Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бобой, тикучарда учиб кўрганмисан?

Бобой, тикучарда учиб кўрганмисан?
05 Kasım 2016 - 7:00 'да юкланди ва 1529 марта ўқилди.

Сафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБио
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.
Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

(32-қисм)

Эшик учинчи марта шарақлаб очилди. Ардашернинг сўзи оғзида қолди. Биринчи соқчи эшикни ланг очиши билан иккинчи соқчи эшикдан тўғри бўлиб, қўлидаги қоғозга қараб:

– Қурбонов Баҳром. Фирибгар! – деди.

Баҳром:

– Мен! – деган эди, соқчи:

– Чиқ бу ёққа! – деди.

Баҳром лифтда юқориги қаватга кўтарилиб борарди. Азизнинг эрталабки сўзлари билан қўриқчининг огоҳлантириши қулоқлари остида жаранглаётгани боис, у лифт овозини эшитмасди.

– Фирибгар, йиққан пулларингни қаерга яширдинг? – дея тезкор вакил боргунча унинг кетига тепиб борди.

Берилажак қийноқлар даҳшати унинг шуурини музлатиб, вужудини карахт қилиб қўйганди.

Хонага кириши биланоқ қозоқбашара ходим Баҳромнинг қорнига мушт уриб, уни полга ағдарди. У нафас ростлашга улгурмасдан, икки кимса оёқлари ва қўлларидан ушлаб, шифтга отди. Қайтиб тушганда, ичидан бир нима узилиб кетгандай бўлди. Бу ҳолат камида беш-олти марта такрорланди. Кейин унинг лошини қоп каби бир чеккага ирғитдилар.

Кириб келган бошқа бир маҳбус унинг жонига ора кирганди.

Бечоранинг бошида осмон, оёғи остида ер айланаётгандек эди. Бўғзига тиқилган ичакчавоғи оғзидан отилиб кетгудай бўларди. Қўллари кишанланганидан, бутун ихтиёрини рақибга беришга мажбур бўлиб, ўзини ҳимоя этишга имкон қолмади. Қаршилик кўрсатиш маст буқанинг қозиғини суғуришдек гап эди. Уларнинг эшикдан кириши билан қўққисдан қутурган итдай ўзи устига ташланиши уни саросимага солганди.

– Вой, ўлмасам! – деди кириб келган кимсани шифтга отганларида. – Соқолим оқини ҳурмат қилинглар, ичакаларим узилади. Қовурғамни синдириб қўясизлар

– Бобой, тикучарда учиб кўрганмисан?

– Йў-ў-ўқ, бо-олам!

Ана, учяпсиз!

– Во-ой!

Юмалоқ ёстиқ бўлган чолни Баҳромнинг устига отиб юбордилар.

Шунда даҳлиздан кирган ходим:

– Бошлиқ олдига кираркансизлар! – дедида, орқасига қайтди.

Бундай пайтларда шунчаки чақирилмасликларини яхши биладиган ходимлар Баҳромнинг қўлидаги кишан билан чол иккаловини иситкичга боғлаб, чиқиб кетдилар.

Кўнгил айнаши анча тиниб, кўзларига ёруғлик ина бошлаган Баҳром чол билан битта кишанга кишанланганини пайқади. Чол, тамшаниб, ҳаво капаларди. Бўлавермагач, кўзларини чирт юмиб, бошини Баҳромнинг пинжига тиқди. Оппоқ соқоли кўксига тушган чолнинг ёш боладай суйкалишидан хижолат тортган Баҳром унинг бошини билаги билан нари сурмоқчи бўлди. У эса баттар ёпишди

– Ўлиб қоламан! Чидолмайман, чидолмайман! – деди оғзидан пиво кўпигига ўхшаш қон сизганда.

Баҳром амаллаб унинг камзули барини тортиб, оғзини артди. Унинг оппоқ соқолига қизил доғлар қўнди. Ҳар ўқчиганда кўзлари хонасидан чиқай дерди.

– Сиз ҳам масжидданмисиз? – деди чол илкисдан инграб.

Баҳромнинг пинжига унинг иссиқ нафаси уфурди.

– Ҳа, масжидданман! – деди Баҳром унинг нима учун сўраётганини билиш учун.

У шу битта иборада дардлар калити борилигини дарров англаганди.

– Сизни ҳам шунга олиб келишдими?

Ҳа, шунақа шекилли!

Чол, ўзининг иқрорига кўра, миршабларнинг диндорлар ичидаги хуфияси эди. У масжидда узоқ йиллар фаолият юргизган. Ихлоси зўр, ҳалол кимса сифатида жамоа ҳурматини қозонган. Воқеаларни оқизмай-томизмай етказиб тургани учун миршаблар олдида ҳам ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган. Хизматлари эвазига иқтисодий далда олган. Қариб, ишлашга қурби етмайдиган бўлганда, унга муносабат ўзгарган. У яхши ишламагач, маълумотлар биринчи бўлиб миршабхонага тушмасдан, миллий хавфсизликка етиб борадиган бўлган. Бундан жаҳли чиққан бошқарма бошлиғи тезкор вакилга унинг ақлини киритиб қўйишни буюрган.

Бундан ташқари, чолнинг тили қисиқ жойи борга ўхшарди. Чунки у Ўша пайтда қамалиб чиқсам, бошимга бу кўргуликлар тушмасди, дея нимагадир шама қилди.

Гапириб юрагини бўшатган чол, оғзидан оқаётган қон аралаш сўлагини камзули бари билан бу сафар ўзи артди. 

Даҳлиздан бўкирган овоз эштилди. Эшик зарб билан очилиб, ўн чоғли миршаб бир маҳбусни судраклаб хонага олиб кирди. Қўл ва оёқлари кишанланган маҳбус арслондек қутуриб, миршабларга куч бермасди. Уни шолтўқмоқлар билан уриб, курсига ўтирғиздилар.

– Ўзбек деган бир миллатни дунё кўзи олдида қулга айлантирдиларинг! – дерди у. – Шармандаю шармисор этдиларинг. Бирортангда ор-номус, ҳамият деган нарса қолмаган. Пулга хотинларингиз билан қизларингизни ҳам сотасизлар. Давлатчиликдан йироқ, сиёсат ва иқтисод нималигини тушунмаган нодонлар. Эркакларни тиғсиз пичтинглар, ўзбек аёлларини ёппасига фоҳишаликка мажбурладинглар. Мард бўлсангиз, қўлимни ечинглар. Баринг билан бир йўла муштлашаман. Қўрқоқлар, ифлослар Ҳаромдан бола боқиб, уй-рўзғор тебратгандан кўра ўлганларинг афзал эмасми?!

 Шунда бир миршаб шолтўқмоқ билан маҳбуснинг бошига тушириб қолди. Унинг оғзидан шариллаб қон отилди. У тупурганди, тишлари полга тўкилди.  

Кимдир маҳбусни урган миршабга:

– Ҳурматли бошлиқ, қон чиқадиган жойига урманг, илтимос! – деди

– Бу жинни бўлса, мен ундан ўтган жинниман! – деди у. – Ҳақоратларини эшитмаяпсизларми?

– Эшитиб турипмиз! – деди у. – Бирор жойи кўкармасин. Юқоридан шунақа буйруқ бўлган. Бўлмаса, бу ифлосни пора-пора этиб, йиртиб ташласак, биздан кетарди.

– Мен шу ерларда ўлсам, бахтинг! деди ўзини урган миршабга тикланиб маҳбус. – Чиқсам, аввал, ўғилларинг билан қизларингни …ман, кетидан, пагонингни тишлатиб қўйиб, ўзинг билан хотинингни …манда, кейин, бутун оилангдагиларни уйжойинг билан қўшиб, ёқиб юбораман!

У бу сўзларни фавқулодда бир важоҳат билан айтди. Маҳбус тасвирлаб берган ҳодиса худди шу топда, ўзларининг кўз ўнгида рўй бераётгандай, миршаблар бир муддат ваҳимадан қотиб қолдилар. Уни урган миршабнинг тили калимага келмай қолди. Бошқаларининг ҳам попуклари пасайиб, довдирай бошладилар.

– Шуҳрат, беҳудага ўзингни қийнаб нима қиласан? – деди миршабларнинг унвони юқориси. Қўйилган айбларни тан олиб, қоғозга қўл қўйиб бер, олам гулистон. Бу айблов билан қамашмайди. Катта кетса, Қозоғистонингга бадарға қилиб юборишади. Беш йил бу ёққа киролмайсан, шу ҳам муаммоми?

Охиригача тинглаган Шуҳрат унинг кўзларига бир нафас тик боқиб туриб:

Ҳақиқат борлигига ишонасанми? – деди.

– Албатта, ишонаман! – деди у.

Ҳалол меҳнат қилиб, ҳалол еб-ичиб, ҳалол рўзғор тебратишни истайсанми?

– Мен шундай ҳам, ҳалол меҳнат қилиб, ҳалол еб-ичиб, ҳалол рўзғор тебратаётган одамман!

– Гапларинг чин бўлса, нима учун этмаган айбимга иқрор қилишга тиришасан? Бу ишларга алоқам йўқлигини яхши билиб турипсан-ку

– Айбловларни мен ўйлаб топмаганман-ку! – деди у. – Барчасини бир қориндан талашиб тушган аканг ёзиб берган. Бегона бўлганда ҳам, бошқа гап эди. Аканг туҳматга бориб, виждонини еб қўймагандир.

Сенлар билан пайғамбар ҳамтовоқ бўлса, у ҳам иғвогарга айланган бўларди. Акам ким бўлипти? У ҳам билиб-билмасдан тузоқларингга илинганлардан бири. Сизлар миллатни, динни тан олмагандан кейин, имон ва эътиқод ҳақида гапириб нима қиласизлар?

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар