Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ягона ва ҳақиқий ҳукмдор…

Ягона ва ҳақиқий ҳукмдор…
24 Ekim 2016 - 11:17 'да юкланди ва 4426 марта ўқилди.

Эргаш Сулаймон

Фитратга мактуб ёхуд руҳ билан суҳбат

Биринчи боб

(29)

У илоҳий олам тарғиботчиси эди, инсонларни хавф-хатарлардан огоҳ этиб, уларга қувончли хабар келтирганди. У – ёниб, нур сочиб турган машъал эди. У ўз биродарларини ўзларига ўхшаш инсонларга эмас, ягона ва ҳақиқий ҳукмдор, Қудратли Тангрига сиғинишга даъват этиш учун келган эди. У инсониятни майда-чуйда ҳою ҳаваслар зиндонидан халос этиб, унинг тараққиётини ер ва осмон оралиғидаги чексиз сарҳадларга йўналтириш, инсонларни ириб-чириган динлар истибдодидан қутқазиб, ислом саховати бағрига бошлаш, ёвузликни парчалаб, эзгуликни қувватлаш, ифлослик, сохтагарчиликни супуриб, тоза ва соғлом амалларга йўл очиш учун келган эди.

Ҳа, бизларнинг орамизда ҳам илоҳий олам тарғиботчилари бисёр, ислом олимлари ва руҳонийлари керагича топилади. Улар, биз “Муҳаммад умматларимиз”, дея аюҳаннос соладилар, “Аллоҳдан ўзга Аллоҳ йўқ” дейдилар. Афсус, инсонларни хавф-хатардан огоҳ этмайдилар, акси хавф-хатарга тарғиб этадилар. Қирқ кун аввал тинчлигу осойишталикни золим Каримовнинг номи билан боғлаб, унга “дода” деб турган эсалар, энди барчасини муваққат президент Шавкат Мирзиёев номи билан боғлаб, унга “ота” дейишга чоғланяпдилар. Улар, “Аллоҳу акбар” деб туриб ҳам, бир вақтнинг ўзида биродарларини ўзларига ўхшаш инсонларга – мурдат Каримов ва феодал ҳукмдорлик ҳавасманди Шавкат Мирзиёевга ўхшаганларга сиғинтирмоқчи бўладилар. Ягона ва ҳақиқий ҳукмдор, Қудратли Тангрини ичларида ҳис этиб туриб ҳам жамоаларини майда-чуйда ҳою ҳаваслар зиндонидан халос этишни, уларни тараққиётга – ер ва осмон оралиғидаги чексиз сарҳадларга йўналтиришни, инсонларни ириб-чириган миракизм каби динлар истибдодидан қутқазиб, ислом саховати бағрига бошлашни, ёвузликни парчалаб, эзгуликни қувватлашни, ифлослик, сохтагарчиликни супуриб, тоза ва соғлом амалларга йўл очишни истамайдилар.

Чунки, улар Аллоҳдан кўра, каримовчилардан – шавкатчилардан кўпроқ қўрқадилар. Сабаби, бу миллатнинг ҳақиқий раҳнамолари асрлар давомида сурункали бир равишда ўлдирилиб, марду майдонлари босмачи ва қароқчига чиқариб келинмоқда. Чаламуллолар раҳномага айлантирилиб, хоинлар ва сотқинлар мамлакат бошида марду майдон қилиб кўтарилмоқда. Атрофдаги душманлар, мана шу йўл билан миллатнинг кўзининг ўтини сўндириб, юрагига қўрқув солмоқда. Ўзлигидан адаштириб, миллатни қўйлар суруви каби чалкаш йўлларга ҳайдамоқда…

Муҳаммад алайҳиссалом маълум бир мамлакат ёки жамоага юзланиб, хитоб этмади. У Ўзбекистондаги дин уламолари сингари Каримов ёхуд Мирзиёевнинг эмас, умумбашарият ташвишини чекарди.

Унинг ўз миссиясини Арабистондан бошлаши табиий эди, илло, бу ер дунё саҳнида энг қора доғ, инсоният тарихида энг қора саҳифа ўлароқ, илк нур ана шу тупроққа тушиши зарур эди.

Қадимул айёмдаги ҳолат, бугунги Ўзбекистондаги каби шармандали эди. Бундан ташқари, ўша даврдаги дунё харитасида Макка марказий ўрин тутар ва унинг сиёсий эркинлик анъаналари озодлик, тинчлик ва жаҳоний биродарликни шиор этган бу ҳаракатга мос ва мувофиқ эди. Бунинг устига, араблар маълум табиий хислатларга эга инсонлар эдиларким, бу нарса дунё бўйлаб ислом эътиқодини ёйишда қўл келарди. Расулуллоҳ алайҳиссалом ўз даврининг бир неча ахлоқий иллатларига қарши курашиб, уларни бартараф этолган ёки ҳеч нарсага эришолмай, дунёдан кўз юмган ислоҳотчилардан эмасди[1].

Муҳаммад алайҳиссалом инсон табиатини камолга етказишнинг энг тўғри йўлини танлади. Унгача бирор ислоҳотчи бу муаммони ечишга муяссар бўлмаганди. У ишни оддий ва аниқ – Тангри таолога ишонинглар, барча сохта илоҳлардан воз кечинглар, деган даъват билан бошлади.

Худди ана шу йўл, ана шу муаммо бугун бизнинг олдимизда кўндаланг бўлиб турипди.

“Эй инсонлар, деди у, Ло илоҳа иллаллоҳ – Аллоҳдан бўлак худо йўқ, денглар, барака топасизлар…”

Бу каломни биз ҳам бугун айтяпмиз, шунчаки йўлига айтяпмиз, холос. Аслида, бор овозимиз билан, ихлос билан, шижоат ва самимият билан айтишимиз лозим. Қиёфамиздан куч-ғайратимиз жўшиб, кўзларимизда шижоат учқунлари порлаб туриши керак. Шунда, бизга қулоқ солишади, шунда биз билан ҳисоблашишади. Биз бирлик ва тенгликни шиор қилсак, бизни яхши анлашади. Мақсадимиз, аниқ. Токим, давлат бошига келганлар, худоланмасинлар, мухолифатга йўл берсинлар, сайлов муддатлари тугаган кун, курсини бўшатиб қўйсинлар. Оврупо ва Амриқодаги бошқарув ва сайловлардан ўрнак олсинлар…

Ҳолбуки, қўрқоқ билан ҳеч ким ҳисолашмайди, ялтоқларнинг истаги ҳеч қачон инобатга олинмайди…

Муҳаммад алайҳиссаломнинг чақириғи, ўшанда мажусийларни саросимага солган эди. Улар шу ондаёқ ана шу оддий инсоний ҳақиқатга қарши курашга шайлангандилар. “Улардан катталари (бир-бирларига) дедилар: юрингиз, ўз илоҳаларингизга (сиғинишда) сабрли бўлингиз! Албатта, бу ирода этиладиган (бўлиб турадиган) нарсадир” (38:6).

Биз, бугун Ло илоҳа иллаллоҳни саҳобалар сингари самимият билан айтадиган бўлсак, миракизмчиларнинг роҳати бузулади, шавкатчиларнинг пайтавасига қурт тушади. Чунким, биз ўзлигимизни танисак, ўз қиёфамизга ва ўз сўзимизга эга бўлсак, кимнинг кимлиги билиниб қолади, сохтакорларнинг ниқоби йиртилади….

(давоми бор)

[1]Бу ўринда Маҳатма Гандини мисол келтириш мумкин. У ўз олдига иккита мақсад қўйиб, умрини шунга бағишлади. Биринчиси – зўравонликсиз кураш. Иккинчиси – Ҳиндистонда энг қуйи табақа – рад этилган (шудра)ларни ҳимоя қилиш. Бу ғояларни у ўзининг эътиқод ва ҳаёт фалсафаси мақомига кўтарди. Аммо унинг йўли Пайғамбарлар йўли эмасди, шу боисдан инсонлар ақлу идрокида жиддий ўзгариш ясамади. Зўравонликсиз кураш принсипи 1947 йилда юз берган қирғинбарот туфайли чиппакка чиқди. Гандининг ўзи зўравонлик қурбони бўлди. Унинг иккинчи мақсади ҳам рўёбга чиқмай, ора йўлда қолди.
Шунга суяниб айта оламизки, Пайғамбарлар йўли – инсониятни чинакам маънавий ва ижтимоий ўзгаришлар сари бошловчи ягона йўлдир.

 

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар