Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Маҳбусларни танасида из қолдирмасдан калтаклашарди

Маҳбусларни танасида из қолдирмасдан калтаклашарди
02 Kasım 2016 - 7:00 'да юкланди ва 1614 марта ўқилди.

Сафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБио
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.
Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

(31-қисм)

Йигирманчи боб

Шаҳар ҳибсхонасида соқчилар бошлиғи Баҳромни қабул этишдан бўйин товлади. Шунда қўриқчи:

– Уни мен ҳам эрталаб шундай қабул этиб олган эдим! – дея эътироз билдирди.

– Мен билмайман! – деди соқчилар бошлиғи. – Кимдан қабул қилган бўлсангиз, ўшанга топширинг. Ёки қайтариб олиб кетинг. Хоҳламасангиз, “Панелний”га топшириб юборинг. Менга қизиғи йўқ.

Эрталаб навбатчиликни қабул қилган соқчилар бошлиғи қайсидир сабабга кўра алмашиб, ўрнига бошқаси келган. Баҳромнинг юз-кўзларини кўриб, у ўз зиммасига бировнинг юкини ортмоқлашни хоҳламади. Одатда, маҳбусларни танасида из қолдирмасдан калтаклашарди. Баҳромнинг ҳозирги ҳолати мингда бир такрорланадиган ҳодиса эди. Бахтли тасодиф туфайли унинг яра-чақаси кўзга ташланиб турар эди. Бошқалар сингари бор жароҳати ичида бўлганда, унинг юришга мадори етмасди.

Бошқа маҳбуслар ўн дақиқа ўтмай камераларга тарқаб кетдилар. У эса, қўлларини орқасига ушлаб, деворга қараб тураверди. Бир соатга яқин вақт ўтганда, қулоқларига Фарҳоднинг овози чалинди. Қўриқчи уни қайлардандир топиб келганди.

У соқчилар бошлиғига:

– Фирибгарни тинтишсин! – деди.

– Муттаҳам, мўлтони халтангни ҳам олиб кел! – деди тинтув хонасидаги соқчи уруршқоқ хўрозники сингари кекирдагини чўзиб.

Баҳром ортига қайтиб, девор тагидаги пакетни олди.

У хонага киргач, соқчи:

– Битлиқи, кийимларингни еч! – деди ўшқириб.

Унинг икки кўзи қўлга илгулик нарса изларди.

У Баҳромнинг кийимларига қўл теккизишдан жирканиб, уларни оёқлари билан тепкилаб, борлаб кўрди.

– Фирибгарбачча, ўғирлаган пулларинг қани? – деди ҳеч нима топа олмагач.

Баҳромнинг муғамбирлик қилгиси келди, шекилли:

– Ҳаммасини Шамшод Сангинов тортиб олди! – дея жавоб қайтарди кўзларини жовдиратиб.

– Қайси Шамшод Сангинов?

– Адвокат Шамшод Сангинов бор-ку, ўша-да!

– Қанча пулингни олди?

– Ўн беш АҚШ долларимни олди, ока!

Соқчи Баҳромдан йигирма ёшлар чамаси ёш эди. Унинг боласи тенги соқчига арзи ҳол этаётганини атрофда кузатиб туришарди.

– Адвокат ўн беш долларингни олдими, ёки ўн беш минг долларингни олдими? – дея яланғоч турган маҳбусдан соқчи дона-дона қилиб сўради.

Баҳром ўзини яна ҳам гўлроқ кўрсатиб:

– Ўн беш долларимни олди, ока! – деди. – Мустақилликнинг йигирма йилида тирноқлаб йиққанман. Ўн беш минг доллар пулим бўлганда йигирма йил олдин Амриқога кўчиб кетардим.

Шериклари хохолаб кулиб юборганларида, ҳушёр тортган соқчи, маҳбуснинг ақли жойида эмаслигига амин бўлди, шекилли:

– Кийимларингни кий, тентак! – деди. – Нима деётганингни ўзинг тушунмасанг, мен тушунмадим.

– Бу жинни эмас, сени жинни қиляпти. Сенга фирибгарликнинг битта трюкини намойиш этди. Яхшилаб, эслаб қол, керак бўлади! – деди соқчилар бошлиғи унга.

Кийимларини кийган маҳбуснинг қўлидаги пакетни кўрган соқчи, пакетни текширмагани эсига тушиб:

– Мўлтони халтангни оч, тентак! – деди.

Пакетда иккита ноннинг орасида шашлик, тиш чўткаси, қоғозга ўралган паста ва совун бор эди. У бу сафар ҳам янги буюмларни тошга ишқашни унутганди. Ҳақиқатан унинг ақлдан озганига ишонган соқчи барчасини тортиб олиб:

– Сенга бу ҳам кўплик қилади! – дея нон билан шашликни қўлига қайтариб берди.

Бу унга алам қилди ва:

– Олишга ҳақларингиз йўқ, қайтариб беринг! – деганини ўзи ҳам сезмай қолди.

