Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Айбини бўйнига қўйиб олиб келасан, демаганмидим?

Айбини бўйнига қўйиб олиб келасан, демаганмидим?
25 Ekim 2016 - 14:39 'да юкланди ва 2390 марта ўқилди.

Сафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБио
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.

Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

(29-қисм)

Ўтирганлар барчаси, “сохта” сўзини эшитганда, томоғига суяк тиқилган итдек безовталаниб, бир-бирларига сирли қараб қўйдилар. Ўлкадаги энг ёмон сўз “сохта” сўзи эди. “Озодлик”, “Бибиси” радиостансиялари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар, ҳар хил мақомга эга бўлган ўзга халқаро ташкилотлар – аксарият фуқароларнинг “сохта айбловлар” туфайли қамалишини бонг уриб, бутун жаҳонга жар солардилар. Ислоҳотлар “сохта”лигини, президентнинг “сохталаштириш” йўли билан мансабини суистеъмол этаётганини, унинг айтган сўзлари, амалга ошираётган барча ишлари “сохталик”дан бошқа нарса эмаслигини йигирма йилдан буён тинмасдан таъкидлаб келардилар. Дунё бўйлаб тарқалган хабарлар ҳар тонгда мансабдорлар шотахтаси устида турарди. Ҳукумат бошидаги “қозиқ”лар, хулоса чиқариш ўрнига: Муваффақиятларимизни кўролмаяптилар. Мафкураси бузуқ унсурлар тинчлик ва фаровон ҳаётни беқарорлаштиришга уриняптилар”, деб ошкора сохтакорлик билан ўзларини “сохта” иғволарга қарши курашгандай кўрсатиб, оммани чалғитмоқчи бўлардилар. Президентнинг мазкур даъволарга қарши тор доирадаги маърузалари махсус видео кассеталарга ёзилиб, бутун тизимларга тарқатиларди. Қуйи қатламлардан энг юқори поғоналаргача, махсус кимсалар назорати остида ўрганиладиган бу кассеталарнинг ҳар биттаси рақамланган бўларди. Вақти етиб, уларни жойлардаги миллий хавфсизлик идораси ходимлари йиғиштириб, тушган жойига қайтариб юборарди. Бу видео кассетани кўчиришга уринган кимса ўша заҳоти йўқ қилинарди. Видеоёзувда, юқорида тилга олинганлардан ташқари, кўплаб ноқонуний кўрсатмалар ва яширин фармойишлар бўларди.

Буқаламун вазиятларда шакллантирилган раҳбарларга ёмонотлиқ қилинган атамаларни кимдир қўққисдан айтиб қолса, улар чаённи чангаллаб олган чақалоқдай шайтонлаб қолмайдиларми, ахир?

– Айблар сохталаштирилган деганда нимани тушунасиз ўзи? – деди туман миллий хавфсизлиги бошлиғи.

– Кечирасизлар, “сохта”, деб юборипман, “ёлғон” демоқчи, эдим! – деди Баҳром ўзини гўликка солиб.

Касбий ҳушёрлиги билан ташаббус кўрсатган туман миллий хавфсизлиги бошлиғи мамлакат олдидаги бурчини қойилмақом қилиб дўндиргандай, бошқа эътироз билдирмади. Ўзини жиддий кўрсатиш учун қовоқларини янаям уйиб олди, холос. Унинг ўзини сохтакорона тутиши “сохта”ликнинг юксак намунаси эди.

Қўрқоқ олдин мушт кўтаради, деганларидай, тутқун билан танишлигини билдириб қўйган прокурор, ҳамтовоқлари олдида “сохта” сўзига урғу бериб барака топмаслигини англагач, гап нишабини бошқа томонга буришга уринди.

– Ўзингизга қўйилган айбларнинг ёлғонлигини қандай исбот қилиб берасиз? – деди у.

– Менга қарши кўрсатма берган Сожида Нозир ва бошқа шахсларни терговчи мен билан юзлаштирсин! – деди Баҳром. – Бирор-биттаси бир сўм пул бердим деб айтса, мен айбимга иқрор бўламан. Терговчи ҳеч ким билан юзлаштирмасдан, мени айбламоқчи бўлади. Қолаверса, ўзимнинг ўн икки минг долларимни ундириш илинжида Нозима Мунисни шахсан ўзим миллий хавфсизликка етаклаб борганман. Иш обдан ўрганилганда, кимнинг ким эканлиги ўзўзидан ойдинлашади. Ўзим жабрланувчи бўлатуриб, қанақасига жиноятчига айланиб қолишим мумкин?

Тутқуннинг тиришиб ўзини ҳимоя қилишга бел боғлаганини кўрган прокурор ёрдамчиси, “…Айбини бўйнига қўйиб олиб келасан, демаганмидим?” дегандай, терговчига еб қўйгудек хўмрайди. Унинг бу қарашига дош беролмаган терговчи, яна қўлтиғидан қовун тушириб қўйганини тан олиб, кўзларини ундан олиб қочди.

– Юзи-кўзингиз шишиб кетипти, бирор-биттаси калтакламадими, ишқилиб? – деди шунда прокурор.

Унинг бу саволи Баҳромга, боққа кирган ўғрига боғбон, Нима учун узум ўғирладинг, деса, ўғри, боғбонга, нима учун хотинингга кавуш олиб бермадинг, деган латифани эслатди.

– Ҳеч ким урмади! – деди у. – Машинадан тушаётганда қоқилиб, йиқилиб тушдим.

Жавобдан қониқмаган ўринбосар, шу ростми”, дегандай терговчига боқди. Тутқуннинг ўзини тутиши таъзирини еб, тавбасига таянган кимсанинг ҳолига ўхшамасди. Аслида, қийноқларни ўйлаб, ичидан зил кетиб турган бечора тутқун эса, қутулиш учун бошини дорга тикканди.

Бу сафар ҳам гапни қовуштира олмаган прокурор терговчига қайрилиб:

– Нима учун гумондорни жабрланувчи билан юзлаштирмадингиз? – деб сўради.

Шу ишни дея икки марта ноқулай аҳволга тушаётган терговчи кўзларини пирпиратиб:

– Сожида Нозирни тополмаяпмиз, қолганларнинг кўпчиликлари чет элларга ишлашга кетганлар. Топиш учун вақт керак, жаноб прокурор! – дея жавоб қайтарди.

Унинг гапига эътибор бермаган прокурор Баҳромга бошини буриб:

– Сизни вақтинча ушлаб туришга мажбурмиз! – деди. – Ишга аниқлик киритилгач, айбсизлигингиз исботланса, чиқариб юборамиз.

Ади-бади айтиб ўтиргандан фойда чиқмаслигини фаҳмлаган прокурор масалага шу тариқа нуқта қўйди. Унинг прокурорлик фаолиятидаги гумондор билан энг узун мулоқоти тўрт дақиқалик мазкур мулоқот бўлса, ажаб эмас.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort