишди.  Соат  ва чўнтагимдаги  ашёларни  ҳам  олиб,  чеккага  қўйишди.  Кейин  ички ишлар  Вазирлигининг  бутун  Советлар  Иттифоқига  донғи  кетган ертўласига  тушдик.  Ертўла  қаватда,  лифтдан  тушган  ерда  чап тарафда  маҳбуслардан  эшитганим  «стакан»га  киритиб,  устимдан қулфлашди. «Стакан»да эгилиб турдим, чунки, томи жуда паст, эни ва  бўйи  бир  метр  келмайдиган  ҳақиқий  стакан  эди.  Ўтиришга иргандим,  ўтирадиган жой жуда ифлос эди.

Ярим  соат  ўтар-ўтмас,  эшик  очилиб,  қўлимга  кўрпа-тўшак тутқазишди,  узун  даҳлиз  бўйлаб  юра  бошладик.  Камераларнинг эшиги  икки  қат  темирдан  бўлиб,  очилганда  жўда  қаттиқ  шарақ-шуруқ  билан  очиларди.  Шундай  шовқин  билан  битта  камерага киритишиб,  орқамдан эшикни  қулфладилар.

Қўлтиқда  кўрпа-тўшак,  остонада  бир  лаҳза  турдим.  Қоқ эшикнинг  тепасида  электр  чироғи  ёниб  турар  ва  бутун  камерани кўриш  мумкин  эди.  Икки  қаватли  учта  ётоқ  қўйилганди,  унитаз ёнидаги  устки  биттаси  бўш  эди.  Кўрпа-тўшакни  ўшанга  қўйдим. Камера  аҳли  истироҳатда  экан.  Тўрдаги  «пастки  қават»даги биттаси бошини кўтарди ва ўрнидан туриб, менга яқинлашди:

–  Э,  Муҳаммад  Солиҳмисиз, бу ерда нима қилиб юрибсиз? – деди самимий ҳайрат билан.

– Бу ерда юришим мумкин эмасми? – дедим кулиб –  Йўқ,  ундай  демоқчи эмасман, сизни нега қамашди? – деди соддадил маҳбус.

– Буни гаплашамиз ҳали, бироз чарчадим, узр, – дея «иккинчи қават»га тирмаша бошладим.

– Йўқ, ака, сиз у ерда ётмайсиз, ҳой фалонча, сен бу ёққа ёт, акамиз сенинг койкангга ётсин, – деди мени қаршилаган бу одам.

– Йўқ, мен шу бўш койкага ётаман, – дедим.

– Унақаси кетмайди, дейишди бир овоз билан бешта маҳбус.

Ва  мен  жамоат  кўрсатган  тўрдаги  ётоқда  ётдим.  Ётдиму, ухлай олмадим.

Камерадош  оғайниларнинг  суҳбатлашгиси  келарди, уларнинг саволларига  жавоб  бердим.  Биттаси  қашқадарёлик  полвон  экан.

Бировни  ўлдириб,  қамалибди.  Яна  биттаси  қароқчилик  қилгани учун, бошқаси бировга суиқасд режалаштиргани, навбатдагиси пул ўғирлагани  учун  қамалган  эканлар.  Бешинчиси  бир  рус  эди,  у Ўзбекистонда  яшаса  ҳам,  Русия  фуқароси  экани,  унинг долларларини  ноҳақ  мусодара  қилишганини  айтиб,  кўп  шикоят қилди.  Ертўлада  тўрт  кун  қолиб  кетдим.  Ҳар  кун  кечаси  Жўраев келиб,  ертўладаги  бир  хонада  сўроқ  қилиб  кетарди.  Ҳар  кун юзимга  қараб  «қалайсиз  энди,»  дея  илжаярди.  Мен  ҳам  «раҳмат, яхшиман,»  деб  илжаярдим.  Ҳақиқатан  яхши  эдим.  Камерадош дўстлар  менга  йўл-йўриқ  кўрсатишарди.  «Сўроққа  бораркан, соқолни  олиш  лозим,  терговчи  сизни  «синибди»  деб  ўйламаслиги керак,»  деган  доно  маслаҳатлар  бериб,  таъқиқлаганган  бўлса-да, қаердандир  сартарошлик  асбоблари  топиб,  соқолимни  олишга ёрдамчи  бўлишарди.  «Бу  ердан  Тошент  турмасига  ўтайлик, сизга жаннат  яратиб  берамиз,  ака,  сиз  ташвиш  чекманг,»  дея  бу «қароқчилар»  менга  ҳукумат  раво  кўрмаган  иззатни  кўрсатдилар, Оллоҳ уларга ҳидоят берган бўлсин.

Тўртинчи  кун,  чет  эл  жамоатчилиги  тазйиқи  остида  бўлса керак, мени ертўладан чиқаришди.

Бир  милиса  подполковниги  (исми  Ботир  эди,  шекилли) машинасида  уйга  кузатиб  қўйди.  Унинг  йўлда  айтган  гапи  ҳеч эсимдан  чиқмайди.  «Солиҳ  ака,  нима  қиласиз  шу  жанжални,  мана сизни  қамашди,  биров  «миқ»  этдими?  Халқингиз  ҳали  бу нарсаларга  тайёр  эмас,»  деди  миршаб.  Унинг  гапи  ханжардай
ботди.  Уйга  келдим,  оилани  севинтирдим,  аммо  юрак  ғаш  эди. Ичимда  ҳалокатли  тушкунлик  ҳис  этдим.  Ожизликни  доим  рад қилган  ғурур  ортиқ  йўқ  эди.  Кимдир  «сенинг  йўлинг  тўғри,» дейишини  истардим.  «Сен  доим  тўғрини  гапирдинг,  ҳеч  кимга хиёнат  қилмадинг,  миллатингга  доим  яхшилик  тиладинг,» дейишини  истардим  Айни пайтда, бундай истакнинг нақадар уятли эканлигини  билардим.  Чунки,  мен  одамларга  далда  бериш  учун майдонга чиққандим, улардан далда олиш учун эмас.

Сиёсат  –  тош  ёмғири остидаги ҳаётдир. Бу тошларни гуллар каби  қабул  этмоқ  сенга  фарз.  «Мени  тушунмадингиз,  мен  бошқа нарсани  айтаяпман,»  дея  олмайсан,  чунки,  бу  фойдасиздир. Тушунмасилик  –  бошқаларнинг  вазифаси,  айтиш  эса,  сенинг вазифанг.  «Фалончи  хиёнат  қилди,»  дейишга  ҳам  ҳаққинг  йўқ, чунки,  ҳеч  ким  сен  танлаган  ғояга  содиқ  бўлиш  мажбуриятида эмас.  Бу  йўлга  кирдингми,  изтиробга  қарши  исён  этма.  Оллоҳга шукр  қил.  Зотан,  бутун  умринг  давомида  шу  ҳаётни  орзу қилгандинг,  шу  ҳаёт  хаёлида  шеърлар  ёзгандинг,  мана,  ўзи қаршингда  турибди,  қабул  эт.  Фақат  иккиланма,  шубҳаланма, шикоят  қилма,  инграма.  Бу  йўлдан  қайтиш  йўқдир.  Ё  ғозий  ё шаҳид, Оллоҳу акбар…

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Мансур ;

    Ока! Сизнинг Ўзбекистон тарихида ўз ўрнингиз бор! Сиз ўзини англаган чин инсонлар учун қаҳрамонсиз! Бардам бўлинг!

    29/09/2016 08:18
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар