Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Кулча билан томоша маҳорати

Кулча билан томоша маҳорати
08 Ekim 2016 - 16:46 'да юкланди ва 786 марта ўқилди.

_91630278_uzbek_tv

Бугун турмуш қурганимга ҳам роппа-роса 25 йил тўлибди.

Шунга хотинни хурсанд қилиш учун эрталабдан туриб иккита тухум қовуриб, кўк чой дамлаб столга шамни ёқиб қўйдим.

Хотин ҳайрон, “куппа-кундуз куни нега шамни увол қиляпсиз, ҳали кўп керак бўлади, бу ёғи қиш, электр тез-тез ўчиб турса ахир”, деди.

– Эээ, хотин сени бир хурсанд қилай дегандим, романтик бир нонушта уюштирмоқчи эдим, десам, шунча вақтдан бери қаерда эдингиз, энди шатиз кетиб партиз қолганда, бунга не ҳожат, деди.

Мен 50 ёшни уриб қўйган бўлсам ҳам ҳали ҳам қирчиллама йигитдекман, деб керилдим. “Қирчиллама йигит деманг, ғирчиллама, яъни, ғирчиллаб қолган чол деяверинг. Менга осмондаги ой ёки юлдуз керакмас, битта туфли олиб беринг, эскисини оғзи очилиб қолибди,” деди.

“Эээ, байрамона кайфиятни ҳам бир тийин қилдинг. Нега шу бир каттароқ, улуғроқ, буюкроқ орзу қилмайсан? Сенларнинг эс-ҳушинг шу моддий дунё билан машғул. Сенга ўхшаганлар, буюк келажакни узоқлаштириб юборади,” деб ўшқирдим.

Аразлаган киши бўлиб пиёладаги чойни ҳам нари суриб қўйдим. ТВни овозини чиқардим. “Ахборот” дастури кетаётган экан. Бизнесга яратилган кенг имкониятлар ҳақидаги қарорни ўқиб бераётган экан. Барча текширувлар бекор қилиниб, барча тўсиқлар олиб ташланар экан 1 январдан бошлаб. Буни эшитиб хотин хира қилган кўнглим яна ёришиб кетди. Менда умид учқунлари пайдо бўлиб, кўзим чақнади.

Буни хотин ҳам сезди. “Ҳа, дадаси нима гап?”, деб сўради.

“Бизнис ташкил қиламан”, дедим. Индай кегинчи, деди. Индай кейин ривожланиб, сенга қанча десанг шунча туфли олиб бераман, дедим. У яна, энсасини қотириб, индай кейинчи?, деди. Индай кейин, янада ривожлантириб, халққа эҳсон қиладиган даражадаги саховатли инсон бўламан, дедим.

“Шунча йил қилолмаган, энди белингиз букилиб қолган бир чоғизда қиласизми”, деб яна таъбимни хира қилди.

“Мана энди тадбиркорларга чексиз имконият эшиклари очилди, улар учун жиноий жавобгарлик ҳам бекор қилинибди, энди бизнесменларга давру-даврон келди, жавлон уриб ишлаш вақти келди”, дедим баралла овоз билан.

“Эээ, дадаси жуда содда одамсиз-да, эшитган нарсангизга ишонадиган. Бизнесингиз ривожланди ҳам дейлик. Пулингиз кўпайиб эҳсон қилиб, эл оғзига ҳам тушдингиз, дейлик. А, бу сен мамлакатнинг ривожланиш стратегиясига қарши чиқдинг. Сендақалар бизнинг жамиятга ёт унсур, деб олиб кетишмасин тағин. Бу ёғига яна қанча умримиз қолди, қолганини ҳам тинчгина ўткизайлик, у-бу ишкал бошлаб юрманг тағин”, деди.

Ҳайрон бўлдим, қанақа “ривожланиш стратегияси” деб кўзимни бақа кўз қилдим.

“Ҳалиги, бизнинг жамиятда ўта бой ҳам, ўта камбағал ҳам бўлмайди,” деган стратегияни айтаяпман-да”, деди. Хотинларни эшитиб, айтганини тескарисини қил дейишарди, лекин шу сафар хотин жуда тўғри гап айтди, деган хаёл мияга келди.

“Энди хотин, мен шоҳ бўлсам, сен вазирсан, сен нима маслаҳат берсанг ўшани қиламан”, дедим.

– Айт, рўзғор бут, сен хоҳлаган туфлини олиш учун унда нима иш қилай, – дедим. У эса, сиз биснес-писнез қилмай, шу маҳаллий ҳокимиятга энг кичик лавозимга ишга киринг. Сизга ўхшаганлар тез кўтарилади, деди.

Мен ҳайронман, нега, дедим.

“Чунки сизда ўзгача истеъдод бор. Мени қўйнимни мана 25 йилдан бери ваъдалар билан пуч ёнғоққа тўлдириб келдингиз. Одамларни ҳам чиройли баландпарвоз гаплар билан галга солиб юраверасиз. Қадимги Румда, одамларни бошқариш учун кулча билан томоша бериш кифоя, дейишарди. Сиз улардан ҳам чўққига чиқасиз, чунки сиз одамларга кулчани ҳам бермай, уларни фақат шиор ва буюк ғоялар билан тўйдира олиш санъатингиз бор”, деб кинояли гапирди.

Ўйланиб қолдим, балки хотиннинг бу истеҳзоли сўзларида ростдан ҳам жон бордир деб. Эртага посбон ёки маҳалла идорасида у-бу ишга ариза бераймикан? Бошланишига ойликсиз, кўнгилли сифатида ишлаб тураман. Кейинчалик, хотин айтган истеъдодим қўл келиб қолар!

Манба: bbc.com/uzbek

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар