Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўртача ислоҳотчи

Ўртача ислоҳотчи
20 Ekim 2016 - 10:46 'да юкланди ва 2528 марта ўқилди.

fitratga-maktubЭргаш Сулаймон

Фитратга мактуб ёхуд руҳ билан суҳбат

Биринчи боб

(28)

Миракизм деб аталаётган дунёқарашнинг юқорида айтиб ўтилган аянчи манзаралардан қандай фарқли томони бор, деган саволга, “ҳеч қандай”, деб жавоб берилса, айни муддао бўларди.

Миракизмнинг қуроли – мунофиқликдир!

Ҳар айтган сўзларида, улар аввалги айтган сўзларини рад қиладилар. Ҳамиша ўзларини ўзгалар кўзида адолатпарвар қилиб кўрсатиш – уларнинг асосий стратегияси. Улар эзгулик ва адолат мезони хусусида оғиз кўпиртира туриб, бир вақтнинг ўзида зўравонликни ва қўлларидаги ҳокимиятни кўз-кўз қиладилар. Улар оппоқ қуён каби момиқ кўрнишга қанчалар уринмасинлар, ғазаблари типратиканнинг тиканлари мисоли, уларнинг феъл-атворларидан анқиб туради.

Улар қаттиққўлликни – уддабуронлик, бировларнинг нафсониятига тегишни – ҳушёрлик деб ўйлайдилар. Ҳолбуки, Амир Темур жудаям қаттиққўл бир раҳбар бўлган, аммо у ҳеч қачон бировнинг нафсониятига тегмаган, бировнинг ор-номусини ҳеч қачон топтамаган. Ундаги орттирилган билимлар ҳар қадамини адолат тош-тарозисига солиб, сўнгра олға силжишни тақозо этган.

Тенг ҳуқуқли ва озод фуқароларни ўриб-сўккан, нафсониятини қора ер билан битта қилган, уй ҳайвонлари сингари уларни пахта далаларига ҳайдаб чиқарган Шавкат Мирзиёевни қандай қилиб қаттиққўл раҳбар, деб айтиб бўлади?

Бу ҳолат, унинг жоҳиллигидан, тийиқсиз ва бадхулқлигидан нишона эмасми? Ожизлигию, қўлидан давлатни бошқариш келмаслигининг инъкоси эмасми?

Кимлардир, бу ҳолатни қаттиққўлликка, кимлардир ишчанликка йўяётган экан, бу Шавкат Мирзиёевнинг айби эмас, акси бу нарса у инсонлар дунёқаришида, руҳиятида тузатиб бўлмас нуқсонлар борлигидан далолат беради.

Бизнинг ҳукумат таркибидагиларда ёхуд зиёлилар ва мухолифатдагиларнинг кўпчилигида ўтмишда ўтган подшоларнинг отбоқаридагичалик ҳам имон-эътиқод, билим ва савия йўқ, ахир. Биз, Ўзбекистонни оёққа қўйиш учун аввало ўзимизни қайта қуришимиз лозим. Ўқишимиз, ўрганишимиз, бошқа илғор ва ривожланган мамлакатларнинг давлатчилик асосларини ҳижжалаб, миямизга сингдириб, яхши жиҳатларини Ўзбекистон ҳаётига тадбиқ этишимиз зарур. Оғзимизни кўпиртириб, сўз сўзлаб, ҳиссиётларимиз ва эҳтиросларимизни қондирганимиз билан ҳеч нарсага эриша олмаймиз.

Билимсиз киши, шайтоний бўлади. Ҳийла-найранг ишлатмаса, ёлғон гапирмаса, қўлидаги бутун ҳокимиятни бой беради, еётган нонидан айрилади. Шунинг учун ҳам билимсизлар ва жоҳиллар амалга ошираётган барча ёмон ишларини кўра-била туриб, ҳамиша яхшиликка йўйишга уринади. Осон бўлсин учун атрофидаги лаганбардорларни бағрига босиб, тўғригўйларнинг кўкрагидан итаради.

Қадимул айёмдаги, ириб-чириб кетган замонларда жамият, худди бугунги миракизмга ўхшаб, бошдан-охир куфру гуноҳга ботган эса-да, тамаддуннинг ҳар бир соҳасида сохтакорлар муваққат президент Шавкат Мирзиёев сингари оммани ўзининг халқпарварлигига ишонтиришга тиришарди. Улар пайғамбарлик илҳоми ва Илоҳий раҳнамолик остида эмас, балки ёлғиз ўз қобилиятига суяниб иш кўрувчи ўртача ислоҳотчи – бутун диққат-эътибори, куч-ғайратини биргина айниган жиҳат, битта ижтимоий паталогияга қаратар ва бу борада ҳам бирор натижага эришмоғи даргумон эди.

Инсон – табиатан чалкаш-чулкаш йўллари, сирли, яширин эшиклари бўлган мураккаб мавжудот. У тўғри, табиий йўлдан адашса ёки адаштирилса, биргина нуқсонни бартараф этиш билан уни аввалги ҳолатига қайтариб бўлмайди. Бу ерда туб ислоҳот, бошдан-охир тузатиш талаб этилади. Ўзбекистон бугун, худди шу ҳолатда, осмон билан ер орасида, аросатдан қалқиб турипди….

Инсон табиати тупроғига тақводорлик уруғини экиб, ундириб-ўстиришдан олдин уни куфр, бидъат деб аталган бегона ўт-алафлардан батамом тозалаш зарур. Бошқа йўл йўқ. Баъзан биргина ахлоқий иллатни бартараф этишга ислоҳотчи бутун умрини бағишлайди. Баъзида инсонлар айрим ахлоқий иллатлар ёхуд ижтимоий бедодлик билан йиллар бўйи курашиб, бирор самарага эриша олмайди. Масалан, Ўзбекистондаги ичкиликбозлик, порахўрлик ёки фоҳишабозлик касалини олинг. Бу одатлар чорак асрлик Мустақиллик йилларида, советлар давридагига қараганда ҳам халқ орасида кенг тарқалиб, кўпчилик онгида чуқур илдиз отди. Уларнинг ортидан ўзга айшу роҳатлар саф тортиб келмоқда.

