Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

ФАСОД АҲЛИГА

ФАСОД АҲЛИГА
08 Kasım 2016 - 14:20 'да юкланди ва 6174 марта ўқилди.

Биродарларимиздан бири телефон қилиб, “ака, бир қўлбола радиодан тўрт-бешта мухолифатчи чиқиб, сизни жиҳодга чақираяпти, бир кун бўлса ҳам тахтда ўтирмоқчи ва ҳакозо дея ғийбат қилишяпти, бу гаплар ҳали мухолифат ҳаётини билмаганларга ёмон таъсир қилиши мумкин, уларга кичик бўлса ҳам бир жавоб бериб қўйсангиз ёмон бўлмас эди”, деди. Бу биродаримиз ушбу фасод аҳлининг сони 10 тадан ошмаслигини, уларни тинглайдиганлар сони ҳам шунча эканлигини билмасди.

Барибир, биродаримизнинг самимияти ва куйиниши мени қуйидаги бир-икки калимани айтишга мажбур қилди, буни эътиборингизга ҳавола этмоқдаман.

Мен аслида бу фасод аҳли билан ҳеч қачон бахс қилмаганман, энг ашаддийларига бир-икки марта жавоб беришга мажбур бўлдим, аммо бунга ҳам сўнгра пушаймон бўлганим эсимда. Чунки бу тоифага жавоб бериш уларнинг савиясига, улар турган ботқоқга тушиш демакдир. Пушаймонлик шундандир.

Жиҳод масаласи: ҳали биз ҳеч кимни жиҳодга чақирганимиз йўқ. Агар чақирадиган бўлсак, буни бутун дунё биладиган шаклда ташкил қиламиз, уч-тўрт фасодчининг “радио”сига қараб қолмаймиз.

Камина мақоламда (“Энди бироз ёмон бўлайлик”) бевосита жиҳод ҳақда шу учта жумла бор:

1. “Бир тинчликсевар миллат ўлароқ, золимга “тўхта” демаймиз, ўз хақларимиз учун жиҳод қилмаймиз, чунки золимдан келадиган балодан қўрқамиз”.

2. Ҳа, агар биз ўз ҳақларимизни тарк этмаганда эди, жиҳодни тарк этмаганда эди, Каримов бу тинчлик тўла мамлакатни 27 йил давомида уруш ҳолатида тута олмасди”.

3. Ҳолбуки, буюк фоқиҳ ва тафсирчи Тобароний бизни зид тарафдан огоҳлантиради: ”Жиҳодни тарк этган жамият умумий бир балога дучор бўлади”, дейди у.

Биринчисида, “ўз хақларимиз учун жиҳод қилмаймиз”, дейилмоқда.

Иккинчи жумлада “ўз ҳақларимизни тарк этмаганда эди, жиҳодни тарк этмаганда эди”, дейилмоқда.

Учинчи жумла бир ислом олимининг мусулмонларга танбеҳи.

Фасодчилар “ўз хақларимиз учун жиҳод қилмаймиз” ўрнига “ўз хақларимиз учун курашамиз”, деса “тушунган” бўлишарди. Улар жиҳод мужоҳада(кураш) сўзидан олинганини билмайдиган даражада саводсизлар.

Бизни “ҳокимиятга интилади, тахтда бир кун ўтирса ҳам ўтиришга интилади” дейишаётган бу фасод аҳлига жавобимиз шу: биз бир сиёсий ҳаракатмиз, сиёсий ҳаракатларнинг истисносиз ҳаммаси (агар у қўғирчок партия бўлмаса) иқтидорга келиш учун фаолият кўрсатишади.

Каримовни халқ сайламади. Буни варам каллангизга суқинг, эй фасод аҳли!

Иккинчидан: сиз умрингизни Каримовга қарши эмас, менинг шахсимга қарши мухолифатга сарфладингиз, чирик умрингизни яна-да чиритдингиз.

Каримов ўлганда, сизни ҳам фош қилиб кетди; сизларнинг мухолифатга ҳеч қандай алоқангиз йўқлигини, фақат мухолифат ниқоби остида мухолифатга қарши курашганингизни фош қилди бу ўлим; сиз ҳали “а” йўқ “б” йўқ, бирдан Каримовнинг болталаридан биттаси бўлган Мирзиёевни кўкларга чиқариб мақтай бошладингиз. Кир босган дўппиларингизни кўкка отиб, Мирзиёев дастурхонидан суяк ортиб қолармикин, дея Тошкентга термулдингиз, сўлакларингиз оқиб, “виртуал қабулхона” остоналарида тонг оттирдингиз!

Бу сўлакли мадҳияларингизга жавобан, Каримовнинг ўғли Мирзиёев сизга қамоқда 23 йил ўтирган “эрк”чи, ўзбекнинг мард ўғлони Самандар Қўқоннинг жазо муддатини яна 3 йилга узайтирди!

Яна, “Мирзиёев қаттиққўл бўлади, мухолифатга йўл бермайди, бу тўғри бўлади, чунки қаттиққўл бўлмаса бўлмайди бизда” деб Мирзиёевнинг зулмига биринчи кунданоқ халқ номидан розилик бердингиз, ким сизга бу ҳукуқни берди, эй, мунофиқлар?

Каримовнинг 27 йиллик қаттиққўллигидан тўймадингизми?

Каримов буларга қаттиққўллик қилмади-ки, тўйсин.

Ҳали сайлов ўтиб бўлиб, Мирзиёев диндорлар ва мухолифатга қарши зулмини оширса, буни ҳам бизга боғлаб, “жиҳодга чақирдингиз, шунга зулм кучайди, бу нормал”, деяжак бу хоин руҳли нусхалар.

Булар мухолифатга ҳам халқ дардини айтиш учун киргани йўқ, уларга қарши жиноий иш ҳам очилгани йўқ, фақат ишидан кетига тепиб ҳайдалгандан сўнгра мухолифатни ўзларига қалқон қилишган фирибгар тоифа бу. Ва юрт ташқарисига ҳам халқ учун қочгани йўқ, Ғарбда мухолифат унвони ёрдамида Ғарбнинг неъматидан баҳраманд бўлиш учун чиққан аҳлоқсиз инсонлар.

Шунинг учун ҳам бир кунда мухолифатдан ҳам воз кечиб, Мирзиёевни мақтаб, унга халқ номидан қаттиққўл бўлишига “рози” бўлган безбет нусхалар булар.

Ха, Аллоҳнинг киноясига қаранг; айнан сиз топинган Мирзиёев сизнинг мунофиқлигингизни фош этди ва сизлар бундан ғазабланиб, бизга ташланаяпсиз.

Нега?

Чунки Каримов режимига қарши собит позицияда туриб, ўз халқининг манфаатларини Мирзиёев суякларидан устун қўйган ягона ҳаракатмиз-да, ўшандан!

Сиз хақ тарафида тураолганларни, Аллоҳдан қўрққанларни, уммати ва миллати учун фидокорликни бир қахрамонлик эмас, бир вазифа сифатида қабул қилган инсонларни бутун вужудингиз билан ёмон кўрасиз ва ичларингиз ХАСАД билан тўла!

Хасад билан тўла, чунки сизда бу хислатлар йўқ!

Зотан бу сиз учун Аллоҳнинг энг буюк жазоларидан бири.

Мухаммад Солиҳ

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • ali ;

    Bu muholifatni ichida eng aqllisi Muhammad Solih ekan. Qolganlari tilyoglamachi.maqsadlari ham bir amallab Shavkatga yolvorib uzbekistonga qaytib borvolish. Men Muhammad Solihni muholifatga loyiq deb bilaman

    12/11/2016 08:21