Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Шол бўлиб бўшашган маҳбус ўзини ташлаб юборди

Шол бўлиб бўшашган маҳбус ўзини ташлаб юборди
07 Kasım 2016 - 8:00 'да юкланди ва 1626 марта ўқилди.

Сафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБио
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.
Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

(33-қисм)

Бошлиқ яхшилик билан иш битмаслигини англагач, чеккада турган иккита миршабга сирли қаради. Улар ён томонларида турган сумка оғзини очиб, ичидан бир қути чиқардилар. Қолганлар кутилмаган ҳамла билан маҳбуснинг устига ёприлиб, бутун гавдасини арқон билан ўраб боғладилар. У миршабларни болохонадор қилиб сўкишни бошлаганда, қон оқиб турган оғзига бир парча латтани тиқиб, овозини ўчирдилар. Икки миршаб қутидан чиққан симларнинг қисқичларини маҳбуснинг кўкраклари учига илиб, буйруқ кута бошладилар. Вақт борида ақлингни йиғ, дегандай, бошлиқ маҳбусга термулди. Кўзларидаги ғазаб учқунларини кўргач, қўл силкиб, бошланг деган ишорани берди.

Бири қутига ўрнатилган дастакни тикув машинаси каби айлантира бошлади. Оғзига латта тиқилган маҳбуснинг кўзлари катта-катта бўлиб кетди, туси кўк-қора рангга кириб, қалтирашга тушди. У кучанганда вужудига ўралган арқонни гўё узмоқчидек мушаклари бўртиб чиқди. Миршаблар қўрққанларидан ортга тисарилдилар.

Чол ҳайратдан бармоқ тишлаб, қум тўкилган супада тупроқ ўйнаётган боладай, оёқларини чўзиб олганди. Кўз ёшлари қуриган Баҳром эса ич-ичидан йиғларди. Чол тағин кўзларини чирт юмиб, унинг пинжига бошини тиқди. Тош қотган Баҳром қўллари чолнинг бошини силай бошлаганини сезмади.

Шол бўлиб бўшашган маҳбус ўзини ташлаб юборди. Шунда мурватни бураётган миршаб ҳам ишни тўхтатди. Бошқаси унинг оғзидаги латтасини тортиб, юзига муздай сув урди. У ўзига келиб, атрофга мадорсиз назар солди.

– Содир этган жиноятингга иқрормисан? – деди бошлиқ.

Унинг кўзлари сузилиб, лаблари шивирлади:

– Тириклайин терингни шилиб, сени қиймалагичдан ўтқазаманда, этингни итларга едираман

Даҳшатдан ҳайкалдай қотиб қолган Баҳром устида келиб тўхтаган сояни сезмаганди. Елкасига кимдир туртганда, бошини тиклаб, тепасида турган Фарҳодни кўрди.

Фирибгар, исми-шарифинг ким эди? – сўради у.

– Қурбонов Баҳром!

– Бу ерда нима қиляпсан?

– Олиб келишди, ўтирипман!

Фарҳод қозоқбашара ходимни чеккага тортиб, унга бир нималар дея пичирлади. Баҳромнинг қулоқларига Жалолнинг номи чалачулпа чалингач, қозоқбашара ходимнинг Кандиёр Кажалиевни йўқлаганини аниқ эшитди. У барча кўргуликлар замирини лаҳзалар ичида англаб, устига осмон ағдарилди. Тушкунлик кўланкаси булутдек босиб, руҳий оламини вайрон этди. Қозоқбашара ходимни кўндира олмагач, Фарҳод бориб бошлиқнинг қулоғига пичирлади. У орқасига айланиб, Баҳромга боқаркан, шерикларига:

– Бир оз дам оламиз! – деди.

Оғзидан қон сизаётган маҳбус ҳали ўзига келмаганди. Фавқулодда ҳолатларда ишга киришадиган тўртбеш миршаб у хусусида суҳбатлашиб қолди. Уларнинг гурунгидан Баҳром ўз саволларига жавоб изларди.

Чиқиб кетган Фарҳод бирпас ўтиб, хонага Дамонгирни бошлаб кириб келди. Ўзаро суҳбатлашаётган миршаблар уни кўриб, ўзларини йиғиштириб олдилар. Дамонгир Баҳромни олиб чиққан ходимга:

– Ҳозироқ фирибгарни камерага олиб бориб ташла! – дедию, атрофига бир кўз югуртириб, қайтиб хонадан чиқиб кетди.

Фарҳод қозоқбашара ходимга, ажаб қилдимми, дегандай назар ташлаб, унинг орқасидан эргашди.

Баҳром камерага кириши билан Ардашер билан Икром уни қарши олди.

– Худобезорилар роса қийнадиларми? Падарларига минг лаънат! – деди тишинитишига қўйиб чарчаган Ардашер.

– Оға, ҳич жойигиз оғривотирғани йўқми? – сўради Икром.

Камерада Ардашер билан Икромдан бўлак ҳеч ким қолмаганди.

– Мени ҳеч ким урмади. Аммо калтаклаганларида, бу қадар қийналмаган бўлардим! – деди Баҳром.

У қайноқ чой ичиб, бироз ўзига келгач, содир бўлган воқеани ҳикоя қилиб берди. Шуҳратни ўн йилдан буён танишини айтган Ардашер у ҳақда билганларини сўйлади.

Маҳбуслар мизғиш учун оёқ чўзганларида, соат тонги тўртдан ўтганди. Аввал Икром, сўнгра Ардашер пишиллаб ухлаб қолди. Кўрганкечирганларини унута олмаётган Баҳромнинг ҳуши жойидамасди. Кўп нарсанинг тагига етгани боис, бир тарафдан кўнгли таскин топган бўлса, иккинчи тарафдан, кўп нарсани тушунолмаётганлиги уни изтиробга солаётганди. Жалолнинг таъсири туфайли қийноқлардан қутулди. Бу ҳеч қачон ҳурмат кўзи билан боқмаган инсонига нисбатан эҳтиром туйғусини уйғотди. Ўла-ўлгунича ундан миннатдор бўлса арзирди. Уни қийнаётган яна бир нарса Кандиёрнинг ўзини орқасидан овлаётгани эди. Унинг ёнида Мелиснинг борлиги, куракка санчилган ханжардек, унинг юрагини сиқарди.

Баҳром бир йил олдин қамалган жиноий шериги – Нозима Мунис билан у Тоштурмадалигида хат орқали хабарлашиб турарди. У хатида бир қозоқ терговчининг Баҳром билан қаттиқ қизиққанини ёзганди. Ўйлаб қараса, Кандиёр унга бошдан тиш қайраган. Маълум бўлишича, Мелиснинг андишанинг отини қўрқоқ қўйишида ҳам унинг яхшигина хизмати бор. У яна, Кандиёр таъкидлагандек, қозоқ миршаблардан тузилган гуруҳ борлигини ўз кўзлари билан кўрди. Демак, унинг Қозоғистондаги яширин фирмаларнинг хавфсизлик ташкилотлари билан норасмий алоқалари борлиги хусусидаги сўзларида ҳам жон бор эди. Унинг сўзларига кўра, 159модда билан айбланган маҳкумларни хавфсизлик ташкилотлари ўша фирмаларга сотарди. Қозоғистон чўлидаги одамларни аёвсиз ишлатадиган ўша нуқтадан энг яқин овулгача уч юз чақирим келарди. У ёққа тушган кимсанинг исми ўзгартирилар, вақт ўтиши билан у ўзининг кимлигини унутиб юборарди. Ниқобланган ўша мудҳиш нуқтани фазодан кузатишнинг ҳам иложи йўқ дейишарди. Қочган маҳкумларни йиртқичлар еб битирарди.

Шуҳратнинг сувратини у кўз олдига келтирар экан, унинг қўрқмас ва жасурлигини эслаб, ўзининг ожиз ва нотовонлигини тасаввур этди.

Ардашернинг айтишича, Шуҳрат чимкентлик бўлиб, чегаранинг ҳар икки томонида анчайин таниқли эди. У ўзбек бўлса ҳам, қозоқлар билан ўсгани учун руҳи озод, қомати дуркун, ерга урса, осмонга сапчийдиган эски ўзбекларга ўхшарди.

Туркистон бир бутун бўлса ҳам,  Русия тарафидан парчаланиб, йиллар давомида минтақа халқлари руҳияти ҳар хил мезонларда шакллантирилди. Совет ҳокимияти, ҳар бир республикага алоҳида нуқтаи назардан муносабатда сиёсат юргизгани боис, илдизлари битта халқлар тафовутларга учрадилар. Доимий босим, қаттиқ назорат ва сурункали қатағонлар остида, оғир меҳнатга жалб этилган марказий туркистонликлар – эгилувчан, бошлиқлар кўнглига қараб қадам ташлайдиган, шароитдан келиб чиқиб иш кўрадиган, миллий ҳиссиётларни юзага чиқаришдан ҳайиқадиган тоифага айланиб қолдилар. Чақилмаган, нисбатан эркин шимолликлар – аждодлар руҳиятини шуурларида озроқ сақлаб қолишга эришган бўлсалар-да, яхши удумларнинг кўпидан мосуво бўлдилар. Шу сабаб, Турон кенгликларида сочилиб кетган ўзбеклар руҳияти бошқаларникига солиштирилса, унисиники бунисиникига яқин йўламайди. Шуҳратни кўрган Баҳром ҳам, уни ойдан тушган ўзбеклардан бўлса керак, деб ўйлади. У соф ўзбек тилида фикрларини ифода этса ҳам, сўзларидан ялтоқланиш оҳанги сезилмасди. Ҳақ-ҳуқуқини қаътий талаб қилиши, ҳамияти зўрлиги, ёвқурлиги ва хатарни писанд этмаслиги марказий туркистонликларникига сира ўхшамасди. Унинг содир этган жинояти иккинчи даражали бўлиб, миршабларга ёқмаган нарса унинг қайсарлиги, ўз қадри учун талашаётгани эди. У бошқа бир миллатга мансуб бўлиб, қонунлар олдига юқоридаги талабларни қўйганда, миршабларнинг жаҳллари чиқмасди. Қонли тузум гумашталари, ўзбек қай бир мамлакат фуқароси бўлмасин, қай тоифага мансуб бўлмасин, уни ўз шахсий молхоналаридаги сигирларнинг тагини тозалаб юрадиган ҳаммол деб биладилар. Қизиғи шундаки, Шуҳратни қийноқларга солиб, бўйнига жиноят илмоқчи бўлганларнинг барчалари қозоқ эди. Уларда қозоқ деган ёрлиқлари бўлгани билан сифатлари ўзбекларникидан қилча фарқланмасди.

Баҳром Оташқул шайтон Султонмуродга таърифлаб берган шаҳар бошқармаси қийноқхона”сининг биттасини кеча кўрган бўлса, иккинчисини бугун кўришга муваффақ бўлди. Оташқул шайтоннинг иқрорига кўра, иккинчи қийноқхонада қозоқлар иш олиб борарди. Пойтахт атрофини Қозоғистон чегаралари ўраб олгани учун, шароит шуни тақазо этарди.  Гуруҳ ташкил этилишида президентнинг шахсан ўзи жонбозлик кўрсатган бўлса, ажаб эмас. Мақсад қўшни мамлакатдаги ўзбек миллатига мансуб кишилар ичидан чиққан кучли шахсларнинг бошларини мажақлаш ва уларнинг Озодлик ҳақида қўшиқ куйлаб, миллатдошларини уйғотиб юбормасликлари учун сиёсий баррикадада туриш эди. Мелиснинг сўзига қараганда, қозоқ гуруҳи бошида қозоқ миллатига мансуб Тўсинхон турарди. У мустақиллик ва озодлик учун кўчаларга чиққан кимсаларга қарши жараёнларда коммунистлар томонида туриб курашганди. Шу боис, президент назарига тушиб, ишончли кимсалар сирасига кирганди. 1989 90 йилларда шаҳар бошқармаси ўринбосари бўлиб ишлаган Тўсинхон ҳалигача мансаб пиллапояларидан юқорилаб келаётганди. Кандиёр ҳам ўз миллатдошлари каби унинг ҳимояси остида эди. Ҳатто унинг ёши нафақага чиқишни тақазо қилса ҳам, у ҳамон раҳбарлик лавозимида эди. Мелис, “Тўсинхон нафақага чиқмаса, Кандиёрни ҳеч ким нафақага чиқара олмайди”, деярди. Тўсинхон қайсидир мактабнинг бир қисмига ҳашаматли уй қурганди. Ота-оналар устидан арз қилиб, президентга ёзгандилар. Президент сал ўтиб, хавфсизлик ташкилотлари қўли билан аризачиларнинг ўзларини жазолади. Буни кўпчилик эсларди. Орадан бир оз вақт ўтиб, мактаб ҳовлисининг яна бир қисмига “Паризод” гуруҳи хонандаси Рашидхон уй қуриб олди. Оғзи куйган ота-оналар бу сафар дамларини ичларига ютдилар. Мелисдан бу гапларни эшитган Баҳром, Бир кун келади. Тўсинхоннинг ҳам, “Паризод”нинг ҳам уйини халқ бузиб, мактабни эски ҳолига келтиради”, деганда, Мелис, Энди ҳеч қачон бундай воқеа содир бўлмайди”, деб жавоб қайтарганди. Баҳром, Мамлакат истиқлоли ҳам, истиқболи ҳам мактаб партасидан бошланади. Йўқса, қароқчилар тўдасидан мактабини ҳимоя қилолмаган миллат ҳеч қачонда озодликка эриша олмайди. Адолатли қонунларга асосланган, кучли фуқаровий жамият қура олмайди”, деб Мелиснинг кўзини очиб қўймоқчи бўлди. Мелис, Бу гапингизга қўшиламан”, дея ўшанда мавзуга нуқта қўйган эди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • асад ;

    Бу айтиб утилган кора кути аслида харбийларга тегишли та-57 дала телефон аппарати булади

    07/11/2016 13:59