Айнан, порахўрликнинг гуллаб-яшнашида, Шавкат Мирзиёевнинг қанчалар куйиб-пишганини айтмаса ҳам бўлади. Уни, шу даражага кўтарган ҳам порахўрлик эканлигини, республикада аксар давлат мулозимлари яхши билишади.

Бу балоларни ёлғиз ахлоқий ваъз-насиҳатлар ўқиш ёки қонуний жазолаш билан бартараф этиш мумкинми?

Йўқ, албатта.

Бутун жамият ҳаётида чуқур психологик ўзгаришлар ясаш, тушунча ва кўз қарашларни тубдан янгилаш воситасида уларни даф этиш мумкин. Бошқа ҳар нечук чора, тадбир – бесамар, у дардни ичкарига ҳайдайди ва янада ҳалокатли тус олишга ёрдам беради.

Шу учун ҳам Ўзбекистонни биргина миракизм балосидан қутқариб, тараққиёт йўлига олиб чиқиб бўлмайди. Ҳолбуки, Шавкат Мирзиёев миракизмнинг энг ёрқин ва энг номдор вакилидир.

Агар Шавкат Мирзиёев ҳақиқатан ўзгариб, халққа яхшилик истаганда ҳам, Ўзбекистонни қутқариш сафарбарлигида битта инсоннинг қўлидан ҳеч нима келмайди, у Афлотину Фаридун бўлса ҳам. Бу жабҳада бутун имкониятларни ишга солиш лозим. Зиёлиларнинг боши бирикиб, халқни бу қоронғуликлардан еталаб чиқмаса, яна неча-неча чорак асрларнинг кули кўкка соврулади.

Қўл қовуштириб, бир одамдан нажот кутиш нафақат гўллик – мудҳиш жиноятдир ҳам. Шавкат Мирзиёев миллатни, мана шу мудҳиш жиноятга бошлаяпти. У Ўзбекистоннинг тараққиётида халқнинг иштирокини истамайди, ҳар ишни битта ўзи амалга оширишни, у яккаҳоким бўлишни хоҳлайди.

Ҳатто, уни сиёсий саҳнадан четлаштирганда ҳам Ўзбекистонда ҳеч нима ўзгармайди.

Миракизмчиларнинг супириб ташланиши, галдаги муаммоларни ечишга йўл очади, холос.

Агар пайғамбар алайҳиссалом росмана, одатий сиёсий раҳбар бўлганда, бутун Арабистонни ягона давлатга, араб қабилаларини ягона миллатга бирлаштириб, уларнинг тепасида туриши унинг-чун айни муддао бўлур эди. Абу Жаҳл, Утба ибн Робиа ва бошқа омонсиз душманлари унинг ҳукмдорлигини бажонидил қабул қилишарди. Зеро, Маккада кечган хатарли баҳсу мунозарада ҳакам сайлаб, унга бўлган ишончларини намойиш этишганди[1]. Агар Муҳаммад алайҳиссалом истаса, қурайшийлар уни жон деб ўзларига подшо қилишади, дея Утба рўй-рост айтган эди. Арабистонда ҳокимиятни ўрнатгач, у жасур суворийларни Эрон, Рим устига бошлаб бориши, мазкур салтанатларни мағлуб этиши мумкин эди. Унинг олдида қандай ажойиб истиқбол юз очган эди!.. Стратегик жиҳатдан бир йўла ҳам Эрон, ҳам Рим ила жанг қилиш номақбул эса, унинг қўшни давлатлар – Ҳабашистон ва Яманни босиб олишига ким халал берарди? Аммо у бир офатни иккинчи офат билан алмаштириш ёки зулму қабоҳатни бу ерда қоралаб, бошқа ерда оқлаш учун келмаганди. У бошқа халқларнинг орзу-умидлари вайронаси устига арабларнинг шон-шуҳрат қасрини қуриш, инсонларни римликлар ва эронийлар қуллигидан озод этиб, Аднон ва Каҳтон наслларига бўйсундириш учун ҳам келмаганди. У сиёсатбоз эмас эди.

Шавкат Мирзиёев бир офатни иккинчи офат билан алмаштириш ёки зулму қабоҳатни омма кўзи олдида қоралаб, амалда оқлаш учун тиришяпди. У ўзбек халқи орзу-умидлари вайронаси устида ўзининг мустабид салтанатини тикламоқчи. Унинг асл мақсади шон-шуҳрат қасрини қуриш, инсонларни марҳум мустабид Ислом Каримов қуллигидан озод этиб, Шавкат Мирзиёевга ва унинг атрофидаги бир ҳовуч нафс қулларига бўйсундиришдан иборат. Унда ҳақиқий сиёсатчилик қобилияти йўқ. У миракизм – марҳум президент Ислом Каримов етиштирган учига чиққан масхарабоз, мақсади йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган бир лўттибоз холос.

Уни пуфлаб шишираётганлар – пахтачилар ва ўзларини аксар мухолиф санайдиган баъзи бир лаганбардорлар. Жабрдийдалар эса, оддий халқ – Ўзбекистоннинг келажаги!

Томошабинлар эса, ҳаммасига масъул бўлган ўзбек зиёлиларидир!

(давоми бор)

[1]  Сўз Каъба деворига муқаддас Қоратошни ўрнатиш устида кетяпти.

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар