Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Мавлоно Румий

Мавлоно Румий
30 Eylül 2016 - 5:00 'да юкланди ва 1584 марта ўқилди.

MS yo'lnoma_1Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(96)

МАВЛОНО РУМИЙ

Эртаси  куни  «кўз  ойдин»га  дўстлар  келишди.  Бирга чойхонага  кетдик, чойхона ошидан едик. Кузатувчилар аввалгидан ҳам яқинроқ таъқибга олгандилар. Кайфиятимиз кўтарилмади. Мен сафдош  дўстларга, «агар бугун яна олишса ва уч кун ичида қўйиб юборишмаса,  билинг-ки,  сиёсий  очлик  бошлаган  бўламан, жамоатчиликка  шундай  эълон  қилисизлар,»  дедим.  Аммо  у  кун тегишмади. У кун уйда ётдим.

Кечаси ғаройиб туш кўрдим. Қоп-қоронғу икки қаватли уйда зинапояларда  югуриб,  айғоқчилар  билан  отишаяпман.  Бир нечтасини  ўлдирдим,  аммо  кўпчилик  эди,  бостириб келишаверарди,  иккинчи  қаватга  чиқиб,  деразасидан  бир  арча дарахтига сакрадим… ва узоқ учдим. Ерга тушганимда бу қоронғи уйнинг осмонда муаллақ турганини англадим. Аммо тушган жойим бир  чаманзор  эди.  Гул-чечаклар  шу  қадар  рангдор  эдилар-ки, кўз қамашарди.  Ям-яшил  чим  устида хачирга миниб, нуроний бир чол турарди.  Юзидаги  ифода  жиддий  эди.  Мен  ихтиёрсиз  равишда унинг  ёнига  бориб,  таъзим  қилдим  (ҳаётда  таъзим  қилиб кўрмаганман). Бу ҳаракатим ўзимга ҳеч эриш туюлмади. Мўйсафид сассиз тил билан ҳаракатимни маъқуллади. Ёнимга боқдим, гулзор ичида  яна  бир  хачир  турарди.  У  меники  эмиш.  Унинг  жиловини тутган ёш йигит хизматкорим экан. У шикоят қилиб «Сиз менга ўз эшагингизга  кўра  ёмонроқ  муомала  қилдингиз,»  деди  телепатик тил билан. Эшак ҳам айни тилда «хизматкор тўғри айтаяпти,» деди.

Мен  ҳар  икколовидан  ҳам  кечирим  сўрадим.  Ғаройиб,  ажиб  бир мувозанат, бир ҳузур вужудимда ҳоким эди. Умримда ҳеч қачон бу қадар  сокинлик  туйғусини  яшамагандим.  Энг  ҳайратланарлиси, мен кибрсиз эдим. Ўша  куни кечқурун яна ички ишлар Вазирлигига чақиришди. Яна  соат  бирларда  Тахтин  хонасидан  бошқа  хонага  ўтказишди. Агар  ертўлага  туширмоқчи  бўлсаларинг, уйдан бошқа кийим олиб келишсин,  телефон  қилай,  дедим.  Майли,  бугун  уйингизда  ухланг, эртага гаплашамиз, дейишди. Уйга  соат  кечаси  иккида  келдим.  Хотинга  агар  эртага қамашса,  Хоразмга  кетинглар,  мен  чиққунча  Хоразмдан келманглар,  дедим.  Унга  кечаги  тушимни  айтгандим,  яхши  туш, деб йўримлади. Эртаси куни миршаблар тегишмади. Яна  бир  кундан  сўнг  ярим  тунда  уйга  ёзувчи  Мамадали Маҳмуд  бошлиқ  бир  гуруҳ  дўстлар  келди…  Улар  «эрталаб  сени олишади,  бу  ердан  кетишинг  керак,»  дейишди.  Мен  уйқум келаётган эди, «эртага гаплашайлик,» деб уларни зўрға жўнатдим.

Мен  Ўзбекистондан  кетишни  истамасдим.  Буни  хотинга айтдим,  у  ҳам  маъқуллади.  Мени  қамасалар,  оила  Хоразмга кўчадиган  бўлди,  буни  маслаҳатлашиб  олдик.  Хотиржам  уйқуга кетдим.  Аммо  соат  тонгги  тўртта  яна  уйғотишди.  яна  ўша «делегатсия».  Мамадали  куюниб  гапирди,  қамоқда  ҳеч  нарса қилолмайсан,  лекин ташқарида бир ишлар қилишинг мумкин, деди. Агар  қамалсанг,  йигитларнинг  ҳам  руҳи  тушиб  кетади,  ташкилот ўлади,  деди.  Улар  билан  кўчага  чиққанимда,  соат  беш  эди.

Негадир,  уй  атрофида  кечаю  кундуз ўраб турадиган кузатувчилар кўринмасди.  Бундан  сал  шубҳаландим.  «Менинг  Ўзбекистондан кетишимни ҳукумат ўзи уюштирмаётганмикин?» деган фикр пайдо бўлди. Келган дўстлар ичида биттаси аввал милитсияда ишлаганди, бу  гумонни  янада  кучайтирди.  Лекин  буни  ҳеч  кимга  айтмадим, чунки,  бу  одам  бир  неча  йилдир  ташкилотга  муҳим  хизматлар қилганди,  уни  инжитишни  истамадим.  Хуллас,  қатъий  бир қарорсиз,  иккилана-иккилана  Бокуга  кетдим.  У  ерда  Озорбойжон Президенти Абулфайз Элчибей билан кўришдик. Сизнинг вазиятда ташқарида  фаолият  олиб  бориш  оптимал  йўл,  деди  Элчибей.  Бу фаолият учун ёрдамини аямаяжагини айтди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар