Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Дунёда бош вазирлар кўп, лекин мендакаси ягона!

Дунёда бош вазирлар кўп, лекин мендакаси ягона!
01 Kasım 2016 - 12:36 'да юкланди ва 1703 марта ўқилди.

Бош вазир бўлгим келяпти. Виртуал қабулхона очиб қўяману, аҳолидан мурожаатларни қабул қилавераман.Бош вазирликнинг бир яхши тарафи бор – мурожаатлардаги муаммони сен ҳал қилишинг шарт эмас (умуман олганда муаммони ҳал қилиш ҳам шарт эмас).

Бечора талаба ўқиш пулини тўлашга кредит ололмаяптими? Эгаси йўқ бирор давлат банкига буйруқ берасан – талабанинг хоҳиши бир кунда бажо (бажо бўлганини халққа билдирасан, бўлмагани бўлмай, халқ барибир билмай қолаверсин).

Бечора аёлнинг томидан чакки ўтяптими? Ҳокимиятга юбориладиган битта буйруқ билан иш ҳал – аёлнинг тилидан бениҳоя бахтиёр, бош вазирдан чексиз миннатдор экани ҳақида бол томади (қолган бечораларнинг томи кута турсин).

Бечора тадбиркор автосалондан пули тўланган автомобилини ололмаяптими? Бундан осон иш йўқ сен учун! Автосаноат бўйича ёрдамчингга айтасан, бир йил берилмаган мошин бир соатда чиқариб берилади (кимдир энди яна бир ой кўпроқ кутади).

Мурожаати кўриб чиқилган, масаласи ижобий ҳал бўлган ҳамма бечоралар ҳаётдан хурсанд! “Бизнинг ҳолимизга қизиқадиган ҳам бор экану!”, “оламда бош вазирлар кўп, лекин бунақаси ягона!” деб сенга раҳматлар айтади.

Мендек бир хаёлпарастга яна нима керак, айтгин ўзинг? Шу халқнинг раҳмати, шу қоракўзларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши, хурсандлигидан ортиқ яна нима керак бир оддий бош вазирга?!

Ҳар қандай демократик давлатда бўлгани каби, сенинг ҳам дангаса ёрдамчиларинг бўлади. Ёки ёрдамчиларингни ёрдамчилари дангасалик қилади. Ечим оддий, бошқа йўл йўқ – уларни қаттиқ жазолайсан!

Бечора аёл томидан чакки ўтаётгани ҳақида иккинчи марта мурожаат қиляптими? Қайси тумандан экан шу аёл? Ҳокими том ямалди деб айтганди-ку! Алдоқчи ҳокимга қаттиқ ҳайфсан эълон қилинсин!

Бечора ишчи уйи исимаётганидан нолияптими? Пойтахтда, унинг қоқ марказида-я! Давай, отопленияни бошлиғини ишдан олларинг! Ҳокимининг курсисини ҳам бир яхшилаб қимирлатиб қўйларинг!

Қайси аҳмоқ мана бу бечора ишсизнинг мурожаатини сохтага чиқарди? Ўзинг бир марта телефон қилсанг ўлиб қолармидинг? Ишдан бўшат ўша аҳмоқ ходимингни, ўрнига бирор аҳмоқмасини топ!

Кўряпсанми, бош вазирлик шунақа осон. Сен бир кўприк — одамлар сенга мурожаатларни юбораверади, сен уларни керакли ёрдамчиларингга қайта юбораверасан. Миллионлаб муаммоларни шикоят тушганида битталаб ҳал қилаверасан.

“Рейс” манзилдан керакли натижа билан қайтмаса, дангаса ва алдоқчи раҳбарлар ўрнига бошқасини қўясан. Ҳоким ва раҳбар бўламан деб, жонидан тўйгандан кўпи борми ҳозир.

Қайси бир ақлли бошлар “тизим” деган сўз топиб олган. Коммунал соҳада шикоят кўпми, демак шу тизимда муаммо бор дейди. Тадбиркор тинмай банкдан нолияптими, демак банк соҳасида тизим ишламаяпти, дейди.

Нима ўзи у тизим? Мен бунақа нарсаларни тушунмайман. Тушунтириб овора бўлма, вақтим йўқ. Ўша тизимларни тузатишни, қуришни бошладим ҳам дейлик. Қачон тузатиб, қачон қуриб бўламан? Туянинг думи ерга тегиб, қизил қор ёғганидами?

Менга ишонавер, виртуал қабулхона – муаммоларнинг энг зўр ечими! Ҳеч қандай тизим-пизим шарт эмас. Шикоятлар миқдори абитуриентлар сони каби кундан-кун ўсиб бораверсин, шунга монанд раҳматлар ҳам кўп бўлади.

Ўзинг яна бир марта айтгин – бир оддий бош вазирга шу бечора халқнинг раҳматидан ортиқ яна қандай мукофот бор? Раҳматларга кўмилган бундай бош вазирнинг йўли равон, парвози бардавом бўлади-ку!

Шунинг учун бош вазир бўлгим келяпти. Бир виртуал қабулхонам бўлса, одамлардан шикоятларни қабул қилаверсам, шикоятлар тугамаса, менга тинмай раҳмат айтишса…

Қизиқ, нега шу вақтгача ҳеч кимнинг ақли шунга етмади экан-а?

Ўктам Орзуманд
Ватан

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 2 Yorum )

  • MAN.UND ;

    Шавкат Мирзиёев “Тошиссиққувват”нинг Миробод тумани бўлими раҳбарини ишдан бўшатди

    “Тошиссиққувват” ишлаб чиқариш бирлашмаси Миробод тумани филиали раҳбари Мухаммедов Ф.Х. фуқаро мурожаатини кўриб чиқишда камчиликка йўл қўйилгани туфайли лавозимидан олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг Facebook’даги саҳифасида хабар қилинди.”Тошкент шаҳар Миробод туманида истиқомат қилувчи фуқаро Е.Каравайкинадан иссиқлик қуввати билан таъминлаш масаласида келиб тушган мурожаатни кўриб чиқишда йўл қўйган камчиликлари учун Миробод тумани ҳокими (Кадиров)га ҳайфсан эълон қилинди ва “Тошиссиққувват” ишлаб чиқариш бирлашмаси Миробод тумани филиали раҳбари (Мухаммедов) эгаллаб турган лавозимидан озод этилди”, дейилган хабарда.Саҳифада келтирилишича, Тошкент шаҳар ҳокими Усмоновга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонасига аҳоли ва тадбиркорлардан энг кўп ариза ва шикоятлар тушганлиги, мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш муддатларини асоссиз бузилишига йўл қўйганлиги кўрсатиб ўтилди ҳамда мурожаатларни вақтида ва қонуний ҳал этилиши бўйича аниқ чоралар кўриш топширилган.Бундан олдинроқ Шавкат Мирзиёев Пенсия жамғармаси ижро этувчи директорига ҳайфсан эълон қилишга кўрсатма бергани хабар қилинганди.Шунингдек, Поп ҳокими Бош вазир виртуал қабулхонасига келган мурожаатларни ҳал этишда сохталикка йўл қўйгани учун ҳайфсан олган.

    01/11/2016 15:08
  • MAN.UND ;

    Haqiqatdan ham virtual qabulxonani o’yinchoq qilib tashlashdi. Jiddiy muammolar bilan birga ahmoqona takliflar kiritayotganlar ham topilmoqda. Nima emish Toshkentdagi archa ko’chasida joylashgan CASTROL shaxobchasi olib bering man ham boy bo’lishim kerakku emish. EEE o’lganing yaxshi alki Abu-Saxiyni xoxlarsan deydigan odam yo’q

    Saviya yetishmaydi ayrim murojaatchilarga.

    Maqolaga tuxtaladigan bo’lsak yumor tarzida yozilgan bulishiga qaramay virtual qabulxonaning foyda berayotgaan jihatlarini ham yoritilganda zo’r bo’lardi. Sababi ayrim rahbarlar ushbu murojaatlardan keyin ozroq ter to’kyapti masalani xal qilishga harakat qilishmoqda.

    01/11/2016 15:07
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар