Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Тошни сураётган “қўл”

Тошни сураётган “қўл”
31 Ekim 2016 - 11:54 'да юкланди ва 1133 марта ўқилди.

Сафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБио
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.
Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

(30-қисм)

Ўн тўққизинчи боб

Маҳбуслар йўл бўйи прокурор Баҳром Дурматов хусусида гурунглашиб бордилар. Гапларга қараганда, у бу туман прокурорлигига қўшни тумандан ўтганди. Қўшнилар, ундан қутулганларига суюниб, қўй сўйиб зиёфат берганмишлар. Лақаби “супурги” бўлиб, уни ҳамма ёмон кўрармиш…

Қамалиши узил-кесил ҳал бўлиб, йўқотадиган нарсаси қолмаган Баҳромнинг хотири жам бўла бошлади.  Шу кабиларни тинглаб, энди унинг ғаши келарди. Аслида, бошқа прокурорларнинг ҳам бунисиникидан ўтиб тушадиган яхши жиҳатларини топиш қийин эди. Ҳаммаси бир гўр бўлгач, оддий халқ учун кимнинг прокурор бўлишининг нима аҳамияти бор? Бола-чақаларини зўрға эплаётган бир даврда, улар эски прокурор кетиб, янгиси келса, қўй сўярмиди? Авваламбор, туманликларнинг тўқсон тўққиз фоизи прокурор ким эканлигини билмасди.

Соҳа кишилари тахта устидаги шатранж тошлари мисоли бир хил бўлиб, улар бир-бирларига қоришиб кетмасликлари учун оқ-қора рангга бўялганди, холос. Бажараётган ишлар, мақсад ва моҳият, йўналишлар тошни сураётган “қўл” измида эди. Ниятлари пок ва холис бўлганда ҳам, бошқалар тугул, улар ҳаётларида поклик томон бурилиш ясашга журъат топа олмасдилар. Шатранж тахтаси дуру жавоҳирлар билан безатилган мармардан, доналари филнинг дандонидан ясалган бўлса ҳам, шатранжчининг ақли шашварча ишламаса, дастурнинг  косиб супрасидан, дандондан ясалган тошларнинг ит ғажиган эшак суягидан нима фарқи бор? Бироқ шатранж тахтаси оддий ёғочдан, доналари балчиқдан олинган лойдан қуйилган бўлса-да, уни сураётган қўл ақл ва тадбир хожаси эрса, оддий тахтанинг дуру жавоҳирлардан, балчиқ-лойдан қуйилган тошнинг фил суягидан йўнилган дандон тошлардан қиймати юқори бўлади.

Шу сабаб, таффакур ва ҳалоллик, ҳақиқат ва шижоатни ҳаёт мазмунига айлантирган йўлбошчилар – раҳбар бўлган замонларда, фуқаролар ички ўзгаришлар эҳтиёжи туфайли изланишлардан тўхтамаганлар. Бир туман прокурорлигидан олиниб, иккинчи бир туман прокурорлигига ўтирган муттаҳамни дея бор имкониятлари тортиб олинган, конститутсион  ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилинган халқ нима учун суюниши ёки куйиниши керак? Али хўжа хўжа Али бўлган бир замонда, ўрин алмашган билан қиймат ўзгармайди. Битта-яримтаси, Баҳром Дурматов билан бир қозонда қайнай олмасдан, тўртта ўзига ўхшаган “жабрдийда” ҳароми товоқдошига зиёфат берган бўлса, буни гап деб, халқ номидан бутун жаҳонга достон этишнинг нима ҳожати бор? Кимса ҳаётга қай бир қиррадан боқса, ҳаёт ҳам ўзини ўша қиррада намоён этади. Шу боис, яхши яшаш учун ҳаётга тўғри назар билан қараш керак. Тўғри идрок қилиш, тўғри фикрлаш ва тўғри сўзлай олиш тўғри муносабатлар қозонида етилади.