Ғазаби қўзиган соқчилар бошлиғи:

– Бу ифлосни жинни эмас, дедим-ку! – деяркан, унинг елкасига шолтўқмоқ солди.

Баҳром, озурда қовурғалари ичига тўкилгандек, оғриқ зўридан  чўккалаб қолди. Нафасини ололмасдан чиранганда:

– Тур, фирибгарбачча! – дея тинтув соқчиси ҳам орқасига тепди.

– Фирибгарни 20-камерага жойлаштиринглар! – деди қўлидаги нишонага қараган соқчилар бошлиғи.

– Тур, олдимга туш, фирибгар! – деди бошқа бир соқчи унинг устига бостириб келиб.

У ўрнидан инқиллаб туриб, соқчининг олдига тушди.  Чаққон қимирламаса, аҳволи бундан ҳам баттар бўларди.

Уни еган калтагидан ҳам кўра, соқчилар бошлиғининг, “Фирибгарни 20-камерага жойлаштиринглар” деган буйруғи кўпроқ қийнаётганди. Чунки у кеча 5-камера ташланганди.

Гумонлари бу тунда тортажак азоблари эҳтимолидан ҳам даҳшатлироқ туюлди.

У камерага кирганда, эшик қарсиллаб ёпилиб, илгичлари илинди. Унинг кўзлари нимқоронғида яхши кўрмади. Қўлидаги пакетни кимдир олгач, қулоқларига Ардашернинг:

– Чиқиб кетолмапсиз-да. Дарров ювиниб олинг, чой қўяман! – деган таниш овози эшитилди.

 Бу жойларда синашта одамлар билан ўтиришнинг руҳий далдасини бошига иш тушганлар билади. Баҳром артиниб, шотахта бўйида ўтирди. Қўлидан пакетни олган йигит Икром эканини пайқади.

Ардашернинг гапига қараганда, 5-камерани дезинфексия қилган эдилар. Абдулла гўёки қандайдир юқумли касалликдан вафот этиптиймиш.  Шундан сўнгра вазирлик ертўласидан олиб келинган маҳбусларни кўздан яшириш учун бошқа жойга кўчирипдилар. Камерада кечагилардан Ардашер билан Икром қолганди, холос. Кетганларнинг ўрнига учта маҳбус қўшилганди.

Олтовлон дастурхон бўйида борини баҳам кўрди. Маҳбуслар тағин Баҳромнинг чув тушганини эшитиб, қўярда-қўймай унга бирови совун, бирови паста, эрта-индин чиқишига ишонган Ардашер сочиғи билан ишлатилмаган тиш чўткасини берди.

У оёқларини чўзмоқчи бўлган эди, еган таёқлари асорати бутун вужудини зирқиратиб юборди. Эплай олмагач, қийшайипроқ ўтирди.

– Оғриқлар ҳали бир ҳафтагача безовта қилади! – деди Ардашер. – Бардам бўлаверинг.

Бошқалар тортган азоблар олдида ўзиники ҳолвалигини биладиган Баҳром:

– Шу билан қутулсам гўрга эди! – деди нолимаётганини билдириб.

– Энди сизни ортиқ қийнашмайди! – деди Ардашер. – Қамоққа олишга рухсат тегдими, эрталаб Тоштурмага олиб кетишади.

– Эртага шанба эмасми? – деди у.

– Тоштурма якшанба ва душанбадан бошқа кунларда маҳбусларни қабул қилаверади! – деди Ардашер унинг кўнглини хотиржам қилиш учун.

Баҳром икки кун ичидаёқ тинимсиз таҳқирлашлар ва калтаклашлардан тўйиб бўлганди. Ҳалигача уни саросимага солаётган соқчининг огоҳлантириши шўрликни руҳий жиҳатдан адойи тамом этди. Нозик паллада у кимга ишонишни билмай қолди. Бир нарса аниқ эди. Уни пул учун тузоққа туширган кимсаларнинг барчалари битта тўдага уюшган жиноятчилар эдилар. Тахминича, ўзини жиддий тутаётган бош терговчи Жамшид ишни назорат остида ушларди. Адвокат чалғитувчи мақомдаги энг асосий шахс эди. У арзимаган чойчақага касбий фаолиятини ерга ураётган эди. Бу билан ночор аҳволи ўнгланиб, бойиб кетмаслигини у хаёлига ҳам келтирмасди. Унинг устидаги янги кастум-шими ва бўйнидаги қимматбаҳо галустугидан бошқа орттирган бойлиги йўқлигини, кирдан сарғайган тишлари ва овқатни эшитганда лиқиллаб турадиган томоғидаги тугунчаси сўзсиз сўзларди. У ҳалол ишлаганда, ҳозирги аҳволидан бир неча баробар яхшироқ яшашини тасаввур эта олмасди. Бундан эгриликни касб қилган кимсанинг ҳеч қачон бири икки бўлмаслигини, феълида нуқсони бор кимса асосига қўйилган биринчи ғиштнинг қийшиқ босилганлигини илғаш мумкин эди. Мелис билан туман миллий хавфсизлик ходими Шерзод эса, битта катакдан товуқ овлаб юрган иккита шоғол эдилар. Иккалалари ҳам бошлиқлари хоҳиш-иродаси билан битта ипга тизилганди. Уларнинг ўғирлиги ҳам, тўғирлиги ҳам бошлиқлари шамаси билан амалга ошарди. Туман миллий хавфсизлиги бошлиғи, икки шоғол қўлидан ем емаганда, Баҳромни деб прокуратурага келмасди. Унинг ўн беш минг доллардан хабари бўлмаган бўлиши мумкин эса-да, бундан унинг ходими Шерзоднинг хабари бор эди. Бу ушбу режанинг бош терговчи ғояси асосида режалаштирилганлигини мантиқан оқларди. Ўн беш минг долларни еб кетмоқни кўзлаган уюшган гуруҳ миллий хавфсизлик бошлиғи қўли билан муаммони осонгина ҳал этишга уринганди. Баҳромнинг гуноҳсизлиги исботланганда ҳам, миллий хавфсизлик бошлиғининг томоғи ёғланмаса, унинг жон куйдирмаслигини билган уюшган гуруҳ аъзолари чиқмаган жондан умид зайлида иш тутган эдилар. Улар Баҳромнинг қутулиб чиқишини ҳам, айни вақтда, барча пулларнинг ўзларида қолишини ҳам истардилар. Миллий хавфсизлик бошлиғи, ишни инсоф нуқтаи назаридан ойдинлаштирганда ҳам, юқорисидагиларга бир нима узатмаса, унинг холислигига ҳеч ким ишонмасди. У Мелиснинг саъй-ҳаракати билан оёғини чўзган бўлса-да, аслида ишнинг ижобий ҳал қилинмаслигидан кўпроқ манфаатдор бўлганди. У Мелис билан Шерзоднинг қозонида бўтқа пишириб ўргангани боис, бурнини балчиққа тиққанди. Бир тутқун тақдиридан кўра у учун Мелис билан Шерзоднинг сўзи ерда қолмаслиги аҳамиятлироқ эди. Назарича, тутқун оғзидан чиққан “сохта” ибораси учун 159-моддани қўллаб, уни конститутсион тузумга қарши деб қаматмагани Мелиснинг юзи хотири учун эди.

Хуллас, қармоққа хўрак илмасдан балиқ овламоқчи бўлган бош терговчи берилган пулни ўзлаштириш учун ҳеч нарсадан қайтмайдиган кўринарди. Кўравериб кўзлари пишиб кетган прокурор билан туман миллий хавфсизлиги бошлиғи, коса остидаги ним косани кўрмаган бўлса ҳам, унинг ичида нима бўлиши мумкинлигини тасаввур эта оларди. Прокурор иш ечимини қонун доирасида ҳал этганда ҳам, манфаати қондирилмаган шаҳар прокурори унинг пора олмаганига ўлиб қолса ишонмасди.

Эшик икки марта очилиб, икки марта ёпилди. Икки мартасида ҳам янги тутқунларни олиб чиқдилар. Ўзини олиб кетишларини кутаётган Баҳром, този оғзидан зўрға қутулиб қолган қуёндай, деворга пешонасини босиб, ҳар гал титраганча қолаверди.

– Оға, ховотир олмийин ётаверсангиза. Инди, сиза даявермасалар гарак. Олжакингизи олиб бўлдингиза! – деди унинг қалтираётганини сезган Икром.

– Хавотир олаётганим йўқ! – деди Баҳром. – Негадир, юрагим безовта бўляпти.

– Ховотир олғанигиз шу-да, оға! – деди у. – Яна нишетжаксиз?

– Ақли-ҳуши жойида одам хавотир олмай иложи йўқ! – дея Ардашер гапга қўшилди. – Буларнинг пасткашликларини Сталиннинг Берия бошлиқ каллакесарлар тўдаси билан Гитлернинг гестапоси ҳам қилолмаган. Бу дунёда айбсиз одамнинг ўзи йўқ. Нима бўлганда ҳам, одамларни бу даражада ер билан топташ қолипга сиғмайдиган иш. Кун келиб, кимлардир бу қатағонлар учун жавоб берадилар. Аммо қийноқлардан майиб-мажруҳ бўлганларга нима наф? Ўлиб кетганлар у дунёдан қайтиб келмайдилар. Мамлакат уруш ҳолатида эмас, ташқаридан жиддий хавф-хатар йўқ. Нима учун раҳбарлар ўз халқидан бунчалик қўрқадилар? Афғонистонга ўхшаб, мамлакат бошига кулфат тушса, юртни ким ҳимоя этади? Халқ ҳукуматга ишонмайди-ку!

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар