Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Қуллуқ”даги “қул”лар

“Қуллуқ”даги “қул”лар
03 Kasım 2016 - 8:00 'да юкланди ва 1888 марта ўқилди.

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда бош вазирнинг виртуал қабулҳонасига нома ёзиб дардига дармон топганлар ҳақида оғиз кўпиртиб гапириб беришяптию, аслида эса буларнинг бари сиёсий кўзбўямачилик эканлигини билиб туриб тан олишни исташмайди.  

Албатта бу гапларимни ҳозирнинг ўзида оғзимга ёпиштирмоқчи бўлганлар бисёргина.  Лекин шу “шукроний” ватандошларимни эса ҳозирги тизимда “пичоғи ёғустидалигидан мамнун.  Ундайларга ўзгариш, ҳуррият асло керак эмас, бўлмаса ҳозирда қилиб юрган ишларини у пайтга келиб қила олмасликлари мумкин, уларни фақат шу хавотирга солиши мумкин холос. Бундайлари фақатгина тизим “югурдаги” бўлибгина қолмай, аввало “нафс қуллари”дирлар.  

Агар юқорида эслатиб ўтган иқтибосларимга ишонмасангиз ўзингиз бир назар солинг виртуал қабулхонада “шифо” топган дардларга.  

Кимгадир машинасини “вақтидан олдин олиб бериш”, пластик қабул қилмаган корхоналарга жазо қўллаш, кундалик мактаб ёки коллеждаги йиғим пуллар ҳақда гап кетади.  Лекин хеч ким вилоятда об ҳавога қарамай пахта теришга мажбур бўлган талаба ёки ишчи ҳақида, беайб умрини қамоқҳоналарда ҳазон қилаётган сиёсий ёки диний маҳбуслар, чет давлатларда ризқ теришга мажбур бўлган, Каримов иқтибос келтирган “дангасалар”, ўз юртингда бир шаҳардан бошқасига эмин эркин бориб ишлаш у ёқда турсин, яшашнинг ҳам иложи бўлмаётганлиги ҳақида ким хеч ким ёзмайди.  

Доимий равишда муҳокама қилинаётган сиёсий маҳбусларга бўлган муносабатдан бошласак. Куни кеча жазо муддати узайтирилган Самандар Қўқонов, Муҳаммад Бекжон каби сиёсий маҳбусларга бўлган муносабат диктаторлик режимида шаклланиб, ҳозирда амал қилиниб келинади. Сабаби зиёли муҳолифатчиларни мавжудлиги улар ноқонуний равишда эгллаб турган курсиларини тебратиб қўйиши мумкинлигидан ҳавотир олишади.  

Ҳар қандай эркин фикр ва танқид, зулм ва ўзбошимчалик билан топталишига ҳаракат қилинади. Қамоқхоналарда сиёсий маҳбусларга бўлган муносабат барчага аён, бу ҳақда диктатор режими остидаги қамоқхоналарда 13 йил умрини ўтқазган Муҳаммадали Маҳмудов (Эврил Турон) ўз кундалик битикларида қамоқхоналардаги зулм, кундалик калатаклаш ва оғир меҳнат билан уларни ўз фикрларидан қайтиб,  тизим олдида бош эгиб авф сўрашларини ва буни қанчалик оммавий намойиш этишни исташлари хақида баён этган эди. Зеро эркин фикрли зиёли ортидан эргашувчилар албатта бўлади ва бу халқнинг бир қолипга солиб бошқарилишига асосланган режимнинг илдизларига болта уриши аниқ.

Ҳозирда амалга ноқонуний равишда келганлар, ўзларига содиқларни янги мансабларга қўйиб, аввалгиларини эса халқ олдида адолат ўрнатган раҳбардек олиб ташлашяпти.  Агар гапларим нотўғри бўлса, шу мансабларга қўйилаётган одамларни нима учун халқ танламаяпти, халқ танлов қила олиши учун халқнинг хуқуқий саводхонлиги оширилмаяпти, нима учун таълим тизими асосидан дарс кетган. Чунки оддий халқга бир нарсани такрорлаб, уни шу нарсага ишонишга мажбур қилиш ва асосий эътиборни маиший муоммоларга қаратишдир. Бу йўлда маҳаллий “пропаганда” каналлари тинмай хизмат қилишмоқда.   

Энг ачинарлиси, қобилятли, билимли ёшларни олий таълим муассасаларида таҳсил олиш оғир бўлаётгани, барчасига порахўрлик сабаб бўлаётганидир. Албатта бу ҳақда маҳаллий телеканаллар ҳам, виртуал қабулҳонадагилар ҳам индашмайди. Ўзи истаган соҳада таълим ололмаган ёшлар, оила тебратиб туриш учун ҳам чет элга кетиб, ўша ерларда меҳнат қиляпти. Халқ потенциал ёш кадрлардан айриляпти, устига устак ҳозирги кадрлардан аксарияти пора билан билим олганлар бўлиб, улар ўзлари ўрганган “мактаб” давомчиларига айланишяпти, салоҳиятли ёшлар эса яна ўша пора сабаб иш топа олишмайди. Бу эса келажак авлодда билим олишга бўлган интилишни сусайтириб боряпти. 

Хулоса қилиб айтганда, ҳозир тизим вакиллари, аввалари бўлгани каби зиёлиларни кўпайишини истамайди, зеро уқувсиз жамоани бошқариш анча афзалроқ. 

Шу йўлда улар мавжуд зиёлиларни зиндонларда сақлаб, бўлиши мумкин бўлганларини эса таълим муассасаларидаёқ издан чиқаришяпти. 

Абдуллоҳ Нусрат

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар