Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Қўйларга қўйчивон – бўри, маҳкамалар қозиси – ўғри

Қўйларга қўйчивон – бўри, маҳкамалар қозиси – ўғри
16 Ekim 2016 - 7:00 'да юкланди ва 819 марта ўқилди.

fitratga-maktubЭргаш Сулаймон

Фитратга мактуб ёхуд руҳ билан суҳбат

Биринчи боб

(27)

Инсонлар тийиқсиз ва бемаъни ҳаёт кечиришлари натижасида, ўзларини беҳад-беҳисоб кулфат, аламларга дучор этадилар.

Ҳашаматли ҳаётга сиғиниш катта ақча талаб қилади.

Фақат оддий фуқарони, меҳнаткашларни қақшатиб ўша маблағни қўлга киритиш мумкин, холос. Улар мабодо талон-торож қилишга қаршилик кўрсатсалар, кишанларни ва милтиқларни ишга соладилар, бўйин эгишса, иш ҳайвонидек ишлатиб, уларни пировардида абгор этадилар.

Бечоралар куну тун ишлашади.

Доимий меҳнат, машаққатлар нафас ростлаб, ўй ўйлашга имкон бермайди.

Кўпинча бутун бошли мамлакатда дину диёнат ташвишини чекувчи битта ҳам инсон топилмайди деб ўйлаб қоласан киши.

Хуллас калом, миракизмчилар ҳукмронлиги остидаги бутун мамлакатнинг аҳволи оғир, турмуш аянчли бир аҳволда. Жамиятда диктатура билан бир вақтнинг ўзида қаттиққўллик ва анархия бошбошдоқлик ва қашшоқлик ҳукм сурмоқда. Ҳамма ёқда бирдек жамиятга оқилона раҳбарлик етишмайди. Мамлакат разолат маконига айланган, оз сонли ислом руҳонийлари, демократлар ва инсон ҳақ-ҳуқуларининг толмас ҳимоячилари ёмғирли тунда милтираган шамлардек зулмат қўйнида аранг нур таратиб турибдилар. Ҳақиқий билим ва тақводорлик анқонинг уруғи. Масалан, ҳақиқат излаб ўз уйи, ота-боболари эътиқодини тарк этиб йўлга чиққан Салмони Форсий бир замонлар Сурияга қадар чўзилган масофада фақат тўртта тақводор инсонга дуч келиб, дардига бироз таскин топган эди. Ислом гуркираб яшнамоқда, дея ҳисобланадиган бизнинг замонимизда эса ҳар тумандан тўрттадан тақводор инсонни топгандан кўра, анқонинг уруғини топиш осонроқ, деб ўйлаб қолади, баъзан киши. Қотил Каримов ўртага келтирган ва шавкатчилар амалга ошираётган риё ва фитна ичида, кимнинг ким эканлигини билиш қийин. Мусулмон деб ўйлаганинг мурдат бўлиб, мурдат деб юрганинг мусулмон бўлиб чиқса, ажабланмайсан. Ҳамма нарса аралашиб кетди, оёқлар бошга дўниб, бошлар оёққа дўнди. 

Қуръони каримда Ер юзини ўшанда қуршаб олган зулмат ва бошбошдоқлик ҳақида ўқувчини фикру мушоҳадага ундаб, шундай дейилади: “Одамларнинг қилмишлари туфайли қуруқлик ва денгизда бузғунчилик пайдо бўлди. Бу уларнинг (ўз қилмишларидан) қайтишлари учун қилган баъзи (ёмон) ишлари (жазоси)ни уларга тоттириш учундир” (30:41). Инсоният ўлим тўшагида бўғилиб, ажал билан олишаркан, уни ҳаётга қайтариш, зулматдан зиёга етаклаш учун Тангри таоло Муҳаммад алайҳиссаломни юборди. Қуръони каримда ўқиймиз: “Эй Муҳаммад! Бу (Қуръон) Парвардигор иродаси ила инсонларни зулматдан зиёга, яъни қудрат ва ҳамд эгасининг йўлига олиб чиқишингиз учун Биз Сизга нозил этганимиз китобдир” (14:11).  Пайғамбар (а.с.) жаҳолат ва бидъат кишанларини уриб парчалади, инсонларни ҳар қандай тобеликдан озод этувчи Тангри таолога ибодат қилишга чақирди. У миркизмчиларникига ўхшаган сохта ахлоқий ва маънавий тушунчалар туфайли инсонлар ўзларини маҳрум этган ҳаёт қувончларини уларга қайтариб берди. Тангрининг китобида дейилади: “У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда уларнинг юкларини ва устларидаги кишан (қийинчилик)ларини олиб ташлайди” (7:157). Муҳаммад алайҳиссаломнинг майдонга чиқиши башариятга янги ҳаёт, янги нур, янги эътиқод, янги вужуд, янги жамият ва янги маданият бахш этди. У кишилик тарихида янги эра – инсоннинг Ер юзидаги ҳақиқий миссиясини адо этиш даврини бошлаб берди.

“Кўр киши (кофир) билан кўрувчи (мўмин), зулмат (куфр) билан зиё (имон), соя (жаннат) билан жазирама (дўзах) баробар бўлмас, тириклар билан ўликлар баробар бўлмас” (35:19-22).

Ислом билан жоҳил мирказмчилар ўртасида тубсиз чуқур жарлик ётипди. Бу жарликни шунчаки яхши ниятлар ва мурасасозлик билан кечиб ўтиб бўлмайди. Тахтни Фиръавин ўлиб тарк этиб, ўрнига иккинчи Фиръавн келгани билан аҳвол ўзгармайди. Вазиятни тўғри ўзанга солиш учун ислом тарихини яхши билиш керак.

Шижоат, адолат ва ҳушёрлик билан бу хатарли манзилдан кечилади. Бирлик ва баробарлик – бутун ғалабаларнинг гарови бўлади. Қадимул айёмда ҳам вазият худди ана шунақа эди. Дунё Муҳаммад алайҳиссалом раҳнамолигида тарихда мисли кўрилмаган ғайрат, шижоат кўрсатиб, ана шу жарликдан ўта олди, жоҳилиятни тарк этиб, исломга мушарраф бўлди.

Юқорида кўрганимиздек, Муҳаммад алайҳиссалом майдонга чиққанда дунё, худди бугунги миракизм вужудга келтирган йўлсизликка менгзаш даҳшатли зилзила натижасида бузилиб, вайронага айланган хонадонга ўхшарди. Мустабиднинг издошлари бўлмиш Мирзиёевлар, Кетмоновлар ва Акмал Саидовлар мана шу қабристондек совуқ ва сукунатга чўмган ҳиссиз ҳаёт ичра, базму жамшид қурардилар, ҳаёт бедодликларидан бели қайишган миллатни эшак этиб минишга шайланардилар. Ана шу бузғунлик ичида инсон ўз-ўзини шу қадар хор этган эдиким, у тоғу тошлар, сув ва оғочлар, табиатнинг барча ҳодисалари олдида тиз чўкиб, бош эгарди. У кундалик оддий ҳақиқатларни ҳам англай олмасди. Унинг ақли ҳаракатсиз, қотиб қолган фикри шу қадар айқаш-уйқаш, ҳиссиёти шу қадар карахт эдиким, борлиқ билан йўқликни ажратолмас, ошкор-аён кўриниб турган тўғри ва ҳақиқий нарсани шубҳа остига оларди. Гуноҳ фазилат саналарди. Қўйларга қўйчивон – бўри, маҳкамалар қозиси – ўғри эди. Гуноҳкор ва жиноятчи кимсалар роҳат-фароғатда тўкин ва фаровон ҳаёт кечиришар, дунё ўшаларники эди. Аммо тўғри, ҳалол инсонлар қисмати – фақирлик ва азоб-уқубат эди. Макр ва ёлғонни донишмандлик деб билишар, чинакам донишмандликни нодонлик деб кулишар эди. Майхўрлик, қиморбозлик, судхўрлик, талончилик одатий ҳол эди. Тангрининг бойлиги подшолар қўлида – ахлат, инсонлар уларга қул эдилар. Руҳонийлар ўзларини худо деб билишар, бошқалар ҳисобига семириб, ўз мақсадлари йўлида атай алдоқчилик қилиб, одамларни сохта йўлларга бошлашар эди. Тангри таоло инсонга инъом этган бебаҳо хислатлардан тўғри фойдаланилмас, улар маъносиз, мақсадсиз соврилар эди. Куч ва жасурлик зулму истибдодга хизмат қилар, саховат ўрнини исрофгарчилик эгаллар, безбетлик шараф, ҳийла-найранг донолик саналарди. Ақлу идрок жиноят қилишга, разолат ва тубанликнинг янги-янги кўринишларини кашф этишга сарфланарди. Шундай қилиб, узоқ замонлар давомида зоти шариф яралмиш инсон мавжудоти бугунги бизнинг давримиздагидек, тўғри истифода этилмади, беҳуда соврилди. Унинг омади юришмади, унинг ақлу идроки тамаддун ясовчи моҳир устанинг қўлига тушмади. Уюшган, тартиб-интизомли, инсоний жамоалар ўрнига одамсимон ҳайвонларнинг қаровсиз, назоратсиз тўдалари тентираб юришарди. Сиёсат тизгинсиз ёввойи туяни эслатар, ҳокимият мастликдан қутуриб, қилич яланғочлаган телбага ўхшар, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам аямасди. Барчабарчаси бизнинг атрофимиздаги сингари даҳшатли ва қўрқинчли эди. Мустабид ўлиб, унинг гўридан чиққан Шавкат Мирзиёевлар, ўшанда ҳам зулм ва адолатсизлик байроғини кўтариб, аросатдан тинкаси қуриган оломонни “бахтли” қилишга уринарди. Ҳолбуки, бахт нима, уларнинг ўзлари билмасди. Сиёсий илмлар ва илоҳий пайғомлардан улар тамоман, бехабар эди…

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар