Ҳаёт чекинганида

Ҳаёт чекинганида
47 views
02 November 2016 - 5:00

Комил Ўтар

ХАЁЛ ЕТМАС МАНЗИЛЛАР
(12)

Турланишлар

1

Берк эшиклар ортида кимлар,
Кутмоқликка топади сабр.
Таъма оёқ-қўлларни боғлар,
Нафсга бўйин эгади кибр.

Энг муҳими, ёпиқлик эшик,
Чертилганда, тақилласа, бас.
Ичкарига топилар, тешик,
Йиллар бўйи сиқилса нафас.

Муштни янчиш, пешона ёриш,
Очиш учун баҳона холос.
Олий мақсад; бир ялтоқланиш
ва турланиш – ўзимизга хос.

2

Кўкрагингни қоқсанг – бурнингдан
чиқиб келар илҳом париси.
Овоз берар, шунда қорнингдан,
“Яғмо” дея, булар бариси.

Кўкка ўрлар овоздан тутун,
Тўхтаб қолар, нигоҳинг, таққа.
Ўпканг силкинганида ҳорғин,
Алаҳлайсан, оппоқ вараққа.

3

Бировларнинг кулиши учун,
Йиғламоқлик – энг қулай тадбир.
Ой туғмаса, оқармайди тун…
Қуёш чиқаверади ахир.

Кўнгил овлашликнинг энг зўри,
Тумшуқ-қовоқ ва қора либос.
Ўз-ўзича, ҳар бир кас бўри,
Бу одамлар, бир-бирига мос.

* * *

Қиёфалар ўтар

Қора уйқу ичида вужудлар ўлик –
Мурдаларнинг гирдида, кезади хуррак.
Ҳаёт чекинганида, ғофиллик тирик –
ҳушёрлик туғилмай ўлади, бешак.

Баҳайбат бир махлуқот қоринга чиқиб,
Эзғилайди, киндикни пошнаси билан.
Овқат тўла қорнига бошини тиқиб,
Хуррак отади, хўрда, кечаси билан.

Соат қўнғироқлари занг урар бедор,
Хуни гирён сайрайди, булбул чаманда.
Ҳушёрликнинг гарови ҳамиша, меъёр,
Меъёрсизлар бу йўлдан кечар, шарманда.

* * *

(давоми бор)