Туман ҳибсхонасига олиб келинган саккизта маҳбус каталакларга бўлиб ташланди. Баҳром бу гал ҳам ўзига таниш каталакка тушди. Унинг бадбўй ҳиддан кўнгли айниб, кўз олди қоронғилашди. Мияси ачишиб, димоғидан қон ҳиди анқиди. Қусгиси келгач, муштларини тугиб, тишларини қисди. Қуввати борича кучаниб, лоҳасликдан қутулишга тиришди. Бўйин томирлари бўртиб, пешонасидан совуқ тер томчилади. Бироз шу алфозда тургач, қулоқларига ғўнғиллаган овозлар эшитилди. Димоғини сигаретнинг қуюқ тутуни тутиб, бўғилганида, тутқунлар ғалати шарпалар сингари кўланка сола бошладилар. Унинг тиззаларида мадори қолмаганди. Ўтиришга чоғланганда, оёқ босишга жой йўқлигини англади. Ўзини эплай олмай, бир томонга оға бошлади…

У кўзларини очганда, юзига совуқ сув сепаётган кимсаларни кўрди. Унинг ўзига келаётганини кўрган маҳбуслардан бири:

– Мизғиб, дамингизни олинг, чарчагансиз! – деди меҳрибонлик кўргизиб.

Тундаги руҳий ва жисмоний азоблар зўридан унинг қалби жанда каби титилганди. У, тўйиб ухлашни орзуларди. Бу истакни дунёдаги бирор нарсага алмаштиришни хоҳламасди. Қайтиб кўзларини юмганда, ҳали ёпилмаган қулоқларига ўзи ҳақдаги гап-сўзлар чалиниб турди.

– Тунни шаҳар ҳибсхонасида ўтказганга ўхшайди…

– Ҳа, эрталаб бирга келдик.

– Роса пўстагини қоқишипди бояқишнинг.

– Эл қатори, ҳеч кимни ҳам аяшмайди.

– Кўпчилик бир умрга касал орттириб чиқяпти.

– Ёш йигитларга кўп азоб беришади. Буйракларини уриб, эзиб ташлашади.

– Буйрагидан иш топмаган йигирма фоиз ҳам йигит қолмаган бўлса керак…

Охири у тош қотиб ухлаб қолди. Кўп ўтмасдан туш кўра бошлади. Кўраётган туши қайси замонга тааллуқли экани билинмас эди…

…Ёзнинг иссиқ кунлари… у деразалари шимолга қаратиб қурилган болаликдаги уйида  ухлаб ётганмиш. Дераза ровоқлари ланг очиқ. Танни яйратадиган салқин шамол эсмоқда. Онасининг товуши қулоқларига кирганда, у уйғониб кетди. Онаси қўшни кампир билан қовурилган балиқ еб, чой ичиб ўтирарди. Боёқиш, бошини ёстиқдан кўтарганда, онаси қўлига тўппончасини тутқазди. Балиқнинг хушбўй ҳиди димоғига урилгач, у тўппончани қўйиб, балиққа қўл чўзди. Онаси аввал унга илиқ чой тутди, кейин балиқдан едирди. Мазали таъмдан унинг сўлаги оқиб, луқмани чайнамасдан, қумақайлаб юта бошлади. Тугилиб қолмасин, дея онаси яна чой тутди. Сабрбости бўлганда, манглайидан ўпиб, “Шошмасдан чайнаб егин, ўғлим”, деди. Қўшни кампир, “Болаларнинг ҳаммаси ҳам шунақа. Ошқозонига овқат тушмагунча, ҳовлиқади. Кейин чимсалик этади”, деди.

Баҳром беш ёшидаги бу воқеани жуда яхши эсларди. Бироқ қирқ йилдан кўпроқ вақт ўтиб, нима учун буни тушида кўраётганига тушида ҳам ҳайратланаётган эди. Кўнгли уни болалигига қараб тортавергач, тушида бир овоз унга, “онаизоринг тиззаларига бош қўйиб, мириқиб, ухла”, дегандай бўлди. Онасининг тиззасига қайтиб бош қўйдию ўзини жаннатлардагидай ҳис этди. У шу топда бутун умрини онаси тиззасига бош қўйиб ўтказишга тайёр эди. Аммо соқчининг “Қурбонов Баҳром” деган чақириғи унинг ширин орзусини чилпарчин қилди.

Кимдир елкасидан оҳиста силталаганда, у сув тўлдирилган бақлашкадан бошини кўтариб:

– Тинчликми? – деб сўрашга мажбур бўлди.

– Исми-шарифингиз Қурбонов Баҳром эмасми?

– Ҳа, шундай, нима эди?

– Шаҳар ҳибсхонасига кетадиган маҳбусларни чақиришяпти!

У ўрнидан туриб, чиқишга чоғланганда, биров қўлига пакет тутқазди. Ташқарига чиққанда, куннинг алламаҳал бўлганини кўриб, у ўзининг анча ухлаганини пайқади.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар