Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Мирзиёевга ёзилган шикоятлардан наф бўлмаяпти

Мирзиёевга ёзилган шикоятлардан наф бўлмаяпти
28 Ekim 2016 - 21:45 'да юкланди ва 1401 марта ўқилди.

Озодликка мурожаат қилган тингловчилар Ўзбекистон президенти вазифасини ижро этувчи ва Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига юборилган шикоятлардан натижа бўлмаганидан шикоят қилмоқда. Уларнинг айтишларича, аризаларнинг аксарияти шикоятда танқид қилинган субъектнинг ўзига қайтариб юборилмоқда.

Ўзбекистондаги расмий нашрларнинг хабар беришича, Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига бир ойда эллик мингдан зиёд ариза тушган.

Аризалар асосан ижтимоий муаммолар ва суд-ҳуқуқ тизимидаги адолатсизликлар ҳақида эканлиги айтилади.

Виртуал қабулхонага ёзилган аризалардан баъзилари ижобий ҳал этилгани ва шикоятчилар натижадан қониқиш ҳосил қилганликлари ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар ҳам пайдо бўлди.

Аммо, Озодликка мурожаат қилган баъзи тингловчилар Бош вазир қабулхонасига ёзилган аризаларига жавоб ололмаётгани, шикоятлар эътиборсиз қолаётганидан арз қилмоқдалар.

Озодликнинг Ozodmikrofonига қўнғироқ қилган, Андижон шаҳрининг Эркин маҳалласида яшайдиган тингловчининг айтишича, унинг газ йўқлиги ҳақида Бош вазир қабулхонасига икки марта ёзган шикояти яна қайтиб газ идораси раҳбарларига юборилган:

“Бизнинг маҳалла шаҳар марказида бўлса ҳам беш йилдан бери газ йўқ. Қўшни маҳаллада оз-моз бор эди, энди уни ҳам кесиб ташлашибди. Бош вазирга икки марта ёздим. Икки марта ҳам оддий бир газчи келиб, “бекорга овора бўлиб ёзиб юрма, барибир газ берилмайди”, деди. Мен ҳайрон қоламан, агар бир жиддий чора кўрилмаса, ёзган шикоятларимиз яна қайтиб ўзларига келса, у виртуал қабулхонанинг кимга кераги бор?”, дейди андижонлик тингловчи.

Андижонлик тингловчи шкиоятларининг натижасиз қолаётгани ҳақида

Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида истиқомат қиладиган пенсионер Қадамбой Матмуродовнинг ёзишича, газ ва электр тармоқлари идоралари унга ва бошқа ватандошларга ёқилмаган газ ва чироқ учун жуда катта қарзларни ёзиб ташлашган.

Қадамбой Матмуродов ана шу асоссиз қарзлардан давлат кечиб юборишини сўраб, Мирзиёев қабулхонасига беш марта мурожаат қилганини, бироқ ҳеч қандай жавоб ололмаганини айтади:

“Беш марта мурожаат қилдим. Жим-жит, жавоб йўқ. Битта менга газга 2 миллион, светга деб 4 миллион сўм қарзни илиб ташлашган. Свет ўзи кунига бир-икки соат ёнса, газни узиб ташлашган бўлса, қаердан келади бунча қарз? Мен бир пенсионер одам бўлсам, қаердан тўлайман. Бир мен эмас, аксарият одамларга ана шундай миллион-миллион қарз илиб ташлашган. Мен Бош вазирдан ана шу қарзлардан давлат воз кечишини илтимос қилиб хатлар ёзгандим, аммо жавоб йўқ”, деди Қадамбой Матмуродов.

Хоразмлик Қадамбой Матмуродов

Манба: ozodlik.org

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар