Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Барча инсонлар – оға-инидирлар

Барча инсонлар – оға-инидирлар
05 Kasım 2016 - 8:11 'да юкланди ва 4291 марта ўқилди.

Эргаш Сулаймон

Фитратга мактуб ёхуд руҳ билан суҳбат

Биринчи боб

(31)

У ўн уч йил давомида пайғамбар (а.с.) Маккада қатъий ва собит туриб, Тангри таолонинг бирлигига, Пайғамбарларга, уларга нозил этилган китобларга, ўлганларнинг тирилишига, Қиёмат кунига ишонч, эътиқодни тарғиб этди. У ўз миссиясига ишонди, бир лаҳза бўлса-да иккиланмади. Ҳақсизлик билан муросага бормади. Зеро, унинг ишончи комил, унга юборилган улуғ паёмда инсоният ҳаётининг барча масалаларига ечим мавжуд эди.

Исломнинг Тангри таоло барча миллатлар ва халқларнинг Яратувчиси, Валийнеъмати ва Пуштипаноҳи деган таълимоти ҳамда Муҳаммад алайҳиссаломнинг бутун дунё кўламидаги миссияси кишиларни бир-биридан қон-насл, ранг-тус ва жуғрофий жиҳатдан ажратувчи тўсиқларга барҳам бериб, инсониятни ягона бир оилага бирлаштирди.

Ислом нуқтаи назарида инсонлар – гўзал бир гулдаста. Бир ота-онанинг, яъни Ҳазрати Одам ва Ҳазрати Ҳаввонинг фарзандлари, демакки, битта хонадон. Араб бўлмагандан араб устун эмас, араб бўлмаганнинг арабдан устунлиги йўқ. Энг ҳурматли киши – энг одил, энг диёнатли инсон.

Пайғамбар (а.с.) таъкидлаган эди: “Эй инсонлар, Тангри таоло сизни жаҳолат тубанлигию наслу насаб ғуруридан халос этди. Фақат икки хил одам бўлур: бири – ҳалол, Худодан қўрқиб, унинг марҳаматига етишганлар; бири – ҳаром, гуноҳга ботиб, Худо олдида шармандаю шармсор бўлганлар” (Ибн Абу Хатим).

Расулиллоҳнинг бу фикрини унинг Абу Зар ал-Ғифорга этган насиҳати ҳам аниқ тасдиқлайди. “Эй Абу Зар, ёдингда тут, – деганди Пайғамбар (а.с.) ўшанда, – сен ҳеч кимсадан устун ҳам, яхши ҳам эмассан. Фақат фазилатларинг туфайли афзал бўлишинг мумкин”.

Муҳаммад алайҳиссалом ўзининг тунги ибодатларида Парвардигор ҳузурида такрор-такрор айтар эди: “Эй Тангрим, мен гувоҳлик бериб айтаманки, барча инсонлар – оға-инидирлар” (Абу Довуд).

У инсониятни гуруҳлар ва оқимларга айирувчи ҳамма нарсани кескин рад этар эди. У дерди: “Кимки бирор гуруҳ, фирқада эса, у биздан эмас. Кимки бирор фирқада ўлса, у ҳам биздан эмас. Кимки инсонларни фирқаларга бўлса, у ҳам биздан эмас” (Абу Довуд).

У чинакам синфсиз жамият тузишга муваффақ бўлди, унда юқори ва қуйи, бой ва камбағал, оқ ва қора инсонлар тенг, биродар эдилар. Улар бир-бирларига мададкор, керак бўлса, бир жону бир тан бўлишга ҳамиша ҳозир эдилар. Аёллар Тангри таоло амри билан эркаклар паноҳида яшар, эркакларнинг аёллар устидан ҳақ-ҳуқуқи бўлганидек, аёлларнинг ҳам эркаклар устидан ҳақ-ҳуқуқи тайин эди…

Ўзларини синфсиз ва адолатли жамият тузишга муваффақ бўлган, деб ҳисоблаган коммунистлар нимага эришдилар?

Улар тиклаган давлатчилик устунлари етмиш йил ҳам давр ва замон тўзонларига дош беролмади.

Ҳа, улар синфсиз жамиятни ўртага келтиришга уриндилар, баъзи маънода бунга сазовор ҳам бўлдилар. Улар дуёйи оламга кўз-кўз қилмоқчи бўлган синфсиз жамият ислом ўртага келтирган синфсиз жамиятнинг тескариси эди. Унда юқори ва қуйи, бой ва камбағал, оқ ва қора инсонлар ҳеч қачон тенг бўлолмади, биродарлик тил ва қоғозларда эди холос. Улар ҳеч бир замон мусулмонлар каби бир-бирларига мададкор ҳам бўлолмасдилар, бир жону бир тан бўлиш учун уларда ҳеч бир асос ҳам йўқ эди. Шунинг учун ҳам уларни юқорининг буйруғи билан ишчи ҳайвонлар каби завод-фабрика ва далаларга, уруш майдонларига ёппасига ҳайдаб чиқариб, мажбурлаб ишлатишар, урушларда зомби каби уруштирар эдилар. Одамлар нима учун ишлаётганларини ва кимнинг ёнини олиб урушга кираётганларини билмас эдилар. Ҳақиқий мафкура ва инсонийлик ғояларидан улар тамоман фориғ, ичлари эзгулик ва биродарлик ғоялари ўрнига, ғаламислик ва ҳасад зардоби билан тўлдирилган эди. Бўйин товлаганлар – ҳақ-ҳуқуқини талаб қилганлар жамиятга қарши чиққан ёт унсур сифатида, эл олдида бадном қилинар, қамалар, зулм ва азоб-уқубатларга гирифтор этилиб ўлдириб юборилар эди. Аёллар эркаклар паноҳида яшашдан маҳрум қилинган, тузум эркакларни аёллар кўзида даъюсга айлантирган эди.

Худосизлар, аёллардан ибо ва ҳаёни юлиб олиб, эркаклардаги ор-номус туйғусига ўт қўйиб, мукаммал бир жамият тузишга бел боғлаган эди.

Ҳолбуки, инсоният дунё яралганидан буён ҳар қанақа яхшиликларга ва ҳамин қадар маънавий зафарларга эришган бўлса, шарму ҳаё ва ор-номус туйғуси билан сазовор бўлган. Зўрлик ва бадахлоқлик билан қозонилган ғалабалар, пировардида ҳеч қачон инсониятга наф ва жамиятга бирор некбинлик келтирмаган.

Каримов режими 27 йил давомида коммунистлар сиёсатининг ибдидоий кўринишини ўзбеклар қиёфасида дунёга намойиш қилиб келди. У ўлиб, бу шаклсиз ва мазмунсиз – буқаламун сиёсатни ортиқ давом қилдиришнинг бошқа имкони қолмади. Таназзул охирги нуқтага етиб келганига йиллар кечди.

Тарки одат амри маҳол деганларидек, бу хасталикдан дарров воз кечиш осон иш эмас. Фуқароларни елкасига масъулият олиб, қойиллатиб бажаришга ўргатиш учун метиндек мустаҳкам давлатчилик таъмали лозим. Афсус, биз тарихий давлатчилигимизнинг асосларидан саводсиз қолганимиз сингари, замонавий дунё давлатчилигидан ҳам етарли билимларга эга эмасмиз. Кўпчилик, айниқса зиёлилар Каримов режимининг – буқаламун сиёсатининг қулига айланиб қолган. Халқни ёруғ ва нурафшон манзилларга етаклашга бурчли бўлган қатлам шу аҳволга тушиб қолган экан, демак, олдинда Ўзбекистонни жуда ҳам оғир синовлар кутиб турипди.

Агар муваққат президент Шавкат Мирзиёев ва унинг ҳомийси МХХ бошлиғи Рустам Иноятовлар мазкур таҳликали ҳолатни назарда тутиб, иш кўрганда эди, Ўзбекистоннинг эртасига ишонса бўларди.

Бу учун биринчи навбатда, мамлакатдан сиёсий мотивларга кўра чиқиб кетишга мажбур бўлган барча Ўзбекистон фуқароларига ўйлаб ўтирмасдан мамлакат ичкарисига йўл бериш керак эди. Албатта, вазият қалътислиги боис, бу иш маълум ва қатъий шартлар асосида амалга ошириларди.

Зеро, ит эгасини, мушук бекасини танимайдиган тузумга қарши бош бириктирилаётган экан, тартиб-интизом ва самимият масаласи бош масала бўлмоғи даркор. Яъни, Шавкат Мирзиёев жорий қалтис шарт-шароит туфайли, биринчи муддат ҳеч қанақа сайлов бўлмаслигини, давлат бошида ўзи туришини, вазиятни аввал тўғри ўзанга солиш учун миллий сафарбарлик эълон қилишини айтиши лозим эди. Шунда, унинг самимиятига ва сиёсий қобилиятига бироз бўлсада ишонч уйғона бошларди. Унга қулоқ осиларди, мамлакатга хавф туғдириши мумкин бўлган ҳар қанақа ҳолатларни ўз вақтида бартараф этиш учун унга ваколат бериларди. Муддат кечиб, жамият нормал ҳолатга келганда, сайловлар демократик тамойиллар асосида ўтказилаверарди.

У пайт, Шавкат Мирзиёев ўз номзодини президентликка қўйиб, ғолиб келсада, мағлуб бўлсада, Ўзбекистон тарихида ҳақиқий қаҳрамон сифатида яхши ном билан қоларди.

Унинг ҳозирги тутган йўли, мазмун жиҳатдан марҳум устозининг йўлидан заррача фарқ қилмайди. Шаклда бироз фарқ борлиги эса, ҳеч нимани ўзгартирмайди. Акси, вазиятни борҳо чигаллаштиради.

У йигирма биринчи асрда феодализимга хос бўлган унсурлар билан ғалабага эришмоқчи. Хорун Рашид тимсолида, ўзбекнинг Робин Гудига айланмоқчи.

Албатта, у бугун ғалабага эришиши мумкин, аммо бу йўл билан у тарих зарварақларидан ҳеч қачон шараф топа олмайди, ўзидан кейин яхши ном қолдира олмайди. Диктатор Каримов каби охир оқибат фаолияти фожеъали якун топади.

Унинг ўрнида бошқа биров бўлса ҳам, тутган йўли шунақа бўлса, якун омадсизлик олиб келаверади Мамлакат ҳаёти нари турсин, золим Каримов каби ўзининг оиласи фаровонлигини ва осойишталигини ҳам таъминлай олмай, рихлатга равона бўлади.

Шунақа бўладиган бўлса, ўзбек халқи, миллат сифатида вақтдан ютқазади, холос. Қарийиб, тўрт юз йиллик инқироз яна бироз оз умр суради. Аммо, энди у кўпга чўзилмайди…                      

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар